Қайднома

Қидирув

Милован Капор: "«Бухоро» охиригача курашади..."

Милован Капор: "«Бухоро» охиригача курашади..."

  22.11.2019 11:30
  0
  492
Милован Капор:

Суперлига турнир жадвалининг қуйи қисмига қарасак, ҳақиқий «интрига» борлигини кўрамиз. Ҳозирги ҳолатда «Бухоро», «Динамо», «Қўқон-1912», «Андижон» ва «Қизилқум» жамоалари ўртасида элитада қолиш учун жиддий кураш кетмоқда. Жумладан, 19 очко билан 13-поғонани банд этиб турган «Бухоро» ҳам охирги турларга «ҳаёт-мамот» масаласидек қараши муқаррар. Бинобарин, бу жамоа иккинчи давра олдидан ўз таркибини маҳаллий ва легионер футболчилар ҳисобига бойитди, бироқ ўзгаришлар ҳозирча етарли даражада наф бергани йўқ. Лекин Муҳсин Муҳаммадиев шо-гирдлари барчаси яхши хотима топишига ишонишмоқда. Дейлик, «Бухоро»нинг канадалик легионери Милован Капор биз билан суҳбатда жамоа охирига қадар бор имкониятларини ишга солишини алоҳида таъкидлади.

 

- Милован, даставвал клуб ва ундаги ички муҳит ҳақида тўхталиб ўтсангиз...

- Айтишларича, «Бухоро» қадим тарихга эга жамоа экан. Ҳа, турнир жадвалидаги ҳозирги ҳолатимиз яхши эмас. Лекин барчамиз вазиятни ўнглаш учун ҳаракат қилмоқдамиз. Бухоро - гўзал шаҳар, тарихий ва меъморий обидалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Истироҳат боғлари, дам олиш масканлари ҳам киши дилини яйратади. Шахсан мен Бухорони дунёнинг энг тарихий шаҳарлари рўйхатига киритган бўлардим. Асосийси, шаҳар сокин, кўчаларда бемалол айланишингиз мумкин. Миллий таомларга кўникишим бироз қийин бўлганини айтмаганда, клубда ишларим бир маромда кетяпти.

- Қизиқ, нега айнан «Бухоро»ни танладингиз? Қайси омиллар бу ерга келишингизга туртки берди?

- Табиийки, бу ерга келишдан олдин барчасини обдон ўйлаб кўрдим. Муҳими, жамоага ёрдам бера олишимга ишондим. Мақсадим - ўз фазилатларимни намоён этиб, жамоага қўлдан келганича кўмаклашиш. Мураббийнинг қарори трансферимда муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлашим ўринли. Муҳсин Муҳаммадиев футболчилик фаолияти давомида катта тажриба тўплаган. У ғалабага чанқоқ, хушчақчақ инсон.

- «Бухоро»нинг кучлилар сафида қолиш ёки қолмаслиги клубдаги келажагингизга таъсир қиладими?

- Ҳозир бу саволга аниқ жавоб беролмайман. Барчасига мавсум якунлангач, ойдинлик киритамиз. Қолаверса, тўйдан олдин ноғора чалмоқчи эмасман. Финиш марррасига қадар яна 3та тур бор. Турнир жадвали исталган пайт кескин ўзгариб кетиши мумкин. Дейлик, 1та ғалаба ёки мағлубият жамоалар ўрнига катта таъсир қилади.

- Жамоадошларингиз руҳиятида Суперлигада қолишга ишонч ва умид сезиляптими?

- Бор эътиборимиз бўлажак ўйинларга қаратилгани ўз-ўзидан тушунарли. Бошқаси ҳақида гапиришнинг мавриди эмас. Олдинда ҳаммасини ҳал қилиб берадиган баҳслар турибди. Биз учун ҳар бир очко олтинга тенг. Қисқаси, бир зум ҳам бўшашишга ҳаққимиз йўқ.

- Умуман, футболчиларда элитада қолишга нисбатан ишонч қай даражада?

- Имконият бор экан, сўнгги паллагача курашамиз. Албатта, ишонч юқори, бинобарин, жамоада ажойиб мураббий ишлаяпти. Футболчилар ғалабага интилишмоқда. Танаффусда хато ва камчиликлар устида ишлаяпмиз. Умид қиламиз, ҳаммаси биз учун ижобий якунланади.

- Муҳсин Муҳаммадиевнинг ёрдамчилари ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳамманинг ўз вазифаси бор. Мураббийлар штаби жим ўтираётгани йўқ. Жамоани юқори дивизионда олиб қолиш йўлида ҳамма-ҳамма бор кучи билан ишламоқда.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН

Милован КАПОР

Туғилган санаси: 1991 йил 5 август, Торонто (Канада)

Бўйи: 188 см.

Позиция бўйича: марказий ҳимоячи|таянч ярим ҳимоячиси

Ўйнаган жамоалари: «Брадентон Академикс» (АҚШ), «Балтимор Богемианс» (АҚШ), «Кадис» (Испания), «Банска Бистрика» (Словакия), «Подбрезова» (Словакия), «Злате Моравке» (Словакия), «Хапоэль» Ш. (Исроил), «Гомель» (Беларусь)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz