Қайднома

Қидирув

Серхио Агуэро: «Гол уришни хоҳласанг, бу ҳақда ўйлама…»

Серхио Агуэро: «Гол уришни хоҳласанг, бу ҳақда ўйлама…»

  30.11.2019 06:34
  0
  417
Серхио Агуэро: «Гол уришни хоҳласанг, бу ҳақда ўйлама…»

France Football нашри журналистлари Англияда бўлиб, «Манчестер Сити»нинг аргентиналик ҳужумчиси Серхио Агуэро билан бафуржа суҳбатлашишди. АПЛнинг энг барқарор голеадорларидан бири гарчи клуби чемпионлик пойгасида «Ливерпул»дан анча орқада қолаётган бўлсада, ижобий якундан умид узган эмас: «Турнир ҳали узоқ давом этади. Демак, кўп нарсалар ўзгариб кетиши мумкин».

АЙРИМ ГОЛЛАР ЎЗИ УЧУН ҲАМ «СЮРПРИЗ»

- Франциялик футболчи томонидан ўрнатилган рекордни янгилаш арафасида турганингизни биласизми?

- Тўхтанг... Тьерри Анри натижасини назарда тутяпсизми? ЕЧЛга боғлиқ рекорд, шундайми?

- Йўқ, Англия Премьер-лигасига доир...

- Бўлди, тушундим! Менга айтишганди, ундан ўзиб кетиш учун менга яна бир нечта гол керак... Лекин айнан нечталигини билмайман.

- У - чемпионатнинг хорижлик энг яхши тўпурари, ҳисобида 175та гол бор. Демак, яна 2та урсангиз, Анри билан тенглашасиз. АПЛнинг умумий тўпурарлари рўйхати етакчиси Энди Коулдан эса 14та гол орқадасиз. Хўш, рекордчидан ўзиб кета оласизми?

- Анридек буюк ҳужумчидан олдинга ўтиш имкониятига эга бўлганимнинг ўзи жуда ёқимли. Албатта, унинг рекордини имкон қадар тезроқ янгилашга ҳаракат қиламан. Бироқ асосийси голлар эмас, футбол ортидан келадиган хурсандчилик, барибир. Европага 18 ёшда кўчиб келгандим (2006 йилнинг ёзида «Атлетико» сафига қўшилган), мана, ҳозир 31 ёшдаман... Йиллар шунчаки, елдек учмоқда! Вақт тобора оз қолаётганини тушуниб турибман, шундай экан, барчасидан максимал даражада фойдаланишим зарур.

- Бундан 8 йил олдин Англияга кўчиб келганингизда, бу ерда ҳаммаси сиз учун шунчалик омадли тус олишини кутганмидингиз?

- Тўғрисини айтсам, йўқ. Очиқроқ гапирсам, ҳеч нарсани ўйламаганман, шунчаки, ўз ўйинимни кўрсатишни хоҳлагандим. Кейин ўз-ўзидан голлар ура бошладим ва бунинг ортидан тезда танилдим. Ўйлайманки, футболчилик фаолиятимни тугатсам ҳам, Англия лигаси тарихида қоламан. Хусусан, АПЛ тўпурарлари рўйхатида.

- Гол уриш - бу сиз учун бош мақсадми?

- Йўқ, лекин рақиб дарвозасини нишонга олиш ҳамиша ёқимли. Энг қизиғи, бошида соф ҳужумчи саналмаганман. Фақат Англияга келгач, мени ҳужум марказига қўя бошлашди ва вақт ўтиши билан гол уриш кўникмасини ҳосил қилдим. Битта сир - агар гол уриш ҳақида кўп ўйласангиз, омадингиз юришмаслиги аниқ. Яна ҳар қандай ҳолатда совуққонликни сақлаб қолиш муҳим ва ҳамиша ўзлигимни йўқотмасликка интиламан. Чунки ҳужум позициясида эртами-кеч гол уриш имконияти юзага келишини биламан. Бир сафар ўхшамаса, кейингисида ўхшайди, албатта. Фақат қачон гол уришни ўйлаб, асабийлашмасанг, бас. Демоқчиманки, ҳужумчи аввало, эркин тўп суришни ўрганиши керак.

- «Манчестер Сити»да ҳар мавсум АПЛ ўйинларининг ўзида ўртача ҳисобда 20тадан кам гол урмаяпсиз. Барқарор самарадорлик сирини ҳам оча оласизми?

- Ҳаммаси оддий: ҳар мавсум максимал маррага интилишинг керак. Шунда маълум меъёрдан пастламайсан, барчаси ўз-ўзидан ривожланади. Такрор айтаман, кўп гол ураётганимда, статистикани асло ўйламаслигим ўрни ҳам катта.

- «Вест Хэм» ҳимоячиси Исса Диоп France Footballга берган интервьюсида шундай деганди: «Агуэро ҳар қандай вазиятни гол билан якунлашга қодир». Наҳотки, шундай бўлса...

- Кўпинча, ҳужумда муайян қарор қабул қилишинг учун сониядан кам вақт бўлади. Тан олишим керак, айрим голлар ўзим учун ҳам мутлақо «сюрприз» ҳисобланади. Яъни кутилмаган ҳолатда юзага келади. Эсимда, болалар футболида ҳам шундай эди - ўз-ўзидан гол уриб қўярдим. Ўйлайманки, бу асосий хусусиятларимдан бири. Эҳтимол, ўта омадлидирман. Асосийси, гол уряпман, қолгани эса унча муҳим эмас.

 

ЧЕМПИОНАТДАГИ

«СЮРПРИЗ» - ҒАЛАБА

- Бир сафар ўйиннинг 94-дақиқасида катта воқеа рўй берганди. Ўша учрашувни эслай оласизми?

- «Куинз Парк Рейнжерс» дарвозасини нишонга олганман - «олтин гол», 2012 йил 13 май куни. Тўғриси, майдонга тушишдан олдин барчамизни қандайдир титроқ босганди. Чунки ғалаба қозонсак, чемпион бўлардик, аммо жамоамизда бундай муҳим паллада қандай ўйнаш тажрибаси йўқ эди. Қолаверса, аксарият клубдошларим ҳали бирор марта чемпионлик тахтига кўтарилмагандилар. Шунданми, ўйин жуда асабий тус олди, 94-дақиқада гол урганимдан кейингина елкамиздан тоғ ағдарилган ва енгил тин олгандик.

- Ўша гол билан «Манчестер Сити» тарихининг янги саҳифасини очиб бергансиз.

- Шундай. Бордию, ўша оқшом чемпионликни бой берганимизда, бу барчамиз учун чинакам зарба бўларди. Чунки ҳаммаси ўз қўлимизда эди - уйда ўйнаганмиз. Демакки, мақсадга эришмаганимизда, мухлислар ҳам бизни асло кечиришмасди. Бахтимизга, ҳаммаси биз учун яхшилик билан тугади. Мана, шу-шу ҳар мавсум айнан олтин медаль учун курашишга одатландик. «Сити» сафига қўшилганимда, жамоанинг янги тарихида 1та соврин бор эди - 2011 йилги Англия кубоги. Ўйлашимча, илк чемпионликнинг салмоғи баланд, барибир. Зеро, шундан кейин кўпчилик жамоамиз ҳақида баралла гапира бошлади. Қаранг, навбатдаги 8та чемпионатдан яна 4тасида ғалаба қозониши уддасидан чиқдик.

- Умуман олганда, 43 йил давомида чемпионлик нималигини билмаган жамоа сафига қўшилган эдингиз.

- Ўзи АПЛни ёқтирардим, қолаверса, мунтазам ЧЛда ўйнашни хоҳлаганман. Шунинг учун «Сити» таклифини иккиланишсиз қабул қилганман. Ҳа, бунда бироз таваккалчилик бор эди - мураккаб қарор. «Олтин гол»ни қўя турайлик, «Манчестер Сити»даги илк мавсумдаёқ чемпион бўлиш ҳам хаёлимга келмаганди. Очиқ айтганда, чемпионатдаги ўша ғалаба биз учун ёқимли «сюрприз» бўлганди. Аслида эса олдимизга ЧЛга йўлланма олиш ва асосий рақиб - «МЮ» билан муносиб ўйнаш вазифаси қўйилганди.

- Ҳа, айнан «Манчестер Сити»ни танлаб, кўпчиликни ҳайратга солган эдингиз. Бинобарин, олдингизда таклифлар етарли эди...

- Мадрид «Атлетико»сида ортиқ қололмаслигимни тушунгандим. Фақат олдимда ўйин услуби ўзимга мос келадиган жамоа танлаш масаласи кўндаланг турганди. Бу борада шошилганим йўқ. «Сити» эса ташаббус кўрсатди. Жумладан, бош мураббий Роберто Манчинининг ўзи ҳам қўн­ғироқ қилди. Жамоа таркибида ҳам­юртларим - Карлос Тевес ва Пабло Сабалетанинг борлиги ҳам қароримда муҳим роль ўйнаганди.

- Лекин ўша вақт «Сити»ни танлаш чиндан ҳам, таваккалчилик саналган.

- Асосийси, жамоага тез мослашдим, мураббий ишонч билдирди, йигитлар ёрдам беришди ва гол кетидан гол ура бошладим. Якунда илк мавсум чемпионатнинг ўзида 23та гол тўпладим, бошқа турнирларда урилган голларни қўшсак, 30та!  Муҳими, Англия чемпионига айландим. Барчаси биринчи мавсумда!

- Демак, танловда адашмагансиз.

- Бошидан бу ерда ўзимни қулай ҳис этдим. Клуб футболчиларга ҳар томонлама ёрдам беради. Ҳаттоки, бизнинг кундалик ҳолатимизни қайд этиб борадиган махсус мутахассис ҳам бор. Қисқаси, клуб барчасига профессионал тарзда ёндашади.

 

ЧЛга ДОИР ЎЙЛАР...

- Хўш, «Сити»нинг ЧЛда ниҳоят , ғалаба қозонишига айнан нима етишмаяпти?

- Ҳар сафар арзимас бирор нарса. Дейлик, ўтган мавсум ҳакамнинг айби билан ярим финалда тўхтадик. ЧЛнинг «плей-офф» босқичларида омад ҳам катта роль ўйнайди. Эҳтимол, жорий мавсум омад бизга кулиб боқар...

- Давид Сильва қатори жамоа фахрийси ҳисобланасиз. «Сити»да сизларга алоҳида эътибор қаратишса керак...

 - Ҳаммадан ажралиб туришни унча ёқтирмайман. Бизга ҳурмат билан ёндашишлари эса бор гап. Лекин ўзим ҳаттоки, кеча келган ёшларга ҳам тепадан қарамайман, ўзаро мулоқот пайти уларга босим юклашни истамайман.

- Ҳозирга қадар Манчини, Пеллегрини ва Гвардиола билан ишладингиз. Булар - алоҳида хусусиятларга эга мураббийлар.

- Ҳа, ҳар бир мураббий ўз имзосига эга. Биз - ўйинчилар эса уларнинг ғояларини амалга татбиқ этишга уринамиз. Манчини даврида 4-4-2, 4-3-1-2 ва 4-5-1 тактик чизмалари остида ўйнагандик. Пеллегрини асосан 4-4-2 тактикасига таянди. Пеп эса 4-3-3га мойил.

- Яна нима дея оласиз?

- Жамоа қадамба-қадам кучайди  - аввал Манчини, кейин Пеллегрини бошқарувида. Таркиб муайян савияга чиққач, Пепни таклиф этишди. У «Барса»даёқ ўз фалсафасини шакллантирганди. Ўйлайманки, ҳозир барчаси жойида, ўйинимиз сифат бўйича чакки эмас. Энг асосийси, Пеп қачондир кетган тақдирда ҳам, жамоа ўз йўлини йўқотмайди. Академия жамоалари ҳам ҳозирги услубимиз бўйича ўйнамоқдаки, бу бежиз эмас.

- Шахсан сизнинг Гвардиола билан муносабатингиз қандай?

- Яхши. Етарлича гаплашиб турамиз. Таркибга қўйдими, бор кучимни ишга соламан, чунки захирада Габриэль Жезусдек ажойиб ҳужумчи ўтирганини яхши биламан.

 

ЭНГ ЯХШИСИ - МЕССИ

- Олдин  «МЮ» - «Ливерпуль» ўйини АПЛнинг бош тўқнашуви ҳисобланган, энди эса «Ливерпуль» - «Манчестер Сити» баҳси мақоми баланд. Испан «класико»сининг инглизча варианти...

- Эҳтимол, «Ливерпуль» билан ­ўйинимиз телевидение ва омма учун чиндан ҳам «класико»дир, аммо ўзимиз ҳамон «Юнайтед»га қарши учрашувни асосий жанг сифатида кўрамиз. Ҳа, «Ливерпуль» ҳамиша принципиал рақиб бўлиб келган, лекин «МЮ» билан ҳисоб-китоб бош­қачада, барибир.

- «Ливерпуль» ҳозир ишонч билан пешқадамлик қилмоқда.

- Турнир йўли ҳали жуда узун ва ҳар нарса рўй бериши мумкин.

- «Ливерпул»нинг ҳужумкор трио­си - Мане, Салоҳ ва Фирмино ҳақида нима дея оласиз?

- Ўта тезкор йигитлар. Сира тиним билмайдилар. Бир дақиқа эътиборсиз қолдирсангиз, тамом... Самарали ўйнаётганларида анчадан буён бирга эканликларининг роли катта, албатта...

- Ҳар учови ҳам «Олтин тўп»га номзод, худди сиз ва дўстингиз Лионель Месси каби. Хўш, фаворит ким?

- Фаворит ўзгармайди - Лео. Албатта, номзодлар қаторидан жой олганим ажойиб, лекин энг яхшиси Месси, барибир.

 А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz