Қайднома

Қидирув

Футбол атрофида беғубор болаликка даъват

Футбол атрофида беғубор болаликка даъват

  16.11.2019 03:24
  0
  491
Футбол  атрофида беғубор болаликка даъват

Ҳар доим учрашувлар бошланиши арафасида иштирокчилар яшил майдонга жажжи болакайларни етаклаган ҳолда кириб келишлари замонавий футболда олийжаноблик рамзига айланди. Бир неча дақиқалик ана шу жараённи кузатар эканмиз, кўнглимизда беғубор болалик соғинчи уйғонади. Шу қисқа манзара бир қатор жиҳатларни ўзига жо қилган: болалик орзулари, саховатпешалик, мухлисларни одамийликка чорлаш, клубларга даромад ва реклама. Футболнинг ажралмас бўлагига айланган бу ажойиб удум фақат янги асрда пайдо бўлди. Англияликлар шу йўл орқали трибуналардаги безорилик ва зўравонлик иллатларини имкон қадар юмшатишга уринишарди.

 

20 йил муқаддам

Ҳар қайси жамоа бир нафар болакай етакчилигида майдонга туша бошлади. 90-йиллардаги АПЛда шундай манзара ҳукмрон эди, ҳатто Уэйн Рунидек афсона ҳам унда иштирок этган: 1996 йилда бўлиб ўтган «Эвертон» - «Ливерпуль» дербиси арафасида кўк либосни кийиб олган 11 ёшли Руни Данкан Фергюсон билан ёнма-ён турганди - табассум, эзгулик, аъло кайфият!

Англиялик мухлисларнинг 80-йиллардаги қонхўрликлари хусусида кўп ёзилган. Болаларнинг яшил майдонга тушишлари - маъсумлик белгиси, гўё у футболнинг асл мақсадини эслатаётгандек: миллионлар ўйини - мухлислар ўртасидаги муштлашиш, қўрқув ва кескинлик эмас, балки стадиондаги мафтункор муҳитдан завқ олган ҳолда мириқиб дам олиш воситаси. Безорилик ва тажовузкорликка қарши бу ажойиб анъана тез орада бутун футбол оламини қамраб олди.

Ҳозирда

Барча халқаро мусобақаларда футболчилар ва ҳакамлар бир нафардан болакайнинг қўлини ушлаганча майдонга тушмоқдалар. Евро-2000 турнири дастлабки йирик мусобақа сифатида олийжаноб анъанани бошлаб берди. Унинг қитъа биринчилиги икки мамлакат - Бельгия ва Голландиянинг мезбонлигида ўтганида халқаро эътирофга сазовор бўлгани рамзий маънога эга.

Асримизнинг илк йилларидан ФИФА халқаро ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликни йўлга қўйгач, болаларга ёрдам бериш ҳаракати кучайиб кетди. Жумладан, махсус лойиҳа доирасида Судандаги ҳарбийлар, Кения ва қочоқлар лагерларидаги болакайларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилди.

«ФИФАнинг улкан спорт ташкилоти сифатидаги асосий вазифаси сайёрамиздаги барча болаларга ёрдам беришдир. Чунки футбол ҳалол спорт тури сифатида ҳаммага ҳурмат, сабр-тоқат, лаззат ва умид бахш этади», - деганди халқаро ташкилотнинг собиқ президенти Йозеф Блаттер.

Болаларни қай тариқа танлаб олишади?

Хайрия тадбирлари, болаларнинг оммавий сайллари ва фан-клублар ёрдамида.

Ўз футболчилари билан майдонга тушадиган болакайларни клублар асосан фан-клублар ва спорт мактаблари вакиллари орасидан танлаб оладилар. Талабаларнинг тўгараклардаги натижалари қанчалик юқори бўлса, ўз «кумир»ини етаклаб юриш эҳтимоли ҳам кўпроқ бўлади. Мазкур чора болакайларни машғулотларда янада фаолроқ бўлишга даъват этади. Фан-клублардаги танлов тартиби бирмунча соддароқ: масалан, «Зенит» ўзининг ёш мухлислари олдига нима учун айнан шу жамоани танлаганликларини изоҳлаб бериш талабини қўяди. Қарорни ишонарли ва қизиқарли тарзда изоҳлаганлар яшил майдонга тушиш ҳуқуқига эга бўлишади.

Бу борада АҚШда ўзига хос тизим жорий этилган. Футболчи билан майдонга тушиш орзусида бўлган бола стадионга гуруҳ бўлиб кириш (камида 50 киши) чиптасини харид қилиши лозим. Чипталар баҳоси ўйиннинг мақомига қараб ўзгариб туради. Чипталар пакети эвазига болакайлар асл нусхадаги футболкаларга эга бўлишади. «Чикаго Файр» клуби тартиби ўзгачароқ: чипталар пакетини тарқатиш жараёнида клуб болалар учун экскурсиялар, стадионда болалар билан ўртоқлик учрашувлари уюштиради.

ФИФА ҳамда УЕФА байроғи остидаги йирик турнирларга болаларни танлашда ҳомийлар ёрдам берадилар. 2002 йилдан бери «Макдоналдс» компанияси ФИФА билан бош ҳомий сифатида ҳамкорлик қилмоқда. Тўғри, мазкур шериклик кўпчиликнинг асабини ўйнамоқда: «Спортчиларни инсон саломатлигига путур етказадиган фаст-фуд ва кола билан ёнма-ён қўйишгани ақлга сиғмайди. Бироқ рекламадан кўзланган мақсад тушунарли. «Макдоналдс»дагилар ҳолига ачинаман. Сизнинг маҳсулотингиз кишиларга зарар келтиради. Уни сотиб тугатиш учун қаерда овоза қилиш афзалроқ? Албатта, энг соғлом кишилар даврасида. Бу ўта маккор маркетинг», - дейди журналист Зака Ли Ригг.

Лекин. Ортда қолган давр ичида болалар учун ташкил этилган тадбирларда 10000дан ортиқ кишилар иштирок этишди. 2014 йилдаги Бразилия мундиалини бевосита стадионлардан кузатиш учун «Макдоналдс» дунёнинг турли бурчакларидан 1408 нафар болакайни юборди, ҳар бир оила учун 1000 доллардан футбол ташкилоти ҳисобига ўтказди.

Австралия - Чили учрашувига ярим ҳимоячи Марк Брешиано қўлтиқтаёқли болакайни етаклаган ҳолда тушди, пойабзалининг боғичи ечилиб кетганини сезиши билан ёрдамга ошиқди: «Болакай жуда секин юраётганди. Қарасам, боғичи бўшаб кетибди. Мен дарҳол уни боғлаб қўйдим».

Ногирон иштирокчини алоҳида эътибор билан кузатиб турган Георгий Сальпигтидис ўша ҳолатни тасвирга туширди. Шу тариқа фотосурат бутун дунёга тарқалди. «Суратнинг шундай овоза бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Аммо болакай вақтини хурсандчилик билан ўтказганидан жуда мамнунман», - деди Брешиано камтарлик билан.

«Макдоналдс» футбол ривожига ҳисса қўшаётган ягона ҳомий эмас. АҚШ терма жамоаси қурилиш материаллари савдосига ихтисослашган компания билан ҳамкорлик қилади. Бу савдо тармоғи болалар орзуларини рўёбга чиқариб, уларни либослар ва керакли анжомлар билан таъминлайди. 2017 йилдаги Конфедерациялар кубоги турнирида 350 нафар кичкинтой иштирок этди. ЖЧ-2018га ташриф буюрган 1408 нафар (1273 нафари россиялик) 6-10 ёшдаги қатнашчилар танлов асосида аниқланди. Уларнинг аксарияти Меҳрибонлик уйлари ва кам таъминланган оилалар вакилларидир.

КК-2017 мусобақасида Криштиану Роналду майдонга аравачада ўтирган 10 ёшли Полина билан тушди. Терма жамоалар ўртасидаги учрашувда биринчи марта шундай воқеа юз берди. Полина футбол юлдузига Португалия байроғи рангидаги билагузукни совға қилди, футболчи эса қизчани куртка билан сийлади.

Таажжубки, сўнгги пайтларда айрим инглиз клублари бутун дунёга ёйилган хайрли анъанани даромад манбаига айлантириб олишди. Бадавлат топ-клублар ва виждонни жиғилдондан устун қўйган инсофли жамоалар бундан мустасно, албатта. Чемпионшипда болаларнинг майдонга тушиши нархи 780 фунтга етди. 2014 йилда The Guardian ўтказган тадқиқотлар буни тасдиқлади. Буюк Британия парламенти аъзоси Клайв Эффорд клубларнинг бу сиёсатини кескин танқид қилди: «Телетрансляциялар эвазига мўмай даромад эгасига айланаётган клубларнинг футболчилар ёнида майдонга тушаётган болакайлардан пул талаб қилишлари ва камбағал оилалар вакилларини бундай имкониятдан маҳрум этишлари ғайритабиий ҳол. Бу ночор болалар ҳеч қачон жамоа рамзи бўла олмаслигини англатади. Ўта адолатсиз ва бемаъни одат».

2018|2019 йиллар мавсумида АПЛдаги 20 жамоанинг 11тасида болаларнинг майдонга тушишлари пуллик бўлди. «МЮ», «Манчестер Сити», «Челси», «Ливерпуль», «Фулхэм», «Хаддерсфилд», «Ньюкасл» ва «Саутгемптон» жамоалари бу ишни ўз ҳисобларидан амалга оширишди. Топ-клублар ўз футболчилари билан ҳамкорлик қилишни истаган ёш мухлислар учун навбат ташкил этишган: сайт орқали ариза бериб, ўз навбатини кутиш лозим.

ВВС маълумотларига кўра, бошқа жамоаларда бу хизмат пуллик. Энг арзони «Борнмут»да - 185 фунт. Энг юқори баҳолар эса «Эвертон» (718), «Вест Хэм» (700) ва «Лестер» (600)да. Тўғри, бу маблағлар эвазига жамоалар ёш мухлисларини либослар, кириш чипталари ва таомлар билан таъминлашади, футболчилар билан биргаликда суратга тушиш ва дастхат олиш имкониятини беришади. Тушум эса хайрия тадбирларига сарфланади.

Чемпионшипда фақат «Лидс», «Уиган» ва «Дерби Каунти»да болаларнинг майдонга тушишлари текинга ташкил этилади. Энг қиммат пакет «Ноттингем Форест»ники - 600-780 фунт оралиғида. «Суонси»даги баҳо - 479 фунт. Лекин Уэльс клуби битта ўринни хайрия тадбирлари учун текинга ажратади.

2015 йилда «Вест Бромвич» ўйинчиси билан 11 ёшли Каллум Уильямс майдонга тушганди. Болакай маймоқ туғилгани боис, жарроҳлар унинг оёқларини кесиб ташлашга мажбур бўлишганди. «Менга жамоа рамзи бўлишимни айтишганида хаёлимдан «Агар оёқларимда «Суонси» логотипи чизилса, зўр бўларди» деган фикр ўтди», - дейди Уильямс. Клуб ҳаммасини муҳайё қилди: ҳозир Уильямс «Суонси» белгиси акс эттирилган ясама оёқларда ҳаракатланади, уни жамоа базасига таклиф этишганида, футболчилар ва мураббийлар билан суҳбатлашди, тўп сурди.

А.ҲАМИДОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz