Қайднома

Қидирув

Жаҳон чемпиони тайёрлаш методикаси-4

Жаҳон чемпиони тайёрлаш методикаси-4

  06.12.2019 03:33
  0
  131
Жаҳон чемпиони тайёрлаш методикаси-4

Газетамизнинг аввалги сонларида шу сарлавҳа остида берилган мақолада чемпионликка эришишда руҳиятнинг аҳамияти ҳақида тасаввурга эга бўлгандик. Бугун ушбу материалнинг сўнгги қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

(Давоми. Бошланиши аввалги сонларда)

Марварид қонуни: марварид, қимматбаҳо дур қандай пайдо бўлади? Шапалоқдек келадиган денгиз чиғаноғининг ичидаги молюска майин танасига тасодифан дағал қумчалар тушганида, ўзини ҳимоя қилиб, бу бегона нарсаларни садаф қатламлари билан ўрайди. Натижада, табиий қимматбаҳо дур пайдо бўлади. Онг ва ботиний онгнинг ишлаш принципи ҳам худди шунга ўхшайди. Сиз ишонмайдиган фикрлар - дағал қумчалардир. Яъни денгиз чиғаноғининг қаттиқ қисми - онгингиз. Молюска - ботиний онгингиз. Ишончнинг шаклланиши - жараён. У 9 ойдан 3 йилгача вақтни ўз ичига қамраб олади.

Марварид қонуни - инсон руҳиятини очиб берувчи кашфиёт! Бу кашфиёт ўзбек халқининг, миллатнинг мулки ҳисобланади. Ундан фақат эзгулик ва муваффақият учун фойдаланиш мумкин. Ана энди футболчиларимиз ўзларига бўлган ишончни шакллантириш учун ботиний онги кучидан, қудратидан ва имкониятларидан фойдаланишлари керак. Аммо ботиний онг осонгина кириладиган «аудитория» эмас, албатта. Унга кириш ва имкониятларидан фойдаланиш учун унинг тилини билиш керак.

Бунинг фақатгина битта йўли бор. У ҳам бўлса - орзу қилиш! Шу орқалигина унга кириш мумкин. Орзу қилишда буюк фалсафа, буюк ҳақиқат, буюк илм бор! Ҳеч бир мураббий ёки футболчимиз ўз олдига «Мен жаҳон чемпиони бўламан!» деган мақсадни қўя олишмайди. Қачонки, улар бу ҳақда орзу қилишни бошласалар ва бу орзуни ботиний онг ишонч билан ўраб ташласа, шундагина орзу ўз-ўзидан мақсадга айланади.

Ботиний онг кеча-ю кундуз тиним билмай ишлайди. Унга ҳамма нарса барибир, яъни миянгиздаги ижобий фикрни ҳам, салбий фикрни ҳам фарқламайди. Сиз нима ҳақда фикр юритсангиз, ботиний онг уни ишонч билан ўраб ташлайди. У билан жуда эҳтиёткор муомала қилинмаса, инсонни ўлдириши ҳам мумкин ёки аксинча, юксакликка кўтариб юбориши ҳам. Шунинг учун сиз фикрларни танлаш учунгина масъулсиз, ишончни шакллантириш учун эмас!

Бунга яққол мисол сифатида боксчиларимизнинг дунё миқёсида эришаётган ютуқларини келтириб ўтиш мумкин. У ерда бир мураббий бор - Марат Қурбонов. Унга ҳайкал қўйилса арзийди. Ушбу мутахассиснинг маҳорати шундан иборатки, у боксчиларига жаҳон чемпиони бўлишни орзу қилдиради. Қолганини шогирдларининг ботиний онги амалга оширади. Натижани эса кўриб турибмиз.

Сизда табиий равишда эътироз туғилиши мумкин: «Бокс билан футболнинг фарқи бор-ку?!»

Майдондаги футбол ўзгармасдир! Уни ҳар доим ўн бир футболчидан иборат икки жамоа аъзолари бор маҳоратларини намойиш этган ҳолда ўйнашади. Фақатгина футболдаги тенденциялар ўзгаради, футболга бўлган муносабат ўзгаради, футбол атрофида содир бўлаётган жараёнлар ўзгаради. Футболнинг ўзи эса том маънода ўзгармасдир. Футболдаги ривожланиш бор-йўғи унинг атрофида содир бўлаётган жараёнларда кузатилади. Ҳақиқий ривожланиш футболчиларнинг онги ва ботиний онгида содир бўлади. Бу кўп жиҳатдан футболчиларимизнинг дунё футболини қандай қабул қилишларига боғлиқ. Масъулиятли футбол ўйинлари пайти футболчиларимизда кузатиладиган қўрқувни йўқотишнинг энг самарали усули - уларда ўзларига ва бирор-бир ғояга бўлган ишончни шакллантиришдир. Бу энг қисқа, самарали ва тўғри йўлдир.

Демак, ташхис қўйилди: «Орзу» деб номланган китобим ҳар бир мураббий ва футболчилар онги учун «дағал қумча» вазифасини ўтайди. Бу китоб шунчаки яратилгани йўқ. Ҳар бир яратилган нарсанинг сабаб ва оқибатлари бўлади. Бу ҳам қонунга биноан. Бу китобда жаҳон чемпионларини тайёрлаш методикаси берилган. Чунки чемпионлик қонунга биноан содир бўлади! Бу ерда ҳеч қандай тасодифлик йўқ. Чемпионлик формуласи мавжуд.

Нима деб ўйлайсиз, Дания ёки Греция терма жамоаларининг кутилмаганда Европа чемпиони бўлгани тасодифми? Ўртамиёна «Лестер»нинг АПЛ ғолибига айлангани-чи? Ёки янада қизиқроғи, ўзбек футболининг отахон устози бўлган Рустам Акрамовнинг 1994 йилги Осиё ўйин-ларидаги ғалабаси-чи? Бирор-бир жамоанинг муваффақият қозониши бош мураббийнинг тажрибаси ва билим даражасига боғлиқ, деб ўйлайсизми? Аксинча, бу жамоада бош мураббийнинг истак-хоҳиши ва ғоясига бўлган ишончнинг қанчалик даражада шаклланганига боғлиқ.

Ишонч - барча мўъжизаларнинг асоси! Тарихдан маълумки, баъзи ўзаро тўқнашувларда камсонли аскарлари бўлган қўшинлар сон жиҳатидан устунликка эга рақиблари устидан ғалаба қозонишган. Бу ҳам ғалабага бўлган ишонч туфайлидир.

Буларнинг барчасида ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган қонуният мавжуд. Мана шу қонуниятни ўзаро ҳамкорликда тушунган ҳолда футболимизга татбиқ қилсак, ўзбек футболининг дунё даражасидаги муваффақияти ўзини узоқ куттирмайди. Бунинг учун жуда катта сарф-харажат ёки фавқулодда кўп вақт сарфланмайди. Бу қонуниятни очиб бериш ҳозирча сир сақланади. Чунки агар сизда бу қонуниятга нисбатан ишонч шаклланмаган бўлса у сизга ҳам, менга ҳам ва ўртага ташланадиган ғояга ҳам зарар келтириши мумкин. Шунинг учун бу борада эҳтиёткорроқ бўлишга интилдим. Чунки ер қонунлари, физика ва математика қонунлари, мантиқий қонунлар асосида ёндашув коинот қонунларини тўла тавсифлаб беролмайди. Чунки улар нисбийдир.

Маҳмаюсуф БЕРДИЕВ, "ИНтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz