Сенегал термаси ва «Наполи» клубининг 28 ёшли футболчиси - жаҳоннинг энг яхши ҳимоячиларидан бири - сўнгги пайтларда нафақат рақиб жамоа ҳужумчилари билан яккакурашларга киришмоқда, балки Италия стадионларида тез-тез кузатиладиган ирқчиликка қарши фаол курашмоқда.
- Африкалик бўлганингиз учун сизни бир неча марта Италия стадионларида ҳақорат қилишган. Аслида қаерда туғилгансиз?
- Отам 1970 йили иш қидириб Сенегалдан Францияга борган - у ерда ишчи кучига эҳтиёж туғилганди. 5 йил Париждаги ерёнғоқ ишлаб чиқарувчи фабрикада ишлаган, аммо у ёпилган. Сўнгра Вогезага бориб, ёғочсозлик билан шуғулланган. Имконият туғилиши ҳамоно мен билан онамни Францияга олиб борган. Оиламизда уч ўғил бор, мен - иккинчисиман. Сен-Дье-де-Вожда туғилганман, у ерда сенегалликлар жуда кўп. Болалигимда она тилимизда гаплашадиганларни кўп кўрардим.
- ЖЧ-2002га амалдаги чемпион сифатида борган французларнинг Сенегал термасига 0:1 ҳисобида ютқазишгани эсингиздами?
- Албатта. Шунингдек, 1998 йили Франция термасига - Дешам, Зидан, Блан, Десайига ишқибозлик қилиб, уларнинг ғалабасидан қувонганим ҳам ёдимда. Шаҳар марказида байрам бўлган, ҳамма машиналар сигнал чалишган. 2002 йили таассуротлар турлича бўлган: бир томондан, Францияга мухлислик қилишни давом эттирганман, аммо Сенегалга ҳам қайғургандим - улар мундиалдан ярим йил олдин Африка кубоги финалида Камерунга пенальтилар сериясида ютқазишганди. Ўша (Франция - Сенегал ўйини ўтказилган) куни одатдагидек мактабга боргандим, ўқитувчимиз (у ҳам футболчи бўлган, мураббийларимдан бири) кутилмаганда «Болалар, дафтарларни очамиз!» деди. Буни ҳеч ким кутмаганди. Ҳақиқий зарба бўлди. Аммо барибир, у дарсни бекор қилиб, телевизорни ёқди. Ҳали мадҳиялар янграб улгурмаганди, баҳсни тўлиқлигича кўрдик. Болаликдаги энг ёрқин хотираларимдан бири. Ҳаяжонимни ошкор этмасликка уринганман, аммо ростини айтганда, Сенегалнинг ғалабасидан қувонгандим. Ушбу ютуқни байрам қилганмиз, мактабнинг кириш қисмида рақсга тушганмиз, эътиборлиси, Франция термаси мухлислари ҳам бизга қўшилишган. Ажабланарли! Бу ўзига хос кашфиётга айланганди.
- Ушбу ҳолат футболнинг ҳаммани бирлаштиришига ишора, лекин кўп ўтмай аксинча ҳолатга йўлиқдингиз...
- Илк клубим «Метц»да кўплаб африкаликлар, хусусан, сенегалликлар ҳам тўп суришарди. Ғалаба қозонганимизда, рақиблар ўзларини тутиб туролмасдилар: «Бу қора танли суяксиндирарларни мағлуб этиб бўлармиди!» Уларнинг нимадир дейишлари тушунарли эди. Балки, мазкур ҳолатда ирқчилик аломатлари бордир, лекин ўшанда ҳеч ким маймунга ўхшаб увилламасди. Франция ва Бельгияда бу борада мураккаблик кузатилмаган. «Генк»да иккита ажойиб мавсумни ўтказганман (2012-2014), ҳеч қандай муаммога йўлиқмаганман.
- 2014 йили «Наполи»га ўтишингиздан аввал айрим фанатларнинг қилиқлари бўйича огоҳлантиришгандир?
- Италия ҳақида кўп гаплар юради, гўёки, бу расизм, ксенофобия - шу сабабли халқ чемпионатни ёқтирмайди, африкаликлар ҳам у ерга интилмайдилар... Мен буни навбатдаги синов тариқасида қабул қилдим. Боз устига, Неаполь мени илиқ қарши олди, оила аъзоларим бу ерда ўзларини уйдагидек сезишади, дўстларим ҳам меҳмонга келишганда ҳеч қандай муаммога йўлиқмайдилар. Ушбу шаҳарга келганимда, сенегаллик кўча савдогарларининг аксарияти ўзларини Кулибали деб атай бошлашган. Бундан роҳатланишган.
- Илк маротаба сизга нисбатан қачон ирқчилик кайфиятида бўлишган?
- «Лацио»га қарши ўйинда, ўшанда Италиядаги иккинчи мавсумимни ўтказаётгандим. Аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилгандир, аммо эътибор бермаганман. Мазкур учрашув пайтида эса (2016 йилнинг 3 февралида, ҳакам Иррати дарҳол ўйинни тўхтатган) ўзимни жуда ёмон ҳис қилганман. Фанатлар маймун каби увиллаб, ўйнашимизга халал беришган. Жуда алам қилган. Мураббийимиз (Маурицио Сарри) агар мухлислар ўзларини босиб олмасалар, ўйинни тўхтатишни уқтирган. Менда қандайдир уялиш ҳисси пайдо бўлган, ўзимни гўё бошқа табақа вакилидек сезганман, бегонадек эдим, кимнингдир ўрнини эгаллаб тургандек ҳис қилдим. Ҳозир эса аслида мен эмас, улар уялишлари кераклигини тушуняпман. Бу эси пастлар ҳеч қачон маймунга ўхшашимни юзимга айтолмайдилар, оломон орасида яширинаверадилар. Айнан кимнинг увиллаётганини аниқлаш осонмас. Уларга қарши қандай курашиш керак?! Бошқа мамлакатлар буни ўрганишган: дейлик, Англияда расизм кайфиятида бўлган мухлисларни умрбод стадионга киришдан маҳрум қилишади. Радикал чора, аммо шуниси маъқул.
- Ўтган йилнинг 26 декабрида, «Интер»га қарши сафар ўйини пайти ҳакам Маццоленига сизга сариқ карточка кўрсатиб, маймунга ўхшаб увиллаётган мухлисларга эътибор қаратмагани учун намойишкорона қарсак чалгандингиз. Оқибатда бунинг учун иккинчи «сариқ»ни олиб, майдондан четлатилгандингиз...
- Ўшанда ҳеч қанақа жиноят қилмагандим! Балки бундай муносабат яхшимасдир, аммо бу сабр косасига тўкилган сўнгги томчи эди. Ҳакам менга ҳеч қандай увиллашни эшитмаганини айтди... У қандайдир чора кўриши мумкин эди, аммо хоҳламади. Мен бунга жим қараб туролмайман. Яхшиси, ўшанда ўйинни тўлиқ ўтказиб, кейин дилимдаги гапларни айтсам дуруст бўларди. Иккинчи бўлимда Фаузидан (Ғулом, шериги) «Фанатлар овозини эшитдингми?» деб сўрадим. У эса: «Ҳа, буниси ортиқча. Агар хоҳласанг, ишора қил - ўйинни тўхтатамиз. Бундай муҳитда ўйнаш осонмас!» деди. Аммо қанақасига тўпни қўлимга олиб, баҳсни тўхтатишим мумкин? Мени қўллаб-қувватлашлари керак эди, аммо умид билдирган одамларим ўша вазиятда сукут сақлашди. Алам қиларкан!
- Кимга умид боғлагандингиз?
- Умуман айтяпман... Лекин биз тўғри йўлдамиз. Федерация қарор чиқарди - энди ҳар бир клубда ирқчиликка қарши курашишга жавобгар одам бўлади.
- Бу чора фойда беради, деб ўйлайсизми?
- Шундан умидворман. Ушбу йўналишда астойдил ишламоқчиман - фақат футбол билан чекланмоқчи эмасман. Муаммони ҳал қилиш йўлларини ахтариш лозим, одамлар Италияда африкаликлар ҳам юқори даражада тўп сура олиши мумкинлигини тушунишлари керак. Биринчи навбатда, буни Италияга кўчиб ўтишдан чўчиётган африкалик футболчиларнинг ўзлари тушунишлари даркор. Ахлоқсиз фанатларга чемпионатдаги паст табақа ўйинчилари эмаслигимизни исботлашимиз керак. Айнан шу ҳаракат бизнинг расизмга қарши курашимиз бўлади.
- Яқинда ҳамюртингиз Демба Ба африкаликларни Италия чемпионатини тарк этишга чақирди...
- Ажойиб гапирди. Дембани яхши биламан, бу борада у ҳақиқий жангчи. Аммо «А» сериядан кетиш - ирқчиларнинг ғалабасини тан олиш демакдир. Аслида биз эмас, улар кетишлари керак. Бироқ федерация ва бошқа ташкилотлар ёрдамисиз ютиб чиқишимиз қийин.
- Стадионлардаги расизмга қарши амалдаги курашнинг ўзи етарли эмас, деб ҳисоблайсизми?
- Чоралар етарли, аммо уларни қўллашмаяпти. Фанатларни жазолаш қани, жарималар қани, очколар олиб ташлаш қани?! Айбдорлар оммавий тарзда жазолансагина, халқ бироз фикрлашни бошлайди.
- Сентябрь ойи бошларида «Интер» мухлислари «Кальяри» фанатлари томонидан Ромелу Лукаку («нерадзурри» ҳужумчиси) манзилига йўлланган ирқчилик ҳайқириқларини қўллаб-қувватлашди. Бельгиялик форварднинг ўрнида сиз бўлганингизда қандай муносабат билдирардингиз?
- У Англиядан келган, туманли ўлкада бундай ҳолатга тушмаган, шундай экан, унга ҳавас қилиб бўлмайди. Лекин Неаполда бу каби вазият кузатилмаслиги турган гап - халқ футболчиларини севади... Чидаб бўлмайдиган нарсалар. Ирқчилик борми - жазо қўлланиши шарт. «Интер» мухлислари шу тариқа ҳиссиётларни ташқарига чиқариб, енгил тин олишганини айтишди. Ажабо! Ахир уларнинг аксарияти одамларни тана ранги учун ёқтирмасликларини ҳамма билади! Ушбу мухлисларни ҳам худди шундай ранжитилса, бунга қандай муносабат билдиришларини бир кўришни хоҳлардим.
- Аммо кимдир шу каби ҳолатларга тушса, бошқа африкаликлар ўзларини жуда пассив тутишади. Эҳтимол, ўз жамоанг фанатларига қарши чиқиш қийин бўлса керак?
- «Интер» - «Наполи» ўйини пайти рақиб жамоа аъзоси Квадво Асамоа (Гана термаси футболчиси) ёнимга келиб, мухлислар қилиғи учун мендан узр сўради. Бундан кўнглим тоғдек кўтарилди, аммо матбуотчилар бу ҳолатни назардан четда қолдиришди, ўйиндан кейин ҳам бу борада жимлик сақладик. Умуман олганда, ушбу масала бўйича нафақат африкаликлар, балки барча футболчилар фаоллик кўрсатишлари даркор.
- Бошқа мамлакат клубларидан таклифлар тушсада, кетишни хоҳламадингиз...
- Барча ҳақоратлар менга куч бағишлаяпти, иштиёқим ортган. Расизмдек жирканч иллатга қарамай, «А» серияда энг яхши бўлиш мумкинлигини исботламоқчиман. Қолаверса, менда Неаполдан миннатдорлик ҳисси бор - бу ноодатий ва меҳмондўст шаҳардан қарздорман. Унинг чиройини таърифлаш учун битта интервью камлик қилади. Агар Италия чемпионлигини қўлга киритиб ёки Чемпионлар Лигасида нимагадир эришсак, бу ирқчиларга қарши ўзига хос жавоб бўлади.
- Балки сизга қарши қўлланаётган ирқчилик ҳолатларига чемпионатнинг энг яхши ҳимоячиси деб топилганингиз сабаб бўлгандир? Гўёки, ўзига хос норозилик намойишидек.
- Билмадим, эҳтимол, бу ютуғим кимгадир ёқмагандир. Мени «А» сериянинг энг яхши ҳимоячиси деб танлашди (май ойида) ва буни ҳам расистларга қарши курашда ишлатмоқчиман, ғоялар бор. Масалан, дарсларнинг дастлабки куни мактабларнинг бирига ташриф буюрдим - ҳамма ҳайрон бўлди! Ўқувчиларга барчаси ўзларига боғлиқлиги, ҳар қандай дискриминациянинг ёмонлиги, бу каби иллатларни болаликдан четлаб ўтишни ўрганиш лозимлигини уқтирдим.
- Аммо болалар уйларига қайтгач, мутлақо бошқача тавсияларни эшитишади-ку...
- Бунга қарши қандай курашиш мумкин?! Агар ота-оналари расист бўлишса, фарзандларидан бошқача тарбияни кутмаса ҳам бўлаверади. Лекин барибир, нимадир қилиш керак - ҳам стадионларда, ҳам кундалик ҳаётда.
- Бу каби муаммоларга бош мураббий Карло Анчелоттининг муносабати қандай?
- У ажойиб инсон. Менга кўп нарсани ўргатди. Карло билан нафақат футбол, балки ҳаёт ҳақида ҳам суҳбатлашамиз. Унинг ақл-заковатига тан бераман.
- Сиёсат билан шуғулланишни хоҳламайсизми?
- Хоҳламайман, ушбу соҳани тушунмайман. Шунчаки, ҳам футбол, ҳам ҳаётда ирқчиликка қарши курашмоқчиман. Ахир бу энг оммабоп спорт тури. Агар стадионлардаги расизмни йўқотсак, у кундалик ҳаётда ўз-ўзидан йўқолади.
У.УМАРОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20