Қайднома

Қидирув

Ўлжага чанқоқ тулкилар ёки яна "Лестер" шижоат кўрсатмоқда...

Ўлжага чанқоқ тулкилар ёки яна "Лестер" шижоат кўрсатмоқда...

  18.11.2019 01:05
  0
  430
Ўлжага чанқоқ тулкилар ёки яна

АПЛнинг ортда қолган 11 тури натижаларига эътибор берилса, ҳозир шимолий ирландиялик Брендан Рожерс раҳбарлигидаги «Лестер» худди 4 йил аввалгидек совриндорлар сафида бораётганлиги ойдинлашади. Ўшанда «тулкилар» Клаудио Раньери раҳнамолигида чинакам жасорат намунасини кўрсатиб, АПЛ тахтини забт этишганди.

Энди 46 ёшли мутахассис ўз шогирдларини янги марралар сари етакламоқда, «Арсенал», «Челси», «Тоттенхэм» ва «МЮ»дек грандлар ортда қолишмоқда. Ваҳоланки, футбол жамоатчилиги наздида айнан шу жамоалар совринли ўринлар ва ЕЧЛ йўлланмаларига муносиблар, «Лестер» эмас. Ҳатто 2016 йилда қўлга киритилган чемпионлик унвони ҳам бахтли тасодиф маҳсули сифатида эътироф этилди, кейинги мавсумларда ҳеч ким «тулкилар»дан навбатдаги мўъжизани кутмади. Жамоа ҳам гранд мақомига даъво қилишни ўзига эп кўрмади ва ўртамиёна фаолиятини давом эттирди. Шу тариқа тарихий зафардан кейинги мавсумни 12-поғонада, ундан кейингисини эса 9-ўринда якунлади. Табиийки, мазкур камтарона натижалар туфайли жорий мавсумда ҳеч ким «Лестер»ни фаворитлар сафига киритмаган ва навбатдаги сенсациядан умидвор эмасди.

Бироқ бир неча йил муқаддам «Ливерпул»да ўз ғояларини рўёбга чиқара олмаган ва топ-мураббий мақомидан четда қолган Брендан Рожерс шу йилнинг февралида «Лестер»ни қабул қилди. Бунгача шимолий ирландиялик мутахассис Шотландияда «Селтик»ни бошқариб, қаторасига 3 марта чемпионлик унвонига сазовор бўлди. Албатта, бу лига нуфузи жиҳатидан АПЛга тенглаша олмайди. Боз устига, «Рейнжерс» билан юз берган муаммолардан кейин «Селтик»ка қаршилик кўрсата оладиган рақиб қолмаганди. Эҳтимол, ана шу гегемонликдан зериккан Рожерснинг жиддий синовларга ташналиги «тулкилар» таклифини қабул қилишига сабаб бўлгандир. Рожерс ва шогирдларининг жорий мавсумдаги ишларига фақат ҳавас қилиш мумкин. Бу жамоа ҳеч ким ва ҳеч нарсадан ҳайиқмайди, ҳар қандай рақиб билан сўнгги сонияларга қадар курашишга тайёр. Шу кетишда «Лестер» ЕЧЛ йўлланмасини бемалол қўлга киритиши мумкин. Майли, фантазияга эрк бериб юбормайлик, лекин шу аснодаги ўйинлари билан «тулкилар» ҳеч бўлмаганда еврокубоклар ҳудудидан жой олишларига шубҳа йўқ.

Ҳозир Англияда мутахассислар «Лестер» ва «Тоттенхэм»даги муштарак жиҳатларни кўп муҳокама қилмоқдалар: бу икки жамоа трансфер бозорида катта харажатларга йўл қўймаган ҳолда номдор рақиблари билан тенгма-тенг беллашмоқда. Тўғри, жорий мавсумда Маурисио Почеттино шогирдлари грандга хос ўйинни кўрсата олишмаяпти. Бу - ички чемпионатдаги кучли рақобатдан далолат. Шундай вазиятда совриндор учликдан жой олиш осон иш эмас.

Бироқ ўз йўли ва услубини топиб олган ва унга қатъий амал қилаётган «Лестер» бу мураккаб вазифани уддаламоқда. Рожерс­нинг ташрифи самарали тизимни янада мустаҳкамлади. Лестерликлар клуб какдемияси фаолиятига жиддий эътибор бериб, ёш иқтидор соҳибларининг ютуқларини мунтазам равишда рағбатлантириб борадилар. Шунингдек, инглиз лигаларидаги футболчиларга қарши куч синашиш ва ёнма-ён тўп суриш имкониятини яратишган.

Академия олдига қўйилган вазифалар «Лестер»нинг расмий сайтида қуйидагича изоҳланган: «Клуб академияси ёш иқтидорларни излаб топиш, уларга сифатли таҳсил бериш билан биргаликда, умумий таълим тизимида чуқур билим эгаси бўлишларига эришишга интилади. Бундан кўзланган мақсад - уларни АПЛ ва Чемпионшипда муносиб тўп сура оладиган ҳалол кишилар даражасига олиб чиқиш. Бунинг учун 8дан 21 ёшгача бўлган ҳар бир тарбияланувчининг техник дастурни ўзлаштириши, етарли ўйин амалиётига эга бўлиши жиддий назорат остида бўлади. Якунда улар асосий жамоадан муносиб жой оладиган футболчилар бўлиб етишадилар».

22 ёшли Ҳамза Чаудри ҳозирда футбол оламининг нуфузли масканларидан бири бўлган «Лестер» академиясининг сўнгги вакииларидан бири. Ўз даврида Англия терма жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилган ва 3та ЖЧ (1982, 1986, 1990), 2та ЕЧ (1980, 1988)да иштирок этган афсонавий дарвозабон Питер Шилтон ана шу даргоҳнинг илк қалдирғочларидан бири эди.

Ҳозирда Брендан Рожерс Чаудрини ўта эҳтиёткорлик билан асосий таркибга жалб этмоқда. Шунга қарамасдан, ёш иқтидор соҳиби «тулкилар» муваффақиятига ўз ҳиссасини қўшишга улгурди - 6-тур доирасидаги «Тоттенхэм»га қарши беллашувнинг 84-дақиқасида захирадан майдонга тушиб, дастлабки тегинишдаёқ Жеймс Мэддисонни самарали узатма билан таъминлади, учрашув «Лестер»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етди. Ана шу баҳсдан кейин Рожерс шогирдларининг юксак марраларни забт этишга шай эканликлари ойдинлашди.

Ҳозирнинг ўзида топларга хос етук ўйин намойиш этаётган ёш «тулкилар» бадавлат ва номдор жамоалар эътиборини қозониб улгуришди. Масалан, Чаудрининг тенгдоши бўлмиш Бен Чилуэлл ҳам шу ўқув даргоҳида вояга етди. Мутахассислар томонидан элитанинг энг яхши чап қанот ҳимоячилари қаторида зикр этилаётган ноёб иқтидор соҳиби терма жамоа сафида 9 марта майдонга тушишга улгурди, унинг трансфер баҳоси эса 30 млн. фунтдан ошиб кетди.

Жорий мавсумда «Лестер» футболчиларнинг ёши борасида АПЛнинг 8-жамоаси бўлиб турибди. Брендан Рожерс шогирдларининг ўртача ёши 26,1га тенг. Энг навқирон «тулкича»ни мураббий 5-тур доирасидаги «МЮ»га қарши сафар беллашувида майдонга туширганди. Ўшанда «Олд Траффорд»да кичик (0:1) ҳисобда имкониятни бой берган жамоанинг ўртача ёши 25,7ни ташкил этганди. Шунингдек, Рожерс ўша куни 22 ёшли 3 нафар шогирдлари - Ндиди, Чаудри ва Тилемансларга ҳам майдон марказида тўп суриш имконини берганди.

Жамоанинг энг ёши улуғ «оқсоқол»лари бўлмиш Каспер Шмейхель ва Жейми Вардилар энди 32га чиқишди. Буни қарангки, бу икки фахрий майдоннинг қарама-қарши нуқталарида тўп суришади, бири ўз дарвозаси хавфсизлигини таъминлайди, иккинчиси рақиб дарвозабонларини имкони борича кўпроқ ранжитиш йўлларини қидиради.

Ёш футболчиларга барқарорлик фазилати етишмаслигини, мураккаб вазиятларда уларга тўғри йўл кўрсата оладиган тажрибали ўйинчилар ёрдам беришлари лозимлигини мураббий яхши тушунади. Шу сабабли ҳимоя марказига у 23 ёшли Чаглар Сеюнжю ва 31 ёшли Жонни Эвансни туширмоқда. Тажрибали ҳимоячи «МЮ»га ўтиб кетган Гарри Магуайр ўрнини тўлдирди, унинг ёш жамоадоши эса «Кристал Пэлас»га қарши беллашувда (2:0) дастлабки голини нишонлади. Учрашув тугашига саноқли дақиқалар қолганида Варди ғалабани мустаҳкамлади. Айтганча, Жейми сардорлик вазифасидан ташқари, у билан ёнма-ён тўп сурадиган Мэддисон, Грей ва Барнсларга кўз-қулоқ бўлиб туриш масъулиятини ҳам ўз зиммасига олган, қаттиққўл, лекин меҳрибон амаки ролини бажаради.

Ёзги «дарча»да Юри Тилеманснинг «Монако»дан харид қилиниши ўта омадли трансфер сифатида баҳоланмоқда. Чунки бельгиялик иқтидор соҳиби жорий мавсум «тулкилар» орасида ўз ўрнини топиб улгурди, ортда қолган 10 учрашувда 5 (3та гол, 2та самарали узатма) балл тўплади. Балки футболчи Францияда талаб даражасида ўйнай олмагандир, аммо «Лестер» таркибида фақат чемпионат доирасида 23 марта майдонга тушди. Доимо бошланғич таркибдан жой олганлиги мураббийнинг юксак ишончидан далолат беради.

Бундан ташқари, Тилеманснинг жамоага таклиф этилиши шуни англатадики, агар мутасаддилар қайсидир позицияга академия тарбияланувчилари орасидан муносиб номзод топа олишмаса, бошқа жамоа вакилларини сотиб олишга тайёрлар. Муҳими, «тулкилар» биринчи навбатда ёшларга ишонч билдиришмоқда. Мисол учун, ўтган йили жамоа кўпчиликка таниш бўлмаган, АПЛда ўйин амалиёти йўқ Жеймс Мэддисон учун «Норвич»га 25 млн. евро тўлади. Якунда бу футболчи 22 ёшида «Лес­тер» етакчиларидан бирига айланди ва келажаги порлоқ иқтидорлар сафидан жой олди. Унинг баҳоси камида 2 бараварга қимматлашди.

Бу эса фақат Рожерсга тегишли бўлган ёшлик шижоати ва тажриба омухтасидан яратилган сермаҳсул услубнинг ҳосиласидир. Тан олайлик, «Лестер»нинг шиддати тур сайин ортиб бормоқда. Аввалги турда Рожерс шогирдлари Саутгемптон сафаридан тарихий (9:0) зафар билан қайтишди, кейин Лондонда «Кристал Пэлас»ни ишончли тарзда (2:0) маҳв этишди.

Тўғри, мавсум ҳали экваторга етиб улгурмаган бир пайтда «тулкилар» маррага нечанчи ўринда етиб келишларини башорат қилиш бемаъниликдан ўзга нарса эмас. Гарчи ёшлар ўзларига билдирилган ишончни аъло даражада оқлаган ҳолда клуб мухлису мутахассислари ҳамда холис ишқибозларни ажойиб ўйинлари билан мафтун этаётган бўлса ҳам. Лекин шуниси аниқки, мавсум якунига яқинлашгани сайин футбол ишқибозларининг юраклари тезроқ ура бошлайди, «бу «тулкилар» яна қандай мўъжиза кўрсатишар экан?» деган савол ҳеч кимга тинчлик бермайди. «Лестер»нинг салоҳияти фақат бир инсонга - Брендан Рожерсга маълум.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz