Қайднома

Қидирув

Шевченконинг термаси қандай кучайди?

Шевченконинг термаси қандай кучайди?

  25.11.2019 05:18
  0
  710
Шевченконинг термаси қандай кучайди?

Евро-2020 саралаш босқичи доирасидаги ўйинларнинг бирида Украина термаси португалияликларни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, муддатидан олдин қитъа чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Украинлар ўз тарихларида илк марта Европа биринчилигига тўғридан-тўғри йўл олишди. Таъкидлаш жоизки, улар сўнгги 7та баҳснинг 6тасида ғалаба қозонишди, тўплар нисбати - 17:4. Мазкур жамоанинг муваффақиятлари, албатта, бевосита бош мураббий Андрей Шевченко билан боғлиқ. Ушбу мутахассис Украина термасида фаолият юритган барча мураббийлар орасида очколар жамлаш бўйича энг яхши кўрсаткичга эга.

Ўз вақтида амалга оширилган ўзгаришлар

Андрей Шевченкони 2016 йилнинг июлида Украина термасига бош мураббий этиб тайинлашди ва «Милан» афсонаси ҳаётида илк марта ушбу касбда фаолият юритишни бошлади. Жамоада муҳим ўзгаришларни амалга оширишни ҳам пайсалга солиб ўтирмади. Жумладан, мураббийлар штабига таниқли хорижлик мутахассисларни жалб этди. Кўп йиллар давомида «россонери»да фао­лият юритган Мауро Тассотти ва Анд­рей Малдер, шунингдек, «Реал»нинг собиқ дарвозабонлар мураббийи Педро Харо шулар жумласидан.

Бундан ташқари, «Динамо» (Киев), «Милан» ҳамда «Челси» клубларининг собиқ ҳужумчиси ихтиёридаги термада бир неча муҳим омилларни ҳам жорий қилди: бош жамоада иш бошлаганидан сўнг, машғулотлар видеога ёзиб олинадиган ва кейинроқ муҳокама қилинадиган бўлди. Қолаверса, футболчиларга тактик жиҳатларга кўпроқ урғу бериш вазифаси юклатилди, яъни ҳар бир ўйинчи Украина термаси иштирокидаги учрашувдан кейин ўз ўйинини кўриб, таҳлил қилиши шартлиги белгиланди.

Аммо Шевченко амалга оширган кенг миқёсдаги ўзгаришларидан бири - таркибнинг ёшартирилиши бўлди. У ёши катта футболчилар - Федецкий ҳамда Ротанни захирага олди. Шунингдек, Тимошук ва Шевчук ҳам жамоадан кетишди. Уларнинг ўрни Зинченко, Коваленко, Соболь, Миколенко, Матвиенко, Циганков, Яремчук каби маҳоратли ўйинчилар ҳисобига тўлдирилди. Мазкур футболчиларнинг барчаси ҳали 25 ёшга ҳам тўлмаган. Шунингдек, жорий йилнинг ёзида украиналиклар U-20 ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам чемпионлик унвонини қўлга киритишди.

Бу, албатта, мамлакатда футбол савияси ошаётганидан далолат. Ўйин пайтида ва унинг ташқарисида интизомни мустаҳкамлаш ҳам Шевченконинг яна бир муҳим ислоҳотларидан бири бўлди. Масалан, барча футболчилар биргаликда, телефонларсиз ошхонага боришади. Бу билан Шевченко шогирдларининг бир-бирлари билан кўпроқ мулоқот қилишларини таъминлайди. Шунингдек, комбинацион ўйин намойиш этишга катта эътибор қаратилди. Асосий схема 4-3-3 (ўз ҳудудини кўпроқ назорат қилиш ва футболчиларнинг позицияси ўртасида учбурчак ҳосил қилишга қулай бўлган тактика)дан иборат бўлди.

Жамоа ҳужум бошлашда дарвозабондан фаолликни талаб қила бошлади, марказий ҳимоячилар эса энди тўпни янада яхшироқ тарзда жамоадошларига узатадиган бўлишди.

Шу боисданми, украиналикларнинг етакчи футболчиларидан бири Андрей Пятов португалияликлар устидан қозонилган ғалабадан сўнг Шевченкони мақтаб, муваффақият унинг хизматлари самараси эканлигини таъкидлаб, жумладан, шундай деди: «Биз сифатли ва чиройли ўйин намойиш этяпмиз. Майдонда устозимизнинг кўрсатмаларига амал қиляпмиз. Муваффақиятимизнинг асосий сири - Андрей Шевченко. Ниҳоят, терма жамоамизга футболчиларнинг маҳоратини очиб бера оладиган мураббий келди».

Яқинда Шевченко World Soccer нашрига интервью берди. Қуйида мазкур суҳбатнинг эътиборга молик қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Услуб ҳақида

- Терма жамоа айни пайтда менинг қарашларим ва ғоямга мос равишда ўйнамоқда, - дейди Шеченко. - Биз амалий ишни жамоанинг айни пайтдаги услубини амалга татбиқ этишдан, яъни мухлисларга ёқадиган услуб - тўпни назорат қилишдан бошлагандик. Қайд этиш лозимки, сўнгги 3 йил давомида украиналик футболчиларнинг ўйинларида ўсиш кузатилмоқда. Биз терма жамоанинг менталитетини ўзгартирдик - ҳозир футболчилар ҳақиқатан ҳам ўзларининг техник қобилиятларини майдонда намойиш этишмоқда. Термамиз ҳужумларни бошлашга қодир бўлган ажойиб ярим ҳимоя ва жуда кучли мудофаа чизиғига эга. Бу ўйинимизнинг асосини ташкил этади. Мен тактик тизимни яхшиладим. Таркибимиздан кучли футболчилар жой олишганини билардик, аммо ўйинни уларнинг майдонда энг яхши жиҳатларини кўрсатишлари асосида ташкил этишимиз лозим эди. Замонавий футболдаги мутахассислардан менга Пеп Гвардиола, Юрген Клопп, Маурисио Почеттино ва ҳаттоки, Диего Симеоне ҳам ёқади. Ўтмиш афсоналари орасида эса Йохан Кройфф­га етадигани йўқ эди, шунингдек, Марчелло Липпини ҳам эътироф этаман. Шундай бўлса-да, ўз қарашим ва услубимни ишлаб чиқдим. Футболчилик соҳасида улкан тажрибага эгаман, фаолиятим давомида барча устозларимдан кейинчалик мураббийлик соҳасида асқотадиган қандайдир жиҳатларни ўзлаштирганман. Аммо барибир, ўз услубимни яратишга интилдим.

Футбол қандай тарзда ўзгарди?

- Замонавий футболда оддий тарз­да ғалаба қозониш ҳолатлари кам учрамоқда. Буни ёрқин ўйин намойиш этган, мувозанатни сақлаган ҳолда амалга ошириш керак. Масалан, қарши ҳужумдан камроқ фойдаланиш, прессинг усулини қўллаш, ўрталикни топиш, футболчилар ­ўйиннинг боришига қараб, тезда майдонга мослашишлари, тўпни назорат қилиш ҳолатларини кўпайтириш шарт. Оддий ғалабанинг ўзи эса бунга етарли эмас. Мухлислар чиройли футбол талаб қилишмоқда. Замонавий футболчи - универсал, тактик жиҳатдан кучли бўлиши лозим. Ҳозирги футбол - бу жаҳон чемпионати ҳамда Чемпионлар Лигаси сингари мусобақаларда шахматдаги юқори савияли партияга ўхшайди. Футболчилар ўйиннинг боришига қараб тактик ўзгаришлар қилиш лозимлигини тушунишлари керак. Улар олдингига қараганда бироз ақлли бўлишлари даркор. Албатта, ҳозир ҳам миллионлар ўйинида техник ва жисмоний тайёргарлик муҳим омил ҳисобланади. Бироқ ўйинни тушуниш, вазиятни ўқий олиш, турли тактик жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда, мураббий ниманидир ўзгартирса, шунга кўра майдонга мослашиш юксак аҳамият касб этади.

Шевченко мураббийлик ролига Қандай мослашди?

- Футболчилик фаолиятинг якунланганлиги, майдонда тўп сурмаётганлигингни ҳали қалбингга тўлиқ сингдира олмасдан мураббийлик касбини эгаллаш осон бўлмайди. Шунинг учун бу борада бироз танаффус қилишимга тўғри келди. Чунки менга шу йўл осон эди. Олдин мураббийлик дипломини қўлга киритиб, ёрдамчи сифатида иш бошладим. Шунинг учун бўлса керак, мен учун барчаси осон кечди. Мана энди ўзимни футболчи деб ҳис қилмайман. Мураббий сифатида фикр юритаман. Ўйин натижаси доимо ҳаққоний бўлавермайди ва майдондаги ҳақиқий ҳолатни намоён этмайди. Ҳаттоки, қийин вазиятларда ҳам барчасини тўғри бажараётганлигимизга ишончим комил эди. Терма жамоанинг ўйинини яхшилаш мақсадида кўп меҳнат қиляпмиз. Асосий эътиборимиз ишга қаратилган. Иқтидор муҳим, шунингдек, иш ҳам. Замонавий футболда янги ғояларни ўйлаб топишинг ва жуда кўп меҳнат қилишингга тўғри келади. Бу эса менинг нуқтаи назарим.

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz