Қайднома

Қидирув

Жеймс Вардининг учинчи ёшлиги

Жеймс Вардининг учинчи ёшлиги

  25.11.2019 03:20
  0
  671
Жеймс Вардининг учинчи ёшлиги

Ёзда Англиянинг энг яхши клубларидаги ҳужумкор футболчилар рўйхатига назар солиб, тўпурарлар пойгасининг қизиқарли ва шафқатсиз ўтишини тахмин қилиш мумкин эди. Аммо ноябрдаги терма жамоалар ўйин­лари туфайли юзага келган танаффус пайтида рейтингни Жейми Варди бошқаришини кўпчилик кутмагани аниқ. 32 ёшли форвард мўъжизавий чемпионликка эришган «Лестер»нинг тирик рамзига айланиши кутилганди, бироқ у нафақат АПЛнинг энг яхши снайпери бўлиб турибди, балки ўта муҳим голларни уряпти. «Лестер» танаффусга ҳатто «Манчестер Сити»дан ҳам юқорироқ поғонада чиқди ва бунда ҳужум чизиғидаги мутлақ етакчининг ҳиссаси беқиёс.

Вардининг учинчи ёшлиги (биринчисини унутган маъқул, иккинчиси эса мўъжизавий мавсумга тўғри келган) - футболчи учун ёшликдаги ривожланиш давридан фарқли равишда, 30дан кейин персонал ёндашув ва ғояларга эга мураббий билан ишлаш муҳимлигига ишора. Ўтган мавсумнинг дастлабки ярмида Вардининг самарадорлиги кескин пасайди, аммо «Лестер» бошқарувини қўлга олган Брендан Рожерс бир тақвим йилида жамоа тўпурарини қайтадан кашф этди.

Жеймида учта муҳим сифат бор. Биринчиси - шиддатли тезланиш, бу устунлик эвазига Варди ҳамон (деярли) исталган рақибини ортда қолдиради. Рожерс креатив гуруҳ футболчилари (энг аввало, Тилеманс ва Мэдиссон)ни шундай жойлаштирдики, Жейми ортга қайтиш мажбуриятидан халос бўлди. Ҳужумкор ярим ҳимоячилар тўпнинг чизиқлар ўртасидаги ҳаракатига масъуллар, Варди эса айнан майдондаги вазият рақиблардан эҳтиёткорликни талаб этаётган паллада уларга муаммо туғдиради. Клод Пюэль даврида ҳам Жейми асосан олдинга интиларди, аммо бу ҳаракатлар «Лестер»га фойда келтирмасди, зеро рақиблар «тўққизлик» позиция­сини ёпишга улгуришарди.

Иккинчи сифати - позиция танлашдаги уқуви. Рожерс эндиликда Вардидан аввалгидек қанотлардаги ҳудудларга очилиш талаб этилмаслигини таъкидлади: бунга фақат «Лес­тер» прессингдан чиқишга уринаётган паллаларда эҳтиёж туғилади. Мазкур ҳолат Варди иштирокида тўп билан муомала қилиш ҳолатини кескин камайтирди - агар Жеймининг жорий мавсумдаги ҳаракатлари харитасига назар солсангиз, у асосий вақтини фақат рақиб жарима майдончаси ичида ўтказгандек туюлади. Аслида ундай эмас: Варди ҳимоячилар ортига яширинишни қойиллатади. Масалан, у жамоа майдоннинг нариги томонида прессинг ишлатаётган пайтда рақибнинг қанот ҳимоячиларига яқинлашади. Тўпни эгаллаб олиш кузатилиши ҳамоно Варди қанот ва марказий ҳимоя ўртасида юзага келадиган катта ҳудудга интилади - ушбу зонага йўлланган пас «Лестер»нинг «тўққизлиги» катта тезланиш олган пайтда унга етиб бориб, кейинчалик тўп уни дарвоза томон бошлайди.

Бундай хусусиятни Варди қуйи лигаларда ўйнаган кезлари ўзлаштирган. Таниқли мутахассис Кевин Кампль қуйи дивизионда рақибдан имкон қадар узоқроқ позицияни танлаш жуда муҳимлигини таъкидлаганди: «Агар ҳимоячи сенга яқинроқ турган бўлса, ҳужумчи учун ўша оқшомни шифохонада ўтказиш эҳтимоли ортади, шу боис, сени ушлаб қолмасликлари учун тўғри ҳаракатланиш керак».

Вардининг учинчи сифати - нейрожарроҳларга хос концентрация. Opta маълумотларига кўра, аввалги тўрт мавсумда Жейми 15та аниқ голли вазиятдан фойдалана олмаган, одатда эса, у иккита қулай фурсатдан биттасида рақиб дарвозасини ишғол қилади (жорий мавсумда бу кўрсаткич 11|5ни ташкил этмоқда). Ушбу муддат ичида шунга ўхшаш кўрсаткич билан фақатгина Серхио Агуэро мақтаниши мумкин; Кейн, Салоҳ, Обамеянг, Стерлинг, Лукаку — бу ҳужумчилар Вардига нисбатан кўпроқ имкониятларни кўкка совуришган. Рожерс Жеймининг майдондаги жойини ўзгартиргани бежиз эмас - ўрта чизиқдаги ёрдам учун ҳужумни тўғри якунлаш сифатларига эга форварднинг устунлигидан воз кечиш тўғри эмас, ҳимоявий ҳаракатларни ярим ҳимоя­чиларнинг ўзлари ҳам уддалашади.

«Лестер» бош мураббийи жамоанинг энг яхши мерганига ишонч билдирмоқда. Рожерс Вардини «қора ишлар», орқа чизиқ ва қанотларда тўп билан ҳаракатланиш, жарима майдончасига бўлган ҳудуддаги яккакурашлардан озод этиш орқали ҳужумчининг майдондаги ижодкорлигини сақланиб қолишига имкон яратмоқда. «Тулкилар» устозининг таъкидлашича, Жейми майдонни яхшироқ кўради, ҳимоячилар ҳаракатларини олдиндан ўқийди, ҳужумчининг кучини сақлаб қолиши эса унинг бўш ҳудудларни топишини янада осонлаштиради. Вардининг жорий мавсумдаги самарали ҳаракатларининг ярми ўйиннинг 60-дақиқасидан кейинга тўғри келмоқда - бу мураббий ва ҳужумчи ҳамкоргидаги ажойиб ишнинг яна бир ифодаси.

Бу кузда жисмоний устунлик, ақлли ҳаракатлар ва мувозанатни сақлаб туриш бўйича Европада фақат икки нафар форвард ҳақиқий машина эканликларини кўрсатишмоқда. Булар - Варди ва Роберт Левандовски.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz