Қайднома

Қидирув

Футбол сари машаққатли йўл

Футбол сари машаққатли йўл

  11.11.2019 09:11
  0
  490
Футбол сари машаққатли йўл

Миллионлар ўйинидаги аксарият юлдузлар юқори чўққиларни забт этиш учун жуда машаққатли йўлни босиб ўтишган, чунки уларнинг оиласи, шаҳри ва мамлакатида яхшигина спорт мактабига кириш имконияти бўлмаган. Улар фаолиятларининг дастлабки йилларида заводда ишлашган, уйларни таъмирлашган ёки автобус ҳайдашган. Қуйидаги ҳикоя умуман машҳурликка эришолмаслиги мумкин бўлган, аммо охир-оқибат спортни танлаган беш киши ҳақида.

Дидье Дрогба, 2006 ва 2009 йилларда Африкада йил футболчиси бўлган

Ивуарлик собиқ ҳужумчи «Борини бериш» деб номланувчи автобиографиясида қишда хонаси қанчалик совуқ бўлганини эсга олган. Тузукроқ бутсага пул тўплаш мақсадида тонгги соат 5да туриб, ота-онасига ёрдамлашган: кичик китобларни ташиган, тренажёр залини тозалаган. Отаси ҳамиша ҳаммадан норози бўларди, коллежда бухгалтерлик соҳаси бўйича ўқиши ҳам наф келтирмади. Умуман, иқтидор барча тўсиқларни енгиб ўтди ва бугун Дрогба ҳақли равишда Африка футболи тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бири сифатида ардоқланади.

Иан Райт, 1998 йилги Англия чемпиони

«Арсенал» афсонаси ва Англия термасининг собиқ ҳужумчисини ўсмирлик чоғларида ўша пайтлар учинчи дивизионда қатнашган клублар - «Саутенд Юнайтед» ва «Брайтон» ўз таркибларига киритишмаган. Фаолиятини эндигина бошлаётган форвард­нинг спортдан кўнгли қолиб, дастлаб шакар заводида ишлади, кейин эса қурилиш ишларига ўзини урди. Икки ўғлини боқиш учун пул керак эди: улардан бирини асраб олган бўлса, бири янги туғилганди. Райтни футбол билан боғлаб турган ягона нарса - дам олиш кунлари «Гринвич Боро» ҳаваскорлар жамоасида тўп суриши эди. Иттифоқо, уни «Кристал Пэлас» скаутлари пайқаб қолиб, кўрикка таклиф қилишди. Бир неча йилдан кейин Райт ишонч билдирган клубини Англия кубоги финалигача олиб чиқди, кейин эса «Арсенал» либосини кийиб, «канонирлар»нинг асосий футболчиларидан бирига айланди.

Жейми Варди, АПЛ-2015|2016 чемпиони ва шу мавсумнинг энг яхши тўпурари

«Лестер» ҳужумчиси ёшлигида футбол билан углеродли тола заводидаги ишни умумлаштиришга мажбур бўлган: у имконияти чекланганлар учун махсус мослама ишлаб чиқарарди. Бунинг учун Варди ҳафтасига 70 фунт топарди. Шунингдек, Жейми Англиянинг 8-дивизиони вакили - «Стоксбридж» клуби шарафини ҳимоя қилгани учун 30 фунт оларди. Ўша кезлари муштлашувда қатнашгани сабабли футболчига нисбатан уй қамоғи жазоси тайинланганди: у қулоғи яхши эшитмайдиган дўстини мазах қилганларни дўппослаганди. Жейми ярим йил машғулот ва ўйинлардан кейин жазо муддатини ўташ учун уйга шошар, роппа-роса соат 18:30да етиб бориши шарт эди. 2015|2016 йиллар мавсумида Варди шериклари билан бирга сўнгги йилларда жаҳон футболида рўй берган асосий мўъжизалардан бирининг сабабчисига айланди: «Лестер» шов-шувли тарзда Англия чемпионлигига эришди, форвардни эса миллий жамоага чақиришди. 10 йил аввалги «Стоксбридж»нинг ёш тўпурари, толаларни кунига юз марталаб печга солиш билан шуғулланган йигитча бундай юксалишни хаёлига ҳам келтирмагани аниқ.

Карлос Бакка, 2014 ва 2015 йилларда Европа Лигаси ғолиби

Колумбиялик ёшлик чоғларида туман жамоасида тўп суриб, рақиблари дарвозасига ўнлаб голларни йўлларди. Аммо Карлоснинг юртида кундалик заруратларга пул топиш учун бунинг ўзи камлик қилади, шу боис 20 ёшида кунига 15 соат вақтини Пуэрто Боливар аҳолисини автобусда ташишга сарфлаган. Келажаги порлоқ ҳайдовчини «Атлетико Хуниор»дан тушган таклиф асраб қолди ва Бакка мазкур жамоа сафида чемпион бўлишдан ташқари, мавсумнинг энг яхши тўпурари номини ҳам қўлга киритди. Кўп ўтмай, Карлос океан ортига йўл олиб, Бельгия, Испания ҳамда Италия клубларида муваффақиятли ўйнади.

Ёсин Бамму, Марокаш термаси футболчиси

Африкалик бу футболчи ўсмирлик чоғларида Ибрагимович каби жаҳон футболининг суперюлдузлари билан тез-тез учрашган. Аммо яшил майдонда эмас. Бамму «ПСЖ» футболкалари сотиладиган дўконда ишларди. У Париж клуби таркибига киришга уриниб кўрган, аммо уни фақат «Булонь-Бийанкур» ҳаваскорлар жамоасига қабул қилишган. Тез орада Ёсин тинимсиз меҳнатлари самараси ўлароқ, барибир, Лига 1дан таклиф олди. Унга «Нант» харидор бўлди.

Юқорида номи келтирилган футболчиларнинг тарихи фильм сценарийсига ўхшайди. Аммо уларнинг йўлларини такрорлаш мумкин: кунлик машғулотлар, мақсад сари интилиш ва сифатли футбол либослари янги Дрогба ёки Вардиларнинг кашф этилишида асқотиши турган гап.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz