Қайднома

Қидирув

Павел БУГАЛО: «Эътироф Суюновга эмас, ҳимоячиларга бўлиши керак»

Павел БУГАЛО: «Эътироф Суюновга эмас, ҳимоячиларга бўлиши керак»

  01.12.2019 09:16
  0
  583
Павел БУГАЛО: «Эътироф Суюновга эмас, ҳимоячиларга бўлиши керак»

Ноябрдаги ФИФА кунлари ниҳоясига етгач, клублар яна катта саҳнага чиқди. Миллий чемпионатимизнинг сўнгги турлари ўта қизиқарли ва шиддатли ўтмоқда. Бугунги кунда АГМК дарвозабонларига устозлик қилаётган Павел Бугало Суперлига 24-тури доирасидаги «Қўқон-1912»га қарши баҳсдан сўнг бизга интервью бериб, мавсум финишидан олаётган таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Дастлаб Қўқондаги ғалабали ўйин борасида фикрларингизни билдириб ўтсангиз...

- Менимча, жамоамиз яхши ўйнади. Вазиятлардан унумли фойдаландик. Бир-биридан ажойиб голларни урдик. Учрашув тўлиқ назоратимиз остида ўтди. Мазкур баҳсга танаффусда етарлича тайёргарлик кўргандик. Машғулотларда ҳар бир жиҳат устида ишладик ва расмий беллашувда бунинг натижасини кўрдик. Умуман, 3:1 ҳисобида ғалабага эришган бўлсакда, ўйин осон ўтди, деган фикрдан йироқман.

- «Қўқон-1912» баҳснинг иккинчи қисмида тактикани ўзгартирди. Лекин АГМК мезбонларга имконият бермади...

- Тўғри, рақиб иккинчи бўлимда босимни оширди. Лекин жамоамиз ҳимоячилари ишончли ҳаракат қилишди. Шунга қарамай, майдон эгалари учрашув охирида вазиятлардан бирини голга айлантиришди.

- АГМК учун жорий мавсум қандай ўтяпти?

- Чемпионат ҳали тугамади. Яна иккита ўйинимиз қолди (суҳбат 25-турдан аввал бўлиб ўтган) ва Лига кубоги финалида ўйнаймиз. Жамоа­мизда мавсумни соврин билан якунлаш имконияти бор. «Қизилқум» ва «Бухоро»га қарши ўта қийин учрашувлар кутиб турибди. Бухороликлар Суперлигада қолиш учун курашмоқдалар. Биз билан баҳсда бор кучларини сарфлашлари аниқ. Мақсадимиз - муносиб ўйин кўрсатиш.

- Анчадан буён АГМК дарвозасини Суҳроб Султонов қўриқлаб келмоқда. Жамоадаги киперлар ўртасида рақобат йўқдек таассурот уйғонмоқда. Аслида ҳам шундайми?

- АГМКда 4 нафар дарвозабон бор. Суҳроб Султонов, Акбар Тўраев, Роман Абдулов, Низомиддин Зиёвуддинов. Ҳар бири ўз вазифасини аъло даражада уддаламоқда. Кимдир ўринбосарлар жамоасида майдонга тушяпти. Соғлом рақобатда ютиб чиққанлар асосий таркибда ўйнайди. Суҳроб жамоамизнинг асосий посбони саналади. Унинг ўйинидан қониқиш ҳосил қиляпмиз. Мураббийлар штаби унга ишонч билдирмоқда. Акбар Тўраев жароҳати сабабли сафдан чиққан ва даволанишда давом этмоқда.

- Термамиз дарвозасини қўриқлаган Элдор Суюновга кўп эътирозлар бўлмоқда. Собиқ ўйинчи ва айни дамда мураббий сифатида унинг ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?

- Суюнов иккала ўйинни ҳам ёмон ўтказмади. Саудияликлар билан баҳсда биринчи гол пенальтидан урилди. Иккинчисига рикошет сабаб бўлди. Бу дарвозабонлар учун жуда ноқулай ва қийин ҳолат. Учинчи голга келадиган бўлсак, Элдор ўша вазиятда дарвозабонлар учун керакли позицияни эгаллаб, вазиятни тўғри баҳолаганди. Биласизми, бу ҳолатда ижро мукаммал бўлди. Рақиб футболчиси ҳимоячилар таъқибидан қочиб, юқори узоқ бурчакни нишонга олди. Суюнов ўша вазиятда ўрта ёки узоқ бурчакни ёпганда, биринчидан хато қилган бўларди ва зарба яқин бурчакка йўналтирилса, уни тўсолмасди. Чунки бунинг имкони бўлмасди. Такрорлайман, учинчи гол дарвозабоннинг хатоси эмас, балки ижро маҳорати туфайли урилди. Ҳимоячилар нега рақибнинг зарба беришига йўл қўйишгани ҳақида савол ўртага ташлангани маъқулроқ. Қолган кўплаб вазиятларда Суюнов дарвозабон сифатида тўғри ўйнади ва хавфларни бартараф этди.

- «Бунёдкор» билан кўплаб хотираларингиз бор. 2008 йили жамоа Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финалига етиб борган. Сизнингча, ўшанда мураббийнинг алмаштирилиши тўғри қарор бўлганмиди?

- «Бунёдкор»га 2007 йили келганман. Маҳаллий кучли футболчилардан ажойиб жамоа шакллантирилганди. Легионерлар йўқ эди, ҳисоби. Биргина Туркманистондан Гочкули Гочкулиев тўп сурган. 2008 йили клубимиз ОЧЛдаги иштирокини бошлади. Раҳбарлар олдимизга юқори вазифа ва мақсадларни қўйишди, чунки улар футболнинг ҳақиқий фидойилари эдилар. Мунтазам равишда машғулотларимизга ташриф буюришарди. Барча шарт-шароитларни яратиб беришган, «Бунёдкор» учун ҳар дақиқа қайғуришарди. Қосимов ўрнига Зико тайинланди. Натижада ярим финалда тўхтадик. Менимча, Миржалолга мавсум сўнгига қадар имконият бериш керак эди, ўшанда.

- 2009 йили «қалдирғочлар» сафини тарк этишингиз нима билан боғлиқ?

- Аниқроғи, 2010 йили кетдим. «Бунёдкор»га Сколари келди. Игнатий Нестеров таклиф этилди. Мен эса Андижонга кўчиб ўтдим. 2011 йили «Локомотив» билан биринчи лигада тўп сурдим. Фаолиятимдан афсусланмайман. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. 2013 йили «Локомотив»ни тарк этаётганимда 39 ёшда эдим. Футбол ўйнашга кучим ҳам, хоҳишим ҳам етарли эди. Уч ой «NBU-Осиё» стадионида шуғулландим. Декабрда Миржалол Қосимовга қўнғироқ қилдим. Улар билан бирга шуғулланиш истагим борлигини айтдим. Дарвозабонлар мураббийи Абдусаттор Раҳимов билан гаплашиб олдим. Ушбу мутахассис билан 2007 йили бирга ишлаганман, ундан миннатдорман. 2015 йили «Бунёдкор» бош мураббийлигига Сергей Лушан тайинланди. У болаликдаги дўстим эди, Лушан жамоада ҳамма нарсани ўзгартирди. Мен ўйновчи-мураббий сифатида фаолиятимни давом эттирдим. Кейинчалик бутсаларимни михга илишга қарор қилдим.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz