Қайднома

Қидирув

Хиёнат ёки Испания термаси ҳақида...

Хиёнат ёки Испания термаси ҳақида...

  02.12.2019 09:33
  0
  455
Хиёнат ёки Испания термаси ҳақида...

ЖЧ-2018ни Фернандо Йерро бошчилигида ўтказган Испания термаси 1|8 финал босқичидаёқ турнирни тарк этди. Мундиалдан ке­йин мураббий масаласи ҳал этилди - испанларни Луис Энрикега топширишди ва у илк ўйинидаёқ Миллатлар Лигасида Англия термасини мағлубиятга учратди. Сўнгра жаҳоннинг вице-чемпионлари тор-мор этилди: хорватлар дарвозасига жавобсиз олтита гол урилди. Ке­йинги иккита ўйинда имконият бой берилди...

Ярим йилдан сўнг «қизил фурия» Евро-2020 саралашини Норвегия устидан қозонилган ғалаба (2:1) билан бошлади. Март ойига тўғри келган иккинчи баҳсда Энрике кўриниш бермади. «Мартдан то ҳозирга қадар ўзига хос сабабларга кўра, ўз вазифаларимни тўлиқ бажара олмаганим учун кетишга қарор қилдим», - деди мураббий июнь ойида берган интервьюсида. Августда бутун дунё Луис Энрике оиласида рўй берган фожиа­дан хабар топди: мутахассиснинг 9 ёшли қизи остеосаркома (суяк саратони) туфайли вафот этди.

Энрикенинг ассистенти Роберт Морено саралашнинг қолган 9та ўйи­нида жамоани бошқарди. «Бу аччиқ қувонч. Ҳар доим бош мураббий бўлишни хоҳлаганман, аммо бундай вазиятда эмас», - деди у. Кузда Морено қуйидаги сўзларни гапирди: «Луисни дўстим деб биламан, дўстлик - ҳамма нарсадан устун. Агар бир кун келиб у қайтишни ихтиёр этса, унга ўрнимни бўшатиб, биргаликда ишлашга тайёрман».

Морено қўл остида Испания термаси 7та ғалабага эришди (5таси йирик ҳисобда), Норвегия ва Швеция билан дуранг ўйнади. Саралашнинг сўнгги учрашувида испанлар «Ванда Метрополитано»да ҳақиқий шоу уюштиришди - биринчи бўлимнинг ўзида руминлар дарвозасига тўртта тўп киритиб, якунда 5:0 ҳисобида зафар қучишди.

Воқеаларнинг кейинги ривожи Испаниянинг саралашдаги иштирокидан ҳам шиддатлироқ кечди

* Руминия термасига қарши кечган баҳсдан сўнг кийиниш хонасида Моренога ишдан бўшагани ҳақида хабар беришди;

* Моренонинг фикрича, Энрике ва Рубиалес (федерация раҳбари) ундан фойдаланиб, хиёнат қилишганини таъкидлади;

* Ушбу хабар Моренога жуда алам қилди, шу боис матбуот анжуманида қатнашмай, стадионни тарк этди;

* Испания термаси бош мураббийлигига яна Луис Энрике тайинланди;

* Луис Энрике ҳақида китоб ёзган журналист Льюис Лайнснинг хабар беришича, Энрике Рубиалесга мураббийлар штабига Моренони киритмоқчи эмаслигини айтган;

* Рубиалес эса шундай деган: а) Энрикенинг қайтмоқчи эканлигини Моренодан эшитган; б) Морено Энрикенинг қайтишига қарши эмаслигини айтган; в) Энрике мураббийлар штабига ўзи хоҳлаганларни киритиши мумкин.

Мазкур ҳолатда, агар уч шахснинг инсонийлик сифатларини бир четга сурсак, ҳаммаси аниқ. Фақат бир жиҳат номаълум.

Морено ва Энрике муносабатларига дарз кетдими? Агар шундай бўлса, бу воқеа яқиндагина рўй берганга ўхшайди. Исталган пайтда дўстига жо­йини бўшатишга тайёр эканлигини бир неча марта такрорлаган Морено сўнгги воқеалардан ҳайронлигини яширмаяпти, Энрике эса уни штабига киритишни хоҳламаяпти. Эҳтимол, Морено жамоани Еврога ўзи олиб боришни истагандир? Балки, Энрике ўз ғоялари термада ярим йил ишлаган Моренонинг ғояларига мос тушмайди, деб ҳисоблагандир? Ёки икки мураббий ўзаро суҳбат пайти жамоадаги роллар ёки ўйин билан боғлиқ бош­қа нарсаларни тақсимлашда келиша олишмадими?

Моренонинг дўстлик ҳақида гапиргани бежиз эмас. У шу ўн йилликда барча жамоаларда Энрикега ҳамроҳлик қилди - «Рома»да ҳам, «Сельта»да ҳам, «Барселона» ва термада ҳам. Штабда Моренонинг вазифаси замонавий технологиялар ёрдамида рақиблар ўйинини таҳлил қилишдан иборат бўлиб, у ҳатто мураббийлик компьютер дастурларини ишлаб чиқаришда ҳам қатнашганди.

Тез орада Энрике ва Морено ўртасидаги низонинг асл сабабли маълум бўлади. Келишмовчиликнинг борлигини инкор этиш мумкин эмас. Аммо қаторасига иккинчи йилдирки, Испания термаси мураббий тайинлови бўйича муаммога йўлиқмоқда. 2018 йили мундиал арафасида Хулен Лопетеги эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниб, унинг ўрнини Фернандо Йерро эгаллаганди. Энди эса жамоани Европа чемпионатига олиб чиққан мутахассисга чиқиш эшиклари кўрсатилди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz