2022 йили жаҳон чемпионати футбол тарихида иккинчи марта улкан ҳудуд, хилма-хил маданият ва табиатга эга Осиёда меҳмон бўлади. Лекин ОФК вакиллари ҳозирдан яна бир мундиал лойиҳаси устида иш бошлаб юборишди. Гап 15 йилдан кейин бўлиб ўтадиган ЖЧ-2034 ҳақида кетмоқда. Хориж матбуотида берилган маълумотларга кўра, унга Австралия ва Индонезия жуфтлиги мезбонлик қилмоқчи. Яна бир вариантга мувофиқ, Осиёнинг нақ 10та мамлакати (!) қўшма ариза ёзиши эҳтимоли йўқ эмас. Лекин ушбу ажиб лойиҳаларни қудратли Хитой томонидан берилажак «заявка» бутунлай барбод этиши мумкин.
Жаҳон чемпионати-2034га ҳали кўп вақт бор - 15 йил. Балки шу қадар узоқ келажакка назар ташлаш мантиққа бироз зиддир, лекин шунинг баробарида қизиқарли-да, барибир. Чунки ҳозирдан бир неча ажойиб лойиҳалар юзага чиқмоқда. Дейлик, июнь ойи охирида Австралия ва Индонезиянинг жаҳон футбол форумини қабул қилиш учун қўшма «заявка» беришга тайёрлиги хусусида хабарлар тарқалганди. «Яшил қитъа» ва «сариқ қитъа» вакиллари бундан олдинги мундиални ўтказиш ҳуқуқини олишга ҳаракат қилиб кўришса бўлмайдими? Йўқ. Зеро, ФИФА ЖЧни қитъалар конфедерациялари ҳудудида навбати билан ташкиллаш тамойили тарафдоридир.
ЖЧ-2022 ОФК вакили Қатар майдонларида ўтказилади. Ҳа, бу борада ҳалигача турли миш-мишлар тинмаяпти, дейлик, вақти-вақти билан мезбонлик ҳуқуқи ушбу митти мамлакатдан олиб қўйилиши мумкинлиги хусусида хабарлар тарқалмоқда. Лекин катта эҳтимолки, 2022 йилнинг охирида футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ЖЧ айнан Қатарда кузатилади, барибир.
ЖЧ-2026 АҚШ, Канада ва Мексика триосига ишониб топширилган. Яна бир қизиқарли лойиҳа.
ЖЧ-2030 мезбони ҳали аниқ эмас. Тушунарлики, унга ОФК (Осиё|Австралия) ва КОНКАКАФ (Шимолий ва Марказий Америка) аъзолари даъвогарлик қилолмайдилар. Тарихдаги биринчи мундиалга 100 йил тўлиши муносабати билан 1930 йили мезбонлик мақомини олган Уругвай аризаси маъқул топилиши ҳеч гап эмас. Лекин шунинг баробарида Аргентина, Парагвай ва Чили ҳам мундиални ўтказишдан умидвор. Қолаверса, яна 2та вариант бор: МарокашҚЖазоирҚТунис кўринишидаги африкача трио ва РуминияҚГрецияҚБолгарияҚСербия квартети. Яна Англия, Хитой, ИспанияҚПортугалия томонидан ҳам қизиқиш бор. Эътиборлиси, бунда хитойликлар «навбат билан» тамойилига ҳам қараб турмоқчи эмаслар.
Хўш, ЖЧ-2034 мезбонлигини қўлга киритиш йўлида қандай ҳаракатлар бошланди? Мисол учун, Хитой битта олдинги мундиал ҳуқуқини қўлга киритолмаса, кейингисида ҳам ўз омадини синаб кўради. Қолаверса, аввалига Австралия ва Янги Зеландиянинг бирга ариза бериши ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинроқ эса яна 2та жуда қизиқарли вариант юзага келди. Биринчиси - АСЕАНга аъзо мамлакатларнинг умумий «заявка»си». Ушбу ташкилот таркибида Осиёнинг 10та мамлакати бор: Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбоджа, Лаос, Малайзия, Мьянма, Сингапур, Таиланд ва Филиппин. 2019 йилнинг июнь ойида Таиланд бош вазири қўшма «заявка» тақдим этилишини расман тасдиқлаганди. Агар режа амалга кўчса, ЖЧ тарихида илк марта 10та мамлакат ягона ариза остида бирлашиб, мезбонлик ҳуқуқини ютишга уриниб кўради. Жуда-жуда экзотик вариант, унда бир қатор устун жиҳатлари ҳам бор, албатта.
Ҳудудда кунига 500та рейсни амалга оширишга қодир камида 4та мега-аэропорт мавжуд.
Малайзия ва Индонезияда улкан стадионлар бор. Мисол учун, Куала-Лумпурдаги замонавий «Букит Жалил» аренаси 87 минг томошабинга мўлжалланган.
Ҳудуднинг аксарият давлатларида сайёҳлик жуда яхши ривожланган.
Тайёргарлик учун нақ 15 йил вақт бор, асосийси, барчасини нолдан бошлаш шарт эмас, чунки инфратузилма талаб даражасида.
Тўғри, бундай қизиқарли лойиҳанинг минус томонлари ҳам, ФИФАга қийинчилик туғдирадиган нозик жиҳатлари ҳам етарли. Мисол учун, халқаро футбол уюшмаси мезбон мамлакатларга автоматик тарзда бирданига 10та йўлланма ажратолмайди, гарчи ўша вақт финал раунди иштирокчилар сони 48тага етса ҳам.
Иккинчи вариант - Австралия ва Индонезия дуэти. Икки мамлакат вакиллари ўртасидаги илк музокара жараёни ортда қолди. Ушбу қўшма «заявка» АСЕАН аъзоларининг Лаосдаги учрашувларида ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Бироқ ҳар икки «заявка» олдида жуда хавфли рақиб бор - Хитой. Биринчидан, деярли ҳар қандай ҳолатда хитойликлар аризаси салмоқли тош босиши тайин. Иккинчидан, агар Хитой ЖЧ-2030 мезбонлик ҳуқуқи учун курашда ғалаба қозонгудек бўлса, АСЕАН мамлакатларининг ҳаракати шундоқ тўхтайди. ҳар ҳолда, ФИФА кетма-кет 2та мундиални Осиёга тортиқ этмайди. Бу ҳолатда Австралия|Индонезия жуфтлигининг ЖЧ-2034га даъвогарлик қилиш имконияти ҳам кескин пасаяди. Сабаб яна ўша - ФИФА ЖЧ мезбонини қаторасига 2 марта ОФК оиласидан танламайди.
Айтганча, Австралия олдин ҳам жаҳон футбол форумини қабул қилишга уриниб кўрган. Аниқроқ айтсак, «яшил қитъа» ЖЧ-2022га «заявка» топширганди. Австралияликлар ҳаттоки, 12 стадионни ўз ичига олган улкан лойиҳа тақдим этишди. Шу ареналардан 3таси янги қуриларди, 4таси тўлиқ ва 1таси минимал даражада реконструкция қилинарди, агарда мезбонлик ҳуқуқи «яшил қитъа»га берилганида. Австралия аризасида ҳам плюс ва минуслари бор эди, албатта. Плюслар: «заявка»нинг ҳукумат томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиши, мезбонлик ҳуқуқининг ҳудудда футбол тараққиётига туртки бериши, йирик спорт турнирлари (мисол учун, Олимпиада-2000)ни ташкиллаштириш тажрибаси, июнь - июль ойидаги қулай об-ҳаво шароити... Минуслар: ЖЧга тайёргарлик жараёни жуда жиддий моддий харажатлар талаб этарди (асосан стадионлар қуриш учун), вақт тавофути (хусусан, ўйинлар европаликлар учун ноқулай вақтга тўғри келарди). Ўшанда Австралия томони жиддий рақиблар - Қатар, АҚШ, Япония ва Жанубий Корея қаршилигига дуч келиб, якунда ҳеч қандай нажотсиз ҳолда ютқазди. Тўғрироғи, «яшил қитъа» танловнинг 1-турида атиги 22та овоз олиб, курашдан жимгина чекинди. Бироқ орадан бир неча йил ўтгач, австралияликлар ФИФА аъзоларига пора беришга уринганликда айбланишди ва йирик можаро марказига тушишларига сал қолди. Ваҳоланки, танловда уларга тегишли «заявка»га жуда паст балл берилганди.
Австралияда йирик турнирларга мезбонлик қилиш тажрибаси етарли. Дейлик, 2015 йили Осиё кубоги айнан «яшил қитъа» майдонларида ўтказилди. Мамлакат бу турнирга 5та стадион ҳозирлаганди: 3та ўртамиёна (Канберра, Мельбурн ва Ньюкаслдаги ареналар 25-33 минг томошабинга мўлжалланган) ва 2та йирик (Брисбендаги стадион сиғими - 52 минг, Сиднейдагиси - 84 минг). 16та иштирокчи жамоа асосан шу 5та шаҳарга жойлаштирилди. 10-15 мингдан кам мухлис гувоҳлигида ўтган ўйинлар кузатилмади, Жанубий Корея ва Япония термалари иштирокидаги баҳсларда ташриф даражаси чакки бўлмади. Мезбонлар эса барча учрашувларни трибуналари лиқ тўлган ареналарда ўтказишди. Жумладан, Австралия ва Жанубий Корея термалари ўртасидаги финал баҳсини нақ 76 минг мухлис бевосита стадионда томоша қилди. Умуман, кўпчилик Австралиянинг ташкилотчилик ишларига юқори баҳо берди, чунки турнир яхши таассурот қолдирди. ОФКни айниқса, Осиё кубогига эътибор ва қизиқиш ортгани, мухлислар чиройли ва ёрқин мусобақадан ўзгача баҳра олишгани қувонтирди. Чунончи, ўйинлар, хусусан, «плей-офф» босқичларидаги қарама-қаршиликлар мухлислар хотирасига ижобий сифатлари билан муҳрланди. Қисқаси, Австралия мезбонлик миссиясини ҳар томонлама қойиллатди. Айтиш жоиз, ўша вақтдаёқ кўпчилик «яшил қитъа»нинг бундай салоҳият билан бемалол йирикроқ лойиҳаларга ҳам қўл уриши мумкинлигига қатъий ишонч ҳосил қилганди.
Яна бир томони шуки, ЖЧ шу кунга қадар Осиё, Америка, Африка ва Европада меҳмон бўлишга улгурди. Антарктиданинг тушунарли сабаблар туфайли мезбонликка даъво қилолмаслигини инобатга олсак, биргина Австралия қолмоқда. «Яшил қитъа» Ер сайёрасининг ҳалигача футбол бўйича жаҳон чемпионатини қабул қилмаган ягона ҳудуди бўлиб тургани балки унинг фойдасига ишлар... Муҳими, австралияликлар барчасини теран тушуниб, жиддий ҳаракатни амалга оширмоқдалар. Тўғри, Индонезия билан қўшма «заявка» лойиҳаси ҳали «хом». Эҳтимол, вақт ўтиши билан ҳаммасига аниқлик киритилса, бу вариантга қизиқиш янада ошар ҳали...
Манба: iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20