Миллий чемпионатимизнинг 2019 йилги баҳслари ҳам аста-секин поёнига етиб бормоқда. Барча йилларда бўлганидек, Суперлига жамоалари мавсум боши ва давралар оралиғида ўзлари учун зарур харидларни амалга оширишди. Сотиб олинганларнинг айримлари билдирилган ишончни оқлашди, баъзилар эса турли сабабларга кўра мавсум ўртасидаёқ клубни тарк этишга қарор қилишди. Шундай бўлсада, янги клуби сафида ажойиб ўйинлар кўрсатиб, мухлису мутахассислар эътирофига сазовор бўлганлар йўқ эмас. Бугун айнан клубларимиз томонидан йил давомида амалга оширилган омадли трансферлар ҳақида гаплашамиз.
Достон Ҳамдамов. «Пахтакор» томонидан амалга оширилган энг фойдали трансфер - шубҳасиз, Ҳамдамов бўлди. 2018 йилнинг бошида «Бунёдкор»да молиявий қийинчиликлар юзага келгач, ушбу футболчи Россиянинг ўртамиёна клуби - «Анжи» таклифини қабул қилди. Бироқ Маҳачқалъа жамоасида ҳам пул билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Натижада Осиё кубоги-2019дан сўнг Шота Арвеладзе Ҳамдамовни ўз жамоасига қўшиб олди. Достон яна аввалги формасига қайтди, миллий термада ўз ўрнига эга бўлди. Тезкор дриблинг, чаққон ҳаракатлар соҳиби бу йил «шерлар»нинг энг омадли трансферларидан бирига айланди. Вадим Абрамов бош жамоада иш бошлагач, Ҳамдамов янада ёрқинроқ ва эркинроқ ўйнай бошлади. Чемпионликни ҳал қилган ўйин - «Металлург»га қарши баҳсда «дубль» расмийлаштирди.
Жамшид Искандеров. Жорий йилги миллий чемпионатимизда мухлислар кўплаб футболчиларни қайта кашф этишди. Кўп йиллар олдин ўзининг маҳорати ва ажойиб ўйинлари билан миллий жамоада Сервер Жепаров, Одил Аҳмедовга ўринбосар сифатида қаралган Жамшид Искандеров «Пахтакор»да ўз ўрнини топиб кетолмади. Шота Арвеладзе рўйхатида унга жой топилмади. Бундан хабардор бўлган Тошкентнинг бошқа бир клуби - «Локомотив» қишки трансферлар пайти уни ўз сафига қўшди. Искандеровнинг «темирйўлчи»га айланиши «Локо» учун фойдали бўлди, десак адашмаймиз. Икром Алибоев, Санжар Шоаҳмедовлар клубни тарк этишгач, марказни тўлдирадиган, ноодатий қарорлар чиқарадиган футболчи зарур эди. Жамшид ўз ўйинлари билан уларнинг ўрнини асло билинтирмади. «Локомотив»да мукаммал спорт формасига қайтган ярим ҳимоячини Вадим Абрамов термага чақирди. Яман ва Қирғизистон жамоаларига қарши баҳсларда чиройли голларни урди. Демак, Искандеров учун бу йилги мавсум ўта омадли келди, десак муболаға бўлмайди.
Лутфулла Тўраев. Вадим Абрамов «Бунёдкор» бошқарувини қўлга олгач, бир қатор тажрибали футболчиларни жамоага таклиф этди. Кўплари турли омиллар сабаб клубни мавсум бошланмасиданоқ тарк этишди. Фақат Лутфулла Тўраевдан ташқари. Дастлабки турларда майдонга тушолмаган ярим ҳимоячи кейинчалик барча учрашувларда қатнашди. Майдон марказида ўйинни бошқариш қобилияти, ёш футболчиларга тинмай кўрсатмалар бериши, курашувчанлиги эндигина тажриба тўплаётган ёшлар учун муҳим аҳамият касб этди. Шубҳасиз, Лутфулла Тўраев «қалдирғочлар» учун энг муҳим футболчи. Айрим ўйинларда унинг йўқлиги яққол сезилди.
Шавкат Саломов. Узоқ муддатдан сўнг олий дивизионга чиққан Термизнинг «Сурхон» клуби қишки харидлар ойнасининг сўнгги кунида таркибини бир неча ҳафта «Бунёдкор» машғулотларида қатнашган Шавкат Саломов ҳисобига кучайтириб олди. Бу эса якунда термизликлар учун муҳим трансфер бўлди. Айнан тажрибали ярим ҳимоячи жамоасининг асосий фигураларидан бирига айланди. Ўйинларда эътибор берган бўлсангиз, «Сурхон»нинг ҳужумлари айнан Саломов орқали ривожлантирилди. Умуман олганда, бу футболчи қайси жамоада тўп сурмасин, доимо фаоллиги билан ажралиб туради.
Ҳумоюн Муртазоев. Рўзиқул Бердиевнинг навбатдаги кашфиёти. Мавсум бошида «Насаф» селекция ишларида унчалик фаол бўлгани йўқ, таркибига «Машъал»нинг икки футболчиси - Ҳумоюн Муртазоев ва Сардор Абдураимовни қўшиб олиш билан чекланди. Муртазоевни ёш дейиш ўринли бўлмаса керак. Муҳими, у мавсумнинг энг ёрқин футболчиларидан бири сифатида мухлису мутахассислар эътирофига сазовор бўлмоқда. Аввалги йилларда «Машъал»да тўп сурган ҳужумчи қишки трансферлар вақтида «Насаф»га кўчиб ўтди. Тўғри, янги жойга кўникиш маълум вақтни талаб қилади. Бироқ Ҳумоюн Қаршида шериклари билан тезда чиқишиб кетгани ҳолда, голеадорлик хусусиятларини ҳам кўрсатишга киришди. Гарчи кетма-кет голлар уриб, тўпурарлар рўйхатининг юқори поғоналарида борган бўлсада, миллий термамизнинг собиқ устози Эктор Купер уни бирор маротаба, ҳаттоки, ўртоқлик учрашувларига ҳам чақирмади. Ҳужумчининг биринчи галдаги вазифаси - гол уриш. Ҳумоюн муҳим баҳсларда бу вазифани аъло даражада бажарди. Муртазоев Суперлигада ўйнаётган айрим тажрибали ҳужумчилардан ҳам кўпроқ тўп киритяпти. Ниҳоят, буни Вадим Абрамов ўз вақтида баҳолаб, гол сезиш қобилиятига эга футболчини навбатдаги йиғинга чақирди. Муртазоев, сўзсиз, «аждарлар»нинг энг омадли харидларидан бири бўлди.
Элгужа Григалашвили. Қишки трансферлар пайтида таркибга муносиб етакчини қўшолмаган АГМК ёзда ўзи учун энг фойдали трансферга қўл урди. «Қизилқум»дан икки - футболчи Эркин Бойдуллаев ва Элгужа Григалашвилини таркибга жалб этди. Бу эса, амалда Миржалол Қосимов учун айни муддао бўлди. Биринчи даврада унинг жамоасида ўйинни ўз қўлига ола оладиган етакчининг йўқлиги панд берганди. Григалашвили эса тезкор ҳаракатлари билан мавжуд муаммони бартараф этди, муҳим голлари билан жамоаси муваффақиятига муносиб улуш қўшди.
АБДУЛАЗИЗ
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20