Қайднома

Қидирув

Пазанда посбон ёхуд 30 ёшли кулинар дарвозабон ҳақида...

Пазанда посбон ёхуд 30 ёшли кулинар дарвозабон ҳақида...

  13.11.2019 08:42
  0
  186
Пазанда посбон ёхуд 30 ёшли кулинар дарвозабон ҳақида...

Менхенгладбахнинг «Боруссия»си - бугунги Бундеслиганинг етакчилари сафида. Ваҳоланки, клуб дастлабки учта ўйинда атиги 4 очко тўплаганди, «Шальке» билан зерикарли дуранг (0:0) қайд этган, «Майнц»ни мағлубиятга учратиб (3:1), «Лейпциг»га ютқазганди.

Шунингдек, «Боруссия» Европа Лигаси гуруҳ босқичининг биринчи ўйинида омадсизликка учраб, Австриянинг кўпчилик учун нотаниш бўлган жамоаси - «Вольфсберг»га 0:4 ҳисобида имкониятни бой берганди. Кейинчалик ишлар юришиб кетди - ички чемпионатнинг навбатдаги олти учрашувида бешта ғалаба, 15та гол ва юқори поғоналарга кўтарилиш. Жамоа янги мураббий Марко Розенинг талабларига кўникмоқда, Плеа етакчи ролига тайинланган, янги харид қилинган Маркус Тюрам ҳужумларда ёрдам бермоқда ва ҳатто ҳимоячилар ҳам стандарт вазиятлардан тўп киритишмоқда.

«Боруссия» М авввалдан дарвозабон масаласида муаммога йўлиқмаган - 30 ёшли швейцариялик кипер Янн Зоммер клубдаги олтинчи мавсумини ўтказмоқда ва ўзини жуда қулай ҳис этаётгани кўриниб турибди. Бундеслигада агар «Бавария» либосида тўп сурмаётган бўлсанг, ўйинларни «қуруқ» якунлаш қийин, аммо жорий мавсум кам тўп ўтказиб юбориш бўйича менхенгладбахликларни фақат «Вольфсбург» ортда қолдиряпти. Зоммер эса ўзи қатнашган учрашувларнинг учдан бир қисмида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.

Зоммер - ажойиб шахс. Бўйи одатий голкиперларники сингари узун эмас - 183 см. Швейцария ташқарисида у фақат «Боруссия»да ўйнаган ва турли ёш тоифаларидаги термалар таркибида майдонга тушган. Шунингдек, Зоммер - серқирра йигит, қўшиқчилик дарсларига қатнайди, мусиқий асбоблар чалишни ўрганади, архитектурага меҳри баланд, ўқиш ва суратга олишни яхши кўради. Унинг асосий хоббиси - овқат тайёрлаш: «Шу тариқа табиатга яқин бўламан», дейди у. Бу машғулот унга болалик чоғларида ёқиб қолган - ота-онаси гарчи уззукун ишлашсада, уйда кўп таом пиширишарди. Янн 17 ёшидан мустақил овқат тайёрлашни бошлаган. Тўрт йил аввал Зоммер ҳатто sommerkocht.ch манзилида кулинария блогини ҳам юритганди. Аммо кейинчалик блог ёпилди. Хўш, нега? «Жуда кўп вақтни талаб этарди. Рецепт яратишдан тортиб суратлар жойлашгача - буларнинг барига бир кун кетарди. Авваллари ҳаммасига улгурардим, блог обуначилари кўплаб позитив изоҳлар қолдиришарди». Зоммер интервьюларининг бирида ўзи овқат пиширишни яхши кўриши, ресторанларга кам боришини таъкидлаганди: «Сен билан, футболчи сифатида ҳар доим суҳбатлашишни ёқтирадиганлар топилади. Шу боис, тинчгина уйда таом тайёрлаганим маъқул».

Блогда бир неча марта қиммат маҳсулотлардан тайёрланадиган овқатлар рецепти жойлаштирилганига қарамай, Зоммер буни ҳашаматга йўймайди: «Умуман, асосийси, уларнинг барчаси янги бўлиши лозим. Эҳтимол, бироз кўпроқ пул сарфларман, лекин маҳсулотнинг нечоғли янгилиги, унинг қаердан эканини билишим муҳим. Аслида, ҳар куни таом учун қимматбаҳо нарсалар сотиб олмаслигим аниқ».

ЖЧ-2018 арафасида Зоммер Blick нашрига интервью берганида, унга Россия ҳамда ушбу мамлакат ошхонаси ҳақида савол беришганди. «Руслар ошхонасига алоҳида тайёргарлик кўраётганим йўқ, - деди кипер. - Россиядаги футболчилар биз билан деярли бир хил тарзда овқатланишади. Ошпазимиз билан гаплашдим. Умуман, унинг ишини кузатишни яхши кўраман».

Бир йил аввал Зоммер кўпроқ маълумот берганди: «Қаллиғимга ҳам овқат пишириб бераманми? Ҳа, айниқса, охирги пайтларда шундай, чунки унинг имтиҳонлари бор. Умуман, тажриба ўтказишни ёқтираман, сабзавотлардан таом тайёрлаш ёқади. Айниқса, яшил сарсабилдан, унинг таркибида организм учун кўплаб зарур минераллар бор. Уни грилда тайёрлаб, зайтун ёғи, лимон шарбати, қуритилган помидор ва кедр ёнғоқларида тайёрланган винегретга аралаштираман».

Зоммер бошқа бир материалида ўз қоидалари билан ўртоқлашган: «Оқ шакар, пишлоқ, ёғ, сут истеъмол қилмайман. Дастурхонимда ҳар доим сабзавот, балиқ, жигарранг гуруч бўлади. Умуман, кучли таомлардан ўзини чеклаб, ҳамон юқори даражали ўйин кўрсатаётган кўплаб футболчиларни биламан. Мен эса ўзгарувчанлик тарафдориман. Қоидаларга ўта жиддий муносабатда бўлиш ҳам баъзида ярамайди. Ҳам спорт, ҳам ҳаётдан завқ олишни хоҳлайман».

Аммо қоидалар жуда керак. «Мен учун, спортчи сифатида, нималар истеъмол қилаётганимни билиш муҳим. Ахир танамга нима берсам, у менга шуни қайтаради».

Нега ўзи тайёрлаган таомлар унга шундай роҳат бағишлайди? «Бу ор-қали футболдан чалғийман, ўз ижодим билан яшайман. Ҳар сафар нимадир янги нарса ўйлаб топиш - ажойиб-ку! Қолаверса, ушбу машғулот пайти хотиржамликка эришаман. Мазкур мавзуда китоб ёзиш ҳақида ўйлаяпманми? Албатта, лекин у бош­қа китоблардан бутунлай фарқланади».

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ  тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz