Қайднома

Қидирув

27:0га «МУКОФОТ» - ИСТЕЪФО

27:0га «МУКОФОТ» - ИСТЕЪФО

  01.12.2019 04:52
  0
  411
27:0га «МУКОФОТ» - ИСТЕЪФО

Италияда жамоаси 27:0 ҳисобида ғалаба қозонган мураббийни ишдан бўшатишди. Уни рақибга нисбатан ҳурматсизлик қилганликда айблашди. Кўринишидан, клуб президенти Паоло Брогелли мушкетёрлар ҳақида жуда кўп китоб ўқиган, шекилли... Қуйидаги мақола айни шу ҳақда.

Воқеа тафсилотларига тўхталсак, 16 ноябрь куни «Инвиктасауро» ва «Марина Кальцио» ёшлар жамоалари ўзаро куч синашди ва ўйин 27:0 ҳисоби (!)да тугади. Ғалаба қозонган жамоа таркибида айниқса, Трабальзини, Марруччи (6тадан) ва Барбьери (7та) яйраб гол уришди. Энг қизиғи, учрашув тугагач, ғолиб томон бош мураббийи - Массимилиано Риччини истеъфога чиқарилди. «Инвиктасауро» президенти Паоло Брогелли уни рақибларга нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлганликда айблади. Яъни ўзининг кутилмаган қарорини шу тариқа изоҳлади. Нега? Қанақасига? Эҳтимолки, унга мағлуб жамоа спорт директори Тиберио Пратезининг эътирози таъсир қилгандир. Ҳар ҳолда, «Марина Кальцио» вакили лига етакчилари камтарин жамоага ўта шафқатсиз муносабатда бўлишаётганидан нолиди. Қўшимчасига, унинг клуби жароҳатланган бир қатор асосий футболчиларсиз ўйнаганини таъкидлади. Натижада «Инвиктасауро» раҳбари бундай камситувчи ҳисоб қайд этилгани учун рақиб жамоадан ошкора равишда узр сўраб, клуб раҳбарияти бош мураббий Риччинини истеъфога чиқаришга қарор қилганини маълум қилди. «Мураббийларимиз ёш футболчиларни шунчаки, шуғуллантириш билан чекланиб қолмасликлари керак. Улардан аввало, тарбия масаласига эътибор қаратишлари талаб этилади», — дея ўз қарорини изоҳлади «олижаноб» Брогелли.

Хўш, жабрдийда мураббий кутилмаган исътефога қандай реакция билдирди? Табиийки, Массимилиано Риччини ҳайрон. У хайрлашув мактубида ўзини заррача айбдордек сезмаётганига шаъма қилиш баробарида Брогеллини маънавий томондан қашшоқ инсон сифатида «таърифлади»: «Шуниси аниққи, шогирдларимдан ҳеч бири рақибларни камситиш ёки уларнинг устидан кулиш ҳақида ўйлаган эмас. Шунчаки, кучли жамоа заиф рақиб билан ўйнади ва бир неча тезкор гол урди - бу футбол қонунияти. Нима, совуқ ва ёмғирли кунда жамоамдан қолган вақтда «томоша» кўрсатишини сўрашим керакмиди? Айнан шу камситиш саналмайдими? Қолаверса, танаффусда рақиб жамоа мураббийи билан гаплашдим ва қандай ёрдам беришим мумкинлигини сўрадим. У шунда муносиб жавоб берди: «Муаммо йўқ, шу руҳда ўйнашда давом этинглар». Йирик ҳисоб спорт принципларига зид эмас, асло. Ўта қўпол қоидабузарлик, очиқдан-очиқ ҳақоратлаш - шулар спорт меъёрларига тўғри келмайди. Ҳарқалай, қоидаларда 27та гол уриш тақиқланган эмас. Ўзингиз ўйланг, футболчилар майдонда 80 дақиқа жим туришлари ёки атайин 1-2та гол қўйиб юборишлари керакмиди? Бу футбол ва унинг мухлислари устидан кулиш саналмайдими? Спорт — бу кураш, мусобақа! Шахсан мен рақибнинг атайин ён босишидан кўра, чинакамига курашишини маъқул кўраман. Бунда жамоамни 27:0 ҳисобида енгса ҳам майли. Қисқаси, шогирдларим ҳаддан ортиқ кўп гол урган бўлсаларда, рақибларга ҳурмат билан ёндашишди, финал ҳуштаги янграгач, уларга миннатдорчилик билдиришди, самимий гаплашишди. Демакки, ушбу воқелик спортга хиёнат эмас. Аксинча, бу тушунарсиз қарор қабул қиладиган одамларнинг иккиюзламачи, маънан қашшоқ ва пасткаш эканликларидан далолат...».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz