Қайднома

Қидирув

Англия миллий термаси: 1000 ўйин шарафига – 7:0!

Англия миллий термаси: 1000 ўйин шарафига – 7:0!

  20.11.2019 10:41
  0
  408
 Англия миллий термаси: 1000 ўйин шарафига – 7:0!

Англия миллий термаси ўз тарихидаги юбилей - 1000-ўйинда черногорияликлар дарвозасига нақ 7та гол уриб, Евро-2020 йўлланмасини нақд қилди. Аслида инглизларга дуранг натижа ҳам кифоя қиларди, лекин улар катта юбилей шарафига «Уэмбли»да голлар шоусини намойиш этишди.

1000та ўйин рақамларда

7 — Англия термаси 1954 йили, жаҳон чемпионати арафасида футбол ватани учун шармандали ҳисобда ютқазган. Ўшанда «сеҳрли» Венгрия термаси инглизлар дарвозасини 7 марта нишонга олганди - 7:1. Бу муваффақиятсизлик Будапештда содир бўлган. Бундан ярим йил аввал эса англияликлар венгрларга «Уэмбли»да ҳам бас келолмагандилар - 3:6.

9 — шунча футболчи Англия миллий жамоасида 100та ўйин маррасига етган. Булар - Питер Шилтон, Уэйн Руни, Дэвид Бекхэм, Стивен Жеррард, Бобби Мур, Эшли Коул, Фрэнк Лэмпард, Бобби Чарльтон ва Билли Райт.

13 — бу Англия термаси тарихидаги энг йирик ғалабани англатадиган рақам. Аниқроқ айтсак, инглизлар 1882 йили Шимолий Ирландия термасини 13:0 ҳисобида доғда қолдиришган. «Уч шерлар» орадан 17 йил ўтиб, яна шу бечора рақибни 13та гол билан «сийлаган», фақат сал бошқача ҳисоб қайд этилган - 13:2.

19 — Англия термасида бош мураббий лавозими 1946 йили пайдо бўлган. Ортда қолган даврда 15 нафар мураббий муқим ва 4 нафари вақтинча мақомида бу вазифани бажарган. Биринчи устоз - сэр Уолтер Уинтерботт, иккинчиси - мундиал ғолиби сэр Альф Рамсей. Ушбу рўйхатда 2 нафар хорижлик ҳам бор - швед Свен-Ёран Эрикссон ва итальян Фабио Капелло.

20 — Англия терма жамоаси тарихидаги 20 нафар футболчи фамилиядошдир -  Смит. Шунингдек, яна бир қатор фамилия эгалари кўп: Жонсон ва Браун - 9 нафардан, Жонс - 8 нафар, Уилсон, Робертс ва Райт - 7 нафардан, Аллен ва Тэйлор - 6 нафардан, Ли, Хилл ва Уотсон - 5 нафардан.

53 — Англия термаси тарихидаги бош тўпурар - Уэйн Руни ҳисобида 53та гол бор.

67 — Англия термаси Уэльс дружинаси билан 102 марта куч синашиб, шундан 67тасида ғалаба нашидасини сурган.

78 — турли даврларда «Тоттенхэм»дан 78 нафар ўйинчи чақирилган . «Ливерпуль» ва «Астон Вилла»дан эса 74 нафардан футболчи жалб қилинган. Кейинги ўринларда «Эвертон» (68 нафар), «МЮ» (67 нафар), «Арсенал» (63 нафар), «Манчестер Сити» ва «Челси» (49 нафардан). 

91 —Англия термаси ўз тарихида 91та рақибга қарши майдонга тушган. Инглизлар улардан 54тасига бирор марта ютқазишмаган ва 6тасини ютолмаганлар. Тўғри, «бўйин эгмаган» жамоалардан 5таси «уч шерлар» билан 1 мартадан ўйнаган, холос. Булар - МДҲ, Жазоир, Гана, Гондурас ва Жанубий Корея термалари. Саудия Арабистони жамоаси эса 2та ўзаро баҳсда ҳам дуранг натижани сақлаб қолган.

114 — Англия термаси энг «севимли» рақиби - Шотландия жамаоси билан нақ 114 марта тўқнаш келган. Бу жами ўйинларнинг 11,4 фоизига тенгдир. Айнан шотландлар «уч шерлар»ни ҳаммадан кўп мағлубиятга учратишган - 41 марта.

122 — Катберт Оттауэйдан Гарри Кейнгача. Англия термасини жами 122 нафар футболчи сардор сифатида майдонга бошлаб тушган. Бу борада Бобби Мур алоҳида ўрин тутади. ЖЧ-66да сардорлик боғичи остида тўп сурган сэр Мур бу миссияни жами 90та ўйинда бажарган. Билли Райт ҳам айнан 90та учрашувда сардорлик қилган.

125 — Англия миллий жамоаси бош гвардиячиси Питер Шилтон айнан 125та ўйинда қатнашган.

143 — Англия термасига жами 143та клубдан футболчи жалб этилган. «Атлетико» яқинда Киран Триппьер туфайли шу рўйхатга кирди.

147 - Англия миллий жамоасининг 1 ва 1000-ўйинлари оралиғида 147 йиллик йўл бор.

190 - инглизлар 1000та ўйиндан шунчасини бой беришган.

241 - бу дуранглар сони

429 - шунча футболчи Англия миллий жамоаси учун гол урган.

569 - Англия термаси 1000та ўйиндан 569тасида ғалаба қозонган. «Уч шерлар» 1-ютуқни 1873 йилнинг март ойида Шотландия термасига қарши кечган баҳсда нишонлашган - 4:2.

1244 — 147 йил давомида Англия термаси либосини 1244 нафар футболчи кийган. Англия футбол ассоциацияси уларнинг ҳар бирини тартиб рақами билан белгилаб қўйган.

Англия термаси тарихидаги машҳур футболчиларнинг тартиб рақами

1 — Роберт Баркер

100 — Брюс Рассел

673 — Стэнли Мэтьюз

658 — Билли Райт

767 — Бобби Чарльтон

804 — Бобби Мур

843 — Жефри Херст

867 — Питер Шилтон

979 — Гари Линекер

1000 — Нил Уэбб

1071 — Гарет Саутгейт

1078 — Дэвид Бекхэм

1125 — Уэйн Руни

1207 — Гарри Кейн

1244 — Тайрон Мингс

Роберт Баркер - 1-ўйинда Англия термаси дарвозасини қўриқлаган футболчи,  Тайрон Мингс — охирги дебютант («Астон Вилла»нинг марказий ҳимоячиси 1 ой муқаддам илк марта миллий жамоа сафида майдонга тушганди).

 

Англия миллий жамоасининг юбилей ўйинлари

1. Англия - Шотландия - 0:0 (Лондон, 1872 йил 30 ноябрь)

100. Англия — Уэльс — 2:0 (Ноттингем, 1909 йил)

200. Англия — Германия — 3:0 (Лондон, 1935 йил)

300. Англия — Шимолий Ирландия — 3:0 (Лондон, 1955 йил)

400. Финляндия — Англия — 0:3 (Хельсинки, 1966 йил)

500. Шотландия — Англия — 2:1 (Глазго, 1976 йил)

600. Шотландия — Англия — 1:0 (Глазго, 1985 йил)

700. Англия — Польша — 3:0 (Лондон, 1993 йил)

800. Лихтенштейн — Англия — 0:2 (Вадуц, 2003 йил)

900. Черногория — Англия — 2:2 (Подгорица, 2011 йил)

1000. Англия — Черногория - 7:0 (Лондон, 2019 йил 14 ноябрь)

 

 

***   Байрамга 7:0 ҳисобидаги ғалаба! Инглизлар биринчи бўлимдаёқ рақиб дарвозасини 5 марта ишғол қилишди, 4та гол эса дастлабки 30 дақиқага тўғри келди. Гарри Кейн «хет-трик»ка эришди, Бен Чилуэлл эса ассистентлик бобида шундай натижага эришди.

***  Гарри Кейн жорий квалификацион турнирдаги голлари сонини 11тага етказиб, охирги тур олдидан Эран Захави (Исроил)га етиб олди, Артём Дзюба (Россия)дан ўзиб кетди. Охирги турда эса яна 1та гол уриб, яққол пешқадамга айланди.

***  Умуман, Гарри Кейннинг миллий жамоа либосида урган голлари сони 32тага етди. Хуллас, у Англия термаси тўпурарлари рўйхатида фақат Майкл Оуэн, Жимми Гривз, Гари Линекер, Бобби Чарльтон ва Уэйн Рунидан орқада, холос.

***  Англия миллий жамоаси ўз тарихидаги 1-ўйинни 1872 йили Шотландия термасига қарши ўтказган эди (0:0). Дарвоқе, инглизлар 900-учрашувда ҳам черногорияликлар билан тўқнаш келиб, 2:2 ҳисобига кўнишганди.

***  Англия термаси гуруҳ босқичи доирасидаги 8та ўйиндан 6тасини ўз фойдасига ҳал қилди. Шундан 6тасида йирик ҳисоб қайд этди ва яна бирида 5та гол урди (Косово - 5:3).

***  Тэмми Абрахам - Англия термаси либосида гол урган 430-футболчи бўлди.

***  Англия термаси 1987 йилдан буён ўз майдонидаги баҳсда илк марта 7та гол урди (ўшанда турклар Лондондан 0:8 ҳисоби билан қайтишганди).

***  Умумбайрамда жамоанинг бугунги етакчиларидан бири Раҳим Стерлинг қатнашмади, лекин унинг йўқлиги ўйин ритмига ҳам, жамоавий кайфиятга ҳам таъсир қилмади. «Манчестер Сити» вакилини машғулотлар пайти Жо Гомес билан жанжаллашгани туфайли таркибдан четлаштиришганди. Дарвоқе, мухлислар Гомесга нисбатан ҳуштакбозлик қилишди.

***  Англия миллий жамоаси Евро-2020 йўлланмаси масаласини гуруҳда 1-ўринни эгаллаган ҳолда ҳал этди. Инглизлар шу билан қитъа биринчилигига 10-марта йўл олишди, бироқ улар ҳали бирор марта чемпион бўлишмаган.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz