Қайднома

Қидирув

Фернандо Йерро: “Пике ва Рамос супертандем...”

Фернандо Йерро: “Пике ва Рамос супертандем...”

  17.11.2019 03:51
  0
  418
Фернандо Йерро: “Пике ва Рамос супертандем...”

Афсона! Бу сўзни Фернандо Йеррога нисбатан ишлатса бўлади. У «Реал»да «мудофаа вазири» эди, Испания футболи тарихидаги энг яхши ҳимоячилардан бири, клуб миқёсидаги барча совринларни қўлга киритган футболчи. Аммо Йерро «қизил фурия»нинг айни гуллаб-яшнаган даврида ўйнамади. Шундай бўлса-да, афсонавий ўйинчи. Айни пайт Фернандо 51 ёшда ва ўзини функционер ва мураббий сифатида синаб кўрмоқда. Ўтган йилги Россиядаги мундиалга Йерро аслида Испания термаси бош мураббийи сифатида ташриф буюрмаслиги лозим эди. Аммо жамоада юз берган можаро, Лопетегининг тезкор равишда истеъфога чиқарилиши сабабли, у терма бошқарувини қўлга олди ва ЖЧнинг 1|8 финалида Станислав Черчесов бошқарувидаги Россия термасига енгилди. Ўша ўйинни россияликлар ҳеч қачон унутишмайди. Ҳозир эса Йерро 2018 йилнинг ёзида, юмшоқроқ қилиб айтганда, нохуш хотиралар қолдирган мамлакатга қайтганидан хурсанд. Фернандони Россияга Football Heroes мукофотини топшириш маросимига таклиф этишди. Sport24 мухбири эса фурсатдан фойдаланиб, Москва марказидаги меҳмонхонада Йерродан интервью олди.

— Фернандо, мана, яна Россиядасиз. Умуман олганда, мамлакатимиз сизга ёқяптими?

— Жуда ажойиб! Рост гапиряпман. Мамлакатингиз менга жуда ёқади. Бу ерга еттинчи ёки саккизинчи маротаба ташриф буюришим. Россияга футболчи ва мураббий сифатида келганман. Барчаси аъло даражада. Football Heroes мукофотини топшириш маросимига таклиф қилганларингдан хурсандман ва бунинг учун сизларга раҳмат!

— Сизни ўтган йилнинг ёзида ҳам Россиядаги жаҳон чемпионатига таклиф этишганди. Буни эслатганим учун узр, аммо...

— Ҳа-ҳа, нимага шаъма қилаётганингизни тушуниб турибман! Албатта, Россия термасидан учралган мағлубиятни ҳали унутганим йўқ. У менга ҳам, футболчиларга ҳам анча аламли бўлганди. Лекин бу футбол - термангиз пенальтилар сериясида ҳаққоний тарзда ғалаба қозонганди.

— Узр, лекин ўша баҳс борасида сизга бир нечта саволлар бераман. Миллий жамоамизнинг испанларга қарши кечган ўша ўйинидан бутун Россия ҳайратда қолганди. Сизда эса нохуш кайфият бўлганлиги тушунарли...

— Умуман, футболчиларни шундай ҳолатга тайёрлагандим. Мустаҳкам мудофаа, 5 нафар ҳимоячи, юракдан ўйналадиган даҳшатли ўйин, ажойиб жисмоний тайёргарлик. Россия термасидан шундай ўйин кутгандим. Лекин рақибнинг кутилган ўйинни намойиш этиши бошқа, уни мағлубиятга учратиш бошқа масала. Руслар устидан ғалаба қозониш бизга насиб этмади. Йирик мусобақалар мезбонлари доимо ақлбовар қилмас ўйин намойиш этишган. Улар учун мазкур баҳс ҳаёт-мамот эканлиги, трибуналарда ўн минглаб, телевизор қаршисида эса миллионлаб томошабинлар жамоага мухлислик қилишини улар яхши билишади. Черчесов қўл остидаги терманинг ҳам 200 фоиз куч сарфлаб ўйнаши олдиндан маълум эди.

— Оддий савол: ўша баҳсда Россия термаси испанлардан яхшироқ ўйнадими?

— Йўқ. Бундай деб ўйламайман. Аксинча, Испания термаси Россиядан яхши ўйнади, деб ҳисоблайман. Биз тўпни назорат қилдик, хавфли вазиятлар яратдик, Акинфеевнинг дарвозасига йўл ахтардик. Аммо Игорь жуда ажойиб ўйин намойиш этди. Мўъжиза! Шунчаки, ўтиб бўлмас «девор»! Унинг пенальтилар сериясигача амалга оширган 2-3та сейви ҳам ақлбовар қилмас даражада бўлди. Россия термаси дарвозабони - Испанияга қарши кечган ўйиннинг ҳақиқий қаҳрамони.

— Игорни Икерь Касильяс билан солиштирса бўладими?

— Бўлади. Тўғри, улар ўхшашлар - Акинфеев ва Касильяс жуда тезкор, идеал қарорлар қабул қиладиган эпчил дарвозабонлар сирасидан. У ёки бу вазиятда қандай ҳаракат қилиш лозимлигини яхши билишади.

— Игорь мураббийлар дарвозабони Стауче билан Испания термаси футболчиларининг 11 метрли жарима зарбаларини қандай амалга оширишларини ўрганганлигини кўп маротаба гапирганди. Масалан, Коке ва Аспаснинг тўпни қайси тарафга тепишларини олдиндан билган. Сиз ҳам пенальтилар сериясига тайёргарлик кўрганмидингиз?

— Тўғрисини айтадиган бўлсам, унчалик кучли тайёргарлик кўрилмаганди. Тушунарли, ҳозир: «Ҳа, Испания термаси бунинг учун товон тўлади», дейиш осон. Лекин бу футбол. Ўйиннинг пенальтилар сериясигача боришини башорат қилиш мушкул. Бу ерда рақибга нисбатан ҳеч қандай ҳурматсизлик йўқ. Шунчаки, 120 дақиқа ичида ғалаба қозониш ёки «нуқта»дан яхшироқ зарбаларни амалга ошириш шарт эди.

— Маурисио Почеттино Чемпионлар Лигасининг бу йилги финал баҳсини телевизор орқали қайта намойиш этилганида кўрмаганлигини тан олди. Унга ўзи учун қадрли бўлган «Тоттенхэм» клубининг мағлубияти оғриқли бўлган. Сиз ҳам Россия - Испания баҳсини такроран томоша қилмадингизми?

— Нега энди томоша қилмас эканман, кўрдим. Мазкур ўйинни 2-3 маротаба томоша қилишга ўзимда куч топдим. Бундан хулоса чиқардим. Лекин ҳеч нарсадан афсусланмайман. «Мана бу ерда бошқача ўйин намойиш этиш керак эди, бошқа футболчиларни майдонга тушириш лозим эди» ва шунга ўхшаш сўзларни ҳеч қачон гапирмайман. Такрорлайман, шогирдларим ёмон ўйнашмади. Афсуски, чорак финал йўлланмасини қўлга кирита олмадик.

— Россиялик футболчилардан қайси бири Испания чемпионатида идеал ўйин намо­йиш эта олади? Головинми?

— Россияда техник жиҳатдан кучли бўлган футболчилар жуда кўп. Испания футболида бундайларни қадрлашади. Головин ақлли футболчи. Қаерга узатма йўллаш, тўп билан қандай муомала қилишни яхши билади. Бундай ўйинчиларга эса Ла Лигада албатта жой топилади. Россияликлар барқарор тарзда, ўз даражаларида ўйнай олишмайди. Лекин яхши футбол мактабига эгасизлар. Россия термасининг кўплаб футболчилари Испания, Англия, Италия ва Франция чемпионатларида бинойидек ўйнаб кета олишади. Мостовой ҳамда Карпинларни эсга олинг-а!

— Марио Фернандес Европа топ-клублари даражасида ўйнаяпти. Бироқ у ЦСКАдан кетадиганга ўхшамаяпти. Бу нормал ҳолатми?

— Бундай воқеликлар - футбол учун ачинарли ҳолат. ЦСКА ҳам жуда кучли клуб. Билишимча, Фернандес ушбу жамоада ўзини жуда яхши ҳис этмоқда. Бирор нарсани ўзгартиришнинг нима кераги бор? Шундай бўлса-да, сиз ҳақсиз. Марио — жуда кучли футболи. Ўзини топ-клубларда синаб кўрса бўлади.

— Россия термасидаги «испаниялик» футболчи - бу Денис Черишев. Сизнингча, у «Реал»дан кетишга шошилмадими? Роналдусиз «қаймоқранглилар» таркибида Черишевда ажойиб имконият юзага келганди...

— Дениснинг ўйини доимо менга ёққан. У бўшлиқдан фойдаланишни билади. Шунингдек, жарима майдончаси ичида тўғри ҳаракатланиш, вазиятларни яратишда фаол. Денисни анчадан буён биламан. У бежизга «Реал»да ўйнамаган. Криштиану билан рақобатлашиш осон кечмаслиги маълум. Шундай бўлса-да, у Мадридни тарк этишга шошилди, дея олмайман. Черишев ҳозир ўзига мос клубда. Унинг фаолияти ажойиб тарзда кечади, деб ўйлайман.

— Серхио Рамос ва айниқса, Жерар Пикенинг ўйин­ларида анчадан буён хатоликлар кўзга ташланмоқда. Рамоснинг ҳужумда кўпроқ фойдаси тегса, Пикенинг ёши катта ва шунчаки секин ўйин намойиш этади. Сиз ҳимоя чизиғини жуда яхши тушунасиз. Сизнингча, улар ўз даражаларида ўйин намойиш эта олиш­яптими?

— Ҳеч ким абадий эмас. Лекин Серхио ва Жерар ҳозир ҳам топ-даражада ўйин намойиш этишяпти. Гап бу ерда фақат индивидуал ҳаракатлар эмас, балки майдонда бир-бирини тушуниш, жуфтликда яхши ўйнаш борасида ҳам бормоқда. Рамос ҳамда Пике супертандем ҳисобланади. ЖЧ-2018да улар ҳақида умуман шубҳага бормаганман ва сизга ҳам шуни маслаҳат бераман. Испания термаси россияликлардан улар туфайли мағлубиятга учрамади. Серхио ҳамда Жерар буюк ҳимоячилар ҳисобланишади.

— Испания терма жамоасининг яна бир таниқли футболчиларидан бири - танқидлар остида қолиб кетаётган Давид де Хеа. Унинг гуруҳ босқичидаги ишончсиз ўйинларидан кейин Россия термасига қарши баҳс­да Кепа ёки Пепе Рейнани майдонга тушириш борасида ўйлаганмидингиз?

— Йўқ, ўз дарвозабонимизга ишонишимиз керак. Де Хеа - жаҳоннинг энг яхши посбонларидан бири. Бир неча аламли хатолар ушбу фикримни ўзгартира олмайди. Дарвозабонларни доимо танқид қилишади. Лекин Испания термасида Де Хеа сингари кипернинг борлиги омадимизнинг келганлиги.

— «Реал» хусусида бир савол. Зидан - ҳақиқатдан ҳам кучли мураббийми ёки у шунчаки буюк жамоанинг ўйнашига халақит бермадими?

— Зидан юз фоиз кучли мураббий. Саволингизнинг моҳиятини тушуниб турибман. Ҳамма Криштиану, «Реал»нинг ажойиб таркиби ва ҳоказолар тўғрисида гапиради. Аммо айнан Зидан ушбу жамоани кучли қилди. Шунчаки кучли эмас, Европада енгилмас клубга айлантирди. Роналду - ажойиб футболчи, лекин мураббийнинг роли муҳим. Зиданнинг «Реал»ни яна олдинги ҳолатига қайтаришига ишончим комил.

— Суҳбатимиз сўнгида сизга классик савол билан мурожаат қилмоқчиман. Мабодо, эртага сизга «Зенит», «Спартак», ЦСКА ёки шунга ўхшаш Россиянинг бирор-бир топ-клубидан қўнғироқ қилишса, бунга қандай муносабат билдирасиз?

— Россия жамоаларидан тушадиган таклифларни бажонидил кўриб чиқаман. Таклифлар учун доимо тайёрман. Мамлакатингиз аъло даражада, юқори савияли чемпионатга эгасизлар.

А.Абдуҳамитов тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz