Қайднома

Қидирув

Мэйсон ГРИНВУД: «ЁШИ КАТТАЛАР БИЛАН ЎЙНАШ ТАЖРИБАСИ АСҚОТЯПТИ»

Мэйсон ГРИНВУД: «ЁШИ КАТТАЛАР БИЛАН ЎЙНАШ ТАЖРИБАСИ АСҚОТЯПТИ»

  12.11.2019 16:33
  0
  618
Мэйсон ГРИНВУД: «ЁШИ КАТТАЛАР БИЛАН ЎЙНАШ ТАЖРИБАСИ АСҚОТЯПТИ»

Октябрь бошида Мэйсон 18 ёшга тўлди ва қадрдон клуби «МЮ» билан узоқ муддатга мўлжалланган янги шартнома имзолади. «Қизил иблислар» расмий сайти ушбу воқеа муносабати билан ёш футболчидан интервью олди. Унда Гринвуд турли мавзудаги саволларга жавоб қайтариб, чапақай бўлишига қарамай, нима сабабдан пенальтини ўнг оёғида ижро этишига ҳам ойдинлик киритди.

 

- Табриклаймиз, Мэйсон. Янги шартнома тузиш қандай бўларкан?

- 7 ёшимдан буён шу клубдаман. Барча босқичларни босиб ўтдим: 14, 15, 16 ва 23 ёшгача бўлганлар жамоасида ўйнаб, ниҳоят, асосий жамоа сафига қўшилдим. Катталар футболида келишувга эришиш ўзгача ҳиссиётларни бағишлайди. Анчадан буён шу ердаман ва бу тинимсиз меҳнатларим учун совғадир.

- Сульшер сизга ва салоҳиятингизга ишонишини таъкидлади. Унинг адашмаётганини исботлашни хоҳлайсизми?

- Ҳа, нималарга қодирлигимни ҳаммага кўрсатмоқчиман: ҳам ўйинлар, ҳам машғулотларда. Жамоа учун қўлимдан келган барчасини қиламан.

- Мақсадингизга эришишда кўпчилик сизга ёрдам берди, жумладан, оила аъзоларингиз ҳам...

- Ҳа, яқинларим ҳар доим менга кўмаклашишади. Ҳеч нарсани эплай олмаётганимда, тўғри йўналишга қайтишимда ёрдам беришади. Мени руҳлантиришади, улардан ибрат оламан, оила аъзоларим учун ўйнайман.

- «МЮ»нинг болалар жамоаларида сизни мураббий Имон Малви қўллаб-қувватлаган...

- 8, 9 ва 10 ёшгача бўлганлар жамоасида ўйнаганимда, у биз билан бирга сафар учрашувларига борарди. Ҳар доим ёрдамлашиб, нима қилишим кераклигини ўргатарди. У мени синовдан ўтказарди.

- Болалигингизда ҳам нисбатан каттароқ ёшдагилар жамоасида ўйнагансиз. Бу асосий жамоага ўтишингизда асқотганми?

- Албатта, ёши катта ва кучлироқ болаларга қарши тўп сурганман. Бу жуда мушкул, аммо машаққатларга кўникар экансиз. Ҳозир биринчи жамоадаман ва ўша тажриба асқотяпти, ахир бундай қийинчиликлардан ўтганман.

- Асосий таркиб футболчилари мослашишингиз учун кўмаклашишдими?

- Ҳа. Уларнинг ҳаммаси ажойиб йигитлар, барчалари янги келганларга ёрдам беришга интилишади. Ахир ўзлари ҳам шу босқичдан ўтишган-да.

- Асосий жамоадаги дастлабки учрашувингиз «ПСЖ»га қарши баҳсга тўғри келди, дебют учун ажойиб ўйин! Таассуротлар қандай бўлди?

- Ҳаммаси аъло! Қийин вазиятда ғалабага эришдик. Дебютим академиямиздагилар ишининг ўзига хос рамзига айланди. Қойилмақом ҳиссиётларни бошдан кечирдим.

- «Астана» ва «Рочдейл» клублари дарвозаларини ишғол қилганда нималарни ҳис қилдингиз?

- Ҳаммаси ажойиб! Муваффақиятни биз билан нишонлаб, менинг исмимни куйлаётган оломоннинг овозини эшитиш жуда ёқимли эди.

- «Олд Траффорд»да дастлабки голларни уриш - бу ўзгача нарсами?

- Ҳа, «Стретфорд Энд» олдида икки марта тўп киритиш - бу фантастика!

- Болалик пайтида «Юнайтед» ишқибози бўлган дамларингизни эслайсизми? Жамоага мухлислик қилиш учун «Уэмбли»га борганмисиз?

- Ҳа, бу стадионда бўлганман, адашмасам, «Челси»га қарши кечган кубок баҳсида эди. У ерга амаким ва отам билан боргандим. Оломон орасида «МЮ»нинг ғалабасини кўриш жуда ёқимли бўлганди. Энди эса ўзим шу клуб сафида тўп суриб, голлар уряпман. Ажойиб!

- Оле-Гуннар унинг учун мувозанат муҳим эканлигини таъкидлади. Сизга янги тактик топшириқлар бериляптими?

- Ҳаммасига қулоқ тутиш керак. Мураббийлар, инструкторлар, диетологларнинг айтганларини бажариш лозим. Шу тариқа, бўлажак баҳслар олдидан «қуролланишим» мумкин.

- Чапақайсиз, шундайми?

- Ҳа, тўғри.

- Нега унда пенальтини ўнг оёқда ижро этасиз?

- Ҳаммаси U-13 жамоасида ўйнаган пайтимда бошланган. «Манчестер Сити»га қарши кечган баҳсда тўпни чап оёқда тепиб, мўлжалда адашганман, ўша ўйинни ёмон ўтказганман. Шундан буён пенальтини ўнг оёқда ижро этаман.

- Мэйсон, янги шартномадан кейин ўз олдингизга узоқ муддатли мақсадлар қўйган бўлишингиз турган гап. Улар нималардан иборат?

- Ҳаммага нималарга қодирлигимни намойиш этмоқчиман. Ушбу шартноманинг тузилгани бежиз эмаслигини кўрсатиш ниятидаман. Нима сабабдан «МЮ» сафида ўйнаётганимни барча билишини хоҳлайман.


Манба: iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz