Қайднома

Қидирув

Хонда зерикди, чоғи...

Хонда зерикди, чоғи...

  11.11.2019 07:09
  0
  229
Хонда зерикди, чоғи...

Япониялик футболчи Кейсуке Хонда Камбоджа термасини бошқаришдан зериккан кўринади. Кузда у «Твиттер»ни HeadHunter сайти билан адаштириб юборди. Ярим ҳимоячи «Мельбурн»даги шартномаси муддати якунланиши ҳамоно «Манчестер Юнайтед»да ўйнаш таклифини берди. Текинга!

«Менга таклиф жўнатинг. Пулларга муҳтож эмасман, шунчаки, буюк клубда буюк футболчилар билан тўп сурмоқчиман».

«МЮ» мухлислари ушбу ғояни қўллаб-қувватлашди ва «твит» остида қолдирилган изоҳларда клубдан Хонданинг шартларига кўнишни сўрашди. Аммо расмий шарҳ бўлмади ва Кейсуке яна бир шикоятли илтимос билан чиқди: «Нега менга ҳеч ким таклиф йўлламаяпти? Мен ҳамон Осиёнинг энг яхши футболчиларидан бириман».

Бундай рекламани Хондага энг яхши формада бўлган йиллари мураббийлик қилган шахс назардан четда қолдирмади. Энди япониялик футболчи «Витесс»да Леонид Слуцкий қўл остида тўп суради. Ва ким билади дейсиз, балки тўлақонли шартнома ҳам имзолар. Ваҳоланки, Хонданинг шундоқ ҳам ишлари талайгина.

Ўйинчи ва мураббий

Умуман, Хонда ЖЧ-2018дан ке-йин фаолиятини якунламоқчи эди, лекин «Мельбурн»дан тушган таклиф унинг режаларини ўзгартириб юборди. 2020 йили Токиода ёзги Олимпиада ўйинлари ўтказилади. Мазкур мусобақада қатнашиш Кейсуке учун принцип масаласидир: Япония пойтахтида ташкил этилган аввалги Олимпиадаларнинг бирида Хонданинг бобоси қатнашган.

Шу билан бирга, «самурай» мураббийликда ҳам ишлади. 12 август куни Камбоджа футбол федерацияси президенти Кейсукенинг мамлакат термасининг янги устози эканлигини расман маълум қилди. Хонданинг қўл остида Камбоджа ЖЧ-2022 саралашининг асосий босқичига ўтди, лекин иккита ўйинда атиги бир очко тўплади, холос: Гонконг билан дуранг ўйнаб, Баҳрайнга ютқазди. Аммо ФИФА рейтингида 169-ўринда бораётган термадан катта ғалабаларни кутиш ҳам ноўрин.

Кейсукени Камбоджада жуда севишади, Хонда ҳам ушбу мамлакатни яхши кўради. У ерга Япония термаси билан биринчи марта борганида, шунчалик илҳомлангандики, натижада пойтахтда футбол мактабини очганди. Хонда «Мельбурн»да тўп суриш асносида, Камбоджа термасини масофадан туриб бош­қарди, видеоалоқа орқали штаб билан боғланди, лекин ойда бир марта Австралиядан Камбоджага бориб келишга мажбур бўларди. Бу бир томонга 7 минг километр дегани. Бир сафар Кейсуке ўйинга кеч қолиши ҳам мумкин эди - ўтган йилнинг ноябридаги Мьянмага қарши баҳс «Мельбурн»нинг чемпионат доирасидаги учрашувидан бир сутка ке-йинга белгиланганди.

Бизнесмен

2018 йилнинг ёзида Хонда машҳур актёр Уилл Смит билан ҳамкорликда Dreamers Fund деб номланувчи фондга асос солди: ҳар икки юлдузнинг молиявий маслаҳатчиси бир киши эди. Кейсуке дунёни ўзгартиришни режалаштирмоқда, фонд эса ҳозирча Жанубий Кореядаги Gen.G номли киберспорт ташкилотига 46 млн. доллар инвестиция йўналтирди. Мазкур жамоага Dreamers Fund фондидан ташқари, Стэнфорд университети, Силикон водийси фонди ҳамда «Лос-Анжелес Клипперс» баскетбол клуби акционери Деннис Вонг ҳам пул ажратишди.

Яна нима?

Дарвоқе! Хонданинг ўз жамоаси бор: 2015 йили у Австриянинг «Хорн» клубига 2 миллиондан кўпроқ маблағ сарфлаган. Клубни Кейсукенинг акаси Йоджи бошқаради, мураббий сифатида эса Германия термаси ва «Бавария» клубининг собиқ форварди Карстен Янкер та-йинланган. Ўтган мавсумда бу жамоа Австрия иккинчи лигасида 13-ўринни эгаллади.

Солиштириш учун, яқинда Хондани Москванинг ЦСКА клуби президенти Евгений Гинер ҳам эслаганди: японияликнинг «армиячилар» сафини тарк этиши функционерни ранжитганди. Hyundai билан шартнома имзоланганда, Гинер энди Кейсукени Москвага қайтариш кераклигини айтиб ҳазиллашганди.

Аммо Хондани ЦСКА эмас, жамоа­нинг собиқ устози ортга қайтарди. Слуцкий «ҳарбийлар»ни бошқарган кезлари Кейсуке унинг қўл остида 127та ўйин ўтказиб, 28та гол урганди - бундай кўрсаткични «самурай» бошқа ҳеч қаерда такрорлай олмади. Ваҳоланки, унинг Европадаги фаолияти айнан суперҳужумкор футболга асосланган Эредивизида бошланган, «ВВВ-Венло» сафида икки йил тўп сурганди. «Ўзимни 12 йил аввалгидек, бу ерда ўйнашни бошлаган пайтимдагидек ҳис қиляпман», - деди Хонда ҳис-туйғулари билан ўртоқлашаркан.

Ҳа, Нидерландия ўлкасига қайтиш - ҳаммага ҳузур бағишлайди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz