Қайднома

Қидирув

Эрик АБИДАЛЬ: «Барселона» фалсафасига мослашиш осонмас»

Эрик АБИДАЛЬ: «Барселона» фалсафасига мослашиш осонмас»

  29.11.2019 01:21
  0
  511
Эрик АБИДАЛЬ: «Барселона» фалсафасига мослашиш осонмас»

Трансферлар масаласи барча топ-клубларга тааллуқли. Жумладан, «Барселона»га ҳам. «Кўк-анорранглилар» бу борада журналистларга маълумот бериш ҳуқуқини клуб техник котиби Эрик Абидалга беришди. Қуйидаги мақолада собиқ футболчининг мазкур суҳбат жараёнидаги энг қизиқ фикрларини мухлислар эътиборига ҳавола этди.

Неймар ҳақида

- Спорт нуқтаи назаридан, бундай футболчининг кераклигига шубҳа йўқ. Бозорда бошқа у каби ўйинчи йўқ. У чиндан ҳам қайтмоқчи эди, лекин молиявий томондан муаммо туғилди. Умуман, трансфер масаласида келишувга эришдик, аммо «ПСЖ» сўраётган пул футболчининг реал нархига мос эмас. «Барселона» аъзолари Неймарнинг қайтишини хоҳлашлари турган гап, чунки уларнинг аксарияти бразилияликни яхши билишади, унинг иқтидоридан хабардорлар. Неймарнинг «Барса»га қайта мослашиши шартмас. Уни сотиб олиш имконияти бор эди. Келишувдан умидвор ҳолда Францияга бордик, бироқ молиявий масала музокараларга тўсиқ бўлди. Неймарнинг отаси, яъни агенти билан гаплашдим. У ўғлининг Каталонияга қайтиш нияти борлигини тасдиқлади. Бу биз учун 200 фоизга фойдали келишув бўлади. Аммо нарх масаласи... Энг яхши футболчиларни, уларнинг жисмоний ҳолати ва самарадорлигини кузатишда давом этяпмиз.

Лионель Мессининг янги шартномаси ҳақида

- Умид қиламанки, у яқин йиллар сафимизда қолади. Лекин қарор чиқариш Леонинг ўзига боғлиқ. Раҳбариятимиз келишувни тўлиқ ҳал этиш мақсадида унинг агенти билан гаплашаётганидан хабарим бор. Ҳаммасини вақти келганда билиб оламиз. Мазкур ҳолатга позитив қараяпман.

Эрнесто Вальверде ҳақида

- Бу унинг «Барселона»даги сўнгги мавсумими, билмайман. У билан мунтазам алоқа ўрнатганмиз, гаплаш-япмиз, ички маълумотларни ўртоқлашяпмиз. Вальверде келажагини ўзидан бошқа ҳеч ким ҳал қилолмайди.

Усмон Дембеленинг истиқболи ҳақида

- У жуда иқтидорли футболчи. Дастлаб жамоага мослаша олмади, кейин эса жароҳатлар қийнади. Ҳозир астойдил меҳнат қиляпти. Дембеле билан тез-тез гаплашиб турамиз, унга майда жиҳатларнинг муҳимлиги ҳақида тавсиялар бераман, ҳатто тўғри овқатланиш борасида ҳам. Унга кўмаклашиш учун шу ердалигимни айтаман. Ишончим комилки, у «Барселона»га мослашиб, биз билан ўсишда давом этади.

Антуан Гризманн ҳақида

- У «Барса»га мослашиш қийинлигини биларди. Бу ерда бошқа позицияда ўйнаяпти. Аммо Гризманнинг кўп фойдаси тегиши аниқ, мураббий буни билади. Антуан ҳимояда ёрдам беряпти, ҳужумда ҳам бир нечта чизиқларни ёпа олади. У сафимизга ЧЛда ғолиб чиқиш учун қўшилди. Айни пайт яхши ҳолатда эмаслигини тушуниб турибди, лекин тинимсиз меҳнат орқали буни ўнгласа бўлади. Гризманн ақлли ўйинчи. Вақт ўз ишини қилади. Жамоамизга биринчи мавсумдаёқ мослашиш ҳамма футболчиларга ҳам насиб этавермайди. Сабр керак. «Барселона» фалсафаси оддий эмас.

Иван Ракитич ҳақида

- Бош мураббий Ракитичнинг жорий мавсум аввалгиларидан камроқ майдонга тушишини айтганди. Иван билан гаплашдим. Мазкур вазият унинг учун мураккаблигини тушунамиз. Чунки хорват бошланғич таркибнинг ажралмас ўйинчисидан захира футболчисига айланиб қолди. Унга ёрдам беришим керак. Ракитич қарорни ўзи чиқаради. Кўрамиз, ушбу масалани ҳал эта олармиканмиз.

Филиппе Коутиньо ҳақида

- Ҳозир у «Бавария»да, мюнхенликлар Коутиньони ўз таркибларида кўришни жуда хоҳлашди. «Бавария» фалсафаси Филиппе олдин ўйнаган клублар фалсафасидан фарқланади. У ажойиб футболчи. Мослашиш жараёни идеал тарзда кечмаяпти, аммо якунда ўйини яхшиланишига ишонаман.

Френки де Йонг ҳақида

- «Аякс» ва «Барселона» фалсафасидаги ўхшашлик Френкининг фойдасига ишлаяпти. У энг яхши ярим ҳимоячилардан бири, кўплаб позицияларни тўлдира олади. Де Йонг ўйинни яхши тушунади ва барча совринларни қўлга киритмоқчи.

Маттейс де Лигтнинг

«Барселона»га ўтмагани ҳақида

- Унинг сафимизга ўтишни хоҳлаганига ишончим комил эмасди. Ўйлашимча, Маттейс қарашларини ўзгартирди. У мунтазам майдонга тушишни хоҳлади, аммо «Барселона»да де Лигтга буни кафолат беролмасдик.

Луис Суареснингалмаштирилиши ҳақида

- Футболчилар билан суҳбат пайти ростгўй бўлишга интиламан. Луис буни тасдиқлаши мумкин. Ўтган йилиёқ ҳужум чизиғини кучайтириш ниятимиз борлигини Суаресга етказгандим. У барчасини тўғри қабул қилди, чунки жамоанинг максимал даражада қудратли бўлишини хоҳлайди.

Ансу Фатининг келажаги ҳақида

- Ушбу футболчи, оиласи ва агенти билан музокараларни давом эттиряпмиз. Фати ҳали ёш, ҳимояга муҳтож. Умуман олганда эса, ишлашдан тўхтамаслиги, машғулотларда фаол қатнашиши, майдонда ўзига берилаётган вақтдан унумли фойдаланавериши керак.

Мақсадлар ҳақида

- Биз «Барселона»миз ва барча совринларни ўзимизники қилишимиз даркор. Ҳар доим шундай бўлган. Айнан шунинг учун ўйнаяпмиз. Ҳозирча кўрсаткичлар бизни қониқтирмаяпти. Мунтазам ғалаба қозониш осонмас. Таркиб ўзгаряпти, янги келганлар фалсафамизга мослашишлари лозим. Айни пайтдаги жамоамиз ўтган мавсумдагисидан яхшироқ. Трансфер бозорида аниқ мақсадларимиз йўқ. Сафимизда ишончимизга лойиқ тўпураримиз бор. Аммо ҳар бир позицияни кучайтиришимиз...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz