Қайднома

Қидирув

Қатар ЖЧ-2022га қандай тайёрланяпти?

Қатар ЖЧ-2022га қандай тайёрланяпти?

  03.12.2019 01:23
  0
  475
Қатар ЖЧ-2022га қандай тайёрланяпти?

«СЭ» махсус мухбири Қатарга сафар уюштириб, ЖЧ-2022 ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати-2019га тайёргарлик қандай ўтаётгани билан танишаркан, турнирнинг ташкилотчилик ишлари бўйича қўмитаси бош котиби Ҳассан ал Тхавадини суҳбатга тортди. Нав­батдаги мундиал пайти стадионларда Россиядагига нисбатан салқинроқ ҳаво ҳукм суради. Бу қандай амалга оширилади?

Маданиятлар аро кўприк

Аввал Қатарга бормаганлар учун у ер мутлақо бошқа дунёдек кўринади. Аслида, ушбу мамлакатни Яқин Шарқдаги бошқа давлатларга солиштириб бўлмайди. Шартли равишда Саудия Арабистони билан таққосласак, маданий ва диний жиҳатлар бў­йича ўхшашлик бор. Аммо маҳаллий аҳолининг меҳмонларга муносабати бошқа мусулмон давлатларидагига нисбатан мулойимроқ. Мисол учун, агар Қатарга ташриф буюришни хоҳласангиз, кийим-кечак масаласидан хавотирланмасангиз бўлаверади. Албатта, сузиш кийимлари ёки ярим яланғоч ҳолатда юришингизга ҳеч ким изн бермайди, аммо шорти ва футболка учун эътироз билдирилмайди.

«Ливерпуль» ишқибозлари европаликлар орасида биринчилардан бўлиб Қатарнинг меҳмондорчилигидан баҳра олишади. Декабрь ойи ўрталарида Чемпионлар Лигаси ғолиблари ушбу мамлакатда ўтадиган КЖЧда қатнашишади. ЖЧ-2022нинг ташкилотчилик ишлари бўйича қўмитаси (расмий номи - «Олий қўмита») бош котиби Ҳассан ал Тхавади «Ливерпуль» мухлисларининг ташрифи, умуман, клублар иштирокидаги мазкур турнирни ўзига хос тест сифатида кўрмоқда. «Қатар, Англия, Мексика ва бошқа мамлакатларнинг маданияти борасида фарқ бор, албатта, - дейди мутасадди. - Биз «Ливерпуль» вакиллари билан гаплашдик ва улар Қатар маданияти ҳақида кўпроқ нарса билишни хоҳлашаётганини айтишди. Биз эса, ўз навбатида, Европа тўғрисида тегишли маълумотларга эга бўлмоқчимиз. Бу маданиятилар ўртасидаги ўзаро кўприкдир, биз турли халқлар бир-бирига яқинроқ бўлишини истаймиз».

Эшиклар очиҚ

Ишқибозларни хавотирга солаётган яна бир муаммо - Қатарнинг бошқа мамлакатлар билан низолари. Маълумки, Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср террористларга кўмаклашиш бўйича шубҳа-гумонлар сабабли қатарликлар билан дипломатик алоқаларни узишган. Табиийки, расмий Доха бу айбловларни рад этмоқда, ал Тхавадининг ҳам ушбу масаладаги фикрлари аниқ: «Биз - бағрикенг мамлакатмиз, эшикларимиз ҳамма учун ҳамиша очиқ. Одамлар негатив жиҳатларга, потенциал муаммоларга катта эътибор қаратишади. Аммо биз позитив фикрлаймиз. Бутун дунёнинг эътибори бизга қаратилади, бунга бирор-бир уруш ёки можаро сабаб бўлмайди. Биз жаҳонга ўзимизнинг меҳмондорчилигимизни, футболга нисбатан муҳаббатимизни кўрсатмоқчимиз, бошқалар учун кўприк қурмоқчимиз. Бу биз учун 28 кунлик спорт мусобақаларидан ҳам кўпроқ нарсани англатади».

БААда кўплаб хорижликлар яшашади, лекин ҳозир Доха ва Абу-Даби|Дубай билан авиайўналишлар йўқ. «Чиндан ҳам шундай, амирликлардан рейслар йўқ, - дейди ал Тхавади. - Чекловлар сабабли Қатарга фақат Қувайт ёки Уммон орқали келиш мумкин бўлади. БАА биз учун қачон ҳаво йўлларини очади? Барчаси уларга боғлиқ. Биз - ҳамиша очиқмиз».

 

Бошпана: лайнерлардан «палатка»ларгача

Қатар - митти мамлакат, боз устига жуда ёш. 2022 йили, маҳаллий ҳукумат вакилларининг таъкидлашларича, мазкур давлатга камида 1 миллионга яқин фанат ташриф буюради. Келганларни қаергадир жойлаштириш керак, айни пайт ҳаммага ҳам жой етмайди - ҳозирча Доха ва унинг атрофидаги меҳмонхоналарда 600 мингга яқин хона бор, шундай экан, бошпана масаласида танқислик мавжуд. Қолаверса, молиявий имкониятларни инобатга олиш даркор: бадавлатлар оддий шароитларни хушламайдилар, ўрта табақа вакиллари эса «пентхаус»да яшашга қодир эмаслар.

Қатарликлар муаммони нафақат анъанавий (жуда кўплаб меҳмонхоналар қурилмоқда), балки оригинал услубда ҳал этишмоқчи. 2022 йили мамлакат умумий ҳисобда 4 мингта каюта сиғадиган иккита круиз лайнерини ижарага олади. Кемалар Доха портига жойлаштирилиб, сузувчи меҳмонхоналарга айлантирилади. Бюджетга мос вариант - «палатка»ли лагерлар. Ғояга кўра, жаҳон чемпионати пайти аксарият мухлислар табиат қўйнида яшашади.

 

Алкоголдан тийилиш керак

Ўтган йили мухлислар Россиядаги мундиалда алкоголь маҳсулотлари топишда қийналмагандилар. Қатарда вазият мутлақо бошқача - спиртли ичимликлар фақат ягона дўконда ёки меҳмонхоналардаги барларда маълум шартларга кўра сотилади. Дохада «бар», «паб» ёки «пивохона» деган ёзувлар йўқ, мамлакатга кириш чоғида юкларингиз металл қидирувчи мосламалар ёрдамида текширилади. Мабодо, алкоголь маҳсулотлари топилса, уни олиб, жавонга солиб қўйишади, қайтаётганда юртингизга олиб кетаверасиз.

Бундай ҳолатга декабрда Дохага келадиган «Ливерпуль» мухлислари ҳам рўпара келишлари турган гап. Аммо Қатар бунга ҳам муқобил вариантларни кўриб чиқмоқда - турнирда ҳам алкоголга қарши, ҳам ичиш тақиқланмайдиган фан-зоналар ташкил этилади. Бунақаси жаҳон чемпионатида ҳам бўлади. Тўғри, ҳозирча ичимликларнинг сони ва нархи масаласи ноаниқлигича қоляпти.

 

Транспорт: метро ва кемалар

«Қатар - пиёдалар учун мўлжалланмаган мамлакат», - қабилидаги мурожаатга ал Тхавади бир хўрсинди-ю, ҳақиқатан ҳам шундайлигини тан олди. Дохада пиёдалар ўтиш йўлакчалари жуда кам, аммо автомобиллар қатнови катта - кўчанинг нариги томонига ўтмоқчи бўлсангиз, ё қатнов пасайишини узоқ кутишга тўғри келади ёки белгиланмаган жойдан таваккал қилиб ўтишга мажбур бўласиз. Бу ҳолат 2022 йили қандай муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин, зеро ўшанда пиёдалар сони анча ортади. «Ушбу муаммодан хабаримиз бор, лекин биз ўзгаряпмиз, - деди ал Тхавади. - Жорий йил метро очилди, жамоат транспортлари кўпайтириляпти, велосипедлар йўлакчалари, пиёдалар ўтиш жойлари сони ошмоқда. Москвада жаҳон чемпионати пайти бутун бошли кўчалар ёпилди, биз ҳам шундай қиламиз - шаҳар марказида фан-зона учун ягона пиёдалар йўлакчаси бўлади».

Бундан ташқари, стадионлар ўртасида кемалар қатнови йўлга қўйилади, 2022 йилга бориб метродаги йўналишлар ҳам ортади (21 ноябрь куни иккинчиси очилганди).

 

Ҳамма «Ливерпул»ни кутяпти

Клублар ўртасидаги ЖЧ 11 декабрь куни бошланади, аммо «Ливерпуль» турнирдаги иштирокини 18 декабрда бошлайди. «Қизиллар»нинг дастлабки рақиби ҳозирча аниқмас. «Завқ-шавққа тўлиб кетяпман, - дейди ал Тхавади. - Нейтралликни сақлаб қолишим керак, аммо «Ливерпуль» ажойиб футбол кўрсатмоқда, менга жамоа­нинг ўйини жуда ёқади. Мазкур клуб кўп йиллик танаффусдан сўнг илк бор Яқин Шарққа келади, шундай экан, ҳаммамиз уларни кутяпмиз. КЖЧда 10 минг киши кўнгилли (волонтёр) бўлишни хоҳлади».

Бош котиб «қизиллар» мухлислари Қатар сафаридан мамнун ҳолда қайтишларига ишонмоқда: «Умид қиламанки, улар ёрқин таассуротлар олишади. Қатарнинг футбол мамлакати эканлигини кўпчилик билмайди. Биз миллионлар ўйинини севамиз. Меҳмонларимиз нафақат стадион ичида, балки унинг ташқарисида ҳам фақат роҳатланишларини хоҳлаймиз».

 

Стадионлар

Қатар жаҳон чемпионатига тайёргарликни мезбонлик ҳуқуқини қўлга киритишидан аввалроқ бошлаганди. Даст­аввал, ФИФА ушбу мамлакатга 12та стадион қурдирмоқчи эди - Россиядаги мундиалда худди шунча аренадан фойдаланилди. Бироқ ташкилий қўмита билан ўтказилган музокаралардан сўнг стадионлар сони 8тага туширилди. Улардан иккитаси тўлиқ шай ҳолатда, яна иккитаси деярли тайёр, қолган тўрттасида эса ҳамон қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Хўш, гап қайси ареналар ҳақида бормоқда?

«Лусаил Айконик», Лусаил

Сиғими: 86250

Фойдаланишга топшириш муддати: 2020-2021

Аренанинг ўзига хос жиҳатлари: ҳали барпо бўлмаган шаҳарда қурилмоқда

Ушбу стадион жаҳон чемпионатининг очилиш маросими ва финал баҳсига мезбонлик қилади, аммо ҳозирча унинг атрофида чанг-тўзондан бошқа нарса йўқ. Бош­қа ареналардан фарқли равишда, у Дохада эмас, шимолий томондаги шаҳар - Лусаилда жойлашган. Мазкур аҳоли яшаш пункти фақат лойиҳада мавжуд, у ерда бир неча минг киши яшайди, холос - ҳаммаси ишчилар. Ҳукумат бир неча йил ичида Лусаил аҳолиси 250 мингга етишини режалаштирмоқда, одамларни у ердан хонадон сотиб олишга чорламоқда - бу ҳудуддаги уйлар Дохадагига нисбатан бир ярим баравар арзонроқ.

Жаҳон чемпионатидан кейин стадионнинг юқори қисми йиғиштирилиб, бошқа мамлакатларга олиб кетилади. «Лусаил Айконик»нинг сиғими 40 мингга тушади, унинг ҳудудида дўконлар, кафелар, тренажёр зали, таълим ва бизнес марказлари, шунингдек, тиббий клиника очилади.

«Ал-Жануб»

Сиғими: 40000

Фойдаланишга топшириш муддати: тайёр

Аренанинг ўзига хос жиҳатлари: архитектор Заха Ҳадиднинг сўнгги лойиҳаси

Бу янги ареналар орасида тайёр ҳолатга келган дастлабкисидир, турнирдан кейин у ҳам ярим қисмидан айрилади. Қатардагилар «Ал-Жануб» дизайни британиялик (ироқлик) машҳур архитектор, Британия империяси ордени командори, 2016 йили вафот этган Заха Ҳадид томонидан ишлаб чиқилгани билан фахрланишади. Бу арена унинг сўнгги иши бўлиб қолди.

«Ал-Байт»

Сиғими: 60000

Фойдаланишга топшириш муддати: I квартал - 2020

Аренанинг ўзига хос жиҳатлари: таш­қаридан майдон кўриниб турадиган меҳмонхонага айланади

Турнирнинг энг шимолий стадиони - Доха марказидан 40 километр узоқликда жойлашади. «Ал-Байт»дан жаҳон чемпионати ярим финалида фойдаланилади, шундай экан, бу аҳамияти жиҳатидан мусобақанинг иккинчи аренасидир. У тўлиқ янгидан қурилмоқда ва деярли тайёр ҳолатда - фақат электромонтаж ва безатиш ишлари қолган, холос. ЖЧдан кейин «Ал-Байт»нинг ҳам юқори ярми бузилади, пастки қисми эса меҳмонхонага айланади - у ерда майдон яққол кўриниб турадиган бир нечта ҳашаматли хоналар шай ҳолга келтирилган. Турнир пайти меҳмонхона ишламайди.

«Халифа»

Сиғими: 40000

Фойдаланишга топшириш муддати: тайёр

Аренанинг ўзига хос жиҳатлари: югуриш йўлакчалари

«Халифа» 2017 йили фойдаланишга топширилган. У қайта таъмирланган иккита стадиондан бири, арена 1976 йили қад ростлаган. Январда иншоот атрофида футбол клублари иштирокида ўртоқлик турнири ўтказилди, бир неча йил муқаддам эса «Халифа» енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Декабрда у ерда клублар ўртасидаги мундиал баҳслари ўтказилади.

«Эдьюкейшн Сити»

Сиғими: 45350

Фойдаланишга топшириш муддати: 2019 йил 18 декабрь

Аренанинг ўзига хос жиҳатлари: университет шаҳарчаси марказига айланади

Бу аренада ҳам КЖЧ ўйинлари бўлиб ўтади: «Ливерпуль» иштирокидаги ярим финал, шунингдек, финал ҳам шу ерда ўтказилади. «Эдьюкейшн Сити» ҳали фойдаланишга топширилмаган - унинг расмий очилиш маросими «қизиллар»нинг дастлабки учрашуви санаси, яъни 18 декабрга белгиланган. У учинчи тайёр стадион сифатида рўйхатга киритилади. Мажмуанинг номини «Таълим шаҳри» ёки «Тарбия шаҳри» деб таржима қилса ҳам бўлаверади. Мазкур арена Қатарнинг таълим, фан ва жамият тараққиёти фондининг йирик лойиҳаси марказига айланади - унинг атрофида университет бинолари қад ростлайди. Жаҳон чемпионатидан сўнг сиғим 45 мингдан 25 минггача камаяди.

«Ал-Райян»

Сиғими: 44740

Фойдаланишга топшириш муддати: 2020 йил

Аренанинг ўзига хос жиҳатлари: медиа-фасад

Сезганингиздек, бу ҳам йиғиштириладиган стадионлардан бири - 23 минг ўрин  мундиалдан кейин муҳтож мамлакатлар ихтиёрига ўтади. «Ал-Райян» қарийб 80 фоизга тайёр ҳолатга келган. Аренанинг асосий устунликларидан бири - яқинда ўрнатилган каттакон медиа-фасад синовдан ўтказилмоқда.

«Ал-Тумама»

Сиғими: 40000

Фойдаланишга топшириш муддати: 2020 йил

Аренанинг ўзига хос жиҳатлари: совутиш тизими синовдан ўтказилган

«Ал-Тумама» — бу нафақат стадион, балки тажриба қуёнига ҳам ўхшайди. Қатарда кашф этилган совутиш тизими айнан ушбу аренада синовдан ўтказилиб, кашфиёт ФИФАга намойиш этилган. Қатарликлар «Ал-Тумама» ўрнида прототип яратиб, унинг ёрдамида Халқаро футбол федерациясини ушбу мамлакатда ҳам футбол ўйнаш мумкинлигига ишонтиришган. Тажриба муваффақиятли ўтди, демакки, мазкур технологиядан бош­қа янги ареналарда ҳам фойдаланилади.

 

«Рас Абу Абуд»

Сиғими: 40000

Фойдаланишга топшириш муддати: 2020 йил

Аренанинг ўзига хос жиҳатлари: совутиш тизими йўқ, тўлиқ йиғиштириладиган стадион

Қатарга стадионлар керакмас. Биринчи навбатда, мамлакат жаҳон чемпионати орқали ўзини реклама қилмоқчи, ахир унга аҳоли ва кўчмас мулкларни сотиб оладиган бадавлат харидорлар керак. Шундай экан, 8та стадиондан 6таси маълум қисмидан айрилиши, биттаси эса бутунлай йиғиштириб ташланишига ҳайрон қолмаса ҳам бўлаверади. «Рас Абу Абуд» юк контейнерлари ёрдамида қайта ишланган ҳудудда қад ростламоқда. Бу ЖЧ-2022да совутиш тизимига эга бўлмаган ягона стадионга айланади. Чунки Қатар мундиалдан кейин ундан фойдаланмайди.

 

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz