Қайднома

Қидирув

«Аталанта» - жаҳон термаси!

«Аталанта» - жаҳон термаси!

  09.11.2019 05:09
  0
  171
«Аталанта» - жаҳон термаси!

Италия «А» серияси. 9-тур. «Аталанта» - «Удинезе» - 7:1. Бу учрашувда футболда кам рўй берадиган алоҳида бир воқеа кузатилди. Йўқ, хоккейча ҳисоб ўз йўлига, буни назарда тутмаяпмиз. Шу куни Бергамо клуби таркибида нақ 13та мамлакат (!) фуқароси майдонга тушди. Қисқаси, «Аталанта» жаҳоннинг ўзига хос терма жамоаси қиёфасига кирди. Тўғри, натижани ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Зеро, бергамоликлар бунга қадар «А» сериянинг энг ҳимояси мустаҳкам иштирокчиси бўлиб турган жамоа дарвозасини 7 бора ишғол қилишди...

7:1 - бу «Аталанта» тарихидаги энг йирик ҳисобли ғалаба. Тўғрироғи, жамоа узоқ 1952 йили қайд этилган шахсий рекордини такрорлади. Бергамоликлар ўшанда камтарин «Трестина»ни айнан 7:1 ҳисобида мағлубиятга учратишган эди. Энди эса «чақилмас ёнғоқ» мақомини олган «Удинезе» «А» сериянинг энг сермаҳсул иштирокчиси олдида мутлақо ожиз қолди. Эътиборли томони, уденеликлар Бергамодаги аянчли ўйинга қадар чемпионатнинг дастлабки 8та турида атиги 6та гол қўйиб юборишганди. Оддий ифода этсак, «Удинезе» Италия элит лигасининг энг «қуруқ» жамоаси эди. Қаранг, «Аталанта» атиги 90 дақиқада рақибга у 8та ўйинда қўйиб юборганидан ҳам кўпроқ гол «тортиқ» этди.

Ҳозирги «Аталанта»да гол уриш бобида айниқса, Луис Муриэль, Дуван Сапата ва Алехандро Гомес ажралиб туришибди. «Удинезе»га қарши ўйинда ҳам айнан Муриэль бош ролни бажарди - «хет-трик», Йосип Иличич эса «дубл»га эришди. Қолган 2та гол Марио Пашалич ва Амад Траоре ҳисобига ёзилди. Умуман олганда, 7:1дан кейин «Аталанта»нинг жорий «А» сериядаги голлари сони 28тага етди. 9та ўйинда шунча гол (ўртача ҳисобда 1та учрашувда 3тадан кўп)! Италия олий дивизионида бундай самарадорлик мавсум-1992|1993дан буён қайд этилган эмасди (ўшанда «Милан» дастлабки 9та турда 29та гол урган). Охирги вақтларда «Аталанта» бош мураббийи Жан Пьеро Гасперинидан жамоасининг скудетто учун курашдаги имконияти қандайлиги ҳақида тез-тез сўрашмоқда. Лекин у ҳозирча анча камтарона фикр билдиришда давом этяпти: «Ҳа, «Ювентус» чемпионлик мақомини бой бериши мумкин, бироқ лигада «Интер» ва «Наполи», шунингдек, «Рома» ва «Милан» каби йирик клублар ҳам борлигини унутмаслик керак. Эҳтимолки, охирги 2тасини ҳозирги натижалари эмас, балки ёрқин ўтмиши туфайли ҳамон жиддий рақиблар сирасига киритишаётгандир...».

Энди эса энг асосийси ва қизиқарли факт хусусида: «Удинезе» билан ўйинда «Аталанта» таркибида нақ 13та мамлакат фуқароси майдонга тушди. Шунчаки, ақлга сиғмайди - Гасперини шу куни ишонч билдирган 14 нафар ўйинчи 13та мамлакатдан! Фақат Нидерландия вакили 2 нафар эди - Ханс Хатебур ва Мартен де Рон. Дарвозабон Пьерлуижи Голлини эса «Аталанта» сафидаги ягона итальян бўлди. Диққат қилинг, гап Италия клубининг «А» серия доирасидаги ўйини ҳақида кетмоқда. Бергамо клуби захира ўриндиғида эса швейцариялик Ремо Фройлер ва германиялик Робин Госенс ҳам қолишди. Демакки, Гасперини таркибни фуқаролик нуқтаи назаридан янада хилма-хил қилиш имкониятига эга эди.

«Аталанта» сафида майдонга тушган ҳар бир футболчи ўзига яраша таърифга муносиб. Мисол учун, 17 ёшли Амад Траоре 2002 йили туғилган футболчилар орасида «А» серияда гол урган биринчи ўйинчи бўлди. Кот-д~Ивуар вакили ўйиннинг 77-дақиқасида майдонга тушиб, дебютини нишонлади. Орадан атиги 6 дақиқа ўтгач, Амад «А» сериядаги голлари ҳисобини ҳам очди. Траоре аргентиналик даҳоча - Лионель Месси ўйинига ошуфта футболчилар сирасидан ва ҳамиша айнан ундан ибрат олишга уринади. Мана, бошланиши чакки бўлмади, демак, ҳаракатлари зое кетаётгани йўқ.

Айтганча, «А» серияда маҳсулдорликни ўрнига қўйиб, кучлилар қаторига қўшилишга уринаётган «Аталанта» Европа Чемпионлар Лигасидаги дебют мавсумида шунчаки, ўта омадсиз старт олди. Ҳар ҳолда, гуруҳ босқичининг 3та тури ортда қолдики, бергамоликлар ҳали лоақал 1 очко олишмади. Боз устига, Гасперини жамоаси «Динамо» Зг., «Шахтёр» ва «Манчестер Сити»га қарши кечган 3та ўйинда атиги 2та гол уриб, 11та қўйиб юборди.

 

 «Удинезе»га қарши ўйинда «Аталанта» сафида майдонга тушган футболчилар ва уларнинг мамлакати

Пьерлуижи Голлини (Италия)

Рафаэль Толои (Бразилия)

Симон Кьер (Дания)

Берат Жимсити (Албания)

Ханс Хатебур (Нидерландия)

Мартен де Рон (Нидерландия)

Марио Пашалич (Хорватия)

Тимоти Кастань (Бельгия)

Алехандро Гомес (Аргентина)

Йосип Иличич (Словения)

Луис Муриэль (Колумбия)

---------------------------------------------

Руслан Малиновский (Украина)

Мусо Барроу (Гамбия)

Амад Траоре (Кот-д~Ивуар)

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz