Вақт ўтишини қаранг. 2019 йилнинг март ойида Coca Cola Суперлига баҳсларига старт берилганди. Ўшанда «Пахтакор»нинг чемпион бўлишини ҳатто футболга қизиқмайдиганлар ҳам тахмин қилишганди. Бизнинг наздимизда «Навбаҳор» чемпионлик учун жиддий кураш олиб бориши, АГМК ҳеч бўлмаганда кучли учлик учун курашиши, «Бунёдкор» «мактаб ўқувчилари» билан нимагадир умид қилиши, «Сурхон», «Динамо», «Андижон» ва «Қўқон-1912» каби клублар ўрта ўринлар учун беллашиши лозимдек эди, гуё. Етакчиларини қўйиб юборган «Локомотив»нинг чемпионлик мақомини сақлаб қолишга куч топа олишига ўзимизни ишонтирдик. Бироқ... Хўш, азиз мухлис, сизга Суперлига-2019 ёқдими? Шахсан менда ажойиб таассуротлар қолди. Келинг, уларни сизлар билан баҳам кўрсам.
АРВЕЛАДЗЕ НИЯТИГА ЕТДИ
Шота Арвеладзе «Пахтакор»га 2017 йили келганди. Илк мавсумидаёқ ундан ҳеч нарса талаб қилиб бўлмасди. Раҳбарият кейинги йил жамоа олдига юксак вазифаларни қўйди. ОЧЛда ишонч оқланмади, мамлакат кубоги финалида жамоадан омад юз ўгирди, чемпионатда иккинчи ўрин билан кифояланди. Шунда ҳам раҳбарият шошилмади. Жамоани шакллантириш учун вақт берди. Натижа эса ўзингизга маълум. «Пахтакор» ва Шота Арвеладзе икки йил аввал эккан мевасининг роҳатини кўришди. Аксарият жамоаларда илк мавсумдаёқ ёки бир неча турдан сўнг дарҳол истеъфога чиқариш анъанага айланган. Жорий мавсум «шерлар»га тенг келадиган рақиб топилмади. Фақат «Бунёдкор»гина ўзаро учрашувларда уларга муносиб қаршилик кўрсата олди.
АБРАМОВнинг «БУНЁДКОР»и
Бу жамоанинг юқори ўринларни банд этишига кўпчилик ишонмаганди. Ҳатто айрим мутахассислардан сўраганимда, «Бунёдкор»нинг пастки ўринларда юришини тахмин қилишганди. Аммо Вадим Карленович барча шубҳа-гумонларни тарқатиб юборди. «Қалдирғочлар» ҳар бир турда рақибга жиддий «бошоғриқ» бўлишди. Натижаларга қаранг, Абрамов етакчи клубларга қарши қандай кўрсаткич қайд этди...
Таркиб жиҳатидан кучли бўлган «Локомотив»дан 2 очко олинди. «Пахтакор»га мавсумдаги илк мағлубият «туҳфа этилди». «Навбаҳор» икки ўйинда мағлубиятга учратилди. Тўғри, Абрамов қўл остида кучли ва маҳоратли футболчилар тўпланмади. Муҳими, у «ихтиёрида бор масаллиқдан мазали таом тайёрлай олди». Илк турларда жамоага барқарорлик етишмаган бўлсада, чемпионат ўрталарига келиб «Бунёдкор» футболчилари ажойиб формага кириб олдилар. «Динамо» ўз майдонида 12 тургача мағлуб бўлмай келаётганди, уларнинг бу сериясига айнан «қалдирғочлар» чек қўйишди.
«Бунёдкор» ҳақида мавсум аввалида янграган гап-сўзлар шунчаки миш-мишлигича қолиб кетди. Жамоани бир оғиз гап билан қуйи лигага тушириб юборганлар адашганликларини тан олишга мажбур бўлишди. Клуб бош директори Улуғбек Мирзаев мавсум бошидаги вазиятни ўнглаш учун бор маҳоратини ишга солди. Якунда - бронза медаллар.
МУРАББИЙ АЛМАШТИРИШ ЭПИДЕМИЯСИ
Жорий йилда умумий ҳисобда 10га яқин жамоада мураббийлар қўнимсизлиги кузатилди. Мавсум аввалида «Бухоро»ни оғир шароитда қабул қилиб олган Бахтиёр Ашурматов ҳали жамоани шакллантириб улгурмасидан, 8-турдан сўнг унга чиқиш эшиклари кўрсатилди. «Сўғдиёна»га устозлик қилган Сергей Лушан 4-турдан кейин биринчилардан бўлиб истеъфога чиқарилди. Ўтган мавсум «Локомотив» билан чемпионликни қўлга киритган Андрей Фёдоров «Динамо»га имконият бой берилгани сабабли раҳбарият ишончини йўқотиб, жойини бўшатди. Осиё Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсизлик ҳам бунга асос бўлди, дейиш мумкин. «Сурхон»да иш бошлаган Андрей Микляев ҳам давра тугамасиданоқ жамоани тарк этди. Очиғи, Термиз клубида кейинчалик ҳам тушунарсиз вазият кузатилди: Микляевдан сўнг мураббийлик постига таклиф этилган Бахтиёр Ашурматов ҳам бир ярим ойдан сўнг ишдан олинди. Шунингдек, «Навбаҳор» билан катта мақсадларни кўзлаган Андрей Канчельскис қониқарсиз натижалар сабаб истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига келган Деян Журжевич эса бирор каромат кўрсата олмади. Натижада наманганлик мухлислар Канчельскисни қайтаришни талаб қилишди. Кетма-кет мағлубиятлардан зада бўлган «Динамо» раҳбарлари мураббий Даврон Файзиев билан ҳамкорликни тўхтатишди. Худди шундай ҳолат «Қўқон-1912» билан ҳам юз берди: Нўъмон Ҳасанов лавозимидан бўшади. Элдор Сакаевдан «Андижон»ни қабул қилиб олган Александр Хомяков ижобий ўзгаришларга қўл урди. Бир сўз билан айтганда, бу йил ишни тўғри йўлга қўйган клублардагина мураббий алмашгани йўқ.
ВОДИЙ ЖАМОАЛАРИГА НИМА БЎЛДИ?
Жорий мавсум «Навбаҳор»нинг чемпионлик учун кураш олиб бориши кутилганди. Бироқ наманганлик мухлисларнинг умидлари оқланмади. Ўтган йили «лочинлар» бронза медалларига эга чиқишганди. Лекин ўша «бронза» Илҳом Мўминжоновнинг меҳнатлари самараси эди, аслида. Канчельскис жорий мавсумни янгидан, яъни нолдан бошлади. Албатта, бир жамоани шакллантиришга оз-мунча вақт талаб этилмайди. «Пахтакор» чемпионликни икки йил кутишга мажбур бўлди, раҳбарлар Арвеладзени истеъфога чиқаришга шошилмадилар. Натижа эса барчага аён. Демак, Канчельскисга ҳам худди шундай вақт зарур.
Маълумотларга қараганда, иккинчи даврада «Қўқон-1912»да Азиз Тўхтабоевга ёш мураббий Темур Кападзе ёрдам берди. Бир нечта ўйинларда айнан Кападзенинг имзоси яққол билинди, унинг жамоага ёрдами текканини кўрдик. Биринчи даврадан кейин сўнгги ўринлардан бирини банд қилиб турган қўқонликлар ҳал қилувчи босқичда ўзларини қўлга олиб, кучлилар сафида қолишни уддалашди.
«Андижон» мавсумга кўтаринки руҳда ҳозирлик кўрди. Таркибга бир қанча легионер ва тажрибали футболчилар таклиф этилди. Лекин улар жамоавий ўйинни йўлга қўйишда муаммоларга йўлиқдилар. Аксарият ўйинларда тактик нўноқлик сабаб мағлубиятга учрашди. Узоқ муддатдан сўнг элитага қайтган андижонликлар биринчи даврада мухлисларини хурсанд эта олишмади. Натижа ҳам шунга яраша бўлди. Хомяков келгач, жамоанинг ишлари ижобий томонга ўзгарди. Ўйин шаклланди, ҳар ҳолда.
Хуллас, жорий йилги Суперлига кимда қандай таассурот қолдирди, билмадим-ку, менга айниқса, сўнгги турлар манзур бўлди. Ҳар бир жамоанинг очколар тўплашга бўлган жиддий интилиши турнир жадвалидаги ҳолатга таъсир қилди. Айрим клублар учун ортга йўл йўқ эди. Чемпион номи анча аввал аниқланиб улгурган бўлсада, қолган ўринлар учун интрига сўнгги турга қадар давом этди. Мухлислар шиддатли учрашувлар гувоҳига айланишди.
Қачонки, бошқа клубларнинг даражаси «Пахтакор» ёки «Локомотив»никидек бўлса, тенглик юзага келгани ҳолда, чемпионат янада қизиқарли тус олади. Бизнинг чемпионатга ҳозир айнан шундай рақобатбардошлик етишмаётгандек, гўё.
АБДУЛАЗИЗ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20