Қайднома

Қидирув

Серзавқ спектакллар ҳафтаси

Серзавқ спектакллар ҳафтаси

  01.12.2019 07:18
  0
  370
Серзавқ спектакллар ҳафтаси

Терма жамоалар ташвишларидан сал бўлсада фориғ бўлган топ-чемпионатлар вакиллари ички мусобақаларда енг шимариб ишга киришдилар. Бундан ташқари, ҳисобот турининг аксарият беллашувлари бир кунда ўтказилгани еврокубоклар иштирокчилари учун ажойиб совға бўлди - улар учун муҳим аҳамиятга эга халқаро учрашувларга бир кун кўпроқ тайёргарлик кўриш имконияти туғилди.

Англия. Етакчилардан салобатли сиполик

Аввалги турда амалдаги чемпионни маҳв этиб, янада олислаб кетган «Ливерпуль» бу сафар Лондонда «Кристал Пэлас» устидан навбатдаги ғалабани расмийлаштирди - 2:1. Қизиғи шундаки, ҳужумкорлик ва ўйин савияси бобида Ходжсон шогирдлари рақибдан устунлик қилишди, ҳатто гол уришга ҳам улгуришди. Бироқ VAR аралашувидан кейин Жеймс Томкинснинг аниқ зарбаси бекор қилинди. Меҳмонлар эса танаффусга қадар голга тортадиган вазиятни ярата олмадилар.

Ўйиннинг иккинчи ярми «Ливерпул»нинг фаоллиги билан бошланди ва Садио Мане «қизиллар»ни олдинга олиб чиқди. Шу тариқа сенегаллик мерган бир жамоа дарвозасини қаторасига 5та ўйинда ишғол этган учинчи футболчига айланди. Ундан аввал Майкл Оуэн «Ньюкасл» билан, Луис Суарес «Норвич» билан бўлган беллашувларда шундай натижага эришишганди. Тезкор голдан кейин майдон эгалари ҳужумкорликка зўр беришди, етакчи эса жотиржамлик билан ҳимояланиб, қарши ҳужум учун қулай вазиятларни кута бошлади. Ниҳоят, лондонликлар ҳужумчиси Вильфрид Заханинг тинимсиз уринишлари Алисон Беккер дарвозасининг забт этилиши билан якунланди. Шундан кейин «Ливерпуль» навбатдаги 3 очкони қўлга киритиш учун олға ташланди ва тез орада мақсадига эришди - оз, лекин муҳим голларни амалга оширишга одатланган Фирмино якуний ҳисобни ўрнатди - 2:1.

Тўплар нисбатига кўра 2-ўринга чиқиб олган «Лестер» ҳам «Брайтон» майдонида хотиржам тўп сурди. Тенг курашлар остида кечган беллашувда меҳмонлар дарвозабони Каспер Шмейхель ишончли ҳаракатланди. Акс ҳолда, мезбонлар ҳисобни очган бўлишарди. Танаффусдан кейин ташаббус «тулкилар» томонига ўтди. Натижада аввалига Перес, кейин Варди мезбонлар дарвозасини ишғол этишди ва ўз мавқеларини сақлаб қолишди.

«Ливерпул»дан ташқари «Лестер» ва «Челси»ни ҳам олдинга ўтказиб юборган «Манчестер Сити» айнан Фрэнк Лэмпард жамоасини қабул қилиб, иродали ғалабага эришди. Очиғи, 1-бўлимда меҳмонлар фаолроқ ўйнаган бўлишсада, майдон эгалари рақибнинг битта голига 2та аниқ зарба билан жавоб қайтаришди. Танаффусдан ке­йин ҳисобни ўзгартириш томонларга насиб этмади. Шу тариқа «Сити» 3-поғонага чиқиб олди.

Лондонда «Саутгемптон»га қарши майдонга тушган «Арсенал» яна қимматли 2 очкони бой берди. Аниқроғи, қўшимча вақтнинг 6-дақиқасида 1 очкони қўлга киритди. Ҳа, аутсайдерга етарли эътибор қаратмаслик кўпинча салбий натижаларга олиб келади. Айниқса, АПЛда. «Қора» гуруҳни тарк этиш илинжида жангга киришган «авлиёлар» тезкор гол эвазига ҳисобни очишди. Бироқ мезбонлар мувозанатни тиклаб, яна кўплаб ҳужумлар уюштиришди. Лекин натижага эриша олмадилар. Иккинчи бўлимда майдондаги вазият деярли ўзгармаган бўлсада, тезкор қарши ҳужумнинг самарали якуни меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Мезбонлар эса қўшимча вақт якунланиши арафасида Ляказеттнинг голи самараси ўлароқ мағлубиятдан қутулиб қолишди.

«Тоттенхэм»да Почеттино ўрнини эгаллаган Жозе Моуриньо ўз дебютини ғалаба билан нишонлади. Шанба оқшомида унинг шогирдлари «Вест Хэм»га қарши тўп суриб, дастлабки бўлимда 2 тўп фарқи билан олдинга ўтиб олишганди. Иккинчи бўлимда ҳам устунлик «шпорлар» томонида бўлди. Бунинг натижасида тез орада ҳисоб йирик кўриниш олди. Шундан кейин меҳмонлар бироз хотиржамликка йўл қўйиб, ўз дарвозаларидан 2та тўп олиб чиқишди.

Жанговар (3:3) дуранг билан ниҳоясига етган «Шеффилд» - «МЮ» учрашуви нафақат сермаҳсул, балки сермазмун ва муросасизлиги билан ҳам мухлисларни хушнуд этди. Қизиғи шундаки, 52-дақиқада дебютант номдор рақиб дарвозасига 2-голни ургач, ўйин дебютант фойдасига ҳал бўладигандек туюлганди. Бироқ Сульшернинг ёш шогирдлари ва ўринли ўзгаришлари эвазига унинг жамоаси ҳисобда олдинга чиқиб олди. Қаторасига 3та гол қўйиб юборган мезбонлар қўшимча вақтда мувозанатни тиклашга улгуришди. Мухлисларга олам-олам қувонч бағишлаган серзавқ спектаклда дўстлик ғалаба қозонди.

Испания. «Атлетико»нинг навбатдаги дуранги

Ла Лигадаги қўшҳокимлик ҳисобот туридан кейин сақланиб қолди - «Реал» ўз майдонида, «Барселона» сафарда навбатдаги ғалабаларини расмийлаштиришди. «Қироллик клуби» «Реал Сосьедад»нинг тезкор голини ўтказиб юборган бўлсада, ўйин назоратини рақибга бериб қўймади, барча жабҳаларда устунликка эришди. Тўғри, танаффусга қадар фақат Бенземанинг аниқ зарбаси билан кифояланди. Аммо 2-бўлимни гол билан бошлаб, олдинга ўтиб олди. Лука Модрич эса учрашувдаги сўнгги голни амалга оширди - 3:1.

Чемпион бу турда «Леганес» меҳмони бўлиб, сафардан зафар (2:1) билан қайтди. Қизиғи, Вальверде жамоа­си ҳам худди «Реал» каби аввал ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Жавоб голларини эса танаффусдан кейин амалга оширди.

Гранадага ташриф буюрган «Атлетико» яна тинчлик сулҳини имзолашга мажбур бўлди. Тенг курашлар остида кечган баҳснинг 1-ярми натижасиз якунланди. Иккинчи 45 дақиқаликда Лодининг аниқ зарбаси Симеоне жамоа­сини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Лекин майдон эгалари тез орада мувозанатни тикладилар. 1:1 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармади. Натижада «матрасчилар» 3-ўринни бўшатишга мажбур бўлишди.

Вальядолиддан камтарин (1:0) ғалаба билан қайтган «Севилья» ўз очколарини 27тага етказган ҳолда совриндорлар учлигига чиқиб олди.

Германия. Вазият кескинлашмоқда

Бундеслиганинг 12-турини бошлаб берган «Боруссия» Дортмунд ўз майдонида сўнгги поғонани эгаллаб турган «Падерборн»дан 3та гол қабул қилгач, кейин ўзига келди ва танаффусдан қайтгач шунча гол билан жавоб қайтарди. Тўғри, бу футбол - тўп думалоқ, майдон текис. Лекин суюкли жамоаларининг ночор ҳолатига «Сигнал Идуна Парк»даги 81000дан ортиқ мухлис қандай чидаганини тасаввур қилиш қийин. Қизиқ, танаффусдан ке­йин рақибни 3 марта ўйинни марказдан бошлашга мажбур этган номдор жамоа дастлабки 45 дақиқада қандай юмуш билан банд бўлди? Бу саволни дебютантга бермаганимиз боиси шуки, танаффусга 3та тўп фарқи билан олдинга чиқиб олган ҳолда йўл олиш ўйинчиларга салбий таъсир этган бўлиши мумкин. Хуллас, Марко Ройснинг қўшимча вақтда киритган тўпи мезбонларни шармандали мағлубиятдан қутқариб қолди.

«Бавария» бу турда «Фортуна» майдонига ташриф буюриб, мезбонларга умуман имконият қолдирмади - 4:0. Чемпионнинг 4та голи 4 нафар футболчи ҳисобига ёзилди, аммо улар орасида Левагол йўқ. Наҳотки, польшалик ҳужумчи тўпурарлар баҳсида ҳам чемпионатдагидек кескин рақобатни юзага келтириш ниятида бўлса?

Турнир жадвалида етакчилик қилаётган «Боруссия» Менхенгладбахнинг Берлинда «Унион»га имкониятни бой бергани (0:2) турнинг кутилмаган натижаси бўлди. Агар дортмундликлар 2 очкони йўққа чиқаришмаганида, 1 ва 6-ўринлардаги жамоаларни атиги 3 очко ажратиб турган бўларди.

Гладбахликларнинг омадсизлигидан унумли фойдаланган «РБ Лейпциг» «Кёльн»ни ортиқча қийинчиликсиз (4:1) маҳв этиб, пешқадамга яқинлашиб олди. Леверкузенда «Байер» билан очколарни бўлишиб олган «Фрайбург» ўз мавқеини сақлаб қолди. Лекин Бременда «Вердер»дан устун келган (2:1) «Шальке» унга етиб олди.

Яна бир кутилмаган натижа Зинсхаймда қайд этилди - «Хоффенхайм» «Майнц»дан йирик (1:5) ҳисобда енгилиб, 4-ўринга кўтарилиб олиш имкониятини йўққа чиқарди.

Италия. «Милан» тақдирга тан бергандек, «Наполи» ҳам

«А» сериянинг навбатдаги турида сенсация қайд этилмади. Бергамода Роналдусиз майдонга тушган «Ювентус» грандлардан очко тортиб олиш одати билан танилган «Аталанта»ни осонликча мағлуб этди. Тўғри, дастлабки 45 дақиқада мухлислар гол кўришмади, танаффусдан кейин мезбонлар ҳисобни очишди. Лекин чемпион Госенснинг 56-дақиқадаги голига Игуаиннинг «дубл»и ва Дибаланинг голи билан жавоб қайтарди. Ваҳоланки, бергамоликлар 1-бўлимдаёқ ҳисобни очишлари мумкин эди. Бироқ улар пенальтидан унумли фойдалана олмадилар.Иккинчи ўринни эгаллаб турган «Интер» Туринда «Торино»ни йирик (3:0) ҳисобда мағлубиятга учратиб, чемпионни изма-из қувишни давом эттирди. Эътиборлиси, меҳмонлар 1-бўлимдаёқ 2та гол уриб, танаффусга кўтаринки кайфиятда йўл олишди. Ўйиннинг 2-ярмида Лукаку дарвозани ишғол этгач, ўйин тақдири ҳал бўлди.

Шунингдек, Римнинг икки жамоаси ҳам бу турни муваффақиятли ўтказдилар. Сўнгги поғона соҳиби - «Брешия»дан очколарни тортиб олиш «Рома»га қийинчилик туғдирмади - 3:0. Лекин сафарда «Сассуоло»ни маҳв этиш «Лацио»га осон бўлмади. Иммобиленинг 34-дақиқадаги голига мезбонлар танаффус арафасида жавоб қайтариб, ҳисобни тенглаштирдилар. Кайседонинг қўшимча вақтдаги голи римликларга қимматли 3 очкони тақдим этди.

«Лечче» - «Кальяри» қарама-қаршилигидаги жанговар дуранг (2:2) меҳмонларни етакчи тўртликка кўтарилиш имкониятидан маҳрум этди.

«Милан» - «Наполи» учрашувида қайд этилган натижа (1:1) ҳар икки томонни қониқтирмагани аниқ. Чунки бу жамоалар етакчилар сафида юришга одатланишган, лекин жорий мавсумни ўта суст ўтказишмоқда.

Франция. «Бордо» етакчи квартетда

Лига 1нинг 14-тури нисбатан осуда ўтди. Пешқадам Парижда «Лилл»ни ишончли тарзда (2:0) таслим этди. Икарди ва ди Мариянинг голларидан кейин «ПСЖ» хотиржамлик билан ўйинни якунига етказди.

Аввалги турда 2-поғонага кўтарилиб олган «Марсель» навбатдаги 3 очкони Тулузада қўлга киритди. Бу учрашувда ҳам мухлислар 2та голга гувоҳ бўлишди. Аутсайдерлар сафига тушиб қолган мезбонлар ҳеч бўлмаганда 1 очкога эга бўлишга яқин туришганди. Аммо меҳмонлар 3 дақиқа ичида 2та гол уриб, бу умидни пучга чиқаришди.

Аста-секин барқарор ўйин кўрсатаётган «Бордо» ўз майдонида «Монако» устидан иродали ғалабага эришиб, 4-ўринга кўтарилиб олди. Парижда «Ним»ни қабул қилган «Анже» Манганининг ягона голи эвазига ўз ўрнини сақлаб қолди.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz