Қайднома

Қидирув

Амирбек ЖЎРАБОЕВ: «Навбаҳор»да мени ҳамма нарса қониқтиради»

Амирбек ЖЎРАБОЕВ: «Навбаҳор»да мени ҳамма нарса қониқтиради»

  16.11.2019 06:33
  0
  1104
Амирбек ЖЎРАБОЕВ: «Навбаҳор»да мени ҳамма нарса қониқтиради»

Наманганнинг «Навбаҳор» клуби таркибида 5 нафар легионер тўп суради ва улар «лочинлар»нинг муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Жумладан, тожикистонлик маҳоратли ярим ҳимоячи Амирбек Жўрабоев ҳам. Жамоага 2-даврада қўшилган мазкур футболчи деярли барча ўйинларда наманганликларнинг бошланғич таркибида майдонга тушмоқда. Сoca Cola Суперлига 23-туридан ўрин олган «Навбаҳор» - «Насаф» (1:1) баҳсидан сўнг Амирбек Жўрабоев билан суҳбат уюштириб, унга ўзимизни қизиқтирган бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

МАЪЛУМОТ УЧУН

АМИРБЕК ЖЎРАБОЕВ

1996 йил 13 апрелда Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида туғилган.

Футбол билан 7 ёшидан шуғулланишни бошлаган.

Биринчи мураббийи: Сулаймон Бобокалонов.

Душанбедаги олий маҳорат футбол мактаби ва ЦСКА академияси тарбияланувчиси.

Амплуаси: ярим ҳимоячи.

Ўйнаган жамоалари: «Хайр» (Ваҳдат, Тожикистон, 2014 йил), «Шахтёр» (Солигорск, Беларусь, 2015), «Баркчи» (Душанбе, Тожикистон, 2016 йилнинг 1-давраси), «Истиқлол» (Душанбе, Тожикистон, 2016 йилнинг 2-давраси - 2019 йилнинг 1-давраси).

2019 йилнинг 2-даврасидан «Навбаҳор»да.

Оилали, бир ўғилнинг отаси.

- «Навбаҳор» таркибига давралар оралиғидаги танаффус пайтида қўшилдингиз. Бунгача ўзбек футболи ва мазкур клуб борасида маълумотга эгамидингиз?

- Тожикистонда Ўзбекистон телеканаллари намойиш этилади, улар орқали ўзбек футболи, хусусан, «Навбаҳор» ҳақида кўп нарса билардим. Қолаверса, ўзбек футболи афсоналари Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов борасида маълумотга эга эдим. Хорижда ўйнайдиган ўзбекистонликларнинг ўйинларини ҳам кузатардим. Ҳозирги футболчилардан эса «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов менда яхши таассурот қолдирмоқда. Таъкидлаш жоизки, ўтган мавсум Бекободнинг «Металлург» клубида укам Зоҳид Жўрабоев ўйнаганди ва ундан ҳам мамлакатингиз футболи тўғрисида анча маълумот олгандим. Айни пайтдаги жамоам «Навбаҳор»га эса клуб раҳбарияти таклиф этганди ва жамоанинг таркиби маҳоратли футболчилардан ташкил топганлиги, содиқ ҳамда фидойи мухлисларга эга эканлиги борасида эшитгандим.

- Биринчи даврадан сўнг турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турган «Навбаҳор» негадир ҳал қилувчи босқични омадсиз тарзда бошлаб, ҳаттоки, ўз майдонидаги ўйинларда ҳам имкониятни бой берди. Салбий натижалар эса сербиялик мутахассис Деян Журжевичнинг истеъфоси билан якунланди. Ушбу ҳолатни нима билан изоҳлайсиз?

- Аслида Деян Журжевич қўл остида ҳам «Навбаҳор» ёмон ўйин кўрсатмаганди. Жумладан, ўша мағлубиятга учралган учрашувларда рақибларга қараганда, тўпни кўпроқ назорат қилдик, ҳужумлар уюштирдик. Аммо вазиятлардан фойдаланишда оқсадик. Албатта, футболда ўйин унутилади, натижа тарихда қолади. Жамоамизнинг кўрсаткичлари салбий тус олганлиги боис, сербиялик мутахассис истеъфога чиқарилиб, жамоага Канчельскис қайтарилди. Шундан сўнг «Навбаҳор» ўйинида ўзгариш юз берди. Андрей Антанасович қўл остида ижобий натижаларни қайд этамиз, деган умиддаман.

- Журжевич ва Канчельскиснинг машғулотлари, ўйин услубларида фарқ борми?

- Бор. Деян тактикага асосланса, Андрей Антанасовичнинг машғулотлари интенсив равишда олиб борилади. Бу эса натижаларда ҳам акс этмоқда. Айни пайт жамоамизда назарий жиҳатдан совриндорлар сафидан ўрин олиш имконияти бор ва буни амалга ошириш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Ахир айтишади-ку, умид сўнгги паллада ўлади, деб.

- Кўпчилик мухлисларни футболга қандай кириб келганингиз қизиқтиради...

- Отам бир пайтлари футбол ўйнаганлар. Аммо қўлларидан жиддий жароҳат олиб, ушбу спортни ташлаганлар. Кейинчалик биз - ўғиллари ҳам футболчи бўлишимиз учун кўп ҳаракат қилдилар. Мен билан укам Зоҳидни отам Душанбедаги футбол бўйича олий маҳорат мактабига олиб борганлар. Ҳозирги кунда Зоҳид Тожикистоннинг «Истиқлол» клубида ўйнамоқда. У билан Тожикистон термасида ҳам бирга тўп суряпмиз. Иккимизнинг келажакдаги орзуларимиз улкан - маҳоратли футболчи бўлиш ва кучли клубларда ўйнаш.

- Москванинг ЦСКА клуби футбол академиясида таҳсил олган экансиз...

- Менда Тожикистон фуқаролигидан ташқари, Россия фуқаролиги ҳам бор эди. Шу боис, кучлироқ футбол мактабида ўқишни истадим. Отам ҳам бу истагимни қўллаб-қувватладилар. Натижада Москванинг ЦСКА футбол академиясига бориб, у ерда кўрикдан муваффақиятли тарзда ўтдим ва 3,5 йил давомида машғулотларда қатнашдим. Шартномам якунланганидан сўнг, уни узайтиришни истамадим ва Тожикистонга қайтдим.

- Биринчи профессионал клубингиз қайси?

- Ваҳдат шаҳрининг «Хайр» жамоаси. Ушбу клуб таркибига 2014 йили қўшилгандим, ўша мавсум «Истиқлол»дан сўнг 2-ўринни эгаллаб, кумуш медалини қўлга киритгандик. Ушбу клубни ўша пайт беларуслик мутахассис Пётр Петрович Качуро бошқарарди. Кейинчалик у мени Беларусга таклиф қилди ва у ерда Солигорскнинг «Шахтёр» клубида ўйнадим. Шундан сўнг, Тожикистонга қайтиб, 3 йил давомида «Истиқлол» шарафини ҳимоя қилдим. «Хайр»да ўйнаётганимда, Тожикистон термасининг ўша пайтдаги бош мураббийи, айни пайт «Бухоро»ни бошқараётган Муҳсин Муҳаммадиев мени миллий жамоага таклиф этганди. Адашмасам, 2014 йилнинг 7 июнида Таллинда Эстония термасига қарши кечган ўртоқлик баҳсида Тожикистон бош жамоасидаги дебютимни нишонлагандим.

- Термангиз ЖЧ-2002|ОК-2023 саралашида Япония, Мўғулистон, Қирғизистон ҳамда Мьянма билан биргаликда «F» гуруҳидан жой олган. Сизнингча, Тожикистонда кейинги босқичга чиқиш имконияти борми?

- Албатта, бор. Айниқса, термамиз ўз майдонида қирғизистонликларни (1:0), сафарда мўғулистонликларни (1:0) мағлубиятга учратганидан сўнг, имкониятимиз анча ошди. Тўғри, Япония термаси кучли. Шунинг учун гуруҳ пешқадами сўзсиз японлар бўлишади. Қолган жамоалар эса 2-ўрин учун курашишади.

- Ўзбекистон термасининг ҳам ўйинларини кузатяпсизми?

- Албатта, Ўзбекистон чемпионатида ўйнаганимдан кейин, ушбу юрт миллий жамоаси иштирокидаги баҳсларни албатта кузатаман. Қирғизистон термасига қарши кечган ўйиндан сўнг кийиниш хонасига кирганимизда, ўзбекистонликларнинг фаластинликлардан 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраганликларини эшитиб, барчамиз ҳайрон қолдик. Ватандошингиз, термамиз бош мураббийи Усмон Тошев ушбу натижадан жуда ғазабланди. Бош жамоамиз олдинроқ фаластинликларга қарши тўп сурган ва бу терма унчалик ҳам кучли эмас. Кейинчалик Ўзбекистон термасида мураббий алмашиб, кейинги баҳсларда ижобий натижалар қайд этилди ва жамоа турнир жадвали пешқадамига айланди. Ўзбекистон - Осиёнинг топ термаларидан бири ва юқори ўринлар учун курашишга қодир. Кейинги баҳсларда термангизга омад тилайман.

- Усмон Тошев ҳақида нима дея оласиз?

- Жуда кучли мутахассислардан бири. Ундан кўп нарса ўргандим. Қолаверса, Ўзбекистонда ўйнашимда ҳам унинг ҳиссаси катта. Умуман олганда, Усмон Қудратович ажойиб мураббий, у билан термамиз яхши натижаларни қайд этади.

- Ўзбекистон ва Тожикистон миллий чемпионатлари савияси борасида нима дея оласиз?

- Ўзбекистон чемпионатининг савияси, албатта, Тожикистонникидан устун. Боиси, юртимизда бор-йўғи иккита клуб чемпионлик учун курашади, холос. Қолганлар эса ўртамиёна.

- «Навбаҳор»нинг сиз иштирок этган ўйинлари ичида қайси бири энг қийини бўлди?

- Ўз майдонимиздаги «Пахтакор», «Насаф», шунингдек, сафарда «Сўғдиёна» жамоаларига қарши кечган баҳслар клубимиз учун анча қийин кечди.

- «Навбаҳор»даги ҳолат қандай? Энг яқин дўстингиз ким?

- Ички муҳит зўр. Клубимизда ҳеч қандай бўлиниш йўқ. Маҳаллий ҳамда легионер футболчилар бир мақсад йўлида бирлашганмиз. Барча жамоадошларим билан яхши чиқишаман.

- Амирбек, билишимизча, миллатингиз ўзбек. Шундайми?

- Тўғри, миллатим ўзбек ва уйда ўзбек тилида гаплашамиз. Тожикистоннинг адашмасам, 20-25 фоиз аҳолисини ўзбеклар ташкил этади. Мен ўзбек ҳамда тожик тилларини жуда яхши биламан ва ҳар иккисида эркин гаплашаман. Тожикистонда туғилиб-ўсганман, шу боис, ушбу юрт термаси шарафини ҳимоя қилиш бурчим.

- «Навбаҳор» билан қанча муддатга шартнома имзолагансиз?

- Ярим йилга. Шартномада Қ1 деган банди ҳам бор. Мабодо ўйиним клуб раҳбарияти ва мураббийларни қониқтирса, келаси мавсум ҳам наманганликлар шарафини ҳимоя қиламан, деган умиддаман. Жамоада мени барча нарса қониқтиради. «Навбаҳор»да келаси йили ҳам тўп суриш ниятидаман.

- Жамоада молиявий қийинчиликлар йўқми? Маош ва мукофот пуллари ўз вақтида бериляптими?

- Кези келганида, барча раҳбарларга яратилаётган шароитлар учун миннатдорчилик билдираман. Маош ва мукофот пуллари ўз вақтида берилмоқда, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

- Наманганлик мухлислар борасида нима дея оласиз?

- Жамоага келгунимча «Навбаҳор» ишқибозларининг содиқ ва фидойи эканликлари тўғрисида кўп маротаба эшитгандим. Ушбу эътироф ҳақиқатлигига бу ерда ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Намангандаги ҳар бир ўйинга минглаб мухлислар ташриф буюришади. Ўзбекистондаги ҳеч қайси стадионда бунчалик кўп томошабинларни кўрмагандим. Ҳаттоки, клубимизнинг машғулотларига ҳам камида икки минг нафар мухлис ташриф буюради. Наманганлик ишқибозлар талабчанлар, бизни ўйинлар пайти доимо олдинга бошлашади. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари бизга руҳий куч-қувват бағишлайди. Шунинг учун мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ишқибозлар бахтимизга доимо соғ бўлишсин, бизни доимо қўллаб-қувватлашаверсин. Биз уларга қувонч улашиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз.

 

Блиц-саволлар

- Ёқтирган автомобилингиз?

- Менга Германияда ишлаб чиқарилган машиналар ёқади.

- Ёқтирган рангингиз?

- Оқ ва қора.

- Мухлислик қиладиган клубингиз?

- Испаниянинг «Реал» ва Англиянинг «Челси» жамоаларига ишқибозлик қиламан.

- Ёқтирган футболчингиз?

- Иньеста ва Хави.

У.УМАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz