Қайднома

Қидирув

Учинчи босқичга чиқамиз, кейин-чи?

Учинчи босқичга чиқамиз, кейин-чи?

  19.11.2019 03:14
  0
  723
Учинчи босқичга чиқамиз, кейин-чи?

Ўзбекистон - Саудия Арабистони ўйини кенг баҳс-мунозараларга йўл очди. Жумладан, бугунги кунда Қатарда фаолият юритаётган Алишер Никимбаев «Телеграм»даги канали орқали Ўзбекистон термасининг ўйини ва бош жамоамиз устозининг ишига атрофлича муносабат билдирди.

- Ушбу ўйиндан бир кун аввал сайтлардан бирига интервью бериб, вакилларимиз Саудия Арабистони термасининг бу таркибини мағлубиятга учратиши шартлигини айтгандим. Учрашувнинг 80-дақиқасигача башоратим ўзини оқлаётганди. Ҳаммаси баҳс охирида ўзгариб кетди. Бош мураббий ўйиндан кейин айтганидек, футболчилар эҳтиросларга берилишди. Мана шу ерда савол туғилади: ўйинчилар руҳан ва жисмонан тайёр эмас эканлар, мутахассис 12 кунлик йиғин пайти нима билан шуғулланди? Эслатиб ўтаман, Эрве Ренарда тараддуд учун шунча вақт бўлмади. «Ал-Ҳилол» аъзолари (8 киши) йиғинга фақатгина Чемпионлар Лигаси финалидан кейин келиб қўшилишди, аммо бу омил уларнинг Тошкентдаги ўйинда асосий ишларни бажаришларига тўсқинлик қилмади (ҳамма голларни «ҳилолчилар» уришди).

Энди умид қиламизки, мураббийлар штаби мағлубиятнинг асл сабабларини топади ва мартдаги ўйинлар учун тайёргарлик режасига ўзгартириш киритади. Термамизнинг учинчи саралаш босқичига 2-ўринни эгаллаб бўлсада чиқишига ҳозир ҳам шубҳа қилмаяпман. Айни пайт термамизда 6 очко бор ва кейинги 3та учрашувда ғалаба қозониши аниқроқ. 15 очко иккинчи поғонани эгаллаган 4та энг яхши жамоа қаторида бўлиш учун етарли. Мазкур ҳолатда бош жамоамизнинг тўғри йўл тутиш эвазига Саудия Арабистони термасини сафарда мағлуб этиб, гуруҳда 1-ўринни эгаллаши мумкинлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак.

Масаланинг бошқа томони бор: хўш, кейин-чи? Учинчи раундда Фаластин, Яман ва Сингапур термалари каби рақиблар бўлмаслиги турган гап. Шу саудияликлар ҳам анча ўсишга эришадилар. Янги мураббий жамоани тузукроқ ўрганади, ёш футболчилар тажриба тўплашади. Дейлик, саудлар тез орада Кўрфаз кубоги турнирида қатнашишади. Уларни ушбу мусобақада принципиал рақибларга қарши кечадиган 3та ўйин кутиб турибди. Бу эса, Ренар ва унинг жамоасига фойда келтириши тайин.

Бизнинг ўсиш эҳтимолимиз қандай? Жамоамиз келгуси ойларда ниманинг ҳисобига кучайиши мумкин?

***

Учта қизиқарли факт

* 8та гуруҳдан фақат 2тасида барча 5та жамоа лоақал 1та ўйинда ғалабага эришди. Бу бизнинг гуруҳ («D») ва қўшниларимиз Қирғизистон ҳамда Тожикистон термалари жойлашган «F» бешлиги.

* «D» гуруҳида иштирокчилар таркиби бўйича тенглик ҳукмрон: 1 ва 5-ўриндаги жамоаларни атиги 4 очко ажратиб турибди. Қолган гуруҳларда фарқ 8дан 12 очкогача бўлиб турибди.

* «Н» гуруҳида етакчи (Жанубий Корея) тўртинчи жамоа (Туркманистон)ни бор-йўғи 2 очкога ортда қолдирмоқда. Агар сешанба кунги баҳсда қўшниларимиз Шри-Ланка термаси устидан зафар қучишса-ю, Ливан - КХДР баҳсида дуранг қайд этилса, туркманлар гуруҳ етакчисига айланишади.

------------------------------------------

Муносабат

ХАТО ТАКРОРЛАНАВЕРЯПТИ...

Умуман, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасидаги ўйин (2:3)дан сўнг кўплаб мутахассислар ўз фикрлари билан ўртоқлашишмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ўсмирлар термаси бош мураббийи Азамат Абдураимов ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Вадим Абрамов ҳақида пост қолдирди. Унда Абдураимов жумладан, шундай ёзган: «Қўшиламан - Абрамовнинг футболи авантюралар (саргузаштлар)га бой. Бир неча бор бундан куйиб қолганмиз. Мазкур ҳолатда олимпия жамоамизнинг мағлубияти (БАА термасидан) ва 2011 йилги ОК ярим финалида Австралия термасидан қабул қилинган 0:6 ҳисобини эслашнинг ўзи кифоя. Афсус, мана, нечанчи мартаки, биз ўша хатоларни яна такрорлайверяпмиз...».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz