Қайднома

Қидирув

“Лидс” энг омадсиз жамоа-ми?

“Лидс” энг омадсиз жамоа-ми?

  01.12.2019 01:46
  0
  601
“Лидс” энг омадсиз жамоа-ми?

Европанинг энг омадсиз клуби бўлишга номзод «Лидс» ҳақида нималарни биласиз? У ҳозирча Англия футбол тизимидаги иккинчи дивизионда ўйнамоқда. Айрим фактлар борки, улар кишини айнан шу омадсиз жамоага мухлислик қилишга ундайди. «Лидс» АПЛдан кейинда турувчи лига - Чемпионшипнинг 16-туридан сўнг турнир жадвали 3-поғонасида бормоқда. Лидсликлар пешқадам - «Вест Бромвич»дан атиги 2 очко орқадалар, аммо улар қаторасига иккинчи мавсум АПЛга чиқиш имкониятидан фойдаланолмасликлари мумкин. Ваҳоланки, «Лидс» ўйин сифати бўйича дивизионнинг энг яхши иштирокчиси бўлиб турибди. Ўтган мавсум ҳам жамоа ижросидаги футбол кўпчиликда ёрқин таассурот қолдирганди.

«Лидс» агар жорий мавсум якунида ҳам АПЛга йўлланма ололмаса, бу қайсидир маънода адолатсизлик бўлади. Нега? Ҳаттоки, бетараф мухлислар учун ҳам муҳим саналган бир қатор қизиқарли далил-сабаблар борки, улар ҳақида алоҳида тўхталиш керак.

Биринчи сабаб - Марсело Бьелса. «Лидс»ни ғалати табиатли, машҳур ва озгина телба (лақаби - El Loco шундай маъно беради) мураббий бошқараётганининг ўзи битта алоҳида факт. Зеро, у нафақат Чемпионшип, балки Англиянинг барча қуйи дивизионларида ишлаётган ягона хорижлик мутахассисдир. Умуман, аргентиналик Бьелса ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Энг ёрқин факт шуки, у Хосеп Гвардиола ва Маурисио Почеттинога кучли таъсир ўтказган. Ҳар ҳолда, улар жаҳоннинг энг яхши мураббийи сифатида айнан Марсело Бьелсани эътироф этишади. Айтиш жоизки, аргентиналик мутахассис «Лидс»да иш бошлагани ҳамоно клубни мутлақо ўзгартирди. Яъни эндиликда машғулотлар жараёни, рақибларни ўрганиш, ўйин чизмаси, футболчилар ва ходимлар ўртасидаги ички муносабатлар - барча-барчаси ўзгача. Энг диққатга сазовор жиҳат - Бьелса жамоа бошқарувини қўлга олганидан кейинги илк ой давомида футболчиларни машғулотлар базаси ҳудудини тозалашга мажбур этди ва бу чора-тадбирни оддий изоҳлади: «Клуб аъзолари аввало, оддий инсонлар нечоғли қийинчилик билан пул топишаётганини теран тушунишлари ҳамда буни асло ёддан чиқармасликлари керак».

Муҳими, «Лидс» тез орада Чемпионшипнинг тўпни энг яхши назорат қилувчи жамоасига айланди. Бу эса ўйин сифати сезиларли даражада ошишига олиб келди: лидсликлар хавфли вазиятлар яратиш бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этиш баробарида лигада энг кам гол қўйиб юборишди. Асосийси, жамоа якунда 3-ўринни эгаллади (охирги 15 йил ичида бундай юқорига кўтарилган эмасди). Энг қизиғи, Бьелса бунга қадар бирор клубда 2 мавсумдан кўп ушланиб қолмаганди. Аргентиналик кўпинча қандайдир телбаликка қўл уриб, эртароқ кетарди. Мисол учун, «Лацио»да атиги 48 соат ишлаганидан кейин истеъфога чиқарилганди.

Айтиш ўринли, агар «Лидс» жорий мавсум АПЛга чиқиш миссиясини бажаролмаса, унда катта эҳтимолки, Бьелса бу жамоадан ҳам ҳайдалса керак. Лекин агар лидсликлар йўлланма соҳибига айлансалар, АПЛ мухлислари кейинги мавсум ғайриоддий табиатга эга мутахассис ишидан ўзгача завқ олишлари мумкин. Фақат бунинг учун аргентиналик мураббий аввало, қандайдир телбаликка қўл уришдан тийилиши керак. Ана шунда у юқори дивизионда ўз шогирди Маурисио Почеттино («Тоттенхэм»дан кетган мураббий АПЛнинг бошқа клубида иш бошлаши мумкин, ҳар ҳолда), қадрдони Хосеп Гвардиола ва принципиал рақиби Франк Лэмпард билан тўқнашиш имкониятини ҳосил қилса, ажабмас. Айтганча, «Лидс» мухлислари Бьелсани жуда қадрлашади. Улар ўтган мавсум якунида мураббийга ҳаттоки, очиқ хат ёзишди. Ўша мактубдан олинган иқтибосга эътибор қаратинг: «Жаноб Бьелса, чексиз ҳурматимиз, чин мақтовимиз ва шубҳасиз, қўллаб-қувватлашимизга лойиқсиз. Сизнинг фалсафангизга тўлиқ ишонамиз ва барча ҳаракатларингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Сиз йўлга қўйган футбол бизни ёрқин орзулар сари етаклайди ва умидвормизки, янги мавсумни бирга бошлаймиз».

Иккинчи сабаб - адолат тантанаси. «Лидс» Марсело Бьелса бошқарувидаги илк мавсумда, яъни аввалги чемпионатда 46та турдан 21таси якунида турнир жадвали пешқадами сифатида гавдаланди. Бироқ кейинчалик кўзда тутилмаган муаммолар бошланди - жамоа ичида ёқимсиз ҳолат. Аниқроқ айтсак, футболчилар ўртасида бир неча можаро келиб чиқди. Қолаверса, жамоа ташқарисида ҳам тушунарсиз воқеа кузатилди - Бьелсани «Дерби»га қарши баҳсдан олдин рақиб томонга «жосус» юборганликда айблашди. Қўшимчасига, кўплаб футболчилар бирин-кетин жароҳатга йўлиқишди ва мураббий асосан ёшларга таянишдан ўзга чора тополмади. Дейлик, «Лидс» баъзан ўйинни 10 нафар 21 ёшдан кичик футболчи билан бошлади. Шунга қарамай, Бьелса дружинаси мавсум якунида хавфли ҳужумлар ва фойдаланилмаган вазиятлар сони (xG) бўйича энг яхши кўрсаткич қайд этди. Қолаверса, «Лидс» ҳаммадан кам гол қўйиб юборди ва тўпни энг яхши назорат қилган жамоа бўлди. Бироқ омадсизлик, вазиятлардан етарлича самара чиқаролмаслик, муҳим футболчиларнинг бемаврид жароҳатланишлари панд берди. Акс ҳолда, Бьелса жамоаси 3-ўрин эмас, 1 ёки 2-поғонадан жой олармиди? Муҳими, бронза медали лидсликларга АПЛ йўлланмаси учун курашни давом эттириш имкониятини берди. Фақат бунинг учун жамоадан Чемпионшип «плей-офф» босқичида 2та рақиб тўсиғидан ўтиш талаб этиларди.

«Плей-офф»га келсак, «Лидс» илк раундда «Дерби Каунти» билан тўқнаш келди. Лидсликлар чемпионат давомида бу рақибни 2 марта енгишганди. Қолаверса, Бьелса ва айни шу жамоа ўртасида «жосус»ликка боғлиқ жанжал юзага келганди. Хуллас, «Лидс» ҳал қилувчи ўинлардан биринчисини ўз майдонида ўтказиб, ягона гол эвазига ғалаба қозонди. Аммо жавоб баҳсида шунчаки, «куйиб» қолди - 2:4 ва АПЛга чиқишдан умид узди.

«Лидс» жорий мавсум ҳам ўйин сифати бўйича яққол ажралиб турибди. Фақат, лигада яна энг кам гол қабул қилаётган ва назоратни қўлдан бой бермаётган жамоа ҳозирча 3-ўринда. Мана, иштирокчи клублар ўйинлари сифатини кўрсатиб турган қуйидаги графикка эътибор қаратинг. Жамоа қанчалик ўнгроқда бўлса, бу унинг кўпроқ, сифатлироқ хавфли вазиятлар яратаётгани ҳамда рақибларнинг ҳужум уюштиришларига камроқ имконият бераётганидан далолат. Бу борада «Лидс» ҳаммадан олдинда:

«Лидс» ҳаҚидаги фактлар

 

***  «Лидс» - Чемпионшипда энг кўп мухлис тўплаётган жамоа. Унинг уй учрашувларини ўртача ҳисобда 34 минг мухлис кузатмоқда. Лидсликлар бу борада қолган иштирокчилардан яққол олдиндалар.

***  Жамоа жорий мавсум якунида АПЛга қайтишни уддаласа, бу ўзига ажойиб совға бўларди. Биринчидан, «Лидс» 15 йиллик танаффусдан кейин яна элитага қайтган ҳисобланади. Иккинчидан, жамоа бу мавсум 100 йиллик юбилейини нишонлайди.

***  «Лидс» деярли 20 йилдан буён Европа миқёсидаги турнирларда қатнашаётгани йўқ. Шунга қарамай, у еврокубоклардаги ўйинлар сони бўйича ҳамон Англиянинг энг илғор 6та жамоасидан биридир. Айни ҳолатда «Лидс» бу борада ҳаттоки, «Манчестер Сити»дан олдинда.

***  «Лидс»нинг омадсизлиги ва буюк тарихи унга алоҳида қайғуришни тақозо этади. Қаранг, клуб Англия чемпионатида 6 марта ғолиблик нашидасини сурган. Унинг ҳисобида яна 2тадан Англия кубоги, суперкубоги ва еврокубок бор. Бироқ! «Лидс» миллий кубок, суперкубок, еврокубок финалида нақ 20 марта ютқазган ёки чемпионатда шунчаки, 2-ўрин билан чекланган. Хўш, шундай клубга бефарқ қараш мумкинми?

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz