Қайднома

Қидирув

Давидсни эслатиб...

Давидсни эслатиб...

  01.12.2019 06:03
  0
  159
Давидсни эслатиб...

«Атлетико» ихтиёридаги футболчилардан бири майдонга махсус кўзойнак билан тушмоқда (ҳа, худди яқин ўтмиш юлдузи Эдгар Давидс каби). Гап шундаки, унда ҳам кўриш қобилиятига боғлиқ муаммоси бор. Франcиско (ёхуд Хави) Монтеро - ҳуқуқий жиҳатдан «Атлетико»га тегишли, айни пайт эса «Депортиво»да ижара келишувини ўтаётган марказий ҳимоячи. 20 ёшли йигитча профессионал футболга қадам қўйибдики, ҳимояловчи махсус кўзойнак таққан ҳолда ўйнамоқда. Франсиско илк марта кенг жамоатчилик назарига 2018 йили, «Атлетико» ва «Арсенал» ўртасидаги назорат ўйини (мавсумолди турнири)да тушган, ўшандаёқ кўзойнаги билан алоҳида ажралиб турганди.

Табиийки, ҳамма Монтерони дарров нидерландиялик афсона Эдгар Давидс билан таққослай бошлади: «Қаранг, «Атлетико» ҳимоячиси худди Давидс каби кўзойнакда ўйнамоқда. Бунинг сабабини биладиганлар борми?» Айтганча, Pro Evolution Soccer-2019 ўйин иловасида ҳам кўзойнакли Монтерони кўриш мумкин. Умуман олганда, Монтеронинг Давидсга ўхшатишлари бежиз эмас. Зеро, кўзойнакдан ташқари ҳам уларни боғлаб турган муштаракликлар бор. Нидерландиялик собиқ ярим ҳимоячи чуқур глаукомадан азият чеккан. Яъни кўз босимининг доимий ўзгариб туриши натижасида унинг кўриш қобилияти пасайган. Қолаверса, бунинг оқибатида футболчининг кўриш тизими асабига путур етган. Хуллас, Давидс кўзойнаксиз яхши кўролмасди, демакки, майдонда ўйнолмасди. Монтеронинг бу борадаги тарихи бироз бошқача. У 2017 йили «Атлетико» ёшлар жамоасининг «Адарве»га қарши ўйини пайти айнан кўзига зарба қабул қилган. Франсиско тўпни боши билан қайтариб юборишга уринган бир паллада рақиб оёғини кўтарганча баланд сакраган. Аянчли лаҳза - кўз атрофига оғриқли зарба. Бунинг оқибатида Монтеронинг чап кўзи кўриш қобилияти кескин ёмонлашган. Муҳими, шифокорлар лат еган кўзни дарҳол муваффақиятли операция қилишган ва футболчига зарур тикланиш курсини тайинлашган. Монтеро шу тариқа 1 ойдан кўп вақт машғулотлардан четда қолган ва врачлар тавсиясига биноан, илк дарвларда кўзойнак тақиб юрган.

Ҳозир эса футболчи кўзойнаксиз ҳам ўйнай олади - кўриш қобилияти тўлиқ тикланган, кўзи яхши ҳолатда. Бироқ Хави гарчи машғулотларда кўзойнак тақмасада, ўйинларга уларсиз тушмаяпти. Айни шу масалада уни Давидс эмас, балки Петр Чех билан қиёслаш керак. Ҳар ҳолда, чехиялик голкипер ҳам жароҳатлан қутулганига қарамай, бошидан ҳимоя қалқонини ечмаганди. Монтеронинг айтишича, у бу борада ота-онаси раъйига қараб иш тутаётган экан: «Ҳа, аслида кўзойнакни батамом ташлашни хоҳлайман, чунки унга ортиқ эҳтиёж сезаётганим йўқ. Бироқ ота-онам ўша аянчли ҳолатни ҳали унутишмаган ва ҳамиша саломатлигим борасида хавотирдалар. Қисқаси, айнан уларнинг қатъий илтимослари сабаб, ҳамон майдонга кўзойнак тақиб тушяпман. Қолаверса, бунда ўзим ҳам хотиржамроқ тўп сураётган эканман, нега энди ҳимоя воситасидан воз кечишим керак...?»

МУҚОБИЛ ТЕРМА ЖАМОА

Жаҳоннинг айрим энг кучли футболчилари ҳозирги миллий жамоалари эмас, мутлақо бошқа термаларда ўйнашлари ҳеч гап эмасди. Хўш, айнан кимлар? Қуйидаги фотожамланма (манба - sports.ru)га қараб, шу ҳақда маълумот олишингиз мумкин.

***  Бразилиянинг Озаску шаҳарчасида туғилган Эдерсон Мораес 15 ёшида «Сан-Паулу» клуби ёшлар академиясида шуғуллана бошлади. Лекин орадан 1 йил ўтиб, бўлажак кипер Португалияга йўл олиб, «Бенфика» тизимидаги ёшлар жамоаси сафига қўшилди. Қисқаси, Эдерсон мавсум-2017да Бразилия миллий жамоаси таркибида дебют қилишига қадар Португалияда 8 йил яшаган ва бу мамлакат фуқаролигини ҳам олганди. Якунда дарвозабон «Манчестер Сити» клуби ва ўз юрти миллий жамоасини танлади.

 

***  Бразилия терма жамоаси ҳимоячиси Маркиньос олдида ҳам португалияликлар фойдасига қарор чиқариш имконияти бор эди. Ҳар ҳолда, вақтида уни айнан «Европа Бразилияси» сафида ўйнаши хусусида гап-сўзлар тарқалган ва ўзи ҳам буни инкор этмаганди: «Ҳа, ҳам Бразилия, ҳам Португалия паспортига эгаман. Битта терма жамоани танлаш масаласида шахсий менежерим ва оилам билан барчасини ўрганиб, таҳлил қилиб чиқамиз, албатта. Агар португаллардан таклиф тушса, нега рад этишим керак? Бундан фақат ғурурланишим мумкин». Лекин Маркиньос якунда Бразилия термасини танлади ва фикрини дарҳол бироз ўзгартирди: «Тўғриси, бошидан шу вариантга мойил эдим. Яъни анчадан буён Бразилия термаси учун ўйнаш ҳақида ўйлаётган эдим. Энди ўз қароримни ортиқ муҳокама қилишни истамайман. Ишончим комил, бу борада адашмадим».

 

***  Давид Алабанинг онаси Филиппиндан: у Австрияга эмигрантлар гуруҳида йўл олиб, кейинчалик ҳамшира сифатида ишга жойлашган. Футболчининг отаси - Жорж тарихи янада қизиқарли. Эътибор беринг, катта Алаба аслида нигериялик шаҳзода. «Ҳа, мен шаҳзодаман, амаким эса Огере-Ремо қишлоғи қироли ҳисобланади. Лагос яқинидаги ушбу қишлоқда 60 минг киши яшайди», - деганди Жорж. Қисқаси, Давид олдида терма жамоа масаласида 3та вариант бор эди. Жумладан, Нигерия ва Австрия футбол иттифоқи у учун жиддий курашди. Давид эса ўзи туғилган мамлакат - Австрия шарафини ҳимоя қилишни маъқул кўрди.

 

***  Уругвайнинг Толедо шаҳарчасида туғилган Хосе Хименес аслида отасининг аждодлари туфайли Испания терма жамоаси ҳимоясини кучайтириши мумкин эди. Лекин у бу масалада киндик қони тўкилган юрт фойдасига қарор қабул қилишда заррача шубҳалангани йўқ.

 

***  Калиду Кулибали Францияда туғилган ва футболга шу мамлакатда қадам ташлаган. Унинг ота-онаси Сенегалдан. Онаси фаррош, отаси ўрмон кесувчи бўлиб ишлаган. Калидуда эса ҳар икки мамлакат паспорти бор. Хуллас, футболчи французларни танлаш имкониятига эга бўла туриб, она-онаси ватани шарафи учун ўйнашни лозим топди.

 

***  Деле Аллининг туғилган манзили - Милтон-Кейнс (Англия). Отаси - нигериялик, онаси - инглиз. Кеиде (отаси) Деле туғилганидан бир ҳафта ўтиб, АҚШга кўчиб кетган. Натижада Англия терма жамоасининг бўлажак ярим ҳимоячиси алкоголь ичимликларга боғлиқ муаммоси бор Дэнис (онаси) қарамоғида қолган. Дарвоқе, отаси кейинчалик 9 ёшли ўғлини Нигерияга олиб кетган, лекин футболчи атиги 2 йилдан сўнг Милтон-Кейнсга қайтган.

 

***  Миралем Пьянич Босния ва Герцеговинанинг Тузле шаҳрида туғилган. Ота-онаси - Фахруддин ва Фотима Пьянич 1992 йили Босниядаги фуқаролар уруши таъсирида Люксембургга кўчиб ўтишган. Миралемнинг футболчилик фаолияти айнан шу мамлакатда бошланган. У ҳаттоки, ўсмирлар тоифасидаги Евро-2006да Люксембург термаси сафида тўп сурган, лекин катталар миқёсида она ватанини танлади.

***  Жейдон Санчонинг ота-онаси Тринидад ва Тобагодан. Тўғри, улар Англия пойтахти - Лондонга 20-асрнинг охирги йиллари кўчиб келишган. Камберуэллда туғилган Жейдоннинг болалик йиллари Кеннингтонда ўтди. Оддий айтганда, у Тринидад ва Тобаго термаси ҳақида жиддий ўйламаган бўлса керак.

 

***  Раҳим Стерлинг Ямайка пойтахти — Кингстон шаҳрида дунёга келган. «Отамни отиб кетишганида, атиги 2 ёшда бўлган эканман. Кейинчалик ақлимни танигач, ўзимга сўз берганман - «Ҳаётда қўлимга тўппонча олмайман, агар олсам, ўнг оёғимга отаман», - деганди Стерлинг. Айтганча, Раҳимнинг ўнг оёғида автомат сурати акс эттирилган татуировка бор. Бўлажак футболчи 5 ёшга тўлгач, онаси Англияга йўл олиб, Лондонда иш топган. Раҳим шу аснода «Куинз Парк Рейнжерс» клуби академиясида таҳсил олган.

 

***  Лионель Мессининг туғилган жойини деярли ҳамма билади - Росарио (Аргентина). Катта Месси - Хорхе Орасионинг ота аждодлари Италиянинг Анкона шаҳрида яшашганини эса кўпчилик билмаса керак. Қолаверса, Хорхенинг она томондан бобокалонлари Каталониядан. Италия қонунчилигига кўра, Лионель мамлакат фуқаролигини олишга ҳақли эди. Чунки аждодлари бошқа диёрда яшаган бўлсаларда, улардан ҳеч ким Италия фуқаролигидан воз кечмаган. Итальянларнинг Лионелни маҳаллийлаштиришга уринишгани ҳақида маълумот йўқ, лекин испанлар ҳаракат қилиб кўришган. Буни «қизил фурия»нинг собиқ бош мураббийи Висенте дель Боске ҳам тасдиқлаганди: «Испания Қироллик футбол федерацияси Мессини биз томонга оғдиришга уринди, аммо у ўзи туғилган мамлакат жамоасида ўйнашни хоҳлади».

 

***  Мауро Икарди ҳам Аргентина эмас, Испания ёки Италия термасини танлаши мумкин эди. «Альбиселест» ихтиёрида савияли ҳужумчилар кўплигига қарамай, Мауро ўз ватани жамоасида ўйнашга мойиллик сезди ва бундан асло афсусланаётгани йўқ: «Болалигимдан Аргентина миллий жамоаси либосини кийишни орзу қилганман ва Италия термаси таклифини рад этганимдан асло афсусланмайман. Биламан, «альбиселест» жаҳоннинг энг кучли ҳужумчиларига эга, лекин мен ҳали ёшман ва кучли рақобатга мутлақо хотиржам қараяпман. Ҳа, испанлар ҳам хизматимга қизиқиб, отамга қўнғироқ қилишган, лекин такрорлайман, терма жамоалар футболида фақат ва фақат Аргентина учун ўйнашни хоҳлагандим».

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz