Қайднома

Қидирув

Жаҳон чемпиони тайёрлаш методикаси

Жаҳон чемпиони тайёрлаш методикаси

  21.11.2019 03:09
  0
  520
Жаҳон чемпиони тайёрлаш методикаси

Мен физикман. Тўғриси, яқин-яқингача бу фанни танлаганимдан афсусланардим. Кейинчалик нима учун физикани танлаганимни билиб қолдим. Мен у ерда бор-йўғи қонун ва қонуниятларни ўрганган эканман. Мактаб давримда Альберт Эйнштейннинг нисбийлик назариясига қизиқиб қолганман, университетни тугатганимдан кейин ҳам уни тушунмаганман. Бугунги кунга келибгина ушбу назариянинг нимадан иборат эканлигини англаб етдим. Ўҳ-ҳў, бу муғомбир чол нималарни фикрлаган экан? Бугун гап физика соҳасида борар экан, деб ўйламанг, футболнинг физика ва математикага мутлақо алоқаси йўқ. Гап фақат ўзбек футболи ва футболчилари ҳақида боради.

 

Ўзбек футболи ва футболчиларини қандай қилиб имкон қадар энг қисқа муддатда дунё даражасига чиқариш ва уларнинг муваффақиятини таъминлаш мумкин? Бу модель қайси мезонларга асосланади?

Бу модель - инсон онгининг ишлаш принципига асосланади. Аммо бутун инсоният инсон онгининг ишлаш принциплари ҳақида ҳали етарлича маълумотга эга эмас. Албатта, Худо томонидан яратилган олий даражадаги мукаммал «механизм» (инсон) билан одамлар томонидан яратилган механизмларни солиштириб бўлмайди. Айтайлик, инсонлар томонидан яратилган механизм - автомобилнинг ҳаракатга келиш принципи маълум қонуниятларга буйсунади. Худди инсон онгининг ишлаш принципи маълум қонуниятларга буйсунгани каби.

Айнан инсон онгининг ишлаш принципларидан онгли тарзда тўғри фойдаланиш футболимиз ва футболчиларимизга дунё даражасидаги улкан муваффақиятларни қўлга киритишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Парвардигор инсонга унга асқотиши мумкин бўлган барча фанларни берди. Маъданлар, ўсимликлар, ҳайвонлар, инсон, тана, ақл-идрок ҳақидаги фанлар бисёр... Ҳамма нарса ҳақида фанлар мавжуд. Айтайлик, жисмларнинг ўзаро таъсир қонуниятларини ўрганадиган фан - физика деб аталади. Кимё фани - моддаларнинг ички тузилишини ўрганади.

Ақл-идрок ҳақидаги фан-чи? Мантиқ, фалсафа.

Сўзлаш санъати-чи? Воизлик, нотиқлик.

Нималарнидир ҳисоблаш фани - математика.

Дуч келган нарсани эмас, пулни ҳисоблаш фани - иқтисод.

Ер ҳақидаги фан - геометрия. Ер ости, фойдали қазилмалар ҳақидаги фан - геология, геофизика, геодезия.

Ҳайвонлар ҳақидаги фан - зоология.

Ўсимликлар ҳақидагиси - ботаника.

Мавжудотлар ҳақидаги фан - биология.

Тирик одам ҳақидаги фан - анатомия. Ўлик одам ҳақидагиси - паталогоанатомия. Касалликлар аспекти ҳақида бўлса - патафизиология.

Юлдузлар ҳақидаги фан - астрономия.

Қаерга қараманг, ҳамма ёқда фан, фан, фан. Ҳамма нарса ҳақида фан бор! Барча-барча фанлар мавжуд, турли-туман фанлар уюми. Энг қизиғи, ҳамма нарсани тушунтириб берадиган битта ягона фан йўқ. Ҳайрон қоласан! Бундай фан мавжуд эмас. Инсониятнинг бутун мавжудлик давридан буён ҳали бу фан яратилган эмас.

Қайси фан экан бу? У - руҳият ҳақидаги фандир.

РУҲИЯТ

Бу фан қолган ҳаммасини йўққа чиқаради! Унинг олдида бошқа фанлар иш бермайди! Унинг олдида бош-қа ҳеч қандай қонунлар ишламайди. Унинг ўз қонун-қоидалари бор ва барча саволларга жавоб беради. Инсон руҳияти ўз соҳибига улкан имкониятларни бахш этади. Бироқ афсуски, руҳиятнинг нималарга қодирлигини камдан-кам одамларгина била оладилар.

Бугунги кундаги замонавий психология фани, айтайлик, Вольфганг Амадей Моцарт, Ван Бетховен, Микеланжело, Алишер Навоий, Умар Ҳайём ёки футбол соҳасидаги даҳолар Пеле, Марадона, Лионель Месси ва ўзимизнинг Миржалол Қосимов истеъдодини илмий жиҳатдан асослаб бера олмайди. Улар томонидан яратилган бебаҳо ижод намуналари, шунчаки, улардаги руҳий қувватнинг эквиваленти - натижасидир. Мен учун эса улар томонидан яратилган нарсалар муҳим эмас, балки яратиш жараёни муҳимдир.

Шундай экан, бу фан ҳали «очилмаган қўриқ» ёки «теша тегмаган тош»дир. Бу фан буюк кашфиётлар бўсағасида турибди. Айнан мана шу кашфиётлар ўзбек футболининг буюк муваффақиятини таъминлаб беради. Бу инсонларнинг иқтидори тасодиф эмас, балки руҳий қонуниятларга биноан содир бўлади. Пеле, Марадона, Лионель Месси сингари футболчиларнинг иқтидорини илмий нуқтаи назардан очиб бериш учун назарий асослар етарли, фақатгина футболчиларимиз амалда қўллашлари учун методика яратиш қолди, холос.

Методика - бу қўлланма. Футболчилар шундай олишади-да, амалда қўллайдилар ва муваффақиятга эришадилар. Лекин бунинг учун анча тер тўкишга тўғри келади (атайлаб қўрқитяпман). Ҳар бир инсон буюк иқтидор соҳибидир! Бу - менинг нуқтаи назарим учун шундай. Бошқалар учун балки бошқачадир... Яратган ҳаммага бир хил имконият бериб қўйибди. Кимдир истеъдодли, кимдир иқтидорсиз эмас. Шунчаки, унинг атрофида яратилган муҳит ва футбол (касби)га бўлган муносабати унинг қобилиятларини шакллантириши мумкин ёки аксинча...

Демак, инсон учта муҳим фактор - руҳ, қалб ва танадан иборат.

1. Руҳ - Онг ва Ботиний онгдан иборат.

А. Онг - «Шаклланган ҳақиқат», ИШОНЧ, МАНТИҚ, РЕАЛЛИК - БИЛИМ.

В. Ботиний онг - миттигина илоҳий қисмингиз, маълумотлар базаси, бошқа ўлчам ва бошқа катталиклар, интеллект - ИЛМ.

Онг ва ботиний онгнинг вазифаси - маълумотларни қабул қилади, саралайди, таққослайди ва ишонч билан шакллантиради. Яъни инсон онгининг ақл-идрок қисми ишга тушади.

а) Ақл-идрокнинг ички кучи - бу сизнинг интеллектингиз, билимларингиз. Интеллект, бу - чуқурроқ фарқлай олиш қобилияти. Бу куч кўп жиҳатдан сизнинг хотирангиз қандай эканлигига боғлиқ. Сизнинг тажрибангиз, мушоҳада юритиш тезлигингиз қандай, қайси ҳажмдаги маълумотларни ишга сола оласиз, таълим олиш қобилиятига эгамисиз... мана шулар унинг негизини ташкил этади.

б) Ақл-идрокнинг ташқи кучи - бу информацион куч, яъни маълумотлар, ахборотлар базаси. Бошқача айтганда, четдан кириб келадиган билимлар. Қадриятлар, қоидалар, қонунлар, шартлиликлар ва ҳоказо. Ақл-идрокка ҳамиша озуқа керак. Янги билим ва тажриба кўринишидаги озуқа. Ақл-идрок ниманинг ҳисобига кучлироқ бўлиб боради? Маълумотларга эга бўлиш ва мушоҳада юритиш туфайли.

ҚАЛБ

ҚАЛБ бу - туйғулар макони. Ижобий ва салбий.

Эзгулик ва ёвузлик.

Ҳавас ва ҳасад.

Садоқат ва хиёнат.

Сахийлик ва хасислик.

Ишонч ва қўрқув.

Муҳаббат ва нафрат.

Албатта, туйғулар кўп. Ўзингизни таҳлил қилган ҳолда, ўзингиз давом эттиришингиз мумкин. Аммо бизнинг футболчиларимиз учун зарур бўладиган энг асосий туйғулар, бу - ишонч ва муҳаббатдир.

Қалбнинг ички кучи ҳис-туйғулардан иборат. Токи, биз қалбга эга эканмиз, у энг яхши сезгиларни ҳис қилиши керак! Нима билан машғул бўлсак, нима билан шуғуллансак, ўша ўзимиз маш-ғул бўлган нарсага нисбатан муҳаббат керакми ёки йўқми? Жуда керак! Бу энг асосий шартлардан биридир. Шунинг учун ҳам нима қилишингиздан қатъий назар, агар сизда унга нисбатан муҳаббат бўлмаса, бу беҳуда оворагарчиликни четга улоқтиринг. Ўзингизга нима кўпроқ лаззат бағишласа, ўшани қолдиринг! Масалан, футболни.

Муҳаббат - бу сизнинг қалбингиз ҳудудидаги энг бебаҳо, беназир туйғудир. Бутун инсониятнинг асоси муҳаббатда жамланган. Қалбнинг ташқи кучи - дунёнинг сиз севадиган қисмларидир. Масалан, футболга бўлган муҳаббат.

Бир ўйлаб кўринг-чи, бизлар қалбан нималарга кўпроқ боғланганмиз? Қалбингиз теварак-атрофдаги нималардан кўпроқ оғрийди, қалбингиз нималардан қувонади? Кузатинг, қалбингиз нимадан куйиб-пишади, нималарни орзу қилади, нимага интилади?.. Қалбингизга нима кучлироқ таъсир кўрсатиши мумкин? Унга нима қайғу ёки қувонч бағишлаши мумкин? Қалбни қандай қилиб кучли қилиш мумкин? Қани, бир ўйлаб кўринг-чи! Сизга қанча қалб жўшқинлиги керак? Уни қаердан олиш керак? Модомики, қувончу шодликни ҳис қилмаётган экансиз, демак, қувонч манбасини топишингиз керак. Бу вазифа.

Қалб нима учун муҳим? Маълумотларни ботиний онгдан олиб, танага узатиш учун! Бу қанақа маълумотлар? Ушбу саволга кейинроқ яна қайтамиз. Аввало, инсон танасидаги маълумот қабул қилувчи бешта сезги органи ҳақида эслатиб ўтаман. Булар - кўриш, эшитиш, ҳид сезиш, таъм билиш ва ушлаб кўриб ҳис қилиш.

Биз реал ҳолатда маълумотларни қандай топамиз? Албатта, қабул қилиш сезгиларимиз орқали амалга ошади. Кўриш қобилиятимиз ёруғлик ва ранглар дунёсида ишлайди. Эшитиш овозлар дунёсида. Ҳид билиш ҳидлар дунёсида. Таъм сезиш таъм дунёсида. Қўл билан сезиш, ҳис этиш қобилиятимиз ҳам бизни қанақадир йуналиш билан таъминлайди.

Шулардан учтаси - ҳид сезиш, ушлаб ҳис қилиш, таъм билиш қобилиятлари моддий макон доирасида ишлайди. Иккитаси номоддий, нисбатан номоддий. Эшитиш ва кўриш бир хил тўлқинда, фақат турли диапазонларда.

Ҳид сезиш ва таъм билиш ўзаро солиштирилганда, самарадорлиги анча кучли. Пайпаслаб туриб ҳис қилиш ҳид билишдан анча кучли. Эшитиш ҳис қилишдан ҳам кучлироқ. Кўриш эшитишдан анча устунликка эга. Эътибор берган бўлсангиз, ҳар бир кейинги сезги инсондаги имкониятларни геометрик тарзда ўстириб боради.

Бизнинг бошқа сезгиларимиз ҳам бор. Шулардан бири - олтинчи сезги. У буюк қудрат соҳибидир. Олтинчи сезги кўриш қобилиятига нисбатан янада кучлироқ, у бошқа сезгилар учун мумкин бўлмаган имкониятлар олами, кўринмас нарсаларни вақт ва маконда кўра олиш демакдир. Ўтмишни ва келажакни кўра олиш ва энг асосийси, бутун борлиқни тўлақонли қабул қилишни англатади.

Қадрдонларим, олтинчи сезги бу шундай асбобки, унинг ёрдамида биз «қачон?», «қаерда?», «нима?» эканлигини аниқ топамиз. Нега шундай? Чунки олтинчи сезги бизга танлаш имконини беради. ТАНЛАШ!

Тушунтираман. Олтинчи сезги - идрок ва коммуникация органи бўлиб, миянинг бу қисмлари тебранади, кейин эса макон орқали маълумотларни қабул қилади ва узатади. Бундан ташқари, у индивиднинг макон-замон мўлжалига жавоб беради.

Инсон руҳи учун вақт деган тушунча мавжуд эмас! Вақтнинг боши ҳам, охири ҳам йўқ. Вақтнинг оқими йўқ! Инсонлар ўзи яшаб ўтган умрини сарҳисоб қилиш учун ҳаётга вақт деган тушунчани киритганлар. Чунки инсон танасининг умри чегараланган. Вақт реал ҳаётимиз учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Аммо руҳимиз учун вақтнинг аҳамияти йўқ. Бу нарсани Альберт Эйнштейн ўзининг нисбийлик назариясида исботлаб берган. Яъни жисм ёруғлик тезлигида ҳаракат қилса, вақт нолга яқинлашиб боради. Демак, инсон руҳи учун вақт мавжуд эмас экан, унда унинг учун масофа ҳам, тезлик ҳам мавжуд эмас.

Демак, маълум руҳий ҳолатда биз вақт ва маълумотлар кенглиги майдонида бемалол сайр қилиб, ўзимиз учун керакли маълумотларни йиғиб олишимиз мумкин экан. Бу қанақа маълумотлар, дейсизми? Футболчи ўзини футбол майдонида ўта қулай ва ишончли ҳис қилиши учун зарур бўладиган барча малумотлар...

(Давоми келгуси сонда).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz