Қайднома

Қидирув

Ҳаммаси терма учун…

Ҳаммаси терма учун…

  10.11.2019 14:37
  0
  233
Ҳаммаси терма учун…

Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаевнинг бу галги мулоҳазалари Ўзбекис­тон миллий чемпионатидаги интрига ва асосий термамиз манфаатлари мавзусида бўлди.

Одамлар ўзлари ўйлаб топган нарсага жуда тез ишонишади. Масалан, Ўзбекистон чемпионатининг ўтган йилгиси медаллар учун курашиш нуқтаи назаридан қизиқарлироқ ўтган деб ҳисоблашади. Гўёки, икки босқичли формат ва «олтин очко» қоидаси курашнинг кескинлашувига сабаб бўлган. Мазкур ҳолатда улар жорий мавсумни мисол сифатида кўрсатишган: «Пахтакор» энг яқин таъқибчисидан 20 очколик фарқ билан илгарилаб кетди. Чиндан ҳам, агар икки чемпионат ўзаро солиштирилса, ўзгаришлар муаллифлари ҳақдек. Аммо келинг, чемпионат-2018нинг якуний жадвалини эсга оламиз:

«Локомотив» - 46

«Пахтакор» - 37

«Навбаҳор» - 31

Мазкур ҳолатда фақат 20та ўйиндаги натижалар инобатга олинган. Яъни аслида деярли интрига бўлмаган.

Хўш, Ўзбекистон чемпионатининг қайси бири қизиқарлироқ ўтган?

Масалан, 1999 йили якуний жадвал қуйидагича бўлган:

«Дўстлик» - 64

«Нефтчи» - 63

«Навбаҳор» - 61

«Пахтакор» - 58

Яъни тўртинчи жамоани чемпиондан 6 очко ажратиб турган, бир йил аввал эса вице-чемпион чемпионга ютқазганди. Ваҳоланки, 1999 йили олий лигада 16та клуб қатнашган ва 30тадан ўйин ўтказишган.

Нисбатан янгироқ мисол сифатида мавсум-2013ни кўрсатиш мумкин. Ўшанда элитада 14та клуб қатнашиб, 26тадан ўйин ўтказишган. Якуний жадвал қуйидагича бўлган:

«Бунёдкор» - 61

«Локомотив» - 60

«Насаф» - 58

«Пахтакор» - 54

Дарвоқе, «Пахтакор»нинг 6 йиллик гегемонлиги даврида 2002 йилдан 2007 йилгача фақат бир марта (2007) «шерлар»нинг вице-чемпион билан очколари фарқи сезиларли равишда катта бўлган:

«Пахтакор» - 82

«Бунёдкор» - 71

Бошқа ҳолатларда тафовут 4дан 6 очкогача бўлган. Бу 14 ва 16та иштирокчи қатнашган икки даврали турнирларда қайд этилган. Яъни мусобақа формати аслида чемпионлик учун курашнинг кескинлашувига таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда сохта мутахассисларнинг айтганларига эътибор берманг.

***

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022|ОК-2023 саралаши доирасидаги учрашувлар арафасида ноябрь йиғинини бошлади. Дастлаб машғулотлар 5 ноябрда, яъни ички чемпионатнинг 24-туридан кейин бошланиши кўзда тутилганди. Аммо ўтган ҳафта ушбу ўйинларни уч ҳафта кейинга суриш бўйича қарор чиқарилди ва шу тариқа терманинг эртароқ тўпланишига имкон яратилди.

Мазкур чора омма орасида ҳеч қандай норозиликни келтириб чиқармади. Бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўлаверади, зеро қарор «миллий терма манфаатлари йўлида» чиқарилди. Гап бош жамоа ҳақида борганда эса, ҳар қандай эътироз ватанпарварликнинг йўқлиги сифатида баҳоланади.

«Миллий терма манфаатлари» шундай индульгенцияки, у орқали исталган қарорни оқлаш мумкин. Ёдингизда бўлса, мураббийлардан бири «миллий терма манфаатлари йўлида» хорижлик дарвозабонларга лимит қўллашни талаб қилганди. Шу боис, «миллий терма манфаатлари йўлида» чемпионат тақвимига ўзгартириш киритилиши майда-чуйда ва у ҳақда гапириш шартмас.

Боз устига, 9 ноябрь куни Қирғизистон термасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказилиши керак. Агар янги мураббийлар штаби аввалги мураббийлар каби ишлашда давом этганда, мазкур учрашувга тайёргарлик кўриш учун уларнинг ихтиёрида атиги 4 кун бўларди, холос. Табиийки, бу кам. Назорат баҳсига 7 кун давомида тараддуд кўриш эса, жуда зарур. Тўғри, бунинг натижасида клубларимиз 23-30 ноябрь оралиғида учтадан ўйин ўтказишга мажбур бўлишади. Лекин бу клублар, униси эса - миллий терма. Фарқни тушуниш керак!

Умуман, «миллий терма манфаатлари йўлида» тақвимнинг ўзгартирилиши кутилган ҳолат эди. Ўзбекистон термасини маҳаллий мураббийлар бошқаришганда, йиғинлар учун кунлар шу заҳоти кўпаяди. Етакчи термаларда мураббийларга ўйинларга тайёрланиш ва ўз навбатида номзодларни кўриб чиқиш учун (гап нафақат Франция, Нидерландия ёки Бельгия, балки Жанубий Корея ҳамда Эрон каби жамоалар ҳақида ҳам бормоқда) ФИФА томонидан ажратилган кунлар етарли бўлади, аммо бизнинг ҳолатимиз бошқача. Бизда футболчилар мураббийнинг талабларини тушуниши, аксинча, мураббий футболчиларнинг имкониятларини ўрганиши учун кўпроқ вақт керак.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, «миллий терма манфаатлари»га яна нималар мос тушиши мумкин? Келинг, рўйхат тузиб чиқамиз.

- миллий терма манфаатлари - клубларда кутилмаган кўчиришларга, футболчилар мавсумнинг энг қизғин палласида 18 кун мобайнида жамоадан четда бўлишларига сўзсиз кўнадиган раҳбарлар ишлаши демакдир.

- миллий терма манфаатлари - жамоага барча номзодлар ички чемпионатда ўйнашлари демакдир. Бу ёқда терма йиғилса-ю, Шомуродов, Аҳмедов, Ашурматов ўз клубларида қолиб, камида иккитадан ўйин ўтказишяпти (яхшиямки, «Ростов» еврокубокларга йўл олмаган). Агар Шомуродов «Сурхон» («Машъал», «Бунёдкор»)да ўйнаганида, машғулотларга эртароқ қўшиларди.

- миллий терма манфаатлари - клубларимизнинг Чемпионлар Лигасида муваффақиятсиз қатнашиши демакдир. Ана, «Ал-Ҳилол» 9 ноябрь куни ОЧЛ финалида ўйнайди ва мазкур клуб футболчилари Саудия Арабистони термаси ихтиёрига 10 ноябрда қўшилишади, яъни Тошкентдаги учрашувдан 4 кун аввал. Тасаввур қилинг, шу финалга «Пахтакор» чиққан! Тамом, миллий терма тайёргарлиги бузилади. Ахир 3 кун тўлиқ тайёргарлик кўриш учун камлик қилади-да.

- миллий терма манфаатлари - олимпия термаси Олимпиадага чиқиш учун даъвогарлик қилмаслиги демакдир. Ахир Ўзбекистон чемпионати-2019нинг якуни палласидаги ўйинларнинг қолдирилиши олимпия термамизнинг Осиё чемпионати-2020га тайёргарлиги уч кунга қисқаришини билдиради. Осиё чемпионатининг январда бошланишига эътибор берманг. Суперлига якуни ва қитъа биринчилигининг бошланиши орасидаги 38 кун ичида футболчилар ҳеч бўлмаганда 10-12 кун таътил олишлари керак: улар ўтган йилнинг декабридан буён олимпия термасида астойдил шуғулланишди, шундай экан, таътилсиз қийин бўлади. Биз эса муҳим турнирга тайёргарлик учун 28 кун камлик қилишини яхши тушунамиз. Мана, масалан, муваффақиятли ўтган Осиё кубоги учун Ўзбекистон термаси 40 кундан ортиқроқ тараддуд кўрганди.

«Миллий терма манфаатлари»га мос тушадиган ҳолатлар рўйхати мана шундай кўриниш олди, сиз эса қандайдир чемпионат ўйинлари қолдирилиши ҳақида гапир­япсиз. Аниқроғи, гапирмаяпсиз. Гапириш ҳам шартмас.

Ҳаммаси терма учун - ҳаммаси ғалаба учун!

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz