Қайднома

Қидирув

Ўзбекистонликлар йилига 50 млн. доллар тотализаторга сарфлашмоқда?!

Ўзбекистонликлар йилига 50 млн. доллар тотализаторга сарфлашмоқда?!

  28.11.2019 17:14
  0
  465
Ўзбекистонликлар йилига 50 млн. доллар тотализаторга сарфлашмоқда?!

Бир неча ой илгари матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ПФЛ манзили томон саволларга жавоб беришим керак эди. Таҳминан шундай савол жавоб бўлди:

— ПФЛ қачонгача боқиманда бўлади ва нега пул ишлаб топмайди?

— Савол бироз эскирди, чунки биз ўтган йили Pepsi билан ҳамкорлик қилдик, бу йил эса Coca Cola ва Uzbekinvest’ни ҳамкорларимиз сафига қўшдик. Ҳозир биз прогрессдамиз.

— Лекин барибир бадал пуллари бор, ўзингизни боқа олмайсиз!

— Биринчи марта бадал пулларини оширмадик. Ўз даромадларимизни узлуксиз ошириб бориш эвазига бадал пулларини ҳам секин-аста йўқотиш ниятимиз бор. Биз имкон қадар тақиқларда бўлган ва кўплаб одамларимиз қабул қила олмайдиган йўлдан юрмаяпмиз. Агар букмекерлик компаниялари фаолиятини легаллаштирсак ҳамда спиртли ичимликлар рекламасини ТВга қайтарсак, бадал пуллари умуман бўлмайди, ПФЛ катта даромад қилади, клубларга мукофот аксинча мукофот пуллари берилиши мумкин. 

Савол-жавобнинг сўнгги жумласигина сайтларда ёзилди. Фейсбук саҳифам жаҳаннам ўтида ёнишим борасидаги смсларга тўлиб кетди. Мен тотализатор ўйнамайман. Тўғри иш эмаслигини билганимдан кейин грин карта варақасини тўлдириш борасида ҳам иккиланиб қолдим ва охирги мартасида лотереяда иштирок этмадим. Ҳаром қилинган ишлардан жуда қўрқаман, кўп масалаларда айнан шу қўрқув сабаб тийиламан. Футбол соҳасида ишлаб билдимки, миллионлаб ўзбекистонликлар тотализаторларда иштирок этади, бизнинг футбол эса бундан азият чекади, йилига таҳминан 50 миллион доллар пул юртдошларимиз томонидан бой берилади. Бу пуллар Россия, Қозоғистон, Украина, Шарқий Осиё ва яна бир қатор ҳудудлар бозорига оқиб киради. Демак, биз ё умуман тотал ўйнамаслигимиз ёки исроф бўлаётган пулни сақлаб қолиш ҳақида ўйлашимиз керак. Ҳозирги ҳолатда ўша пулни спортга, асосан футболга йўналтиришмоқчи. Бу орқали давлат бюджетидан футболга оқаётган пул қисман камаяди, ўша пулларга балки йўллар таъмирдан чиқади, балки тиббиёт, балки таълим соҳаси яхшиланади ва ҳоказо. Чунки футболнинг бир вакили сифатида давлатдан ҳам пул олиб, ҳам ўзимизнинг одамларни алдашга юзимиз чидамайди. Футбол клублари вақти келиб ўзини-ўзи таъминлай оладиган даражага чиқиши керак.  

Демак, била туриб гуноҳ қилаётганлар сон мингта экани факт. Иқтисод кишилари ҳам шу гуноҳ борлигини тан олади, кетидан эса унинг давлатга моддий зарарини камайтирмоқчи бўлади. Бу ҳолатда мен номақбул ишнинг легаллаштирилишига ҳайрихоҳ эмасман ва унга жиддий қаршилик ҳам қилмайман. Мен ўз эътиқодимдан келиб чиқиб, тотал ўйнамайман ва насиб бўлса, фарзандларимни ҳам бу соҳадан узоқда бўлишлари учун меҳнат қиламан. Масалан, маст қилувчи ичимликлар ҳаром, лекин бизда унинг бозори бор. Чекиш ҳам тўғри иш эмас, ҳатто инсон саломатлиги учун зарар ҳам, бизда унинг бозори бор. Тоталда эса инсон саломатлиги ётмайди, бироқ у бизда мавжуд эмас. Мавжуд бўлмагани учун унинг ортидан ноқонуний пул топаётганларни жазолаш механизми ҳам йўқ. Яъни, биз тотал орқали футболни ифлос қилаётганларни билиб туриб ҳам, уларга чора кўра олмаяпмиз. Футбол давлат бюджетидан миллионлаб пул олиб ҳам тўғри бўлмаяпти, одамларни алдаяпти, чунки одамлар тотал ўйнаб, ўзларини ўзлари алдаяпти. Мен ўша алдоқчилар, ўша инсонлар қонуний жазоланиши тарафдориман холос (давоми бор).
.... Бизда ғалати бир ҳолат бор, бир қўлида ароқ тутиб турган инсон, иккинчи қўлидаги колбасанинг ҳалол ёки ҳаромлигини сўрайди. Кулгули-а? Одам ерга сургун қилинганида тақиқланган биргина мевага қўл текказилгани сабаб эди. Тотал легаллашмаган бир вақтда ҳам одамларимиз унинг тақиқланганини билишади, аммо барибир ўйнашяпти. Бу ҳолатда касалимиз бор экани очиқ айтишдан нима учун қўрқяпмиз? Вабони даволаш учун унинг борлигини яшириш ва ошкор қилмаслик тўғри йўлми ёки унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш эвазига, оқибатларига қарши курашишми? Келиб чиқиш сабаби, осон пул топишга бўлган интилиш ёки шунчаки эътиқоднинг сусайиши деб қарайлик, нега шуни тўғрилашга шу темасиз ҳам кучлироқ ёндошмаймиз? Хўш, тотал расман йўқ бўлингани учун одамлар уни камроқ ўйнаяпти ва тотал кўпайса кўпроқ ўйнайдими? Менимча, ҳар икки ҳолатда ҳам эътиқоди бутун одам ўзини асрайди. 21-асрда, қўлимиздаги телефонда ҳар куни тотал рекламасига дуч келиб, унга илакишишимиз осон аслида.
Агар иқтисодчилар зарарни камайтириш борасида аниқ факт келтираётган бўлса, демак биз унга қарши самарали курашиш йўлини топишимиз керак. Интернет замонида тоталнинг бизгача етиб келишини тўхтата олмаётган бўлсак, энди одамнинг тоталга интилишини тўхтатиш учун курашиш керак: ҳам диний нуқтаи назардан, ҳам қонун томонидан. Биринчиси, одамлар онгли қарор қабул қила олишлари учун, иккинчи йўл эса битта ҳаром йўл билан, бошқа ҳаромни эргаштириб, тоза футболни ўлдираётганлар, одамларни алдаётганлар муқаррар жазосини олиши учун бўлса яхши. 

Оламонни ҳеч нарсада айбламайман, ундан нимадир умид ҳам қилмайман. Бироқ илми бор акаларимиз кимнидир гуноҳкор қилишдан бироз ийманишса, хурсанд бўлардим. Уларнинг вазифаси огоҳлантириш, тўғри сўзни айтиш, саҳиҳ ҳадислар билан инкор этиб бўлмас мисоллар келтириш менимча. Муқаррар савол-жавобда ким қандай ҳолатда бўлишини билиш бандасига эмас.


Манба: https://t.me/diyorimamkhodjaev


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz