Қайднома

Қидирув

Машаққатли йўл самараси ёхуд Жезуш 65 ёшида орзусига етди

Машаққатли йўл самараси ёхуд Жезуш 65 ёшида орзусига етди

  08.12.2019 11:37
  0
  537
Машаққатли йўл самараси ёхуд Жезуш 65 ёшида орзусига етди

Еврокубокларнинг 2та финалида мағлубиятни тан олиш, мухлислар ҳамласига дуч келиш ва Бразилияда буюклик мақомига эришиш. Португалиялик Жорже Жезуш 65 ёшида орзусига етди. Ҳозирда «Фламенго» мухлисларининг хурсандчиликларини сўз билан ифодалаш мушкул. Бу клуб аввалги шанба оқшоми ўз тарихида 2-марта Либертадорес кубогини қўлга киритди, яна бир кун ўтиб, Бразилия чемпиони бўлди. Бунда «Фламенго»га турнир жадвалидаги энг яқин таъқибчиларининг мағлубиятга учрашгани қўл келди. Айтиш жоиз, «Фла» ички биринчиликда 10 мавсумдан буён тахтга кўтарилолмаётганди, Либертадорес кубогида зафар қучганига эса нақ 37 йил бўлганди.

 

Жорже Жезуш Бразилия клуби бошқарувини ёзда қўлга олди. Португалиялик мутахассис ортда қолган вақт давомида шогирдлари билан атиги 2 бора мағлублик кўчасига кирди. Яъни «Фламенго» Либертадорес кубоги доирасида Эквадорнинг «Эмелек» клубига ютқазди (тўғри, пенальтилар сериясида вазиятни ўнглади), чемпионат доирасида эса «Баия» қаршисида мутлақо ожиз қолди (йирик ҳисобда енгилди). Энди асосий факт: Жезус жамоаси деярли 4 ойдан буён мағлубиятсиз одимламоқда. «Фла» бу оралиқда 26 марта майдонга тушиб, 21та ғалаба расмийлаштирди. Либертадорес кубоги финалини эса ўта драматик тарзда ўз фойдасига ҳал қилди: ўйиннинг 89-дақиқасида ҳам Аргентинанинг «Ривер Плейт» клуби ягона гол эвазига ҳисобда олдинда бораётганди. Кейин бразилияликлар қандайдир 3-4-дақиқа ичида 2та гол уриб, нуфузли совринни ўз томонларига оғдиришди. Ваҳоланки, «Фла» фанатлари айни ўша дақиқаларда ўйин «овертайм»га кўчишига умид қилиб ўтиргандилар.

Жаҳон футболида бир неча тан олинган мураббийлар борки, халқаро турнирлар финаллари улар учун чинакам ёқимсиз ва аламли хотира ҳисобланади. Мисол учун, аргентиналик Эктор Купер «Валенсия» билан Европа ЧЛнинг 2та ҳал қилувчи баҳсида мағлубиятга учраган. Юрген Клопп эса ЕЛ ва ЧЛ финалларини бой берган (тўғри, германиялик мутахассис бу йил охир-оқибат, «шалпангқулоқ» кубокни ўзига «бўйсундирди»). Жорже Жезушнинг йўли сал бошқача - «Бенфика» бошқарувида Европа Лигаси финалида 2 марта енгилган мураббий мана, энди Жанубий Америка клуб футболининг энг обрўли соврини соҳибига айланди. Португалиялик мутахассис футболчилик фаолиятида жуда кам ўйин ўтказган ва 36 ёшидаёқ янги соҳада иш бошлаган. Диққатга сазовор томони, ёш Жорже ўтган асрнинг 70-йиллари бирданига 3та йўналиш этагини тутган экан. Яъни институтда ўқиш ва электрокомпанияда ишлаш баробарида футбол билан шуғулланишга ҳам вақт топган. У маълум вақт барчасига улгурган ҳам, лекин кунлардан бирида отаси қатъий талаб қўяди: «Бўлди, тамом. Биттасини танла - ўқиш, иш ёки футбол...». Чунки у ўғлини шўрва солинган ликопчага бош қўйганча ухлаб қолган ҳолати устидан чиққанди. Оддий айтганда, Жорже азбаройи чарчаганидан кечқурун дастурхон ёзилган столга бошини қуйганча пинакка кетарди. Шу тариқа йигитча отасининг жиддийлигини эътиборга олиб, футболни танлайди ва маълум вақт «Спортинг» ихтиёрида юради, ҳаттоки, оз-моз ўйнайди. У шундан кейин бир қатор ўртамиёна клубларда ўртамиёна даражада фаолият юритади ва 36 ёшида бутсасини михга илиб, дарҳол мураббийлик соҳасига бош суқади. Жорже Жезус чамаси 15 йил давомида нафақат Португалия, балки Европада ҳам анча танилади. Дейлик, у бу оралиқда камтарин «Белененсеш»ни УЕФА кубогигига олиб чиқади, «Брага» билан Интертото кубоги ғолибига айланади ва «Бенфика»даги дебют мавсумидаёқ «олтин дубл»га эришади. Ўшанда «бургутлар» миллий чемпионат ва Лига кубогида ғалаба қозониш баробарида ЕЛ чорак финалига чиққандилар.

Жезус фаолиятидаги асосий хафагарчилик - бу 2 ҳафта оралиғида бой берилган 3та турнир. Умуман, мураббий «Бенфика»да нақ 10та сов-рин ютди, аммо уларнинг сони кўпроқ бўлиши керак эди. Жорже 2013 йилнинг баҳорини сира унутмаса керак. Бунинг сабаби оддий:

*** «Бенфика» 11 май куни «Порту»га 1:2 ҳисобида ютқазди - чинакам фалокат. Чунончи, сал олдинроқ «бургутлар»нинг чемпионликни тантана қилишларига ҳеч қандай шубҳа қолмаганди, бироқ улар аввалига камтарин «Эшторил»га қарши баҳсда қимматли очколарни йўқотишди, кейин «Порту»га ютқазишди. Оқибатда жамоа финишга 1та тур қолган пайт турнир жадвалида 2-ўринга сурилди. Бу чемпионлик бой берилганини англатарди. Чунки «Порту»нинг охирги ўйинда ғалаба қозониши аниқ эди, ҳисоб.

*** «Бенфика» 15 май куни «Челси»га ютқазди, яна 1:2, бу сафар Европа Лигаси финалида. Ваҳоланки, португалияликлар бутун учрашув давомида ташаббусга эришиб, кўпроқ вазиятлар яратишган ва рақибни «овертайм»да таслим қилишга шайланаётгандилар. Аммо Бранислав Ивановичнинг иккинчи бўлим охирида урган голи Жезус режаларини бузиб юборганди.

*** «Бенфика» 26 май куни энди «Гимараиш»дан мағлубият қабул қилди. Энг қизиғи, Португалия кубоги тақдирига ойдинлик киритган баҳс ҳам айнан 1:2 ҳисобида тугаган. Боз устига, 80-дақиқага қадар 1:0 ҳисобида олдинда борган «Бенфика» қолган вақт давомида 2 марта гол қўйиб юбориб, совриндан яна қуруқ қолган. Ўйин якунланиши ҳамоно «Бенфика» ҳужумчиси Оскар Кардосо эҳтиросларига эрк бериб, Жезуш билан ёқалашишгача борганди. Мавсумнинг фалокатли якуни учун жуда ёқимсиз сценарий.

«Бургутлар» Жезуш раҳбарлигида кейинги икки мавсумда Португалия чемпионати тахтига кўтарилишдан ташқари, бир нечта ички кубоклар совриндорига айланишди ва бу муваффақиятлар ўша қайғули ҳафталардан қолган азобли хотираларга бироз малҳам бўлди. Лекин Жезуснинг кўнгли таскин топгани йўқ, барибир. Қисқаси, асабий мураббий гоҳо ҳамкасбларига босим ўтказар, баъзан ноўрин хатти-ҳаракатларни амалга оширарди. Аслида Жорже футболда кўпинча руҳият ҳал қилувчи аҳамият касб этишини анча олдин тушунган. У хоҳлаган киши билан мулоқотда ўз манфаати, аниқроғи, жамоаси фойдасини ўйлайди. Дейлик, суҳбатдошини атайин ноқулай аҳволда қолдириши, уни асабийлаштиришга уриниши мумкин. Португалиялик мураббийлар бежиз Жезусни ошкора равишда ёқимсиз инсон сифатида «таърифлашмаган». Ҳаттоки, айримлар Жезушга «эчки» лақабини беришган. Лекин бундай муносабат мураббийнинг ўзини асло ташвишга солмайди. Мисол учун, Андре Виллаш-Боаш «Порту»да ақлга сиғмас даражада омадли мавсум ўтказган паллада Жезуш ёш ҳамкасбини издан чиқариш учун турли усулларни синаб кўрган, лекин мақсадига эришолмаганди. «Порту» бошқарувида испаниялик Хулен Лопетеги иш бошлаганида эса, Жезуш янгича муносабат ўйлаб топди - ўзини унинг фамилиясини талаффуз қилолмагандек тутди. Испаниялик эса «Лотопеги» иборасидан қаттиқ ранжиб, ҳаттоки, «Порту» ва «Бенфика» ўртасидаги ўйиндан кейин уни алоҳида огоҳлантирди: «Агар Жезуш фамилиямни яна бир марта нотўғри талаффуз қилса ёки яна қандайдир жиннилик ўйлаб топса, уни шахсан ўзим дўппослайман». Жорже эса елка қисганча Лопетегининг нима деганини тушунмаганини айтди, аммо ҳақорат сўзларини эшитганидан кейин жим тургани йўқ. Жезуш айрим ҳолатларда хорижда ишлайдиган ҳамкасбларини ҳам тинч қўймаган. Жумладан, Бернд Шустер бошқарувидаги «Реал» ўртоқлик ўйинида «Белененсеш»дан устун келгач, буни калака остига олганди: «Шустер қувонмасин, жамоалар таркиби ўртасидаги фарқни назарда тутсак, бу «Реал» учун арзимас натижа». 2012 йили эса мураббий ЧЛга ташланган қуръа натижаларига тўхталиб, «Бенфика» ва «Спартак» гуруҳда «Селтик»дан яққол кучли эканлигини айтди ва қўшиб қўйди: «Шотландларга шунчаки, омад кулиб боқади». Эътиборли томони, якунда айнан «Селтик» турнирнинг «плей-офф» босқичига чиққан эди.

Мураббийнинг муросасиз табиатига яна бир мисол: «Бенфика» ЕЛда «Тоттенхэм»ни енгаётган бир пайтда Жезуш рақиб устози Тим Шервудга қараб, ғалати ишора қилишдан чарчамади. Англиялик мутахассис эса бутун ўйин давомида ҳамкасбидан кўз узолмади ва ўйинни унутди, гўё. Натижада «бургутлар» Лондондан 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишди. Тўғри, Жорже устидан етарлича кулишган. Бунга кўпинча талаффузи асос бўлган. Мураббийлик фаолиятининг бошланғич қисмида атрофидаги одамлар унинг муваффақият қозонишига унча ишонишмаган. Аввало, муомала санъатидан йироқлиги туфайли. Бир сафар Жезус «Эштрела Амадора»да ғалабани мотокартларгами ёки мотоциклларга бағишлашини айтгач, табиийки, ҳеч ким ниманидир тушунмади ва ҳамма унинг устидан кулди. «Белененсеш»да ишлаганида эса, жамоа ҳужумчиси Веронни зудлик билан хавфсизлантириш зарурлигини айтди. Кейинроқ маълум бўлишича, мураббий бунда аслида маҳаллийлаштиришни назарда тутган экан. Жорже яна клублар ва ўйинчилар номини хато талаффуз қилишни ёқтиради - унинг қавли билан айтганда, Англияда «Манстер Юнайт» клуби бор, «ПСЖ»да эса Абраимович кўп гол урган. «Лотопеги» термини ҳам шундай хатолар тоифасидан, фақат бунинг кўлами анча кенгроқ. Ҳар ҳолда, Жезуснинг ушбу хатоси Лопетегига жуда оғир ботганди.

Мураббийнинг табиати ўз йўлига. Асосийси, у ҳамиша энг юксак марраларни кўзлаши билан эътибор қозонган. Жезуш вақтида танқидчилар ва ўз салоҳиятига ишонмаганларга ниманидир исботлаш учунгина Португалия чемпионатида ғолиб чиққанини таъкидлаган, навбатдаги мақсади сифатида Европа ЧЛни тилга олганди. Шунингдек, қачондир Португалия миллий жамоасини бошқаришни хоҳлашини яширмаганди. Моҳиятан олганда, ЧЛ масаласи ҳал бўлди. «Либертадорес кубоги Жанубий Америка учун худди Европадаги ЧЛ кабидир. Умуман, бу фаолиятимдаги энг муҳим соврин, - деди Жезуш финалдан кейин. - Агар энди Клублар ўртасидаги ЖЧда ғалаба қозонсак, 2019 йил мен учун энг яхшиси бўларди». Айтиш жоиз, Клублар мундиали бу сафар анча қизиқарли кечса керак. Ҳар ҳолда, Жезуш ва Юрген Клопп рақобати кўпчиликни бефарқ қолдирмайди.

 

Жорже Жезус футболга нисбатан кучли эҳтиросини 65 ёшда ҳам заррача йўқотмаган. У бир сафар уйидаги махсус хонасига бирданига 2та телевизор ўрнатганини айтганди - бири футбол, иккинчиси бошқа кўрсатувлар учун. У Португалияда ишлаган даврида ҳам Бразилия чемпионатини учинчи лигаси доирасидаги дербини кўриш учун ярим тунгача ухламасди. Умуман, мураббий кўнига 5 соатдан кўп ухламайди. Жорже узун фаолияти давомида халқаро даражада муваффақият қозонишга ҳаракат қилди ва 2 марта бунга яқин келди. Бироқ мақсадга эришишига аввалига Бранислав Ивановичнинг охирги лаҳзадаги голи халақит берди, кейин «Севилья»га қарши баҳсда пенальтилар сериясида омади чопмади. Кейин «Спортинг»да оғир дамларни бошдан кечирди. Аниқроқ айтсак, клубда катта маош эвазига иш бошлаган мураббий фанатлар ҳужумига юз тутди. Улар машғулотлар базасига бостириб кириб, мураббийни калтаклашгача боришди. Шу тариқа Жезус Португалия футболидан юз ўгириб, Саудия Арабистонига йўл олди ва якунда «Фламенго»да пайдо бўлди. Қаранг, катта таваккалчиликдек кўринган бу йўли унга улкан муваффақият келтирди. Ҳар ҳолда, у бир суткада 2та нуфузли соврин ютишни хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Дарвоқе, Бразилияда бундай «олтин дубль» бунга қадар атиги 1 марта қайд этилганди -  «Сантос» ва Пеле томонидан.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz