Қайднома

Қидирув

Хато такрорланмасин...

Хато такрорланмасин...

  29.11.2019 03:27
  0
  641
Хато такрорланмасин...

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022|ОК-2023 саралашида навбатдаги учрашувларини ўтказди. Бирида мағлубият, иккинчисида ғалаба қайд этилди. Аслида, бу мақолани Саудия Арабистони термасига қарши кечган ўйиндан сўнг ёзмоқчи эдим. Бироқ сабр қилдим, вакилларимизнинг фаластинликлар дарвозасига кетма-кет голлар уриб, ажойиб ўйин билан шубҳа-ю гумонларимни тарқатиб юборишларига ишонгим келди. Аммо ундай бўлмади.

Хавотир

Осиё грандларига қарши баҳслар арафасида бизда озгина бўлсада қўрқув кузатилади. Аввалдан шундай бўлган. Дейлик, 1994 йилдан кейин Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони ва Эрон сингари қитъамизнинг етакчи термалари билан бемалол тўп суришимизга халқимиз ишонганди. Бироқ ЖЧ-98 саралаши ва 2000 йилги Осиё кубоги умидлар сароб эканлигини кўрсатди. Тўрт йилдан кейин ўтказилган қитъа биринчилигида қийин ғалабаларга эришдик. ЖЧ-2006 саралашида Сами ал Жабрнинг «Ўзбеклар 70-дақиқадан кейин футбол ўйнамайди» қабилидаги киноясига дуч келдик. Сўнгра Рауф Инилеев ва Миржалол Қосимов бошчилигидаги термаларимиз саудияликларни мағлубиятга учратишни уддалашди. Абрамов даврида эса...

Тан олиш керак, Вадим Карленович бошқарувидаги жамоа ҳеч қачон ҳимояда мукаммал футбол намойиш этмаган, керак пайтда рақибнинг ўйинига мослаша олмаган. Албатта, Абрамовнинг ҳужумкор услуби барчага ёқади, ушбу мутахассис айнан шунинг ҳисобига термага қайтди. Лекин кўряпмизки, ҳали миллий жамоамизни тартибга келтириш учун кўп вақт керак. Бу билан Абрамовни ёмонламоқчи эмасман, шунчаки, эндиликда қарашларини ўзгартирган ҳолда, жамоавий ҳаракатларда тартибни юзага келтирса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳар ҳолда, бир хатони такрорлаш бизни яна мундиалдан мосуво қилиши аниқ.

Таскин бермаган Ғалаба

Саудия Арабистони термасига қарши кечган баҳсдан сўнг биринчи галдаги вазифа футболчиларнинг руҳиятини кўтариш эди. Фаластинликлар билан ўйиннинг илк сониялари ва бир кун олдин ўтказилган машғулотларда кайфият анча юқори экани сезилди.

Бироқ аввалги учрашув сценарийси такрорланди. Биринчи бўлим тўлиқ устунлигимизда ўтди, гол урдик. Аммо жамоавий ўйин бўйича камчиликлар бисёр. Биринчи галда футболчилар майдон марказида тўп узатишларда кўп бор ўйланиб қолишди. Боз устига, мудофаа чизиғида ҳужумни бошлайдиган, биринчи пасни берадиган футболчи топилмади. Шу боис, Одил Аҳмедов саудияликлар билан ўйинда ҳимояда ўйнаганди. Кейинги учрашувда у таянч зонасида ҳаракат қилди, вазифа тайин - рақиб ҳужумини бузиб, шерикларини олдинга бошлаш. Лекин Аҳмедов шу куни фақат «қора иш» билан машғул бўлди. Балки унинг ёшини ҳам инобатга олиш керакдир.

Асосий ҳужумларимиз қанотлардан, Машарипов ва Ҳамдамов орқали ривожлантирилмоқда. Гарчи марказда Алибоев ва Қодирқулов сингари тезкор ўйинчилар бўлсада, мураббий улардан фойдаланишда оқсаяпти. Фақат қанотлардан юришларни амалга оширавериш кейинги ўйинларда рақиб жамоа устозлари учун тайёр қўлланма бўлади. Шундоқ ҳам Абрамовнинг услубида ранг-барангликни кўриш қийин. Ҳар доим бир хил тактикани қўллайвериш мақсадга мувофиқ эмас.

Сўнгги даҚиҚалар жабри

Ўзбек футболида хоҳ у терма бўлсин, хоҳ клубларимиз, сўнгги дақиқаларда мувозанатнинг йўқотилиши, ўйиннинг издан чиқиши касаликка айланиб бормоқда. Айниқса, араблар билан баҳсларда. Жорий йил «Пахтакор» икки марта сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб, мағлубиятга учради. «Ал-Садд» билан ўйинда Шерзод Аъзамовнинг қўпол хатоси қимматга тушган бўлса, «Ал-Аҳли»га қарши баҳснинг сўнгги сониялари омадсиз якунланди. Бундай пайтда Сами ал Жабрнинг киноясини ёдга олишга мажбурмиз. Саудияликлар билан ўйиндан кейин Абрамов айбни мухлисларга ағдарди, лекин уларнинг вазифаси тинимсиз қўллаб-қувватлаш. Ишқибозлар ўз ишларини қилишди, холос. Фаластин билан баҳсда ҳам кўрдикки, футболчилар 85-дақиқадан кейин яна ўйинни рақибга топширишди. Жисмоний жиҳатдан муаммо йўқ, назаримда. Кўрдик, 90-дақиқа ҳужум қилишга футболчиларимизнинг кучлари етади.

Бесамар ўзгаришлар

Саудия Арабистони термаси билан ўйинда Абрамов илк ўзгаришни 80-дақиқага келиб амалга оширди. Жалолиддин Машарипов ўрнига Одил Ҳамробеков тушди. Рақиб ҳисобда олдинга чиқиб олгачгина Игорь Сергеев ўйинга қўшилди. Абрамов шогирдларининг чарчаётганини пайқаган бўлса, уларга ўйин темпини тушириш, натижани сақлаб қолиш ҳақида кўрсатма бериши керак эмасмиди?! Рақибнинг икки голи ижрочилар маҳорати эвазига урилди. Шундай паллада бизга Гейнрихга ўхшаган, тўпни ўзида кўпроқ сақлаб, ўйин тезлигини пасайтирадиган футболчи етишмади. Фаластинга қарши баҳсда эса вакилларимиз иккинчи голдан кейин натижани ушлаб қолиш, гол қўйиб юбормасликни ўйлашди. Захирадан ўйинга қў-шилган Темурхўжа Абдухолиқов ва Сардор Собирхўжаев майдонда деярли кўриниш бермадилар.

Хулоса

Абрамовдан ҳамма 2011 йилги ўйин ва натижани кутяпти. Лекин биз ўша Осиё кубогида Иорданияни ютиб, ярим финалга чиққандик. Кейинги босқичда эса тактик хато туфайли мағлубиятга учраганмиз. Бу билан Абрамовни қоралаш ниятим йўқ. Шунчаки, терма ўйинига тартиб киритилиши, бир хатони иккинчи бор қайтармаслик тарафдориман. Биз Фаластинни ютиб, байрам қилишимиз керак эмас. Тўғри, асосийси, уч очко қўлга киритилди, лекин асл савия ва даражамиз грандлар билан беллашувларда билинади.

А.ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz