Қайднома

Қидирув

Австриялик исёнчилар ёки Бундеслиганинг

Австриялик исёнчилар ёки Бундеслиганинг

  19.11.2019 01:37
  0
  552
Австриялик исёнчилар ёки Бундеслиганинг

Миллий чемпионатларда кутилмаган натижалар, порлаши тахмин қилинган фаворитлар омадсизликка юз тутиб, назарга кирмаган ўртамиёналарнинг кашфиётга айланишлари янгилик эмас. Жорий мавсум Бундеслига баҳсларида шундай манзарага дуч келиш мумкин. Ортда қолган 11та турдан кейин Менхенгладбахнинг «Боруссия»си жадвални бошқариб бормоқда. Дастлабки ўйинларни анча ишончли ўтказган «Вольфсбург» эса кейинчалик қуйи поғоналарга «шўнғиди». Айнан шу икки жамоани мисол сифатида келтирганимизнинг ўзига хос сабаби бор. Гап шундаки, мазкур клубларга янги мавсумда икки нафар австриялик мураббий устозлик қилишмоқда.

Менхенгладбахликлар Марко Розе, «бўрилар» эса Оливер Гласнер раҳбарлиги остида майдонга тушмоқдалар. Марко - ўз вақтида Кенигсбергда (ҳозирги Калининград) Германия терма жамоаси сафида майдонга тушган футболчининг набираси, Оливер - енгил мия чайқалиши хасталиги туфайли фаолиятини барвақт якунлаган ўйинчи.

Жорий мавсумнинг ортда қолган даврида Бундеслига мухлислари қуйидаги манзарага гувоҳ бўлдилар:

Август бошларида: Дортмунднинг «Боруссия»си ғоят қудратли, ҳатто «Бавария» Суперкубок баҳсида тиз чўкди. Хуллас, янги чемпион аниққа ўхшайди.

Сентябрь бошларида: «Боруссия» шиддатни пасайтирди, «Лейпциг» 5 ўйинда 13 очко жамғариб, етакчилик қилмоқда. Наҳотки, Нагельсманни ҳеч ким тўхтата олмайди?

Сентябрь охирида: «Лейпциг» равон йўлда очколарни бой берди, «Бавария» - етакчи. Анчадан бери кўришмагандик. Афтидан, ҳеч нарса ўзгармайди.

Октябрь: «Лейпциг» ва «Бавария»ни ҳурмат-эҳтиром билан пастга суришди, «Дортмунд» умуман 8-поғонадан жой олди, дастлабки икки ўринда эса «Боруссия» М. ҳамда «Вольфсбург» номлари виқор билан порламоқда.

Ноябрь: Менхенгладбахликлар ҳамон пешқадам. «Бўрилар» эса «тормоз»ни босган кўринишади.

Бу икки жамоа ёзда австриялик мутахассисларни ёллаб, топ-5даги алоҳида эътиборга молик клублар қаторидан жой олишганди Октябрь ойидаёқ легионер мураббийлар ўзларини кўрсатишга улгурдилар. Менхенгладбах клубининг янги раҳбари яқин ўтмишда ўсмирлар жамоаси билан ЕЧЛ кубогини қўлга киритиб, Юрген Клопп олқишига сазовор бўлганди.

Дарвоқе, «Боруссия» М. ўтган мавсумнинг 1-даврасини 10та (5таси йирик) ғалаба билан тамомлаган, жумладан, «Бавария» ҳам 3:0 ҳисобида маҳв этилганди. Лекин якунда еврокубоклар ҳудудига ҳам илина олмаганди. Қисқаси, Дитер Хеккинг кўзланган маррани забт этолмай, қуйи дивизиондаги «Гамбург»га йўл олди. Ҳужумкор ўйинга чанқоқ бўлган менхенгладбахликлар Марко Розени таклиф этишди. Техник ҳудудда бор эътиборини ўйинга қаратиши боис, ҳатто свитери остидан осилиб қолганини ҳам сезмайдиган 43 ёшли мутахассис ҳақида қисқача маълумот:

* Аввалига у «Лейпциг» таклифини рад этди, кейин «Шальке», «Хоффенхайм» ва «Вольфсбург»га ҳам шундай жавоб қайтарди. Ниҳоят, «Боруссия» М. Австриянинг «Ред Булл»и билан 114 беллашувнинг атиги 10тасида мағлубиятга имзо чеккан мураббий кўнглига йўл топа олди.

* 2016|2017 йиллар мавсумида Марко «Ред Булл» ўсмирларини ЕЧЛ шоҳсупасига олиб чиқди, асосий жамоа билан ярим финалга қадар етиб борди ва ҳакамлар хатоси туфайли финал йўлланмасини «Марсел»га бой берди. Учрашувнинг «овертайм»лари ниҳоясига етишига 4 дақиқа қолганида Сергей Карасёв австрияликлар дарвозаси томон бурчак тўпи белгилади, французлар стандартдан унумли фойдаланишди. Ўша паллада Марко Розе жуда дарғазаб эди. Лекин тез орада асл ҳолатига қайтди: «Ўйин пайтида хатоликка йўл қўйганликларини англаган ҳакамлар кийиниш хонасида афсусланиб ўтиришгани ҳақида менга хабар беришди. Бу ҳолат мени тўлқинлантириб юборди. Айбини тан олган кишини кечиришга одатланганман».

* Марко Юрген Клопп бошқарган «Майнц»да 6 йил ҳимоячи позициясида тўп сурган. ЕЧЛнинг сўнгги тождори ўзининг собиқ шогирдига 100 фоиз кафолат берди: «У ўзи ёқтирадиган ҳар қандай юмушни аъло даражада уддалайди».

* Австриялик мураббийнинг бобоси Вальтер Розе ўз вақтида Лейпциг ва Хемнице жамоаларида тўп сурган, Германия терма жамоаси таркибида бир марта майдонга тушган. 1937 йили Кенигсбергда (ҳозирги Калининград) бўлиб ўтган учрашувда немислар Эстонияни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратишган. 1943 йилда Вальтер Розе урушга жалб этилиб, Смоленск яқинида асирга тушган. Урушдан кейин ватанига қайтиб, Лейпциг жамоаларида фаолиятини давом эттирган.

«Боруссия» М.нинг мавсум бошидаги ҳолати: халқаро аренада омадсизлик, ички чемпионатда ғалабалар серияси, сермаҳсул Плеа

* Дастлабки 3 учрашувда атиги 4 очко, лекин кейинги 4та ўйинда умумий 11:2 ҳисобидаги ғалабалар. «Аугс­бург» 5:1 ҳисобида енгилди, 13-дақиқада ҳисоб 3:0га етганди. Жамоа етакчиси Алассан Плеа 7 беллашувда 8 балл (4+4) тўплади, Эмболо ҳисобида 3та, Лилиан Тюрамнинг ўғли Маркусда 2та гол бор. Айнан шу футболчининг «дубл»и «Фортуна» устидан ғалабани таъминлади.

* Жамоанинг ЕЛдаги иштироки дастлаб қониқарли чиқмади. Ўз майдонида Австриянинг «Вольфсберг»ига 0:4 ҳисобида имкониятни бой берган менхенгладбахликлар Истанбулдан ягона очко билан қайтишди. Қизиғи, аламли мағлубиятдан сўнг Марко ўз ватандошларини йирик зафар билан қутлади, шогирдларидан эса Бундеслига баҳсларида гуноҳларини ювишларини кутди. Аламли сукутдан тўғри хулоса чиқарган футболчилар йирик ғалаба эвазига Бундеслига пешқадами бўлиб олдилар. Лекин ЕЛда етакчи бўлиш учун битта ғалаба камлик қилиши аниқ эди. Олдинда Розе ва унинг шогирдларини «Рома» ва Дортмунд «Боруссия»сига қарши 2тадан, кейин «Айнтрахт» ва «Байер»га қарши жиддий беллашувлар кутиб турганди.

«Вольфсбург» устози тўп назоратидан воз кечди

«Бўрилар» ўтган мавсумни мухлислар ташрифи бў­йича Бундеслиганинг энг ёмон жамоаси мақомида якунлашди. Ваҳоланки, у якунда мўлжалланган 10-ўринни эмас, 6-ўринни эгаллаганди. Шунга қарамасдан, раҳбарият Бруно Лаббадияни Оливер Гласнер билан алмаштиришди. «Бу мураббий - жамоа тараққиётнинг янги босқичини бошлаш учун муносиб номзод. Гласнер тимсолида биз чинакам профессионалга эга бўлдик», - деди клуб спорт директори Йорг Шмадтке.

* Оливер футболчилик фаолиятини «Рид» клубида ўтказиб, 36 ёшида шифокорлар талабига кўра яшил майдонни тарк этганди. Оддийгина мия чайқалишининг қон қуйилишига айланиши уни жарроҳлик столига ётишга мажбур этганди.

* Кейинчалик Гласнер қисқа вақт «Рид»ни бошқарди, ундан кейин ЛАСКни 2-лигадан Австрия Бундеслигасига олиб чиқди. Оливер раҳбарлигида қудратли «Ред Булл» ортидан 2-поғонани банд этган жамоа бу мавсум ЕЧЛда дебютини нишонлади. Бироқ Гласнерсиз ва «Брюгге»га гуруҳ босқичи йўлланмасини бой берди.

* Гласнернинг услуби - прессинг ва тўп назоратидан воз кечиш. Асосий қуроли - тезкор қарши ҳужумлар. У ЛАСКда фаол қанотлар ва вингерлар дриблингига асосланган 3-4-3 схемаси эвазига муваффақиятга эришган. Оливер - ротация тарафдори эмас, аввал ҳам 3 нафар ўйинчини алмаштириш ҳуқуқидан кам фойдаланган. Лекин «бўрилар» жамоасида бу анъанадан воз кечди (атиги битта ўйинда икки алмаштириш билан кифояланди, қолганларида имкониятдан тўлиқ фойдаланди).

* «Оренбург» мураббийларидан бири Евгений Шевелев Европа клублари ўйин услубини ўрганаётганда, Гласнернинг ЛАСКи унинг эътиборини тортди: «У 3-4-3 схемасида тўп сурадиган жамоалардан бири. Айниқса, ЛАСКнинг ҳужумга отланиш ҳолати қизиқарли. Жамоанинг ҳужум ва инсайд позицияси вакиллари рақибнинг таянч ярим ҳимоячиси яқинида сон жиҳатидан устунликни ҳосил қиладилар ва 1-2 узатма эвазига ундан ўзиб кетадилар».

«Вольфсбург»нинг жорий мавсумдаги ҳолати: енгил тақвим, камёб ва ноёб голлар, «Юве»га хос жиҳат

* «Боруссия» М.дан фарқли равишда, «Вольфсбург» йирик ҳисобдаги ғалабалар борасида мақтана олмайди, аммо мағлубиятлари ҳам аламли эмас. 2019|2020 йиллар мавсумининг дастлабки қисмида бирорта ўйинни бой бергани йўқ. Ўшанда топ-чемпионатлар вакиллари орасида «Ювентус» ҳам шундай кўрсаткичга эга эди.

* Жорий мавсумдаги голларининг дастлабки 5тасини «бўрилар» стартдаги икки учрашувда «Кёльн» ва «Герта» дарвозаларига уришди. Кейин 3та 1:1 ҳисобидаги дуранглар ва 2та 1:0 ҳисобидаги ғалаба қайд этилди.

* ЕЛда ҳаммаси бинойидек бошланди - 2 турдан ке­йин 4 очко: «Александрия»ни енгишди, «Сент-Этьен» билан дурангга имзо чекишди. Сўнгра «Гент»га қарши 2та беллашув ўтказишди.

* Немис клубида Гласнер осонлик билан 3-4-3 схемасига ўзгартириш мумкин бўлган 3-4-2-1 услубини қўлламоқда. Бироқ тўп назоратидан воз кечишнинг иложи йўқ. Бу кўрсаткич бўйича жамоа 6-ўринда бормоқда.

* Вут Вегорст ва Йосип Брекалолар - жамоа тўпурарлари. Умуман, «Вольфсбург» оз, лекин ўта соз голларни амалга оширмоқда. Жумладан, Брекало «Падерборн»га шедевр голни совға қилганди.

Қизиғи, сўнгги поғонада бораётган жамоанинг дастлабки 7 учрашувдаги ягона очкоси - «бўрилар» инъоми бўлганди. Футбол мухлисларини энг кўп қизиқтираётган мавзу - мазкур клубларнинг кейинги ҳолатлари. «Вольфсбург» жиддий рақиблар синовидан муваффақиятли ўтолмаганини тан олишга мажбурмиз, асосий беллашувларда анча қийналди. Кейинги 1,5 ой давомида жамоа «Боруссия» Д., «Лейпциг», «Байер» билан ўйнади, олдинда «Айнтрахт»га қарши баҳс кутиб турибди. Қани, кўрайлик-чи, Гласнернинг «бўрилари» қишловга қандай натижалар билан етиб келишади? Аввалги барқарорликни қайтара олишармикан ёки?..

 А.Ҳамидов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz