Қайднома

Қидирув

Ҳозирги умумий манзара

Ҳозирги умумий манзара

  06.12.2019 01:30
  0
  473
Ҳозирги умумий манзара

ЖЧ-2022 САРАЛАШИ (ОФК). ИККИНЧИ ­РАУНД 6-ТУРДАН КЕЙИНГИ ҲОЛАТ. Иккинчи бос­қич ярмидан ўтган бир паллада Сурия ва Вьетнам терма жамоаларининг ўз гуруҳида ишонч билан пешқадамлик қилаётгани бугунги футбол даражасининг мантиқий инъикосидир. Яман ва сингапурликларни гуруҳдан чиқишга интилаётганлари, Филиппин ва Қирғизистон каби жамоаларнинг саралашнинг умумий жадвалида айрим грандлардан олдинда тургани Осиёда ҳам азалий фаворитлар учун енгил дамлар тугаётганидан даракдир балки. Ўзи ОФК миқёсидаги саралашнинг айни шу босқичи ҳар сафар голларга бой бўлади. Мана, бирданига 2та йирик мусобақага даъвогарларни саралаб бераётган жорий квалификацион раундда ҳам йирик ҳисоблар кўп учрамоқда. 14 ноябрь кунги турда 4та, 19 ноябрда эса 3та жамоа меҳмонда ғалаба қозонгани эса айни пайт «сафар синдроми» йўқолиб бораётганини англатади. Шунингдек, Ҳиндистон, Камбоджа, Малайзия, Индонезия каби ўртамиёнадан ҳам паст жамоа­ларнинг ўйинларига мухлислар ташрифи чакки эмаслиги кишини қувонтирмоқда. Тўғри, бунда минтақа доирасидаги дербилар ўрни катта, албатта. Эътибор берсак, ҳозирга келиб, сайёрамизда фақат Осиё|Австралия  минтақасида мундиал саралаши авжига чиқди. Мисол учун, Жанубий Америка ва Европада саралаш цикли ҳали бошлангани йўқ. Яна бир томони, Осиёнинг кучли жамоалари айни саралашда ёш ва иқтидорли футболчилар билан натижа қайд этишга уринмоқда. Дейлик, Моҳаннад Али (Ироқ) ва Такуми Минамино (Япония) қатори бизнинг Элдор Шомуродов ҳам керакли паллада зарур голлар ураётгани билан ажралиб турибди.

Иккинчи босқич 6-турдан кейин юзага келган асосий 2та факт:

1. Непал, Камбоджа, Афғонистон, Ҳиндистон ва Бангладеш терма жамоаларида гуруҳда 2-ўринга чиқиш учун назарий имконият бор, холос.

2. Гуам, Хитой Тайпейи, Индонезия ва Шри-Ланка терма жамоаларида кейинги босқичга чиқиш учун назарий имконият ҳам қолмади.

 

6та турнинг умумий  статистикаси

Ўйинлар сони: 96та

Мезбонлар ғалабаси: 45та

Дуранг: 18та

Меҳмонлар ғалабаси: 33та

Голлар сони: 281та (ўртача: 2,93та)

«Покер»: 3та (Ким Шин Вук, Ж.Корея; Янг Ксю, Хитой; Карим Ансарифард, Эрон)

«Хет-трик»: 6та (Али ал Моаз, Қатар; Эдгар Берндхарт, Қирғизистон; Али Мабҳут, БАА; Омар ал Сома, Сурия; Жейми Макларен, Австралия; Сардор Азмун, Эрон)

Қизил карточка: 9та (Шоун Никлоу, Гуам; Маунг Маунг Луин, Мьянма; Акрам Абдул Ғани, Мальдив ор.; Халифа ал Ҳаммадий, БАА; Искандар Жалилов, Тожикистон; Масъуд Шожаи, Эрон; Маҳмуд Абу Варда, Фаластин; Аҳмад ал Солиҳ, Малайзия; Соэуй Висал, Камбоджа)

Томошабинлар сони: 1 611 133 (ўртача: 15 057)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: Малайзия - Индонезия (75 044)

Энг кам томошабин кирган ўйин: КХДР - Ж.Корея (100)

Энг кўп ва энг кам томошабин кирган ўйинлар ўртасидаги нисбат: 750га 1

  6-тур Қаҳрамони

Баҳа Файсал Муҳаммад Сайф. 1995 йилнинг 30 май куни Иорданиянинг Зарқа шаҳрида туғилган. «Ал-Шамал» клуби аъзоси. 2011 йилдан Иорданиянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларида тўп сурмоқда. Миллий жамоа сафидаги дебютини 2016 йилнинг 24 март куни Бангладеш термасига қарши баҳсда нишонлаган ва дарҳол голлари ҳисобини очган. Ҳозирга қадар Иордания миллий жамоасининг 20та ўйинида қатнашиб, 9та гол урди. Баҳа Файсал жумладан, 6-турда Хитой Тайпейи термаси билан бўлган ўйинда ҳисобни очувчи ва унга нуқта қўйган голларни урди - «дубль». У айниқса, қанот орқали ҳужум ташкиллаштиришда ўта хавфли.

 

Марказий Осиё

ҳакамлари статистикаси

Ҳамюртимиз Азиз Асимов 2018 йилги мундиал саралашида 4та ўйинни бошқариб борганди. Айни пайт унинг ҳисобида 2та ўйин бор. Ҳаммамизга яхши таниш Баҳодир Қўчқоров «нафақа»га чиқишидан олдин қирғизистонлик рефери Дмитрий Машанцев бригадасида ишлаётганди. Ж.Корея ва Япониядан 6 нафардан ҳакам жалб этилгани ушбу мамлакатлар ҳакамлик мактабининг Осиёдаги ўрни янада куча-йиб бораётганлигидан далолатдир. ЖЧ-2022 мезбони - Қатардан эса фақат Абдулраҳмон ал Жассим ишламоқдаки, бу ОФК Ҳакамлар департаментига ўринли саволлар йўллашга асос бўла олади.

Тўпурарлар пойгаси

Айни пайт суриялик Омар ал Сома 7та голга эга - энг юқори натижа. Эътиборли томони, ҳамюртимиз Элдор Шомуродовда ундан ўзиб кетиш имконият учун етарли.

Омар ал Сома (Сурия) - 7та гол

Али Мабҳут (БАА) - 6та гол

Элдор Шомуродов (Ўзбекистон) - 6та гол

Янг Ксю (Хитой) - 5та гол

Карим Ансарифард (Эрон) - 5та гол

Такуми Минамино (Япония) - 5та гол

 

«Жокер»лар масаласи

Иккинчи босқичнинг 40та иштирокчисидан 15тасида захирадан тушган футболчи гол урди. Ҳозирда малайзиялик Муҳаммаду Сумареҳ 2та гол билан «жокер»лар пойгасида пешқадамлик қилмоқда. Дарвоқе, 2 ва 6-турларда захира вакиллари ҳисобига лоақал 1та гол ёзилмади.

4та гол

Қувайт: Ҳусайн ал Мусавий, Реда Ҳани, Шабайб ал Халдий, Файсал ал Аземий

2та гол

Ироқ: Али Аднан, Аъло Аббос

Малайзия: Муҳаммаду Сумареҳ (2та)

Мальдив ор.: Али Ашфақ, Наиз Ҳасан

Япония: Даичи Камада, Такума Асано

1та гол

Австралия: Жейми Макларен

БАА: Тариқ Ҳасан

Индонезия: Ирфон Бачдим

Ж.Корея: Квон Чанг Хун

Уммон: Аршад ал Алавий

Фаластин: Ислом Батран

Филиппин: Майк Отт

Эрон: Меҳрдод Муҳаммади

Ўзбекистон: Игорь Сергеев

Ҳиндистон: Семинлен Дунгел

Ҳисоблар хилма-хиллиги

Энг кўп учраган ҳисоб - 1:0 (17 марта). 14тадан ўйин эса 2:0 ва 2:1 ҳисобларида тугади. Умуман олганда, 96та баҳсда 20 хил натижа қайд этилди.

1:0 - 17та

2:0 - 14та

2:1 - 14та

0:0 - 11та

3:0 - 7та

1:1 - 5та

5:0 - 5та

3:1 - 4та

7:0 - 3та

2:2 - 2та

3:2 - 2та

4:0 - 2та

4:1 - 2та

6:0 - 2та

4:3 - 1та

5:2 - 1та

7:1 - 1та

8:0 - 1та

9:0 - 1та

14:0 - 1та

Голлар хронометражи

Ўйин вақтларини алоҳида олсак, ҳозирча 16-30-дақиқалар энг самарали оралиқ бўлиб турибди - 54та гол. Ҳакамлар томонидан қўшиб берилган дақиқаларда жами 19та гол урилгани эса кураш сўнгги сонияларга қадар давом этаётганидан далолат.

1-15-дақиқалар - 40та

16-30-дақиқалар - 54та

31-45-дақиқалар - 42та

45+-дақиқалар - 5та

46-60-дақиқалар - 44та

61-75-дақиқалар - 40та

76-90-дақиқалар - 42та

90+-дақиқалар - 14та

Жами: 281та

 

  ҚизиҚарли фактлар

*** ОФК аъзоларидан атиги 9таси мундиал саралашида 100та ўйин маррасига етган. Ўзбекистон миллий жамоаси 2020 йилнинг 31 март куни Яман термасига қарши сафар учрашувида ушбу элит рўйхатга қўшилади. Демак, айни пайт жамоамиз ҳисобида 99та ўйин бор. Ўзбекистон термасининг ЖЧ йўлланмаси учун курашга боғлиқ умумий статистикаси: 7та цикл, 99та ўйин, 52та ғалаба, 19та дуранг, 28та мағлубият, тўплар нисбати: 189-101. Дарвоқе, жаҳон терма жамоаларининг мундиал саралашидаги натижалари акс этган умумий жадвалга қарасак, Ўзбекистон миллий жамоаси айни пайт 175 очко билан 49-ўринда бормоқда. Камерун ва Миср термаларида ҳам шунча очко бор. Қизиқарли факт, фақат ҳали мундиалга бирор марта чиқолмаган жамоалар рўйхатига қарасак, булар орасида очко тўплаш бобида 2-ўриндамиз. Яъни биргина Гватемала термаси саралашда биздан кўпроқ очко олган ҳолда, ҳали ЖЧ юзини кўрмаган.

*** Ўзбекистон миллий жамоаси дарвозасига мундиал саралаши доирасида «юбилей» 100-голни Саудия Арабистони термаси сардори Салмон ал Фараж урди - ўйиннинг 85-дақиқасида.

*** Ж.Корея терма жамоасининг мундиал саралаши ҳисобидан ўз дарвозасини қуруқ сақлаш бўйича серияси 555 дақиқага етди. Корейслар охирги марта 2017 йилнинг 13 июнь куни Қатар термасига қарши баҳсда Ҳассан ал Ҳайдосдан гол қўйиб юборишганди. Япония терма жамоаси эса мундиал йўлидаги ўйинларда 386 дақиқадан буён гол қўйиб юбормаяпти. Японлар 2017 йилнинг 5 сентябрь куни Саудия Арабистони термаси вакили Фаҳад ал Мувалладнинг ягона голи туфайли мағлубиятни тан олишганди.

*** 2003 йилдан буён Қувайт терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган ҳужумчи Бадр Аҳмад ал Мутва шу пайтгача 175та ўйинда майдонга тушиб, 56та гол урди. У нақ 4та мундиал саралашида рақиб жамоа дарвозасига йўл топган: ЖЧ-2006 - 4та, ЖЧ-2014  - 1та, ЖЧ-2018 - 4та, ЖЧ-2022 - 3та.

Фитрат тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz