Қайднома

Қидирув

«КАМОНЧИ» ёхуд чемпионлик қонуни

«КАМОНЧИ» ёхуд чемпионлик қонуни

  09.11.2019 03:57
  0
  691
«КАМОНЧИ» ёхуд чемпионлик қонуни

Бир гал ўзбек футболи профессори, устоз Рустам Акрамов билан суҳбатлашганимда, у кишига қуйидагича савол билан мурожат қилдим: «Устоз, мана сиз, Осиё ўйинлари чемпиони бўлгансиз, чемпионлик қонунга биноан содир бўлади. Ўша мусобақа ҳали бошланмасидан чемпионлик ҳақида фикр юритганмисиз ёки орзу қилганмисиз?» Бироз ўйланишдан сўнг, «Ҳа, ўйлаганман», деган тасдиқ жавобини олдим. Бу ерда ҳеч қанақа тасодифлик йўқ. Чемпионлик - мутлақ ишончга таянади. Албатта, мантиқ билан бу нарсани тушунтириб бўлмайди. Ушбу қонуниятни фақат чемпион бўлганларгина пайқай олиши мумкин.

Евро-2016 бошланишидан ун кунча аввал, тасодифан бир даврага бориб қолдим. У ерда барча футбол билимдонлари, фанатлар, «мутахассис»лар йиғилишганди. Улар менга шундай савол билан мурожаат қилишди: «Евро-2016да қайси жамоага мухлислик қиласиз?» Мен эса, «Ҳеч бирига ишқибозлик қилмайман, аммо Португалия термаси Европа чемпиони бўлади», дедим. Улардан эса «Португалия - чиринди жамоа!» деган жавобни олдим. Мен фол очмадим, ҳурматли фолбинларим! Фолга ишонмайман, фолбинларни эса жиним суймайди. Мен қонунга биноан ташхис қўйгандим. Бу қонуниятнинг қандай ишлашини текшириб кўриш ишқида ёнардим. Лекин ташхис қўйиш учун асосингиз бўлиши керак. Агар асосингиз бўлмаса, ташхисингиз фолдан бешбаттар натижа билан тугаши мумкин. Мен Евро-2016да деярли футбол томоша қилмадим, шунчаки, қонуниятнинг қандай амалга ошишини кўришдан чексиз завқ олдим. Португалия термаси - қитъа чемпиони бўлди.

Бир гал «Насаф» клуби раҳбари таклифига биноан футбол академияси мураббийларига тренинг-семинар ўтказишимга тўғри келди. Мураббийлар ичидан энг обрўлисига, энг тажрибалисига шунақа савол билан мурожаат килдим: «Бор хаёлпарастлигингизни ишга солиб тасаввур қилинг, сиз Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийисиз (нима учун терма жамоа? Чунки бу қонуният термамизда яққолроқ намоён бўлади. Мазкур ҳолатда мураббиймисиз, мутахассис, журналист ёки мухлис, аҳамияти йўқ. Сиз ҳам тасаввур қилиб кўришингиз мумкин). Қўл остингизда ўзингиз хоҳлаган футболчилардан иборат бутун бошли жамоа мавжуд. 2022 йили Қатар давлати мезбонлигида ўтадиган жаҳон чемпионатида ўзингиз ва терма олдига қандай мақсад қўясиз?» У киши узоқ ўйланишдан сўнг: «Менинг энг олий мақсадим - жаҳон чемпионатига чиқиш!» дея жавоб берди. Биз ким бўлишимиздан қатъий назар, ҳаммамиз деярли худди шундай жавоб берамиз. Фикримга қўшиласизми? Барчамиз ҳам интеллектуал ривожланиш даражамиздан келиб чиққан ҳолда бир-биримиздан жуда узоқлашиб кетмаганмиз. Ҳаммамиз деярли бир хил фикрлаймиз.

Энди айнан сиз ва футболчиларингиз фикрлари, ғоялари, мақсадлари, руҳиятингизда бўладиган жараёнлар нимага олиб келиши мумкинлигини мантиқан тасаввур қилиб, бу нарсани «камончи» мисолида кўриб чиқамиз.

Дейлик, сиз - камончисиз! Қўлингизда камон ва пайкон. Қаршингизда, эллик метр узоқликда нишон турибди. Сиз, яъни бош мураббий - камончи, етакчисиз! Онг-шуурингиздаги ғоялар фақат сиз томонингиздан жамоа футболчилари онг-шуурига қуйилади. Камон - бу сизнинг жамоангиз. Пайкон эса - ғоянгиз. Сиз нишон томон пайкон йўллаяпсиз. Нишон - марказга эга ва кўплаб айланалардан иборат. Нишоннинг маркази, бу - жаҳон чемпионлиги. Марказга яқин биринчи айлана, бу - финал. Иккинчи айлана, бу - ярим финал. Учинчиси - чорак финал... Ва охирги учта катта айлана - бу гуруҳ босқичи. Тасаввур қилдингизми?

Мен мураббийимизга: «Сиз фикран ва руҳан нишоннинг қаерини мўлжалга олдингиз?» деган саволни берганимда, у ўзида жуда ноқулайликни ҳис қилди.

Қадрдонларим! Тушунсангиз-чи, «Жаҳон чемпионатида тўп суришни орзу қиламан», деган фикр - мавҳум, ўлик фикрдир. Тилимиздан чиққан ҳар бир сўз ёки гап жуда кучли даражада энергетик қувватга эга. Битта яхши сўз бизга кучли даражада энергетик қувват беради, битта ёмон гап барча ички қувватимизни суғуриб олиши мумкин. Бизнинг онг-шууримиздаги фикр ёки ғоя бундан минг баробар кучли даражада куч-қувватга эга! Руҳиятимизнинг «кўз»и боғланган. Сиз ҳеч қаерни мўлжалга олганингиз йўқ! Отган пайконингиз қаерга бориб тушяпти? Худди ўша ерга! Яъни, ҳеч қаерга... Мабодо, нишон марказини мўлжалга олишда қандайдир хатоликларга йўл қўйсангиз, пайконингиз нишон марказига тушмаслиги мумкин, аммо пайконингиз нишондан чиқиб кетмайди. Нишон марказини мўлжалга олишингиз сиз ўйлагандек жуда «аҳмоқона» нарса эмас.

Бир-икки марта эмас, беш-олти марталаб «пешонамиз деворга бориб урилди-ку», балки энди тушуниб етарсиз, ҳеч нарсадан нимадир пайдо бўлмаслигини!

Хўш, энди нима қилмоқ керак?

Агар мураббийларимиз, футболчиларимиз «Мен жаҳон чемпиони бўлишни орзу қиламан!», деб айта бошласалар, нима содир бўлади? Нима рўй бериши мумкин? Бу жуда аҳмоқона гап дейсизми? Қадрдонларим! Ҳозирги аҳволимиздан-да аҳмоқона ҳолат бўлиши мумкинми? Энг аҳмоқона нарса биз билан рўй бериб бўлди. Бир марта эмас, бир неча марта. Ҳар гал терма жамоамизга битта гол етмай қолади ёки бир очко, яна жуда зарур бўлмаган пайтда ўз дарвозамизга ўзимиз гол уриб қўйишимиз мумкин. Сиз буларнинг барини тасодиф деб ўйлайсизми? Балки сиз Дания ва Греция терма жамоаларининг Европа чемпиони бўлишгани, «Лестер»нинг АПЛ чемпионлигини қўлга киритгани ёки Ўзбекистон термасининг Осиё ўйинларида ғолиб чиққанини ҳам тасодиф деб ўйларсиз?

Бундан уч йилча олдин, токи ўзим ва инсоннинг руҳий оламини ўрганмагунимча, бошқа бирор киши шу гапларни менга айтганида, «Унинг соғлиғи жойи-да эмас...» деб уйлашим мумкин эди. Мен ашаддий материалист эдим. Материализм, реализм нима эканлигини биласизми? Талабалик йилларим ушбу фанлардан аъло баҳоларга ўқиганман ва барчасини ҳақиқат сифатида қабул қилганман. Чиндан ҳам ҳақиқат, аммо «чала» ҳақиқат. Битта оёқ билан юриш мумкинми, битта қанот билан учиш мумкинми? Вақтида мен ҳам худди сизга ўхшаб, кўзим билан кўрмагунча, қўлим билан ушлаб кўрмагунча ҳеч қачон ҳеч нарсага ишонмаганман. Аммо бугунги кунда мен англаб ва тушуниб етаётган нарсаларим натижасида менинг материалистик дунёқарашларим чок-чокидан сўкилиб боряпти.

Биз ҳар доим жаҳон чемпионати саралаш мусобақасига киришишдан олдин муаммо яратамиз. Сўнгра бу «муаммо»ни ҳал қилишга киришамиз. Ва бутун умр худди ғилдирак ичидаги олмахон каби: пайдо қиламиз - ҳал қиламиз, пайдо қиламиз - ҳал қиламиз, пайдо қиламиз - ҳал қиламиз. Охирида эса «даҳшатли», «оғриқли», «тушунарсиз» мағлубиятларга учраймиз. Нима қилмоқ керак? Олмахонни югуришдан тўхтатиш даркор. Журналистларимиз бу нарсаларни жуда яхши ҳис қилишади. Улар буни «суғур куни» деб аташади. Мазкур ҳолатда «олмахон» нимани англатади? Бу - сир.

Ўзбек футболининг асл муаммоси нимадан иборат? Ҳар ҳолда, у ҳамма бир-бирига кўзини лўқ қилиб ахтараётган жойда эмас. Бу муаммоларнинг илдизи собиқ иттифоқ мафкурасига бориб тақалади. Агар собиқ иттифоқ мамлакатлари футболига юқоридан назар солсангиз, «нималарнидир» пайқай олишингизга ишонаман. Бунга тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Бу жуда кенг мавзу.

Олдимизда ҳар доим иккита йўл бўлади. Бизга фақат танлаш имконияти берилган, холос. Биринчиси - ҳеч қаерга олиб бормайдиган йўл. Иккинчиси - жаҳон кубогига олиб борадиган йўл. Топиб кўринг-чи, биз қайси йўлдамиз? Агар жаҳон кубогини қўлга киритишни орзу қилмас эканмиз, унга олиб борадиган йўлнинг қаерда эканлигини қандай топамиз? Ҳа, тушунаман, бу сизга жуда қийин. Ҳа, тушунаман, бу сизга адабсизлик бўлиб туюлиши мумкин. Бунда қандайдир англашилмовчилик, қандайдир ноқулайлик бордек. Бугунги кундаги шаклланган фикрлаш нуқтаи назарингиздан олиб қараганда, бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. «Буюк қудрат» соҳиби бўлган ҳар бир инсоннинг имконияти жуда катта, шу жумладан, фикрини ўзгартиришга ҳам.

Ягона мақсадга эришишнинг минглаб, миллионлаб услублари мавжуд. Масалан, Хитой футболи аниқ мақсадга олиб борувчи йўлни танлади. Бу ҳам бир йўл, лекин жуда узоқ ва қимматбаҳо йўл. У бизга тўғри келмайди. Биз энг самарали, энг натижали йўлни танлашимиз керак. Ва бу йўл мавжуд.

Устозлар айтишади: «Ҳар бир бошланган йўл ўзида унинг охирини ҳам сақлайди». Тарихда кўплаб буюк алломалар, донишмандлар, саркардалар етишиб чиққан. Шулардан бири - Умар Ҳайём. Сиз Умар Ҳайёмни фақат шоир сифатида биласиз, шундайми? Аслида у буюк устозлардан бири эди, машҳур шифокор, астроном, математик, давлат арбоби ва яна кўплаб нималардир бўлган. Буюк Умар Ҳайём айтганди: «Ёвуз одамлар тўдаси бу билимларни ёвузлик йўлида ишлатмаслиги учун мен ўз ҳақиқатларимни етти муҳр ва қирқ қулф ортига яширдим». Тор фикрли одамларнинг қўлига қудратли қурол тушмаслиги учун махфий ёзувнинг бутун бир илми ўйлаб топилганди. Энди эса Умар Ҳайёмнинг рубоийларидан бир ҳовучини оласиз-да, ривожланиб кетган ҳозирги замон футболининг «бошига туширасиз»! Натижа берадими? Шунақа натижа берадики, бу тушингизга ҳам кирмаган.

Қадрдонларим! Ўзбек футболини улкан муваффақият кутиб турибди. Бу муваффақиятни қарши олиш учун муносиб тайёргарлик кўришимиз керак, холос. Нима учун бу ҳақда тўла ишонч билан гапиряпман? Шунинг учун-ки, инсон руҳиятига оид бир қанча қонуниятларни пайқаб қолдим, бу эса менга тўла ишонч билан гапириш имконини беради.

Ғалабага бўлган қобилият ҳар биримизнинг вужудимизда мавжуд, биз уни намоён этишга тайёр бўлмагунча у ўзини асло билдирмайди.

Маҳмаюсуф БЕРДИЕВ, руҳшунос мураббий, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz