Қайднома

Қидирув

Бернарду Сильва: «Болалик орзусидан воз кечмайман!»

Бернарду Сильва: «Болалик орзусидан воз кечмайман!»

  20.11.2019 09:29
  0
  194
Бернарду Сильва: «Болалик орзусидан воз кечмайман!»

Португалиялик ярим ҳимоячи Бернарду Сильва «Манчестер Сити» сафига ўтганидан буён ҳамиша диққат марказида бўлиб турибди. Чунончи, футболчининг заргарона узатмалари ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ. Жумладан, Англия матбуотини ҳам. Хуллас, Бернарду «Сити»даги фаолияти давомида маҳаллий нашрларга бир неча марта интервью берди. Football.ua сайти эса ана шу мулоқотларнинг энг қизиқарли парчаларидан ўзига хос «гулдаста» тайёрлади. Марҳамат, қуйида португалиялик тиниб-тинчимас ярим ҳимоячининг фикрлари жамланмаси билан танишиб чиқишингиз мумкин.

 

- «Манчестер Сити» сафига Франция чемпиони мақомида қўшилган эдингиз. Кейинчалик АПЛ ғолиби бўлдингиз. Айтингчи, сиз учун қайси чемпионлик йўли мураккаброқ кечди?

- Менимча, 2016|2017 йиллар мавсумида «ПСЖ»нинг мутлақ «гегемон»лигига барҳам берган ҳолда, Лига 1 шоҳсупасига кўтарилиш йўлида кўпроқ тер тўккандик. Аслида-ку ҳар бир мавсум юксак сафарбарликни талаб этади. Буни Англия ва Франция чемпионатларига боғлиқ ўхшаш жиҳатлардан ҳам билиб олиш мумкин. Дейлик, «Монако» ўша «олтин мавсум»да 38та учрашувнинг 30тасида ғалаба қозонган ва финиш маррасига 12та ғалабадан иборат ажойиб серия билан қадам қўйганди. «Сити» эса ғалабали серияни 14тага етказган ҳолда, шоҳсупага кўтарилди. Фарқли томони, «Монако»нинг жасорати Франция футболи учун кутилмаган воқелик бўлди, «Манчестер Сити» ғалабаси эса Англияда катта шов-шув саналмайди. Эҳтимол, «Монако»даги ўша парвоз янги мавсумга янада яхшироқ спорт формасида киришимни таъминлагандир.

- Жорий мавсум жамоангиз учун кўнгилдагидек ўтмаяпти, аввалгидан кўра, кучлироқ ўйнаётган «Ливерпуль» яққол ўзиб кетди. Бу ҳолатга муносабатингиз қандай?

- Мақсадимиз аниқ - рекордлар ўрнатишда давом этиш. Жумладан, чемпионлик бобида зафарли серия қайд этишдан ҳали умид узганимиз йўқ. Бунинг учун ҳар бир ўйинда фақат ва фақат ғалаба қозониш талаб этилади. Асосий тушунча шуки, «Сити»ни шунчаки, кучли жамоа мақоми асло қониқтирмайди. Агар қаторасига 3-марта олтин медални қўлга киритсак, шунда жамоамиз тенги йўқ кучга айланади.

- «Сити» билан узоқ муддатли шартнома тузгансиз. Бирданига 2025 йилгача мўлжалланган келишув остига имзо чекиш қарорини қандай изоҳлайсиз?

- Футболчилик фаолияти чекланган, демакки, шу қисқа вақтдан имкон борича унумли фойдаланиш лозим. «Сити» эса қалбимга ўтирган жамоа. Қисқаси, Манчестерда узоқ вақт қолишни истамаганимда, шартномага имзо чекмасдим. Бор гап шу. Қолаверса, ўтган мавсум Компани жамоамиздан кетди, бу йил яна кимдир кетиши аниқ. Энди Стерлинг ва де Брюйне каби иқтидорлар катта саҳнага чиқишлари керак. Улар билан юксак чўққиларни забт этиш ниятидаман. Ўйлашимча, халқаро ареналарда ҳам муваффақият қозонишга қодирмиз.

- Дейлик, фамилиядошингиз - Давид 10 йиллик ҳамкорликдан сўнг «Сити»дан кетишини эълон қилди. Бу футболчи ҳақида нима дея оласиз?

- Давид билан битта позицияда ўйнаймиз, услубимиз ҳам ўхшаш. Лекин мени унга қиёслашларини адолатсизлик, менимча. Зеро, Давид 15 йилдан буён юксак савияда тўп сурмоқда, мен эса энди бошлаяпман. Ҳа, жорий мавсум якунида у кетиши мумкин, аммо жамоа фаолиятини давом эттиради. Мана, Туре ва Компани каби етакчилар кетишди, қачондир Агуэро ҳам хайрлашади. Табиийки, қолган ўйинчилар улар ўрнини босишга имкони борича уриниб кўришади, гарчи афсоналардек тўп суриш осон бўлмаса ҳам. Хуллас, вақти келиб, мен ҳам Давидга муносиб ворис бўлиш учун бор куч-маҳоратимни ишга соламан.

- Хосеп Гвардиола билан илк учрашувингиз эсингиздами?

- Ҳа, албатта. Биз Европа ЧЛ нимчорак финалидан ўрин олган «Манчестер Сити» - «Монако» учрашувидан кейин гаплашгандик. Ўшанда Пеп мени «Иттиҳод»нинг ерости йўлагида қарши олганди. Чунончи, ўйинда мағлубиятга учраган бўлсакда, рақибга муносиб қаршилик кўрсатган ва кейинги босқичга йўл олгандик. Эсимда, стадиондаги муҳит ва мухлислик даражасини кўриб, лол қолгандим. Ёзда эса «Сити» билан шартнома туздим. Ҳа, Пепнинг машғулотларига чидаш осон эмас, у бор куч-қувватимизни сўриб олмагунича тинчимайди (кулади). Лекин юксак марралар ва совринларни кўзлаган футболчига айнан шундай серғайрат мураббий устозлик қилиши керак. Қисқаси, Гвардиола асло тинмайди, шунинг баробарида бизга ҳам тинчлик бермайди. Муҳими, у футболчиларни асло зериктириб қўймайди.

- Манчестерда учинчи йил истиқомат қиляпсиз. Шаҳар ва унинг иқлимига тўлиқ кўникиб олдингизми? Аксарият клубдошларингиз шаҳар четидаги кошоналарда яшашни хуш кўришади. Сиз эса шоҳона қасрлардан воз кечиб, марказдаги камтарин хонадонни танладингиз. Бунинг боиси нима?

- Яқинда ВВС мухбири шу мазмунда савол бергач, ҳазиломуз жавоб бергандим - «Қишлоқ йигити эмас, балки Лиссабонда улғайган шаҳарликман». Жиддийроқ гапирсам, табиатан одамларга яқинроқ бўлишни истайман. Кўпинча Хуан Матанинг Динсгейтдаги испан ресторанида овқатланаман. Тўғри, шундоққина муюлишда Гвардиолага тегишли тамаддихона ҳам бор. Лекин у ерга жуда кам кираман. Чунки бунисида футболчилар учун чегирмалар йўқ (кулади). Асосийси, шимолликлар - жуда меҳрибон ва хушчақчақ. Дейлик, мени ҳар сафар мартабали меҳмондек кутиб олишади. Мана, ҳалигача кўчаларда самимий қарши олиб, ҳурматимни ўрнига қўйишади. Тўғриси, Португалияда бундай илтифотга дуч келмайсиз. Албатта, Лиссабон - она шаҳрим, уни қўмсашим тайин. Хайриятки, Манчестер ҳаёти ўта ёқимли ва қизиқарли. Ҳа, қачондир бу ердан кетишимга тўғри келади, барибир. Лекин ҳозир эмас.

- Футболдан холи вақтни қандай ўтказасиз?

- Касбимга қизиқишим сусайиб кетмаслиги учун ўйинлардаги нохуш вазиятларни эсламасликка интиламан, футбол кўрмайман, ҳисоби. Бунинг ўрнига оқшом пайти асосан қизиқарли сериаллар томоша қиламан. Чунки вақтимиз асосан машғулотлар майдончаси, уй ва сафар учрашувлари, меҳмонхоналар, поезд ёки самолётда ўтади. Шундай бўлгач, уйда футболдан бутунлай холи бўлишни хоҳлайман. Бир куни омадсиз ўйинимиздан кейин бувим қўнғироқ қилиб, роса нолиди. Шу-шу унинг қўнғироқларига жавоб қайтармасликка одатландим. Футбол - ҳамманинг меҳрини қозонган спорт тури. Гоҳида уни тушунмайдиганлар ҳам фикр билдириб, ақл ўргатишади. Яхшики, яқинларим ва дўстларим футбол ҳақида гапиришларини ёқтирмаслигимни билиб улгуришган. Биламан, кимдир ўйинни ТВ орқали томоша қилади ва эҳтирослари билан яшайди. Мен учун эса футбол - бу меҳнат. Агар ҳар куни 5 соатни машғулотлар ва учрашувларга сарфлаб, қолган вақтни ўртоқларим билан ўйин муҳокамасига бағишласам, ҳаётдан бошқа ҳеч нарсани кўрмай ўтиб кетаман-ку. Бундай шароитда ақлдан озиб қолиш ҳеч гап эмас.

- Болалигингизда «Бенфика» академиясидан жой олганингизга қарамай, якунда асосий жамоага ўтолмаган ва ҳаттоки, маълум муддат футболдан воз кечган экансиз...

- Ҳа, 7 ёшда эдим. «Бенфика» академиясида шуғулланиш имкониятига эгалигимни эшитган бобом гарчи ўзи «Спортинг» мухлиси бўлсада, мени дарҳол клуб қароргоҳига олиб борган ва 2 ойлик ётоқхона ҳаққини олдиндан тўлаб қўйганди. Кейинчалик клуб мутасаддилари иқтидоримга ишонч ҳосил қилишгач, ётоқхона тўловидан озод этишди. Ниҳоят, 12 йиллик таҳсилдан кейин асосий жамоа бош мураббийи Хорхе Жезус қабулига кирдим. Бироқ у мени майдон марказига лойиқ топмади ва мавсумолди учрашувида чап қанот ҳимоячиси сифатида ўйнатди. Кейин эса индамай, ўринбосарлар жамоасига жўнатди. Шу тариқа футболни ташлаб, университетда ўқишга аҳд қилдим. Чунки Жезус мени «Бенфика»га яроқсиз ўйинчи сифатида кўрганди. Бунинг учун мураббийдан хафа эмасман, аммо унга дўст эмаслигим ҳам ҳақиқат. Кетиш чоғи Жезуснинг ноҳақ эканлигини исботлашга онт ичгандим. Кейин «Монако» туфайли футболда қолдим. Мана, шу клуб, «Сити» ва терма жамоадаги ўйинларим билан муносиб тўп сура олишимни исботладим. Айни пайт Португалияда иқтидоримга шубҳа қилишмайди. Лекин фаолиятимда кемтиклик бор - қачондир «Бенфика»га қайтиб, уни тўлдиришим шарт. Чунончи, болалигимда айнан шу клубда тўп суришни орзу қилганман. Қисқаси, ўша орзудан ҳали воз кечган эмасман.

- Умуман, Манчестердаги фаолиятингизга қандай баҳо берасиз?

- Гвардиола билан ҳамкорлик туфайли ўз ўйиним ва уйимни топдим, жамоа кийиниш хонасининг бир қисми бўлдим. Футболчи учун жамоанинг муносабати жуда муҳим. Ҳаммамиз бир-биримиз учун жон куйдирамиз. Пеп ҳеч қачон тўхтамайди, тўхташни истамайди. Ҳа, барчамиз ўйнашни биламиз, аммо бунинг аҳамияти йўқ. Сен жаҳоннинг энг сара ўйинчиси саналсанг ҳам, иккинчи дивизионда ўйнаётган ғўр футболчи бўлсанг ҳам, маҳоратингни ошириш имконияти тугамайди. Агар шу фикрга қўшилсанг, ҳамиша мураббийнинг кўрсатмалари тўғри эканлигини тан оласан. Ақлинг жойида бўлса, мураббий сенга бор гапни гапиради, беҳуда ранжитишни истамайди. Аксинча, у фақат сен ва жамоангга яхшиликни раво кўради...

- Эндиликда «Сити»нинг асосий футболчилари қаторидасиз. Гвардиола эса Александр Зинченко ва Фил Фоден каби ёш футболчиларга ҳам мудом эътибор қаратмоқда. Уларга қандай маслаҳат бера оласиз?

- «Барселона», «Реал», «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» каби грандлар тизимида шуғулланаётган 18-19 ёшли ўсмирларнинг асосий таркибга киришлари осон эмас. Лекин бу нормал ҳолат. Фоденнинг асосий таркибга интилиши ҳам табиий ҳол. Бироқ унинг позициясида қандай ижрочилар ўйнашаётганини унутмаслик керак. Ўйлашимча, Фил яқин келажакда мунтазам майдонга тушиш имкониятига эга бўлади. Ҳозирча ўз маҳоратига шубҳа қилмаган ҳолда, хотиржам шуғулланишда давом этиши лозим. Яширмайман, ўзим «Сити» ва умуман, Англия футболига энди тўла-тўкис мослашдим. Маълум муддат давомида бирор мураббий раҳбарлигида 3 ой ва 3 йил шуғулланиш ўртасида катта тафовут бор. Масалан, ҳозир Раҳим Стерлингга тўпни қандай ва қачон узатишни аниқ биламан. Олдинлари бундай эмасди. Уни кузатиш ва ўрганиш ҳисобига ўйин бобидаги тушунмовчиликни бартараф этдим. Лекин шу билан чекланиб қолиш ниятидан йироқман. Барча касбдошларим, хусусан, ёш футболчиларга ҳам муваффақиятлар калити тинимсиз изланишда эканлигини алоҳида таъкидлашни истайман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz