Қайднома

Қидирув

Таътил остонасидаги кескинлик

Таътил остонасидаги кескинлик

  14.11.2019 11:53
  0
  356
Таътил остонасидаги  кескинлик

Терма жамоалар беллашувлари сабаб юзага келаётган қисқа танаффус арафасида топ-чемпионатлар турнир жадвалидаги вазият янада кескинлашмоқда. Бир ёки икки омадли уриниш ўртамиёна жамоаларни етакчилар сафига олиб чиқиши, аутсайдерларга енгилроқ нафас олиш имконини бериши мумкин. Бу ҳолат жамоаларни фаолликка ундайди, янги-янги «спектакллар» сценарийлари юзага келади.

Англия. «Уотфорд» ҳам етакчи, фаҚат... «Қора» гуруҳда

Очиғи, холис мухлис сифатида менга мавсумни ўта омадсиз ўтказаётган, аслида ўртамиёналар орасида ўзининг дадиллиги билан ажралиб турадиган «Уотфорд»нинг илк ғалабаси кўпроқ манзур бўлди. Сафардаги қимматли 3 очкони жамоа мухлислари узоқ кутишганини инобатга олсак, уларнинг қувончлари «Ливерпуль» иш­қибозлариникидан кам бўлмагани ойдинлашади. Тўғри, «Норвич» жадвалда «Уотфорд»нинг қўшниси эди, унинг тарафдорлари ҳам хайрли якунга илҳақ эдилар. Бироқ мағлубиятни тан олиш дебютанат учун бирмунча осонроқ, деб ўйлаймиз. Қолаверса, меҳмонлар ишонарли ғалабага эришишди, 3 очко қандайдир «дайди» гол эвазига эмас, ҳар бир бўлимдаги тезкор голлар эвазига олинди. Мезбонлар эса ярим соат кўпчилик бўлиб тўп сурган бўлишсада, ҳеч бўлмаганда жавоб тўпини кирита олмадилар. Хуллас, «Уотфорд» - аутсайдерлар пешқадами.

«Стэмфорд Бриж»да «Кристал Пэлас»ни қабул қилган «Челси» рақиби дарвозасига 2та жавобсиз гол урди, Абрахам ва Пулишичнинг аниқ зарбалари ўйин тақдирини ҳал қилди. Қизиғи, аввалги турда ҳам бу икки тўп­урар ўз номларини таблога ёздириб қўйишган ва «Уотфорд»ни ранжитишганди.

Мавсумнинг бошқа дебютанти - «Шеффилд» эса ўз мухлисларини хурсанд этмоқда. Жамоа бу турда «Тоттенхэм» билан Лондонда битим имзолади ва «Арсенал» билан ўрин алмашди.

Унаи Эмери шогирдлари бу турда ғалаба тугул дурангга ҳам эриша олмадилар. Боиси, уларни ўз майдонида қабул қилган «Лестер» барча жабҳаларда устунлик қилди ва танаффусдан кейин Варди ҳамда Мэддисоннинг аниқ зарбалари Рожерс «тулкилар»ини 2-поғонага олиб чиқди. Сардор эса тўпурарлар пешқадами мақомини Абрахамдан қайтариб олди.

Ниҳоят, нафақат Англия, балки дунёнинг турли бурчакларида орзиқиб кутилган ҳаяжонли лаҳзалар етиб келди - «Энфилд» мусобақа етакчиси ва амалдаги чемпионни тантанали тарзда кутиб олди. Билмадим, бу Клоппнинг маккорона режаси натижасими ёки йўқми, баҳс меҳмонларнинг фаоллиги билан бошланди. Тўпни ўйин­га киритиш ҳуқуқини танлаган Гвардиола шогирдлари даст­лабки дақиқаларни рақиб ярим майдонида ўтказишди, ҳужумлар уюштиришди. Бироқ мезбонларнинг Браво дарвозасига йўллаган дастлабки зарбаси уларни ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишга мажбур этди.

Таажжубки, ҳисоб очилганидан кейин ҳам вазият ўзгармади - «Сити» олдинга интилди, «Ливерпуль» ҳимояланди. Аммо кутилмаганда қарши ҳужумга отланган мезбонлар узатмасини Муҳаммад Салоҳ голга айлантирди - 2:0.

Табиийки, танаффусдан кейин чемпион ўйинида кескин ўзгаришлар кутилганди. Лекин таркибдаги муаммолар боис Гвардиоланинг имкониятлари ҳам чекланган эди. Бу ҳам етмагандек, тез орада ҳисоб йирик кўриниш олди. Шундан кейин мезбонлар тезкор қарши ҳужумни унутмаган ҳолда асосий эътиборни ҳимояга қарата бошладилар, Клопп Хендерсон ўрнига Милнерни, Салоҳ ўрнига Гомес ва Фирмино ўрнига Окслейд-Чемберленни майдонга туширди. Бернарду Сильванинг 78-дақиқадаги голи ўйинга бироз жонланиш берган бўлсада, меҳмонлар бундан ортиғига улгуришмади.

 

Испания. «Атлетико» дуранглардан

зерикди

Аввалги икки турда «Алавес» ва «Севилья» билан бир хил (1:1) ҳисобдаги битимга имзо чеккан Симеоне жамоаси бу гал Мадридда «Эспаньол» устидан зафар қучиб, 3-ўринга чиқиб олди. Гарчи ўйин меҳмонлар учун омадли бошланган бўлсада, улар 38-дақиқадаги устунликни сақлаб қола олмадилар. Аввалига Корреа танаффусга чиқиш арафасида мувозанатни тиклади, иккинчи бўлимда Мората мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, Коке эса 3-голни амалга оширди.

Ўз майдонида «Леганес»ни енга олмаган «Реал Сось­е­­дад» (1:1) қимматли 2 очкони йўққа чиқариб, ўз ўрнини «матрасчилар»га бўшатиб берди. Ваҳоланки, жамоа очколар бўйича етакчиларга тенглашиб олиши мумкин эди. Турнир жадвалини бошқараётган икки номдор жамоа - «Барселона» («Сельта» - 4:1) ва «Реал» (Эйбар» - 4:0) йирик ғалабаларини расмийлаштириб, учликни дуэт билан алмаштиришди. Месси эса навбатдаги «хет-трик» эвазига энг яхши тўпурарлар сафига чиқиб олди.

«Валенсия» - «Гранада» (2:0) беллашувидан кейин майдон эгалари очколар бўйича рақиблари билан тенглашиб олдилар. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳозир 1 ва 9-ўрин ўртасидаги фарқ атиги 5 очкога тенг. Демак, асосий кураш ҳали олдинда.

«Бетис» ва «Севилья» ўртасида кечган дерби баҳсида (1:2) олинган 3 очко меҳмонларга яна бир поғона одимлаш имконини берди.

 

Германия. «Фрайбург» барҚарор

одимламоҚда

Шубҳа йўқки, «Бавария»нинг аввалги турдаги шармандали мағлубияти («Айнтрахт» - 1:5) жиддий тарзда муҳокама қилинган ва тегишли чоралар кўрилган. Буни «Боруссия» Д. устидан эришилган йирик (4:0) ғалаба исботлади. Тўғри, меҳмонлар имкон даражасида қаршилик кўрсатишди. Бироқ мюнхенликлар тўпурари Роберт Левандовски 17-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлди.

Танаффусдан кейин Гнабри ҳисобдаги фарқни оширган бўлса, Левагол «дубл»ни расмийлаштирди. Хуммельс­нинг автоголидан сўнг ҳисоб 4:0га етди.

Бундеслига етакчиси эса бу турда «Вердер»ни қабул қилиб, навбатдаги 3 очкони ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Очиғи, меҳмонлар жиддий қаршилик кўрсата олмадилар. Қолаверса, пенальтини голга айлантира билишмади. Мезбонлар эса тез орада 3-голни уришди. Ўйин тақдири ҳал бўлиб улгурганида, «Вердер» жавоб тўпини киритди.

Мавсум кашфиётига айланиш илинжида тўп сураётган «Фрайбург» бу турда ҳам ўз мухлисларига 3 очколик совға тайёрлади. Ваҳоланки, у «Айнтрахт»дек «қаттиқ ёнғоқ» билан беллашганди. Баҳс тенг курашлар остида ва муросасиз ўтди, томонлар кўплаб имкониятлардан фойдалана олишмади. Бундан ташқари, ҳакам Фернандесни майдондан четлатгач, меҳмонлар 2-бўлимни озчилик билан бошлашди. Ниҳоят, Петерсеннинг голи мезбонларнинг олдинга чиқиб олишларини таъминлади. Натижада «Фрайбург» фақат тўплар нисбатига кўра 4-ўринни банд этди.

 

Италия. Етакчилар олислаш, таъҚибчилар етиб олиш илинжида

«А» серия етакчилари ўз мақомларини сақлаб қолиш учун бу турда жиддий тер тўкишга мажбур бўлишди. Жумладан, «Интер» фақат 65-дақиқада «Верона» дарвозасига жавоб голини уриб, ўйин тугашига 7 дақиқа қолганида ғалабани ўз томонига оғдирди. Бунгача меҳмонлар олдинда боришаётганди.

«Ювентус» Туринда «Милан»ни катта қийинчилик билан маҳв этди - 1:0. Роналду ўрнига майдонга тушган Пауло Дибала қимматли 3 очкони келтирган гол муаллифи бўлди.

Ўтган турда «Болонья» устидан иродали ғалабага (3:2) эришган «Кальяри» бу сафар «Фиорентина»ни йирик (5:2) ҳисобда таслим этди. Аслида, ўйин тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлганди. Лекин танаффусдан кейин мезбонлар яна шиддатни оширишди. Фақат 5:0 ҳисобидан сўнг бироз хотиржамликка берилиб, ўз дарвозаларидан 2та гол ўтказиб юборишди. Шу тариқа камтарин жамоа етакчи квартет аъзосига айланди.

4-ўринда бораётган «Рома» Пармадан 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан қайтди, «Лацио» эса «Лечче»дан тортиб олинган 3 очко эвазига ўз мавқеини сақлаб қолди.

Чемпионнинг азалий таъқибчиси бўлган «Наполи» негадир ўз ўйинини топа олмай, қимматли очколарни бой бермоқда. Жамоа бу турда «Женоа» билан нурсиз (0:0) дурангга рози бўлди.

 

Франция. «Марсель» ўзига келмоҚда

Ҳисобот турида навбатдаги зафарни расмийлаштириш ҳатто чемпион учун ҳам осон бўлмади. Турнир етакчиси Брестда камтарин (2:1) ғалаба билан кифояланишга мажбур бўлди. Анхель ди Мариянинг аниқ зарбаси эвазига танаффусга қадар олдинга чиқиб олган бўлсада, 2-бўлим ўрталарида мезбонлар мувозанатни тиклашди. Бироқ 85-дақиқада Мауро Икарди катта саҳнага чиқиб, ғалаба голи муаллифига айланди.

Бу турга қадар 4-ўринга кўтарилган «Марсель» ўз майдонида азалий рақиби - «Лион»га қарши майдонга тушди ва Пайенинг «дубл»и эвазига танаффусга ғолиб сифатида йўл олди. Иккинчи бўлим меҳмонлар фаоллигида ўтган бўлсада, мағлубиятдан қутулиб қолишнинг иложи бўлмади. Улар фақат ҳисобдаги фарқни қисқартиришни уддалай олдилар. Ҳатто мезбонларнинг озчилик бўлиб қолишгани ҳам «Лион»га наф бермади.

Аввалги турда ягона гол эвазига «Монако»ни маҳв этган «Сент-Этьен» бу гал Нантдан иродали ғалаба билан қайтиб, кучлилар тўртлигидан жой олди. Эътиборли жиҳати, охирги икки учрашувда ғалаба келтирган голларни бир футболчи - Буанга амалга оширди.

Дарвоқе, «Монако»нинг россиялик вакили Александр Головин томонидан урилган гол эвазига князлик клуби 4 поғона юқорилади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz