Газетамизнинг аввалги сешанба сонида руҳшунос-мураббий Маҳмаюсуф Бердиевнинг футбол ва руҳият мавзуидаги таҳлилий мақоласининг дастлабки қисми эътиборингизга ҳавола этилганди. Бугун ушбу материалнинг давоми билан танишиб, жаҳон чемпионларини тайёрлаш методикасида психологиянинг тутган ўрни борасида қўшимча маълумотларга эга бўламиз.
(Давоми. Бошланиши ўтган сонда)
Футболчиларнинг ботиний онгида, мантиқан тушунтирганда, «маълумотлар базаси» жойлашган. Ёки бу нарсани шартли равишда «абадий кутубхона», «кўтаргич», балки «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи» деса ҳам тўғри келади. Қалб бу ерда индикатор вазифасини бажаради. Индикатор, бу - узатувчи қурилма. Ҳар бир футболчи ўзининг ботиний онгидан ўзига керакли маълумотни олади ва бу «кетворган маълумот» қалб орқали танага узатилади. Ва мана шу «маълумотлар» асосида футболчи танасини бошқаради, кўз ёки қулоқ орқали эшитган маълумотлар асосида эмас. Биз барчасини ҳис қиламиз. Эътибор беринг! Мен кўз ва қулоқ орқали демаяпман, қалб орқали деяпман! Фарқини ҳис қилинг! Маълумотлар онг эмас, ботиний онгдан олинади! Яъни маълумотларнинг келиши «олтинчи сезги» кўринишида намоён бўлади. Бешта сезгингиздан келадиган маълумотлар - мантиқ деб аталади. Олтинчи сезгингиздан келадиган маълумотлар - интуиция деб аталади. Мантиқ - бу шиллиққуртнинг тезлиги! Интуиция - бу ёруғлик тезлиги! Фарқини ҳис қилинг!
Ёруғлик тезлиги!? Интуиция учун бу ҳам кам. Энг ақлга сиғмайдиган сирли томони ва инсоннинг илоҳий табиати шундаки, сиз воқеалар ривожидан анча олдинда юрасиз! Яъни, керакли пайтда керакли жойда пайдо бўлиб қоласиз! Буларнинг барини тасодиф деб уйлайсизми?
Ҳиссиётлар шунчаки «нарса»лар эмас! Ҳиссиётлар - маълумотлар оқимидир! Бу маълумотлар учун сизнинг бутун танангиздаги асаб тизими параболик антенна вазифасини ўтайди. Бу руҳий ҳолатда маълумотлар оқими худди қор кўчкисидек устингизга ёпирилиб келади. Олтинчи сезги ишга тушганда, руҳ олган маълумотлар асосида танани бошқара бошлайди. Бу руҳий ҳолатда мияда бошқа фикр бўлмайди. Ёпирилиб келган маълумотларни мушоҳада қилиш учун футболчининг вақти ҳам бўлмайди. Айни шу руҳий ҳолатда футболчи майдонда энг тўғри қарорларни қабул қила бошлайди. Бу ҳолатда руҳ танага озодлик, эркинлик ва уйғунлик беради. Бу руҳий ҳолатда ҳар бир футболчининг миясида фақат футболдан завқланиш, лаззатланиш ва роҳатланиш бўлади, онгда қўрқув, саросима каби тушунчалар ўз моҳиятини йўқотади. Жисмоний куч иккинчи даражага тушиб қолади.
Бу пайтда футболчи тўп, футбол майдони, жамоадошлари, рақиб футболчилари ва майдондаги вазиятни бутунлигича ҳис қилади, рақибининг фикрини олдиндан ўқийди, унинг нима қилмоқчи эканлигини аввалдан билади, унинг ҳаракатларига қарши ҳаракат тизими автоматик равишда ишга тушади. Футболчи ҳар доим рақибларидан бир сонияга ва бир қадам олдинда бўлади. Ҳар бир вазиятда футболчининг қандай қарорга келишини улар кўра олишмайди ва яна... кўплаб бошқа қобилиятлар ўз-ўзидан ишга тушиб кетади. Шулардан бири - футболчининг гол уриш қобилияти. Бу руҳий ҳолатга, бу ўзга ўлчамларга эга оламга қандай кириш мумкин?
Футболга нисбатан ишқ ва муҳаббат туфайли ундан олинадиган лаззатланишнинг авжи - юқори эмоционал кўтаринкилик ҳолатида олтинчи сезги ишга тушиб кетади. Агар буни мунтазам ва тартибли равишда ўтказилса, шартли рефлекс пайдо бўлиб, бу вақтда мия тўлиқ ишлайди.
Ёш боланинг онги оппоқ қоғозга ўхшайди. Унга нима ёзсанг, у шунга ишонади. Ҳозирги замон мактаби нимага асосланган? Мантиққа! Ниманинг зарари ҳисобига? Интуициянинг. Замонавий мактаб кўпинча яхши ният билан болаларнинг дунёни англашини фақат бир томонлама қилиб ривожлантиради.
Ақл дегани нима? Мантиқли фикрлаш қобилияти. Ёш болалар инстинктларига мантиқ, яъни тўғри фикрлаш, баъзи бир қоидаларга биноан маълумотларни умумлаштириш қобилияти қўшилади. Бу қобилият интуициянинг ўрнини эгаллаб олади. У интуицияни сиқиб чиқаради. Натижада унинг табиий қобилиятлари ривожланмай қолиши мумкин. Демак, агар мантиқий фикрлаш жараёни интуициядан алоҳида бўлиб қолса, у ҳолда ёш боланинг қобилияти фақат бир томонлама ривожланади. Бир оёқ билан юриш мумкинми? Бир қанот билан учиш мумкинми?
Бола дунёга келгандан кейин олти ёшгача уни ўраб турган атроф-муҳитни ўрганади. Айни шу ёшда унинг қалбига асосларнинг асоси қуйилади, яъни футболга нисбатан муҳаббат ўйғонади. Футболдан, ўз муҳаббатидан завқланиш, роҳатланиш, ҳузурланиш жараёнида у «экстаз» ҳолатига тушади. Экстаз - онгда бирор-бир фикрнинг йўқлиги; бунда фақат туйғу ва интилиш бўлади. Юксак ҳиссиёт (футбол нуқтаи назаридан ёндашяпман). «Экстаз» пайти маълумотларнинг оқиб келиш жараёни бошланади, мазкур ҳолатда инсон ички интилиш ва ҳузурланишни ҳис қилади, мияда лаззатланишдан бошқа ҳеч қандай туйғу бўлмайди. Айни шу вақтда олтинчи сезги ишга тушади. Айни шу руҳий ҳолатни ёш болалар танаси мушак (мускул)лари хотирасига ёзиб олади. Мушаклар хотираси эса бир умрликдир. Бу ҳолатни улар хотирасида сақлаб қолишади ва ҳеч қачон эсдан чиқаришмайди. Истеъдодлар мана шундай равишда шаклланади. Улар туғилишмайди, аксинча шаклланадилар. Демак, Пеле, Марадона ёки Лионель Месси кабиларнинг иқтидори тасодиф эмас. Шунчаки, уларнинг футболга бўлган муҳаббати бошқаларникига қараганда кучлироқ намоён бўлган, холос.
Демак, олтинчи сезгини фаоллаштиришнинг энг яхши усулларидан бири - футболдан роҳатланишнинг энг юқори ҳолатига етиб, миянинг лаззатланиш марказини фаоллаштириш. Бунинг учун футболчилар миллионлар ўйинидан, голдан завқланиш ва лаззатланишнинг энг юқори ҳолатига етишишлари керак.
Нима учун истеъдодли дея эътироф этилган болалар кейинчалик футболда йўқолиб қолишади? Гап шундаки, улар қалбни тўғри бошқариш учун ҳеч қандай маълумотга эга эмаслар. Қалб ва ҳиссиётларни бошқариш онгли тарзда назорат қилиниши керак. Чунки маълум сабаблар туфайли футболчилардаги бу қобилиятлар ўзининг тўлиқ шаклланган вазифасини бажармай қўйиши мумкин.
Футболчилардаги хафагарчилик, асабийлик, қўрқув, ваҳима, саросима сингари ҳолатларнинг ухлаб ётган олтинчи сезгига қандай алоқаси бор? У ўта нозик, озодликни хуш кўради, тутқунликда кўпаймайди. Унга алоҳида ўзига хос маънавий иқлим зарур. Агар футболчининг қалбида озгина хафагарчилик, асабийлик, қўрқув ва ёвуз ниятлар бўлса ҳам, у яширинади, яъни ишламайди. Футболчилар онгли тарзда ўз қалбини бошқаришни, уни кучайтиришни ўрганишлари керак. Бу нима учун муҳим?
Ғарб одами билан Шарқ одами нимаси билан фарқланади? Ирқи, миллати ва ташқи кўриниши билан. Яна бир фарқ бор ва у қалбга тегишли. Биз ўта даражада таъсирчанлигимиз билан фарқланамиз. Агар сиз Ғарбдан ниманидир олиб, эҳтиётсизлик қилиб Шарққа тиқиштирмоқчи бўлсангиз, Шарқдан «тарсаки» еб қолишингиз мумкин. «Шарқ - нозик масала!» - унинг одамлари ўта даражада таъсирчандирлар!
Бизнинг таъсирчанлигимиз нима билан асосланади? Қуёш билан. Бу ҳам ўзига хос алоҳида мавзу. Ўзингиз яхши биласиз, биз қуёшли ўлкада яшаймиз. Қуёшнинг нури таъсирида инсон организмида D витамини ҳосил бўлади, у дармондори, E учун катализатор. Е витамини, ўз навбатида, жинсий қувватни ошириш учун катализатор вазифасини ўтайди. Бу эса бизнинг таъсирчанлигимизни ошириб юборади. Таъсирчанлигимиз бизнинг менталитетимизни белгилайди.
Нима учун сайёрамиз экваторига яқин жойлашган мамлакатларда туғилиш кўпроқ, шимолий мамлакатларда бу кўрсаткич анча паст? Агар сиз шимол томонларда, айтайлик, Сибирда олти ой яшаб кўрсангиз, жинсий имкониятларингиз ҳозирги даражангизда бўлмайди. Ҳоҳласангиз синаб кўришингиз мумкин, нақ докторликни ҳимоя қилиб оласиз. Ёки яна ҳам қизиқроғи, агар сизни кимдир танқид қилса, бу сизга жуда оғир ботиши мумкин. Агар билмасдан, мабодо, ўз раҳбарингизни танқид қилиб қўйсангиз, у сизни бор имкониятларингиздан маҳрум қилиши мумкин. Фикримга қўшиласизми?
Таъсирчанлигимиз бизнинг кучли томонимизми ёки ожизлигимиз? Албатта, ожизлигимиз. Мана шу ожизлигимизни энг кучли сифатга, дурга, гавҳарга айлантиришимиз керак бўлади. Айнан таъсирчанлигимиздан муваффақият йўлида онгли тарзда тўғри фойдаланишни ўрганишимиз лозим. Футболчиларимиз қалбни бошқаришдаги тартибсизлик сабабли жуда катта муаммоларга дуч келишади. Мана шунинг учун ҳам уларга алоҳида ўзига хос ёндашув талаб этилади.
Маҳорат 10 ёшли футболчида ҳам 30 ёшли футболчида ҳам мавжуд. Лекин бу маҳорат футболчининг ўзига бўлган ишончи шаклланган доирада ишлайди. Футболчиларимизда қандай қилиб ўзларига бўлган ишончни шакллантириш мумкин? Уларни қай тариқа дунё даражасига чиқариш, муваффақият қозонишларини таъминласа бўлади? Футболчининг савияси деганда биз нимани тушунамиз? Футболчининг савияси - унинг фикрлаш қобилияти, дунё футболида тутган ўрни ва келажакда ўз олдига қўйган орзу-мақсадлари билан белгиланади. Ишончнинг шаклланиши эса қонунга биноан содир бўлади. Бу ерда ҳеч қандай тасодифликка ўрин йўқ. Онг ва ботиний онгнинг ишлаш принципида ҳам қонуният бор.
Бутун олам тартиб устига қурилган. Ҳамма нарса қонунга биноан содир бўлади. Шу жумладан, ҳар бир инсонда бирор-бир фикр ёки ғояга нисбатан ишончнинг шаклланиши ҳам. Сиз қандайдир фикр ёки ғояга нисбатан ишончни шакллантириш эмас, уни танлаш учунгина масъулдирсиз. Ботиний онгнинг вазифаларидан бири - у онгга тушган ҳар қандай фикрни ишонч билан ўрайди. Яъни марварид қонунига амал қилади.
--------------------------------------------
(Давоми келгуси сонда).
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20