Қайднома

Қидирув

Марк-Андре тер Штеген: «Муваффақият асоси - меҳнат»

Марк-Андре тер Штеген: «Муваффақият асоси - меҳнат»

  03.12.2019 13:01
  0
  321
Марк-Андре тер Штеген: «Муваффақият асоси - меҳнат»

«Барселона»нинг германиялик дарвозабони Марк-Андре тер Штеген жорий мавсум клубининг барча ўйинларида иштирок этиш баробарида ўта ишончли ҳаракатлари билан ажралиб турибди. ФИФА томонидан йилнинг энг яхши голкипери бўлишга номзод сифатида кўрсатилган 27 ёшли футболчи яқинда халқаро ташкилот расмий сайтига интервью берди. Аслида 2019 йил Марк-Андре учун «парвозлар ва қулашлар» даврига айланди. Лекин унинг энг яхшилар қаторига кирганида салмоқли сабаблар бор, албатта. Дейлик, германиялик кипер «Барселона»нинг Испания Ла Лигасида зафар қучишига катта ҳисса қўшди, қолаверса, бундестим таркибида Евро-2020 саралаш босқичида муваффақиятли ўйнади. «Қулаш» бандига келсак, тер Штеген ЧЛ-2018|2019 ярим финали жавоб баҳсида каталонияликларга ёрдам беролмади. Ҳар ҳолда, «Энфилд»да «Ливерпуль» футболчиларидан нақ 4та гол қабул қилиб олди - даҳшатли омадсизлик. «Барса» шунингдек, Испания кубоги ҳал қилувчи баҳсида ҳам кўзда тутилмаган муваффақиятсизликка йўлиқди. Натижалар ўз йўлига, асосийси, тер Штеген мавсум давомида жаҳон футболидаги энг кучли голкиперлардан бири эканлигини амалда тўлиқ исботлади, шубҳасиз.

 

- Марк-Андре, шахсан ўзингиз 2019 йилги фаолиятингизга қандай баҳо берасиз?

- Йил давомида юксалиш ҳам, пасайиш ҳам кузатилди. Ўзи футбол ғалаба ва мағлубиятлардан иборат. Тушунарлики, «Барселона» ҳамиша максимал натижа қайд этишни кўзлайди, шунга интилади. Хусусан, мен ҳам фақат олдинга ҳаракат қилишни истайман. Ҳа, мавсум доирасидаги жуда кўплаб ўйинларда чиройли ғалабаларни тантана қилдик, бироқ афсуски, Европа Чемпионлар Лигаси финалига чиқолмадик. Шунга қарамай, умумий қараганда, йил жамоамиз учун чакки ўтмади, ҳар ҳолда, бир қатор ёқимли хотиралар қолди.

- Хўш, «Барса» яхлит клуб сифатида 2019 йилдан сабоқ олдими? Хулосага мувофиқ, сизлардан ўйиннинг айнан қайси жиҳатини кучайтириш талаб этилади?

- Ҳамиша изланишдамиз, ўйинимизни ҳар томонлама яхшилашга ҳаракат қиламиз, албатта. Ўтган мавсум Испания чемпионатида ғалаба қозонишдан ташқари, бошқа турнирларда ҳам фақат юксак марра сари илдам қадам ташладик. Афсуски, футболда доим ҳам барча режаларингиз амалга ошмайди - бу имконсиз. Ҳа, биз ЧЛ ва мамлакат кубогида аламли мағлубиятларни тан олдик, муҳими, шу муваффақиятсизликлар ўлароқ, жамоамиз янада жипслашди. Футбол ўзи шунақа - қачон нима бўлишини олдиндан билмайсиз. Агар билганингизда, ўйиннинг қизиғи қолармиди? Ўйлайманки, барча футболчилар аввалги мавсумнинг якуний қисмида рўй берган омадсизликлардан тегишли хулосалар чиқаришди. Бу катта тажриба, барибир.

- Кўринишидан, «Барселона»нинг асосий мақсади айнан ЧЛ кубоги. Ҳар ҳолда, бу турнир клуб учун жуда муҳим саналади. Фикримизга қўшиласизми?

- Ҳа, худди шундай. Йиллар ўтиши билан бу мақсаднинг ўзгармаслиги ҳам тайин. Клубимиз қандай ҳолат ёки шароитда бўлмасин, ЧЛда фақат ва фақат ғалаба қозонишни ўйлайди, шунга алоҳида эътибор қаратади. Ахир гап еврофутболнинг энг нуфузли мусобақаси ҳақида кетмоқда. Қолаверса, «Барса»нинг «шалпанг-қулоқ» кубокни ютганига ҳам анча бўлди. Тўғри, биз ҳар бир турнирга жиддий ёндашишга ўрганганмиз, лекин ЧЛ алоҳида ўрин тутишини тан олишим жоиз. Мана, бу йил турнирда яхши старт олдик, ажабмас, якунда олий мақсадга эришсак. Тўғри, олдимизда узоқ йўл турганини теран фаҳмлаяпмиз.

- Энди мавзуни миллий жамоа мавзусига бурамиз: Германия термаси Евро-2020 йўлланмасини қўлга киритди, аммо саралаш босқичида маълум қийинчиликларга ҳам учради. Шундай бўлишини кутганмидинглар?

- Бу табиий жараён. Зеро, бундестим ўйин услубига маълум янгиликлар киритилди, ҳозир қўлланилаётган тизим аввалгисидан бироз фарқланади. Тушунарлики, янги тажриба амалга татбиқ этилган вақтда барқарор ўйин кўрсатиш қийин. Қолаверса, миллий жамоамиз таркиби сезиларли даражада ёшартирилди. Баъзи йигитларда тажриба анча кам. Шунга қарамай, дейлик, Нидерландия термасига қарши кечган муҳим ўйинлар тараққиёт йўлига тушиб олганимизни кўрсатди. Энди олдимизда Евро-2020 финал раунди турибди. Табиийки, бўлажак турнирда муваффақият қозонишни истаймиз. Фақат бунинг учун ўйинимизни ҳали анча кучайтиришимиз керак.

- Германиялик мухлислар жуда талабчанлар, улар ҳаттоки, ўтиш даврида ҳам жамоадан энг юксак натижалар кутишади. Футболчилар бу борада қандайдир босимни ҳис қилишяпти?

- Ўзи бизда ҳамиша босим бўлади. Зеро, Германияда ҳамма миллий жамоанинг буюк ғалабаларига ўрганиб қолган. Қисқаси, мухлисларимиз ҳар қандай ҳолатда ҳам, чиройли ўйин орқали рақибдан устун келишимизни исташади. Бироқ бу жуда мушкул вазифа, боз устига, жамоамиз таркиби анча ёш. Ўйлайманки, мухлислар энди натижаларга нисбатан бироз сабрли бўлишлари керак. Албатта, футболчилар ҳар бир ўйинда бор куч-имкониятларни ишга солишади, мамлакат шаънини муносиб ҳимоя қилишни хоҳлашади. Умуман, барчамиз зиммамизда қандай масъулият турганини яққол билиб турибмиз.

- 2020 йилдан аввало, нималарни кутяпсиз?

- Мен учун энг асосийси - яқинларим, оилам ва дўстларим ҳамиша соғ-саломат бўлишсин, бахтиёрликни туйишсин. Қолганини вақтнинг ўзи жой-жойига қўяди. Биламанки, агар сидқидилдан ишласам, натижалар келади, албатта. Муваффақият асоси - меҳнат.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz