Икки ҳафта аввал «Реал»нинг бобоси Хорхе Вальдано клубдаги икки бразилиялик иқтидорларни ўзаро солиштирганди: «Улар бир-биридан фарқланади. Винисиус кучлироқ, Родриго эса табиатан истеъдодли. Бу футболчиларни бирлаштириб турган нарса шуки, ҳар иккисининг келажаги порлоқ». Қуйида айнан «Қироллик» клубидаги кашфиёт ҳақида сўз боради...
Вальданонинг солиштируви бироз ғалати, чунки Винисиус ўз ўйини билан одатий бразилиялик иқтидорни намоён этади: тўпни яхши кўради, финт ишлатади, баъзан шерикларини унутиб қўяди, баъзида эса дарвозага зарба йўллашни ҳам. Родриго ундан бир ёш кичик, бироқ каттароқдек туюлади. Бу нафақат яшил майдон, балки унинг ташқарисидаги вазиятларга ҳам тегишли. Унинг «Реал»га трансфери бироз эрта амалга оширилгандек кўринмади, шунчаки, мавсум-2019|2020 учун эътиборга молик воқеа бўлмади, десак тўғрироқдек. У Мадридга кўчиб ўтаётганда, жамоада қайта шакллантириш жараёни бошланганди. Навбатдаги бразилиялик вингернинг 45 млн. еврога сотиб олинишидан кўра, «Погбами ёки Эриксен?» саволи муҳимроқ аҳамият касб этганди. Айниқса, Винисиус билан боғлиқ тажрибадан кейин: унинг иқтидори шубҳадан холи, лекин «оддий вазиятларда тўғри қарор чиқаролмайди». Бу гапни Бразилия термаси устози Тите айтган. «Реал»да қайта шакллантириш жараёни чўзилиб кетди, кейин кутилмаганда тўхтаб қолди, сўнгра Асенсио жароҳат олди, кўп ўтмай Зидан ва Бэйлнинг муносабатларига дарз кетди, Азарда эса вазн муаммоси туғилди. Натижада жамоа бош мураббийи барча футболчиларни асосий таркибга потенциал номзод сифатида кўришдан ўзга чора тополмади. Мазкур ҳолатда Родригонинг босимга қарши яхши кураша олиши намоён бўлди.
18 ёшида «Реал» либосини кийган бу йигит дарҳол «Кастилья»га жўнатилди, сўнгра жароҳатланиб, сентябрга келибгина захира жамоасида иккита ўйин ўтказди. Бир ҳафтадан кейин эса асосий жамоада кўриниш берди.
Кумири - Неймар. Аммо фаҚат майдонда
Родриго 6-турдан ўрин олган «Осасуна»га қарши баҳсда «Реал» либосидаги илк ўйинини ўтказиб, 93 сониядан сўнг гол урди. Ўша вазиятда у нафақат маҳорати, балки самарали ҳаракати билан ҳам ҳайрон қолдирди: тўпни сақлаб қолиб, йўл-йўлакай бир ҳимоячини алдаб ўтди, ақлли тарзда корпус ишлатиб (астойдил уринганидан йиқилишига бир баҳя қолди) ва дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди. 18 ёшли йигитдаги ажабланарли хотиржамлик.
Болалигида «Сантос» футзал жамоасида ўйнаган кезлари Родриго кумири сифатида Неймарни кўрсатганди. Аммо фақат майдонда: унинг ташқарисида ҳамюртидан мутлақо фарқланади. Камгаплигига отаси сабабчи: Эрик ҳам собиқ футболчи сифатида ўғлининг камтар бўлишини хоҳлайди, журналистларга интервью бериш чоғида эса «оёқда мустаҳкам туриб, муваффақиятдан ҳаволаниб кетмаслик» энг муҳим жиҳат эканлигини таъкидлайди. «Менда ундаги иқтидор йўқ, лекин спортнинг ушбу турида узоқ йил фаолият юритдим. Шундай экан, оғир меҳнат қадрини биламан. Фарзандимнинг хотиржамликни сақлаётгани билан фахрланаман», - деганди Эрик ўғли «Сантос»да ўйнаб юрган кезлари.
«Реал»дагидан фарқли равишда «Сантос»даги муваффақиятлар пайти камтарликни сақлаб қолиш нисбатан осонроқ, бироқ бу оила тўғри йўналиш олган. Трансфер амалга оширилиши ҳамоно, Испаниянинг бир нечта нашрлари бразилияликнинг «Кастилья»да ўйнаш нияти йўқлиги, асосий жамоанинг бир қисмига айланишни хоҳлаётгани ҳақида ёзишди. Гап-сўзлар икки ҳафтага яқин вақтдан кейин унут бўлди. Аммо октябрь ойи охирида биринчи жамоада ўйнаган форварднинг ўзи ушбу мавзуни яна кўтарди. «Мен учун «Кастилья»га қайтиш муаммо эмас, «Реал» «заявка»сига киролмасам, у ерда тўп суравераман. Агар керак бўлсам, асосий таркибда ўйнайман».
Қандай ўйнаяпти?
Родригонинг 18 ёшда эканлиги ва Европадаги илк мавсумини ўтказаётганини инобатга олсак, ундаги самарадорлик ҳайратланарли. Шу ёшда тўп билан чиройли рақс тушишдан кўра, эффектли бўлиш қийинроқ. Родриго буни уддалаяпти. Исботи - «Галатасарой» дарвозасига урилган гол: у битта алдамчи ҳаракат билан бирданига рақибнинг икки ҳимоячисини доғда қолдириб, қисқа танаффус қилди ва узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Ортиқча ҳаракатларсиз. Йўқ, бу «дежавю» эмас: мазкур гол «Осасуна» билан ўйиндаги голнинг кўзгудаги акси бўлди. Бразилиялик тўпни ўнг қанотда эгаллаб, ўзига ўнглаб, чап оёғида зарба йўллади. Дарвоқе, унинг универсаллиги ҳақида тўхталсак.
Асосан ўнг оёғидан фойдаланадиган футболчи чап қанотда тўп суришни ёқтиради, умуман, қаерда ўйнашининг фарқли йўқлигини у кўп бора таъкидлайди. «Ҳар икки қанотда ўзимни қулай ҳис қиламан. Асосийси - клубга фойда келтирсам бўлгани». Одатий тўғри сўзлар, аммо мазкур ҳолатда унинг ортида фактлар яширин: Родригонинг катталар жамоасидаги дастлабки тўртта голидан иккитаси чап оёқда, яна биттаси бош билан урилган. Унинг универсаллиги ҳақида гапирдикми? Хусусан, «Галатасарой» билан ўйинда у идеал «хет-трик» қайд этди: чап, ўнг оёқ ва бош билан тўп киритди.
Голлар нафақат тананинг турли аъзолари билан урилгани, балки турфа кўникмаларни талаб этгани билан ҳам фарқланади. Бензема ҳимоячиларни ўзи билан олиб юрган пайтда бразилиялик марказий форвард вазифасини ўтади: Карим томонидан яратилган ҳудудга кириб бориб, узатмани боши билан тўрга йўллади (бўйи - 174 см.). Иккинчи голни дриблинг эвазига урди. Учинчиси - ақлли ҳаракат ва Бензема билан уюштирилган ўзаро пас алмашишлари маҳсули бўлди.
Ўнг қанотда яхши ўйнай олиш ва ҳар икки оёғидан бир хилда унумли фойдаланиш хусусияти Родригога кейинчалик ҳам асқотиши аниқ, зеро эртами-кеч Азар аввалги формасини тиклайди ва ҳужумнинг чап қанотидаги ротацияни унутишга мажбур қилади. Аммо бразилияликнинг қанча вақтини рақиб жарима майдончасида ўтказаётганини инобатга олсак, бу унчалик аҳамиятли эмас: уни аниқ вингер деб аташга тил бормайди. Мазкур ҳолатда шартли равишда Криштиану ёки Мбаппени намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Родригони нафақат ҳужумнинг ўнг ва сўл қаноти, балки форвардлар ортида ҳам ўйнатса бўлади. 4-4-2 тактикасидаги ромб ёки 4-2-3-1 схемасидаги бир форвард услуби унга тўлиқ мос тушади.
Мақола Хорхе Вальданонинг солиштируви билан бошланганди, уни Ривалдонинг таққослаши билан якунласак. «Барселона»нинг собиқ футболчиси яққол кўриниб турган, жуда тўғри бир гапни таъкидлади: «Улар маҳорат бўйича ўхшашлар, аммо Родриго ҳужумларни якунлашда яхшироқ кўринмоқда. Асосийси - ўйиндаги натижа, вазиятлардан фойдаланиш керак. Винисиус бу борада ишлаши лозим, Родриго эса ҳозирдан «қотил-форвард»га ўхшаяпти».
Ривалдо бир сўз билан суперклуб ўйинчиси учун катта аҳамият касб этадиган фарқни кўрсатиб берди. Иқтидор муҳим, аммо самарадорлик унданда муҳимроқ. Родриго ҳозир иқтидорли вундеркиндга эмас, узоқ йиллар мобайнида катта ўйинлар босимига ўрганиб қолган футболчига ўхшаяпти. Унинг ўзгачалиги ҳам шунда. Дарвоқе, улар Винисиус билан яқин дўст ҳисобланишади. Икки ёш бразилияликнинг дўстлашмаслиги ҳам ғалати бўларди, аммо улар мунтазам равишда яқин муносабатда эканликларини таъкидлашади. Винисиус интервьюларининг бирида майдондаги ўрин учун рақобат мавзусини кўтармасликларини айтган бўлса, Родриго Мадридга мослашишда шеригининг қанчалик ёрдам берганини эътироф этганди. Хуллас, буларнинг бари муваффақиятли фаолиятнинг бошланишидан дарак бераётгандек, гўё.
А.ҲАМИДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20