Қайднома

Қидирув

Рустам Забиров: «Янги юлдузларни тайёрламасак, улар каердан пайдо бўлади»

Рустам Забиров: «Янги юлдузларни тайёрламасак, улар каердан пайдо бўлади»

  05.12.2019 13:36
  0
  461
Рустам Забиров: «Янги юлдузларни тайёрламасак, улар каердан пайдо бўлади»

Ўрта ва катта ёшдаги аксарият ишқибозлар Душанбенинг «Помир» ва Наманганнинг «Навбаҳор» клублари собиқ ҳужумчиси Рустам Забировни яхши танишади. У Собиқ иттифоқ, Ўзбекистон ва Россиянинг бошқа жамоаларида ҳам ўйнаган, узоқ хорижда тўп сурган. Айни пайт «Бунёдкор» академияси мураббийларидан бири сифатида ёш авлод вакилларини тарбияламоқда, қуйидаги суҳбатда сўз борадиган муаммони ҳал қилишга интилмоқда. Ушбу мақолани савол-жавоб тарзида эмас, балки Рустам Зоировичнинг катта монологи сифатида кўрсатмоқчиман. Қуйида ўқувчининг ўзи нега бундай қилганимни тушуниб олади.

- Фақат мавзу ва битта саволни ўртага ташлайман. Биздаги болалар-ўсмирлар футболида қандай муаммо бор? У катталар футболи, жумладан, Ўзбекистон миллий термасига кадрлар етказиб беришдаги танқисликка қандай таъсир ўтказмоқда?

- Мамлакатдаги аксарият мураббийлар орасида ўз тажрибамга таянган ҳолда солиштиришларни амалга ошириш мен учун нисбатан осонроқ. Осиё ва Европанинг кўплаб мамлакатларида бўлдим, у ердаги чемпионатларда тўп сурдим ва болалар ва ўсмирлар билан ишлаш учун яратилган шароитлардаги фарқни кўра оламан. Бизнинг болалар-ўсмирлар футболида кузатилаётган тартибсизлик ҳамон ҳайрон қолдирмоқда. Шундай пайтда турли даражадаги мутасаддилар, мухлислардан тушадиган савол кишини ажаблантиради: «Янги Қосимов, Жепаров, Ан ва Фёдоровлар қани?» Мен ҳам мантиқан жавоб қайтараман: «Биз уларни тайёрламас эканмиз, бошқа қаердан пайдо бўлишади?». Муаммонинг асл сабаблари менга аён.

Биринчи пайқаганим - кадрлар тайёрлаш дастурининг сустлиги. Биз болалар билан машғулотлар ўтказамиз, аммо бунинг учун қанча вақт ажратилмоқда? Энг яхши ҳолатда, ҳафтада 6 марта, ҳар бири 1,5-2 соатдан. Масалан, бизнинг академияда шундай. Бу ҳам жуда оз!

1,5 соат ичида болага нима бериш мумкин? Чиндан ҳам вақт жуда кам. Кўплаб зарур жиҳатларни қамраб олиш мақсадида зарур дастурларни четга суриш, ўйиннинг муҳим элементларини ўрганиш учун вақтни қисқартиришга тўғри келади. Чунки буларнинг барига улгуриш қийин. Шу каби нохуш ҳолат энг яхши мактабларда кузатилмоқда.

Мана, мен Нидерландиянинг ПСВ клубида амалиёт ўтаганман. Академия директоридан академик гуруҳларнинг шуғулланиши учун қанча вақт ажратилишини сўраганман. Унинг айтишича, болалар тонгда уйғонгач битта машғулот ўтайди, у узоқ вақт чўзилмайди, лекин интенсивлик маромида бўлади. Соат 11:00да мактабдаги ўқиш бошланади, дарслардан сўнг навбатдаги, кундузги машғулотлар ўтказилади. Буниси энди вақти ва юкламалари бўйича анча кучлироқ бўлади.

Оқшомга белгиланган машғулотлар ҳам шундай тўлақонли тарзда ўтади. Натижадан кўриш мумкинки, тарбияланувчилар суткада 4 соатга яқин ёки ундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида футбол билан банд бўлишади. Мураббийлар уларга керакли пайтда муайян дастурларни ўргатишга, зарур элементларни керакли пропорциялларда умумлаштиришга, ёшларни режалаштирилган даражага олиб чиқишга улгуришади. Бизда-чи, 1,5 соатда нима ўргатиш мумкин?.. Бу ахир ўз-ўзини алдаш-ку, айниқса, ҳафтасига атиги 3-4та машғулот ўтказилаётганини инобатга олсак.

Ота-оналарга нега фарзандларини уйда назорат қила олмаётганликлари борасида савол бераман. Зарур дастурларни ёзиб, уларга тақдим этаман. «Машғулотлардан бўш пайти, уйда ўтирганда, унга кўз-қулоқ бўлинг», дейман. Биласизми, улар қандай жавоб қайтаришади?! «Ахир биз уни тонгда уйғотишни ҳам уддалай олмаймиз. Ўрнидан туриши ҳамоно компьютер ёки телефонга ёпишади, уззукун Интернет билан банд бўлади... Сиз талабчан мураббийсиз, шундай экан, уни яхши футболчи қилиб тарбиялаш ўзингизга боғлиқ!..»

Мазкур ҳолатда улар бир жиҳатни ё унутишади ёки тушунишни хоҳлашмайди, мураббий - чўпон эмас, агар бола ўзи хоҳламаса, ҳеч қайси мураббий унга ҳеч нарса ўргатолмайди. Сеҳргарлар эса футболда ҳам, ҳаётда ҳам йўқ.

Ҳаммага тушунарли бўлиши учун яна қандай абсурд ҳолат рўй бериши мумкин: бизнинг болалар футболи жарлик ёқасида! Пасайиш анчадан буён давом этмоқда, халқаро даражадаги мусобақалардаги ғалабалар якунланди. Ўша авлод вакиллари ўрнини тўлдирадиганлар эса йўқ. Ғолиб футболчилар бошқа устозлар, эски чемпионатимизда тўп сурган мураббийлар қўл остида шуғулланишган. У мураббийлар ўзлари қандай шароитда улғайган бўлсалар, шогирдларини ҳам шу тариқа ёки шунга ўхшаш шароитда тарбиялашган. Бугунги кундаги аксарият ёш мураббийларнинг қарашлари бошқача, кўп ҳолларда уларнинг касбий билимларида нуқсонлар кўзга ташланади.

Мен Душанбедаги спорт интернатида ўқиганман. Тонгда енгил нонуштадан сўнг енгил машғулот ўтказиларди. Кейин эса вақтимиз ўқиш билан ўтарди - уч соат дарсда қатнашардик. Сўнгра кундузги кундузги машғулот ва тушлик. Тамаддидан кейин яна бир-икки соат дарс ўтиб, оқшомга яқин учинчи машғулотни бошлардик. Биз шундай ишлаганмиз. Замонавий Ғарб мактаблари билан солиштириб кўринг: уларда ҳам шундай. У пайтлари бизнинг футбол УЕФАда энг юқори даражалилар сафида эди. Бугун эса ФИФАдаги рейтингимиз 80-ўриндан юқорироқ бўлгани учун қувоняпмиз...

Мутлақо бошқа нарсалар урфга кирмоқда, дейлик, Роналдунинг зарбалари ва шунга ўхшаш жиҳатлар. Йигитлар у каби тепишга интилишмоқда, аммо тушунишмаяптики, Роналду шуғулланиш учун кунига 1,5-2 соат меҳнат қилиш билан чекланмайди, 4-5 марта зарба йўллаш унинг учун оз, умумий ҳисобда бир йилда жуда кўп вақтини сарфлайди. У ҳақиқий меҳнаткаш, уринишлар эвазига шундай даражага чиққан. Бизникилар-чи? Уларга Интернет қизиқроқ! Ахир йигитларнинг бу ҳолга тушишларига мураббий сабабчи эмас-ку. Ота-оналари эса бошқача фикрдалар: фарзандларини мен ўзгартиришим, турли имо-ишоралар ва қаттиққўллик билан улардан футболчи яратишим керак экан.

Сўнгги йиллардаги ўйинчилар орасида фақатгина Шомуродов кучли чемпионатга мослашишни уддалади, холос. Бу ҳолат аҳолиси 30 миллиондан ортиқ бўлган мамлакатда кузатилмоқда!

Яқинда Бельгияда футболни ислоҳ қилишди ва орадан 10 йил ўтиб улар ҳозиргидек қудратли термага эга бўлишди. Эндиликда бутун бошли Бельгия футболи рейтингнинг энг юқориларида юрибди, улар шунга ҳақлилар. Айни ҳолат XXI аср бошларида Германияда ҳам кузатилди, бир неча йилдан сўнг немислардаги ўсишни кўрдик: ЖЧ-2010да «бронза», ЖЧ-2014даги «олтин». Айнан ўша - 7-10 ёшида янги дастурга асосан Германия академияларига келган Мюллер, Гётце, Хуммельслар чемпион бўлишди. Мамлакат мураббийларга ҳам вақт берди, ҳеч ким дарҳол натижаларга эришишни мажбурий қилиб қўймади. Бунинг учун тегишлича муддат керак эди, у берилди. Натижада - кўрсаткичлар анча яхшиланди.

Футболимиз тепасида турганлар ҳозирданоқ болалар футболидаги таълим тизимига ўзгартиришлари киритишлари лозим. Акс ҳолда, биз машғулотлардаги озгина вақт билан чекланаверамиз, дастурни чала тушунтириш орқали якунда ҳеч нарсага эришмаймиз. Академия ва кучли мактаблар директорлари буни яхши тушунишади, аммо таълим тизимини ўзгартириш уларнинг ваколатларига кирмайди. Маҳаллий таълим бошқармаларига таъсир кўрсатиш, футбол бўйича махсус синфларни жорий қилиш фақат энг юқоридаги раҳбарларга боғлиқ.

Мураббий кадрларни танлаб олиш, ўз навбатида, селекция ишлари тизимини тўғрилаш даркор. Болалар билан ишлашни уларнинг «олтин даври» - 6дан максимум 10-12 ёшгача бўлган пайтида кучайтириш керак. Шундагина камчликларни бартараф этишимиз мумкин. Агар бу чоралар қўлланса, мен қатори бошқа ҳамкасбларимнинг ҳам иши енгиллашади: ярим аъзоси фақат бир оёғидан фойдаланадиган, муҳим техник элементлардан бехабар ўйинчилардан иборат гуруҳлардан азият чекмаймиз, уларга буни аввалдан ўргатишмаганидан нолимаймиз. Бу футболчиларнинг болалик пайтидаги мураббийлари шундай «ишлашган».

Мана, мавжуд муаммоларнинг икки хилини сизга кўрсатиб ўтдим. Энди уларга қисқача тасниф берсам.

1. Болалик давридаги таълим дастурининг мукаммал эмаслиги.

Бу камчиликни бутун футбол тизимига таъсир ўтказиш, уни ўзгартириш орқали йўқотиш мумкин. Мазкур ҳолатда умумий таълимни ҳам қўшамиз. Шундагина футболда мувофиқлик таъминланади, шахснинг ривожланиш жараёни яхлитланади.

2. Мураббийларнинг суст таълим олиши.

Афсуски, замонамиз ёшлари мураббийлик ва устозликнинг масъулиятли тўлиқ ҳис этолмаяптилар. Мазкур муаммони юқоридан бўладиган талабларни кучайтириш, аттестация жараёнида баҳолаш даражасини ошириш орқали бартараф этса бўлади. Хоҳлашмаяптими, мажбурлаш зарур. Ёки мураббийликни йиғиштиришсин, ҳақиқий футболчи эмас, ярим тайёр, кераксиз ўйинчиларни тайёрлашларидан маъни йўқ...

Гапларимни сабр билан тинглаганингиз учун раҳмат, ичимдагини кимгадир тўкиб-солишни хоҳлагандим, билсангиз...

 

Хулоса

Рустам Забиров фикрларининг иккинчи қисми, яъни мураббийлик таълими ҳақидаги хулосаларим билан ўртоқлашсам. Ҳурматли назоратчилар, нега бундай «мураббий»ларни аттестациядан ўтказяпсиз?

Ушбу савол ЎФА раҳбарларига ҳам тааллуқли. Бу соҳада фақат болаларни яхши кўрадиган, сабрли, кичкинтойларнинг шўхликларини кўтарадиганлар ишлаши керак. Бундайларни аниқлаш қийин: пешонасига ёзиб қўйилмаган. Шундай экан, тайёрлов курсларига ҳамма хоҳловчиларни қабул қилмаслик, танлов ўтказиш, мураббийларга ҳақиқий аттестациядан ўтишганидан кейингина ишлашга рухсат бериш мақсадга мувофиқ. Истисно қўллаш ҳам мумкин: масалан, тегишли лицензияга эга бўлмагани ҳолда, ҳудудларда бир неча йиллардан буён ёш авлод тарбиясига муносиб улуш қўшаётганлар бор.

Бундай мутахассисларни жисмоний тарбия таълими бўйича махсус ҳужжатсиз ҳам қабул қилиш керак, биргина шарт билан - кейинчалик ўз йўналишларида таҳсил олишади. Лицензия исталган пайтда «куйиб» қолиши мумкин - муддати ўтиши ёки бошқа сабаблар туфайли, буни кўпчилик билади. Аммо «D» ёки «C» дастури бўйича ўқишга ҳужжат топшираётган пайтда, номзоднинг ҳеч бўлмаганда ўрта техник маълумоти бўлиши шарт. Мактабда қониқарсиз баҳога ўқиганларга ўрин йўқ.

Ўша мураббий кейинчалик иш билан ўқишни умумлаштирса бўлаверади: яхшиямки, ОТМларда сиртқи бўлимлар тикланди, бу эса ўз касби бўйича меҳнат қилаётганлар, кундузи ўқишга улгура олмайдиганлар учун айни муддао. Танлов жараёнида хатолар кузатилиши турган гап, улар ҳамиша бўлади. Бироқ талабларни ошириш ва болалар мураббийлари тайёрлашни назоратга олиш орқали футболдаги ортиқча одамлар фоизини сезиларли камайтиришга эришамиз. Бундайлар бугун бизда бисёр.

ЎФА, Спорт вазирлиги! Шуни айтмоқчиманки, уқувсизлар, фирибгарлар ва текинхўрларни топишда сизларга ёрдам беришга ҳамиша тайёрман, мени яхши биласиз.

А.АҲМЕДОВ тайёролади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz