Қайднома

Қидирув

Сардорнинг сўнгги совғаси

Сардорнинг сўнгги совғаси

  09.12.2019 01:19
  0
  258
Сардорнинг сўнгги совғаси

«Мальмё» сардори ўз майдонидаги охирги учрашувни кўз ёшлари билан якунлади. Швециялик касбдошларимизнинг гувоҳлик беришларича, ўша оқшом стадионда кўзи намланмаган киши қолмади.

Швеция. ЕЛ гуруҳ босқичининг 5-тури. «Мальмё» - «Динамо» (Киев). «Плей-офф» босқичи йўлланмаси йўлида ҳар икки томон учун муҳим аҳамиятга эга бўлган беллашув. Майдон эгалари 37 ёшли Маркус Розенберг етакчилигида майдонда саф тортишди. Бу йигит Мальмёда дунёга келган ва шаҳарга номдош жамоа тарбияланувчиси ҳисобланади. 2004 йилда у Швеция чемпионатининг энг яхши тўпурари унвонини қўлга киритиб, кейин Голландиянинг «Аякс», Германиянинг «Вердер», Испаниянинг «Расинг» ва Англиянинг «Вест Бромвич» клубларида тўп сурди.

Туманли ўлкада ҳужумчи муваффақиятли ўйнай олмади, 3 йиллик шартномага имзо чеккан бўлсада, икки мавсумдан кейин АПЛни тарк этди. Шу давр ичида Маркус 28 учрашувда (22тасида захирадан) майдонга тушди. Лекин бирорта гол уролмади. 2014 йилда «Вест Бромвич» билан шартномани муддатидан аввал бекор қилган ҳужумчи Англия­даги мол-мулкини хайрия жамғармасига совға қилди ва қадрдон Мальмёсига қайтди. Шундан бери у жамоанинг сардори сифатида майдонга тушди.

«Мальмё»нинг охирги беллашувига қайтсак, Розенберг майдонга нафақат ўз жамоадошлари, балки саратон хасталигига чалинган 5 ёшли Оливерни етаклаган ҳолда тушди. Бунга жавобан мухлислар суюкли футболчи билан бирдам эканликларини англатадиган улкан перформансни намойиш этишди. 3та трибуна устида қад ростлаган ва бўйи стадион баландлигига тенглашган ҳужумчи сиймоси остига 2016 йилда оламдан ўтган швециялик шоир ва бастакор Жак Веромнинг ўлмас сатр­лари битилганди: «Доимо сен билан бирга бўлдим. Сендан ҳеч қачон воз кечмайман!» Улкан баннер олдидаги хайрия тадбири ўйин бошланишидан анча аввал бошланиб, узоқ давом этди.

Энди бевосита учрашув хусусида тўхталадиган бўлсак, Розенберг 48-дақиқада меҳмонлар дарвозасини забт этди. Аммо баҳс 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг билан ниҳоясига яқинлашиб қолганди. Мазкур ҳисоб «Динамо»га «Мальмё»дан 1 очкога устунликни сақлаб қолиш имкониятини берарди. Сўнгги турда киевликлар турнирдан бутунлай умидини узган «Лугано»га қарши майдонга тушадилар. Бундан яхши хабардор бўлган мезбонлар охирги куч-қувватларини сафарбар этган ҳолда олдинга ташланишди ва 96-дақиқада (ҳакам 6 дақиқа қўшиб берганди) Маркус қанотдан узатилган тўпни тўхтатмасдан дарвоза томон йўллади - 4:3. Фантастик интиҳо! Ҳужумчи ўша заҳоти трибунага югурди ва мухлислар билан ғалабани нишонлашга киришди. Унга ҳеч бўлмаса қўл теккизиш умидида кўпчилик мухлислар трибуналардан пастга сакрашларига тўғри келди.

Энди навбат шу пайтгача тилга олинмаган муҳим жиҳатга етиб келди. Розенберг шу оқшом «Мальмё» стадионидаги охирги учрашувини ўтказганди. Ҳа, афсуски, ҳужумчи ўз фаолиятини якунламоқда. Мамлакат биринчилиги бундан бир ой муқаддам ниҳоясига етган, ғолиблик «Мальмё»ни 1 очкога ортда қолдирган «Юргорден»га насиб этганди.

Маркус Розенберг мавсумдаги сўнг­ги иштирокини ЕЛнинг 6-турида, Копенгаген шаҳрида амалга оширади. Шу муносабат билан «Мальмё» футболчининг тасвири туширилган шарфлар ва футболкалар савдосини ташкил этди.

«Мальмё» - «Динамо» (К) учрашуви тугагач, швециялик журналистлар таъбири билан айтганда, 3-бўлим бошланди. Яъни Розенберг билан хайрлашув маросими. Футболчилар саф тортишгач, мухлисларнинг гулдурос қарсаклари остида ҳужумчи ўз фарзандлари қуршовида майдонга кириб келди. Стадион экрани орқали Маркусга яқин бўлган кишилар - ёшлар жамоаларидаги устозлари, «Аякс», «Расинг» ва «Вест Бромвич»даги собиқ жамоадошларининг видеомурожаатлари намойиш этилди. Ниҳоят, сўз навбати кечанинг сабабчиси ва бош қаҳрамонига етиб келди. Швециялик мухбирнинг эътирофига кўра, стадиондаги барча кишилар, жумладан, нотиқнинг кўзларида ҳам ёш жилваланди: «Сизларга, ўз клубимга, умуман, мен бошдан кечирган барча нарсаларга бўлган муҳаббатимни изҳор этишга тил ожиз. Бу ўткинчи дунёда нималарга эришган бўлсам, бунга жамоадошларим, устозларим сабабчилар, деб биламан. Лекин мени биринчи нав­батда шу клуб тарбиялади. Бу ердаги юксак талабчанлик бизни мамлакатнинг энг яхши клуби даражасига олиб чиқди».

Швециядаги фаолияти давомида Маркус Розенберг 372 марта «Мальмё» либосида майдонга тушиб, 140та гол урди. Тарихга айланиб улгурган мазкур воқеа «Мальмё» стадиони яқинида қад ростлаган Златан Ибрагимович ёдгорлиги нима учун маҳаллий мухлислар томонидан беҳурмат қилинганига изоҳ бергандек бўлди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz