Қайднома

Қидирув

Вадим ШОДИМАТОВ: «ОФК хулосасини кутяпмиз»

Вадим ШОДИМАТОВ: «ОФК хулосасини кутяпмиз»

  23.11.2019 19:20
  0
  473
Вадим ШОДИМАТОВ: «ОФК хулосасини кутяпмиз»

Яқинда ОФКнинг махсус комиссия­си Тошкентга ташриф буюриб, «Бун­ёдкор» академиясини кўздан кечирди ва мазкур таълим масканига «икки юлдузли» мақомини бериш масаласи кўриб чиқилиши белгиланди. Мазкур делегация таркибидан Ласло Иштван Салай ҳамда Рашид амир Рашид Саид ал Бадвавий жой олишди. Салай ОФК техник директори муо­вини ҳамда Ёшлар футболини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ҳисобланса, Саид ал Бадвавий ушбу бошқарма аъзоси саналади. «Бунёдкор» академияси Марказий Осиёда биринчи бўлиб «икки юлдузли» мақомига талабгор бўлди. Яқинда мазкур таълим муассасаси директори Вадим Шодиматов билан суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

- Вадим Шахиржанович, аввало, ОФК вакилларининг ташрифи хусусида гапирсангиз.

- Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад клуб қошидаги болалар ва ўсмирлар академиясини баҳолаш ва унга «икки юлдузли» мақомини беришдан иборат эди. Меҳмонлар бизга қадар Баҳрайндаги академияларнинг бирида бўлиб, «уч юлдузли» мақомини бериш юзасидан шарт-шароитлар билан танишишди. Энди ОФК хулосасини кут­япмиз. Делегация вакиллари клубимизнинг техник базаси, ҳужжатлар, мураббийлар штаби билан яқиндан танишишди. Кейин эса Андижонга йўл олишди.

- «Бунёдкор»да витаминлаш тизими қандай йўлга қўйилган? Биламиз, яқинда Жанубий Кореядан соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари айнан шу масалада ташриф буюришганди.

- Турли йиғинлар, машғулотлар пайтида тарбияланувчиларимиз жароҳатлар олишади. Ўйинлар ва маш­ғулотларни ҳар доим навбатчи шифокорлар кузатишади ва ҳамиша биринчи ёрдамни кўрсатишга тайёр туришади. Кейинчалик шикастланган футболчилар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишади. Сўнг даволаш муолажаси бошланади. Умумий реабилитация амалга оширилади, бунинг учун бизда реабилитолог мураббий ишлайди. Умумий қилиб айтганда, бу тизим яхши йўлга қў­йилган. Академиямизда ушбу соҳада етарли билимга эга мутахассислар бисёр.

- Академияда Диёр Усмонхўжаев, Александр Хвостунов, Саҳоб Жўраев каби ёш мураббийлар ишлашмоқда. Уларнинг малакасини ошириш учун қандайдир дастурлар қабул қилинганми?

- Мураббийлар даражаларини ошириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Уларнинг савияси ва маҳоратини янада кучайтириш мақсадида октябрь ойида тест ўтказдик, фаолларни тақдирладик. Айрим мураббийларнинг лицензиялари даражасини кўтардик. Хуллас, мураббийларимиз доимо изланишдалар.

- Бир неча мавсумлар олдин водийда иш олиб боргандингиз. Хўш, у ердаги футболнинг айни дамдаги ҳолатини қандай баҳолайсиз?

- «Бунёдкор»да 2007 йили иш бошлаганман. Бу орада Андижондаги футбол мактабига ишга ўтдим, ҳозир у вилоят футбол академияси деб номланади. Бунга қадар эса «УзДонгЖу» қошидаги академия ҳисобланарди. Зоир Эргашевич Ҳасанов билан иш бошлаганмиз. Инфратузилма, моддий базани янада ривожлантиришга ҳаракат қилдик. 2015 йили Рустам Абдуллаев мени «Қўқон-1912»га катта мураббий сифатида таклиф қилди. Футболчилар ва раҳбарият билан илиқ муносабат ўрнатдик. Мақсадимиз жамоани кучлилар сафида олиб қолиш эди. Ўша мавсум яхши жамоа тузишни уддалагандик. Носир Отақўзиев, Алексей Николаев каби тажрибали футболчилар, шунингдек, бир қатор иқтидорли ёшларга ишонч билдирдик. Фурсатдан фойдаланиб, Рустам Раҳмоновичга миннатдорчилик билдираман. Наманганда ҳам катта ҳажм­даги ишлар олиб борилмоқда. «Нав­баҳор» чемпионлик учун курашадиган клубга айланди. Фарғона футболи ҳақида бирор нарса дейишим мушкул. Умуман олганда, водийда миллионлар ўйинини ривожлантириш бўйича ишлар тўғри йўлга қў­йилган.

- Юқорида айтиб ўтдик, клуб академияси «икки юлдузли» мақомини олишга даъвогарлардан ҳисобланади. ОФК вакиллари ташриф давомида бу борадаги фикр ва таклифларини билдиришдими?

- Уларнинг фикрлари биз учун қониқарли ва ёқимли бўлди. Биринчи галда стадионларга разм солишди, клуб офислари, ишчилар учун яратилган шароитлар, музей, тиббиёт хоналари, академиямиз ҳудуди, яшаш ва ўқиш жойлари, спорт зали - умуман, барчасини кўздан кечиришди ва ижобий хулоса чиқаришди. Қизиғи, экспертлардан бири аввалги йили БАА терма жамоаси билан базамизда шуғулланганди. Иккинчи мутахассис Ласло эса Венгрия­дан. Қисқаси, меҳмонлар ортларига ёқимли таассуротлар билан кетишди.

 

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ Суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz