Беларуснинг БАТЭ клуби бу йил мамлакат миллий биринчилигида қаторасига чемпион бўлиш борасида Европа рекордини такрорлаши мумкин эди, аммо Брестнинг «Динамо»си бунга йўл қўйгани йўқ. Қисқаси, борисовликлар энг юқори кўрсаткичга бир қадам қолганида тўхташди. Қуйида шу баҳона олтин медаль ютишни одатга айлантирган клублар ҳақида яхлит мақола тайёрлаб, шунга доир турли маълумотларни тақдим этилмоқда.
Европада кетма-кет чемпион бўлиш борасида етакчи клублар. Айни пайт рекорд «Линкольн» (Гибралтар) ва «Сконто» (Латвия) клубларига тегишли - ҳар иккиси 14 йил давомида чемпионлик рутбасини ҳеч кимга бермаган. Гибралтарнинг энг совриндор жамоаси мавсум-2016|2017да қаторасига 15-марта олтин медаль ютишга яқин келганди. Бироқ чемпионатнинг охирги турида «сенсацион» тарзда очко йўқотиб, 1-ўринни «Европа»га бўшатиб берди. Шу тариқа «Линкольн» бу борада «Тафеа» томонидан қайд этилган жаҳон рекордини такрорлаш имкониятидан фойдаланолмади. Уинстон Черчилль номидаги проспект клуби (Гибралтар — бу қоялар ва атиги 6,5 квадрат|километр текис ер ҳудудига эга мамлакат) кейинги 2 мавсум чемпионлик мақомини қайтариб олди, бироқ узулишсиз «олтин»га бурканиш масаласида жаҳон рекордига яқинлашиш йўлида ҳали узоқ юриши керак... Европанинг яна бир рекордчиси - «Сконто» эса катта саҳнадан бир тушгани билан янги кўрсаткичларга даъво қилаётгани йўқ. Рига жамоаси Латвия чемпионатининг дастлабки 14та мавсумида ғолиблик байроғини бегона қилмади. Қаранг, шундай совриндор клуб кейинги 14 йилликда атиги 1 марта шоҳсупага кўтарилди. Оқибатда «Сконто» энг аянчли тақдирга юз тутди: лицензиясини йўқотди, таназзулга учраганини тан олди ва тарқатиб юборилди. Шундай экан, фаолияти давом этаётган клублар орасида Гибралтар вакили «Линкольн» Европанинг ягона рекордчиси бўлиб турибди.
Диққат қилинг, Европа футболининг бутун тарихида (нақ 150 йил ичида!) атиги 10та клубнинг чемпионлик серияси 10 ёки кўпроқ мавсумга чўзилган, холос. Элит рўйхатда топ-чемпионат иштирокчилари умуман йўқ ва бундан ажабланиш ортиқча. Кўпчилик Беларусь чемпионатида қаторасига 13 марта ғалаба нашидасини сурган БАТЭни мутлақ рекорд ўрнатишини кутган, тахмин қилганди. Бироқ борисовликлар охирги мавсумда «олтин»ни «Динамо» (Брест)га топшириб қўйишди. Айтиш ўринли, бу жамоа ўз тарихида илк марта чемпионликни тантана қилиш баробарида еврофутболда давом этаётган энг узун серияни узиб қўйди. БАТЭ эса 14 йил мобайнида биринчи марта финишга 1-ўринда етиб келолмади.
Чемпионлик серияси бўйича
еврофутбол етакчилари
1-2. «Линкольн» (Гибралтар) — 14 марта (2002|2003-2015|2016)
1-2. «Сконто» (Латвия) —14 марта (1991-2004)
3-4. БАТЭ (Беларусь) — 13 марта (2006-2018)
3-4. «Русенборг» (Норвегия) — 13 марта (1992-2004)
5. «Динамо» Зг. (Хорватия) — 11 марта (2005|2006-2015|2016)
6-10. «Динамо» Тб. (Грузия) — 10 марта (1990-1999)
6-10. «Динамо» Б. (собиқ ГДР) - 10 марта (1978|1979-1987|1988)
6-10. МТК (Венгрия) — 10 марта (1914, 1917-1925)
6-10. «Пюник» (Арманистон) — 10 марта (2001-2010)
6-10. «Шериф» (Молдова) — 10 марта (2001-2010)
Европада давом этаётган энг узун чемпионлик сериялари. Ғолибона юришини давом эттираётган амалдаги чемпионлар орасида «Ювентус» алоҳида ажралиб турибди. Туринликлар «А» сериядаги давомли юришлари билан Италиянинг бошқа клублари тарафдорларини аллақачон жуда зериктириб юборишди. Скудетто қаторасига 8 мавсумки, «Юве» музейида турибди. Тўғри, жорий мавсум «кекса синьора»га ниҳоят, жиддийроқ рақобатчи бош кўтарди - Антонио Конте бошқарувидаги «Интер». Эътиборлиси, «Ювентус» ҳозирги сериясини айнан шу мураббий қўл остида бошлаганди. Аниқроғи, дастлабки 3та скудеттони Конте таъминлаганди. Демак, сериянинг Антонио томонидан тўхтатилиши ўзига хос маъно касб этади. Лекин «Ювентус» чемпионликни осонгина бериб қўймаслиги аниқ. Умуман олганда, Турин дружинаси ушбу рўйхатга тушган топ-чемпионатларнинг ягона ўзгармас ғолиби эмас. Чунончи, «Бавария» Германия Бундеслигасида 7 йилдан буён ҳумкронлик қилмоқда. Италия ва Германия грандлари Уэльс, Кипр ва айниқса, Андорра вакили олдида салмоқли тош босиши ўз-ўзидан тайин. Шунингдек, Шотландияда рақобатдан холи одимлаётган «Селтик», Австриядаги қатор-қатор ғалабалардан кейин ниҳоят, евроаренада ҳам ўз сўзини айта бошлаган «Зальцбург» клублари алоҳида эътиборга лойиқ.
Европада чемпионлик сериясини
анчадан буён давом эттираётган клублар
1-4. «Ювентус» (Италия) — 8 марта (2011|2012-...)
1-4. ТНС (Уэльс) — 8 марта (2011|2012-...)
1-4. «Селтик» (Шотландия) — 8 марта (2011|2012-...)
1-4. «Лудогорец» (Болгария) — 8 марта (2011|2012-...)
5-6. АПОЭЛ (Кипр) — 7 марта (2012|2013-...)
5-6. «Бавария» (Германия) — 7 марта (2012|2013-...)
7-10. «Зальцбург» (Австрия) — 6 марта (2013|2014-...)
7-10. «Қорабоғ» (Озарбайжон) — 6 марта (2013|2014-...)
7-10. «Санта-Колома» (Андорра) — 6 марта (2013|2014-...)
7-10. «Астана» (Қозоғистон) — 6 марта (2013|2014-...)
Чемпионлик мақомининг умумий сони бўйича етакчилар. Хўш, Европада айнан қайси жамоа миллий чемпио-натда ҳаммадан кўп ғолиб чиққанини биласизми? Атиги 13та клуб олтин медаль ҳисобини 30тадан оширгани билан мақтаниши мумкин. Булар орасида «Ювентус», «Реал» ва «Аякс» каби қойилмақом клублар бор. Лекин рўйхатда Британия вакиллари етакчилик қилишмоқда. Дейлик, кучли учталикда Шотландия чемпионатининг икки иштирокчиси бор. Дарвоқе, «Селтик» яқин йилларда «Глазго Рейнжерс»дан ўзиб кетиш имкониятига эга.
Чемпионлик сони бўйича
еврофутбол етакчилари
1. «Глазго Рейнжерс» (Шотландия) — 54 марта
2. «Линфилд» (Шимолий Ирландия) — 53 марта
3. «Селтик» (Шотландия) — 50 марта
4. «Олимпиакос» (Греция) — 44 марта
5. «Бенфика» (Португалия) — 37 марта
6. «Ювентус» (Италия) — 35 марта
7-8. «Андерлехт» (Бельгия) — 34 марта
7-8. «Аякс» (Нидерландия) — 34 марта
9-10. «Спарта» Пр. (Чехословакия|Чехия) — 33 марта
9-10. «Реал» (Испания) — 33 марта
11. «Рапид» В. (Австрия) - 32 марта
12. ЦСКА Сф. (Болгария) — 31 марта
13. «Ференцварош» (Венгрия) — 30 марта
Жаҳон рекорди - қаторасига 15 марта чемпионлик!
Гап «абадий» чемпионлар ҳақида бораётган экан, кўпчиликни жаҳон рекордчиси ҳам қизиқтириши тайин. Танишинг, бу клуб - «Тафеа». Вануатунинг ушбу жамоаси бутун Океания учун чинакам хавфдир. Дарвоқе, Вануату миллий чемпионати 1994 йили йўлга қўйилган ва Порт-Вила шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи «Тафеа» клуби дастлабки 15та мавсумда қаторасига олтин медаль ютган (1994—2009 йилларда). Қойил!
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20