Октябрь ойи ўзбек футболида бир-биридан қизиқарли учрашувларга бой бўлди. Миллий жамоамиз ЖЧ-2022|ОК-2023 саралаш баҳсларида Яман ва Сингапур термалари билан куч синашган бўлса, ички чемпионатимизда навбатдаги тур учрашувлари ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон кубогининг янги соҳиби номига ҳам ойдинлик киритилди. Биз мазкур баҳслар якуни бўйича таҳлилларни давом эттирган ҳолда, октябрь лауреатларини аниқлаб олдик.
Сўнгги учрашувларда биз аввалги Игорь Сергеевнинг қайтаётганига гувоҳ бўляпмиз: самарадорлик маромида, ҳам клуб, ҳам термада голлар уряпти, ҳар бир учрашувни кўтаринки кайфиятда ўтказмоқда. Хусусан, октябрь ушбу маҳоратли форвард учун анча муваффақиятли бўлди. Яман термасига қарши баҳсда миллий жамоадаги голлари сонини яна биттага оширди. «Пахтакор» сафида Суперлигадаги ғалабали одимни давом эттиришдан ташқари, мамлакат кубоги финалида ғолиб чиқиб, бош совринга эга бўлди. Сергеев ўтган ойда жами 6та расмий учрашувда майдонга тушиб, 322 дақиқа тўп сургани ҳолда, рақиблар дарвозасини 6 марта ишғол қилди. Бундай сермаҳсуллик унинг «ИнтерФутбол» лауреатлари рўйхатида биринчи ўринни эгаллашига замин яратди.
Охирги пайтларда энг яхшилар рейтингининг юқори поғоналаридан тушмай келаётган Элдор Шомуродов бу сафар иккинчи ўринни эгаллади. Ҳамюртимиз «Ростов» сафида мунтазам майдонга туширилмоқда, Валерий Карпин унга имконият беришда давом этмоқда ва асосийси, Элдор мураббий ишончини оқламоқда. Айниқса, ЦСКАга қарши кечган баҳсда Шомуродов биттадан гол ва самарали узатма муаллифига айланиб, ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди. Дарвоқе, маҳоратли форвард РПЛ биринчи давра якунлари бўйича тузилган рамзий жамоадан ўрин олди, «гол+пас» тизимида клубида пешқадамлик қилмоқда. Ўз навбатида, Элдор миллий термамизда ҳам тўпурарлик салоҳиятини намойиш этяпти. Яман ва Сингапур жамоалари билан ўйинларда у жами 3та гол урди. Демак, Шомуродов октябрь ойида 5та учрашувда майдонга тушиб, 436 дақиқа ҳаракат қилди ва ҳисобига 4та гол ва битта «ассист» ёздириб қўйди.
Вадим Абрамовнинг ишонган шогирди, ўтган ой Ўзбекистон миллий жамоасидаги дебютини нишонлаган Санжар Қодирқулов кучли учликка якун ясаб беради. Ушбу футболчининг яманликлар билан ўйинда бошланғич таркибдан жой олиши кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлганди, аммо Санжар мураббийнинг адашмаганини исботлади. Сўнгра Сингапурдаги баҳсда фаоллиги билан ажралиб турди. Умуман олганда, Қодирқулов «Бунёдкор»да ҳам етакчилардан бирига айланиб улгурган. Истеъдодли ярим ҳимоячи (унинг чап қанот ҳимоясидаги ўйини ҳам чакки чиқмаяпти) октябрда 4та расмий учрашув ўтказиб, 360 дақиқа тўп сургани ҳолда, битта голга муаллифлик қилди. Бош жамоамиз таркиби яна бир иқтидор ҳисобига бойигани айни ҳақиқат.
Шу ўринда, ўтган ой «Пахтакор» муваффақиятларига катта улуш қўшган Драган Черанни ҳам алоҳида эътироф этишни жоиз билдик. Сербиялик легионер ички чемпионат баҳсларида жамоасининг муҳим бўлагига айланди, Ўзбекистон кубоги финалида «хет-трик» қайд этган дастлабки футболчи сифатида тарихга кирди. Қисқаси, Черан ҳам ой лауреатлари сафидан ўрин эгаллашга лойиқ эди. Бироқ... Бундан ташқари, Одил Аҳмедов, Жалолиддин Машарипов, Санжар Рашидов, Жамшид Искандеров, Азиз Ғаниев сингари футболчилар ҳам мазмунли ўйинлари билан мухлислар олқишига сазовор бўлишди.
Мураббийлар рейтингида Ўзбекистон термасининг ҳолатини анча яхшилаб, ўз гуруҳида пешқадам бўлиб олишига катта ҳисса қўшган Вадим Абрамов биринчи ўринни эгаллади. Чиндан ҳам, ушбу мутахассис миллий жамоа бошқарувини қўлга олгач, ўйин ва натижаларда кескин ўзгаришлар кузатилди. Албатта, ижобий маънода. Вадим Карленович таркибни шакллантиришда ўзига хос йўлдан борди: «заявка»га кўпчилик учун нотаниш бўлган ўйинчиларни киритди, Эктор Купернинг назаридан четда қолган футболчиларга имкон берди. Муҳими, у шогирдларида ўзларига бўлган ишончни уйғотди, мухлислар хоҳлаган ҳужумкор ўйинни тақдим этди. Шу каби изланишлар ўз самарасини бермай қолмади. Бу барқарорликнинг бардавом бўлишидан умидвормиз. Ахир олдинда термамизни янада қийин учрашувлар кутиб турибди.
Суперлиганинг жорий мавсумида муддатидан аввал ғолиб чиқиб улгурган «шерлар» кераксиз деб баҳоланган ўйинларда ҳам бор кучларини сарфлаб, ғалабаларга эришмоқдалар. Қолаверса, «Пахтакор» 12 марта Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. Финалда АГМКдан ўтган йилги мағлубият учун реванш олинди. Мазкур ютуқлар замирида Шота Арвеладзенинг меҳнатлари ётибди, десак қарши бўлмасангиз керак. Грузиялик мутахассис шогирдларининг бир зум хотиржамликка берилишларига йўл қўймайди, улардан фақат юқори натижаларни талаб қилади. Бу эса кўрсаткичларнинг ижобий тус олишини таъминламоқда. Октябрь ойида ҳам барқарорликни йўқотмаган «Пахтакор» устози лауреатлар рўйхатида иккинчи поғонага лойиқ кўрилди.
«Сўғдиёна»нинг «бронза» учун курашдаги шаштига қойил қолиш керак. Октябрда жиззахликлар дастлаб «Пахтакор»га йирик ҳисобда ютқазган бўлсаларда, кейинчалик «Металлург» майдонидан уч очко билан қайтишди (1:0). Сўнгра ўз уйларида «Динамо»га ҳеч қандай имконият қолдирмай, 3:0 ҳисобида зафар қучишди ва 38 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб туришибди. Улуғбек Бақоев жамоани мана шундай муваффақиятли тарзда бошқармоқда. Демакки, унинг «Сўғдиёна» манфаатлари йўлида амалга оширган хизматларини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Сезганингиздек, мураббийлар рўйхатида учинчи поғона айнан шу мутахассисга ажратилди.
Т|р Футболчи Ўйин Дақиқа Гол
1. Игорь Сергеев 6 322 6
2. Элдор Шомуродов 5 436 4
3. Санжар Қодирқулов 4 360 1
Изоҳ:Фақат расмий учрашувлар инобатга олинган.
МУРАББИЙЛАР
Октябрь
1. Вадим Абрамов (Ўзбекистон м.т.ж.)
2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)
3. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна»)
УМУМИЙ НАТИЖА
Мураббийлар
1. Шота Арвеладзе - 23 очко
2. Вадим Абрамов - 19 очко
3-4. Рўзиқул Бердиев - 14 очко
3-4. Улуғбек Бақоев - 14 очко
5-6. Андрей Фёдоров - 3 очко
5-6. Миржалол Қосимов - 3 очко
7-11. Эктор Купер - 1 очко
7-11. Андрей Микляев - 1 очко
7-11. Андрей Канчельскис - 1 очко
7-11. Даврон Файзиев - 1 очко
7-11. Александр Хомяков - 1 очко
----------------------------------------------
УМУМИЙ НАТИЖА
Футболчилар
1. Элдор Шомуродов - 18 очко
2. Жалолиддин Машарипов - 14 очко
3. Драган Черан - 10 очко
4-5. Шоҳруз Норхонов - 6 очко
4-5. Игорь Сергеев - 6 очко
6. Ҳумоюн Муртазоев - 5 очко
7. Хуршид Ғиёсов - 4 очко
8-11. Игнатий Нестеров - 3 очко
8-11. Элдор Шомуродов - 3 очко
8-11. Александр Касьян - 3 очко
8-11. Достон Ҳамдамов - 3 очко
12-17. Сардор Рашидов - 1 очко
12-17. Темурхўжа Абдухолиқов - 1 очко
12-17. Зафар Полвонов - 1 очко
12-17. Дилшод Саитов - 1 очко
12-17. Элгужа Григалашвили - 1 очко
12-17. Санжар Қодирқулов - 1 очко
Уткир УМАРОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20