Қайднома

Қидирув

Воқеликларга бой якун ёхуд "дастурхонни" ёпамиз-ми?

Воқеликларга бой якун ёхуд "дастурхонни" ёпамиз-ми?

  03.12.2019 05:19
  0
  442
Воқеликларга бой якун ёхуд

Аслида Суперлига байроғи шанба куни туширилиши керак эди. Лекин табиат аралашуви билан финиш марраси 1 кун орт­га сурилди. 26-тур доирасидаги 2та ўйин қалин туман туфайли 2 кунга чўзилгани чемпионат якунининг эътиборга молик ягона воқелиги эмас. Бинобарин, ОЧЛ саралаши йўлланмаси тақдири ҳам охирги турда ҳал этилди, қолаверса, элитадан тушиб кетадиган жамоа номини айнан сўнгги турда билиб олдик. Ҳафта ўртасида эса чемпион - «Пахтакор» мавсумдаги илк мағлубиятга йўлиқди.

25-ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Кўп жойларда кўряпмиз, майдонлар талаб даражасида эмас. Лекин ўйинлар даражаси ўсганлигини нимага қараб айтиш мумкин? Кутилмаган натижаларга. Майли, «Пахтакор» ҳаммадан илгарилаб кетди. Лекин 3-ўрин учун кураш охирги турга чўзилди. Элитадан тушиб кетадиган жамоа ҳам номаълум. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Ҳаммаси сўнгги турда ҳал бўлади. Футболчилар ҳозир ОЧЛ саралашига йўл олгандек хурсандлар, аммо «Сўғдиёна» охирги турда устимизга муздек сув қуйиб кетиши ҳеч гап эмас. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Менимча, бугун ҳеч қандай тактик ўйин бўлмади. Рақибдан шундай агрессив ҳаракат кутгандим. Йўқ, дуранг учун ўйнамадик. Футболчиларни мағлубиятсиз узун серия билан табриклайман. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Ҳар бир инсоннинг орзуси бўлади. «Навбаҳор» 1996 йили чемпионликка эришганида, шу клубда фаолият юритгандим. Энг катта орзуларимдан бири - кун келиб, «Навбаҳор» бош мураббийи сифатида жамоани Ўзбекистон чемпиони қилиш. Самвел Бабаян («Локомотив» бош мураббийи).

- Икки ойдан кўпроқ вақт давомида деярли майдонга тушмадик, энди мавсум якунига келиб, бир ҳафта давомида 3та ўйин ўтказяпмиз. Умид қиламанки, келаси йили бошқача регламент ва ўзгача тақвим бўлади. Андрей Канчельскис («Навбаҳор» бош мураббийи).

 

25-ТУР: «ПАХТАКОР» ЕНГИЛМАС ЭМАС

Ҳафтанинг чоршанба кунига белгиланган тур учрашувлари натижалари турнир жадвалига айтарли таъсир ўтказгани йўқ, лекин пастки бўғинга анча ойдинлик киритди. Хусусан, «Андижон» ва «Қўқон-1912» клублари ўзаро ўйинда 1 очкодан олиб, Суперлигада қолиш масаласини расман ҳал қилди. «Бронза» «интрига»си эса сақланиб қолди. Тўғри, «Сўғдиёна» ўз майдонида «Насаф»ни енголмай, охирги тур олдидан имкониятини анча пасайтириб олди. Зеро, 3-ўринда бораётган «Бунёдкор» ўзининг қадрдон стадионида янги чемпион - «Пахтакор»ни чемпионат-2019 ҳисобидан биринчи мағлубиятга дучор қилиб, мавқеини нисбатан яхшилаб олди. Оддий айтганда, Вадим Абрамов шогирдлари чиройли ва ҳақли ғалаба эвазига «Сўғдиёна» билан ўртадаги очколар фарқини 3тага оширишди. Бу охирги турдан ўрин олган ўзаро баҳсда уларни дуранг натижа ҳам қониқтиришини англатарди. Олдинга ўтиб айтиш керак, амалда худди шундай бўлди. Сўнгги тур олдидан «Динамо» ва «Бухоро»нинг очколари сони тенглашгани эса лигада «жон» сақлаб қолиш учун курашга «мой қуйгандек» бўлди. Хуллас, 2та асосий масала 26-турга қолди...

«АНДИЖОН» - «ҚЎҚОН-1912» - 1:1 (0:1)

 «СЎҒДИЁНА» - «НАСАФ» - 1:1 (0:1)

«ПАХТАКОР» - «БУНЁДКОР» - 2:3 (1:2)

«БУХОРО» - «МЕТАЛЛУРГ» - 0:0

АГМК - «ҚИЗИЛҚУМ» -  4:1 (1:1)

«ДИНАМО» - «СУРХОН» - 2:1 (0:0)

 

26-ТУР: ХАЙР, «ДИНАМО»...

Якуний тур доирасидаги 2та ўйин катта аҳамият касб этарди. Хусусан, «Бунёдкор» - «Сўғдиёна» қарама-қаршилигига ОЧЛ саралаши йўлланмаси тикилгани қизиқишни кескин ошириб юборди. Улуғбек Бақоев жамоа­сига қойил қолиш керак - жиззахликлар аввалига 2та гол қўйиб юбордилар, кейин эса ажойиб «камбэк»ни амалга оширдилар - 2:2. Фақат бу натижа «Сўғдиёна»га наф бермасди. Шунинг учун жиззахликлар сўнгги лаҳзагача 3-голни ҳам уришга ҳаракат қилишди, аммо Вадим Абрамов бошқарувидаги «қалдирғочлар» бунга йўл қўймай, ОЧЛга йўл олдилар. Хуллас, «Сўғдиёна» ўз тарихида иккинчи марта совриндор бўлиш имкониятидан фойданолмади, «Бунёдкор» эса илк марта «бронза» соҳибига айланди.

Суперлигада қолиш учун курашган 2та жамоа - «Бухоро» ва «Динамо» охирги турда ғалаба нашидасини сурди, «Қизилқум» аксинча, қалин туман туфайли икки кунга чўзилган баҳсда «Андижон»га ютқазди. Тўғри, шанба куниёқ «Динамо»нинг кучлилар қаторидан тушиб қолиши ойдинлашган эди. Эҳтимол, навоийликлар шунинг учун ҳам, эртасига давом эттирилган учрашувга ўта жиддий ёндашмагандирлар. Чунончи, шанба куни «Бухоро» ўз майдонида АГМКни, «Динамо» эса сафарда «Насаф»ни бир хил ҳисоб (2:1)да енггач, 3та жамоанинг очколари тенглашди. Бу ҳолатда регламентга мувофиқ, шу 3та иштирокчи - «Қизилқум», «Бухоро» ва «Динамо»нинг ўзаро ўйинлардаги ҳисоб-китобига қаралди:

3-тур. «Бухоро» - «Қизилқум» - 1:1

9-тур. «Бухоро» - «Динамо» - 0:0

10-тур. «Динамо» - «Қизилқум» - 2:2

17-тур. «Қизилқум» - «Динамо» - 2:1

18-тур. «Динамо» - «Бухоро» - 0:3

24-тур. «Қизилқум» - «Бухоро» - 1:1

«Бухоро» - 6 очко

«Қизилқум» - 6 очко

«Динамо» - 2 очко

 

 

25-ТУР ҚАҲРАМОНИ - ХУРШИД ҒИЁСОВ

«Пахтакор» - «Бунёдкор» ўйини кутилганидек, тур безаги бўлди. Унда «қалдирғочлар» аввалига 2та тезкор гол эвазига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди, кейин «шерлар» иродалари анча мустаҳкам эканлигини кўрсатиб, Игорь Сергеев қайд этган «дубль» воситасида мувозанатни тиклашди. 90-дақиқада эса «Бун­ёдкор» тўпурари - Хуршид Ғиёсов катта саҳнага чиқиб, ғалаба голини урди. Чемпионни илк мағлубиятга йўлиқтирган гол, «Бунёдкор»ни ОЧЛга йўл олишида муҳим роль ўйнаган гол... Шундай экан, Ғиёсов қолиб, яна кимни қаҳрамон мақомига лойиқ топиш мумкин?

Хуллас, мавсум бошида ЎФА қарори билан кучлилар қаторига қўшилган «Динамо» гарчи умумий тўплар нисбати яхшироқ бўлсада, ўзаро ўйинлардаги салбий натижалар туфайли Суперлига билан хайрлашди.

Чемпионат стартида ҳал қилувчи ўйинга айланиши тахмин қилинган, амалда эса ўз аҳамиятини буткул йўқотган «Локомотив» - «Пахтакор» тўқнашувида ҳисоб очилмаган бўлса, иккинчи бўлими кейинги кунга қолдирилган яна бир баҳс («Қўқон-1912» - «Навбаҳор»)да томонлар биринчи 45 дақиқаликда урилган 1тадан гол билан кифояланишди. 

--------------------------------------------------------------

«БУНЁДКОР» - «СЎҒДИЁНА» - 2:2 (1:0)

 «НАСАФ» - «ДИНАМО» - 1:2 (0:0)

 «ЛОКОМОТИВ» - «ПАХТАКОР» - 0:0

 «БУХОРО» - АГМК - 2:1 (1:1)

 «МЕТАЛЛЛУРГ» - «СУРХОН» - 2:0 (2:0)

-------------------------------------------------------------

«ҚЎҚОН-1912» - «НАВБАҲОР» - 1:1 (1:1)

 «АНДИЖОН» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 1:0 (0:0)

 26-ТУР ҚАҲРАМОНИ - БЕҲРУЗ ШОДМОНОВ

Ҳаммаси оддий - «Бухоро» ярим ҳимоячиси Беҳруз Шодмонов АГМКга қарши кечган учрашувнинг 90+1-дақиқасида белгиланган пенальтидан гол уриб, жамоаси ғалабасини таъминлади. Агар шу гол бўлмаганида, «Динамо» эмас, айнан «Бухоро» Суперлига билан хайрлашарди

 

ЯКУНИЙ ЖАДВАЛ

1       Пахтакор                     26           22           3              1             75-18           69

2       Локомотив               26           13           10           3             40-17           49

3       Бунёдкор                     26           12           7              7             37-33           43

4       СўҒдиёна                     26           11           7              8             29-29           40

5       Металлург                   26           9             8              9             33-26           35

6       Сурхон                         26           10           5              11          26-33           35

7       Насаф                          26           9             6              11          34-27           33

8       АГМК                            26           9             5              12          36-37           32

9       Навбаҳор                     26           7             11           8             26-23           32

10     Андижон                      26           6             10           10          23-37           28

11     ҚўҚон-1912                  26           6             8              12          31-45           26

12     Бухоро                          26           5             9              12          18-37           24

13     ҚизилҚум                      26           5             9              12          24-48           24

14     Динамо                          26           6             6              14          25-47           24

 

Тўпурарлар

Драган Черан («Пахтакор») - 23та (6та - пен.)

Игорь Сергеев («Пахтакор») - 17та

Зафар Полвонов (АГМК) - 15та

Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») - 14та


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz