Қайднома

Қидирув

Кеча кумир, бугун…

Кеча кумир, бугун…

  10.11.2019 01:16
  0
  574
Кеча кумир, бугун…

Вақтида ўз кумири билан бирга ўйнашни орзу қилган туркиялик болакай улғайгач, уни захира ўриндиғига ўтказиб қўйди. «Ҳеч қаерга кетмай тур, биз ҳали бирга тўп сурамиз», - дея алоҳида мактуб ёзган экан у болалигида ўйинига ҳавас билан қарайдиган севимли футболчисига. Туркиянинг «Бешиктош» клуби ЕЛ гуруҳ босқичининг дастлабки 3та турида кетма-кет мағлубиятга учради. Истанбул жамоаси жумладан, турнирнинг 3-ўйинида «Брага» (Португалия)га бас келолмади - 1:2. 24 октябрь куни «Водафон Парк» аренасида бўлиб ўтган учрашувнинг 61-дақиқасида Картал Кайра Йилмаз захирадан майдонга тушди. Бу ўйин 2000 йили туғилган йигит учун алоҳида аҳамиятга эга. Нега?  қуйидаги мақола шу ҳақда.

Орзу

2012 йилнинг ноябрь ойида 11 ёшли Картал «Твиттер» тармоғи орқали ўз кумири Огузхан Озякупга таъсирли мурожаат йўллаганди: «Ҳозир энг яхши жамоа сафидасан. Ҳеч қаерга кетмай тур, биз ҳали бирга ўйнашга улгурамиз. Яна 5 йилдан кейин битта жамоа шарафини ҳимоя қиламиз». Ўша вақт Озякуп энди 20 ёшга тўлганди. У айнан 2012 йилнинг ёзида 500 минг евро эвазига «Арсенал» (Лондон)дан «Бешик-тош»га ўтганди. Демакки, Огузхан атиги бир неча ой ичида  болакайда ёрқин таассурот уйғотиб, унинг меҳрини қозонган. Акс ҳолда, 11 ёшли йигитча унга шу қадар ишонч билан мактуб ёзмасди. Мана, жорий йил ёзда Картал Йилмаз биринчи профессионал шартномаси остига имзо чекди. Бирданига 3 йиллик келишувни расмийлаштирган ёш ярим ҳимоячи шу тариқа асосий жамоадаги дебют ўйинини илҳақлик билан кута бошлади ва ниҳоят, орзусига етди ҳам.

 

Дебют

18 ёшли Картал Йилмазнинг «Бешиктош» сафидаги дебюти айнан Европа Лигаси доирасида Португалия «Брага»сига қарши кечган ўйинга тўғри келди. Ҳа, у илк ўйин масаласида бироз кечикди. Зеро, Озякупга мурожаатномасида 5 йилдан кейин асосий жамоада ўйнашини таъкидлаганди. Амалда эса, бу ваъдаси «твит» ёзилганидан 7 йил ўтиб, амалга ошди. Хуллас, ёш футболчи ўйинга 61-дақиқада қўшилди. Энг диққатга сазовор томони, у майдонда айнан ўз кумири Огузхан Озякуп ўрнини эгаллади. Яъни бирга ўйнаш ўрнига уни захира ўриндиғига кузатиб қўйди. Айтиш жоиз, туркиялик иқтидорнинг ҳаракати нафақат «Бешиктош» мухлислари, балки «қора-оқлар»нинг талабчан бош мураббийи Абдуллоҳ Авжини ҳам бефарқ қолдиргани йўқ. Ҳар ҳолда, у ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Йилмаз дебютига алоҳида тўхталди. «Бешиктош» кўп йиллардан буён клуб академияси тарбияланувчиларига катта эътибор қаратмоқда. Картал мавсум бошидан буён биз билан шуғулланаётган 3-4 нафар умидли футболчидан бири. У бугун жуда фаол ҳаракатланиб, мухлисларда яхши таассурот қолдирди», — деди Авжи. Демак, Картал бу кетишда болаликдаги кумири Озякуп билан ҳали кўп бирга ўйнайди...

***  Картал Кайра Йилмаз «Бешиктош» академиясида айнан 2012 йилдан шуғуллана бошлаган. У ортда қолган вақт давомида «Бешиктош» тизимидаги барча ёш тоифасидаги жамоаларда ўйнади - жами 126та учрашув, 7та гол. Йилмаз ва Истанбул клуби ўртасидаги профессионал шартнома 2022 йилнинг 31 май кунигача мўлжалланган.

*** Огузхан Озякуп - бугунги «Бешиктош»нинг содиқ етакчиси. «Арсенал» ёшлар жамоаси сафида шуғулланган футболчи 2012 йилдан буён «қора-оқлар» билан бирга. Энг қизиғи, лондонликлар 2 марта Озякупни ортга қайтаришга уринишди, ҳаттоки, унинг трансферига 10 миллион евро таклиф қилишди. Бироқ футболчи негадир Туркияда қолишни афзал кўрди. Эҳтимол, унга Йилмазнинг болаликда йўллаган мурожаатномаси таъсир қилгандир...

А.АХМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz