Қайднома

Қидирув

Контенинг бақувват паҳлавони «Интер»да ўзини бахтиёр сезмоқда

Контенинг бақувват паҳлавони «Интер»да ўзини бахтиёр сезмоқда

  09.12.2019 03:26
  0
  446
Контенинг бақувват паҳлавони «Интер»да ўзини бахтиёр сезмоқда

«Интер»нинг Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Славия»га қарши сафар баҳси голнинг шубҳали тарзда бекор қилиниши билан ёдда қолди: миланликлар тўп киритиб, 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди, икки дақиқадан кейин эса таблодаги кўриниш 1:1 бўлди. Ўша учрашувни тўлиқ томоша қилганлар (ёки хавфли вазиятларни кузатганлар) Ромелу Лукакунинг ўйинига баҳо берган бўлишлари турган гап.

«Славия» баҳснинг асосий қисмида рақибига имконни бой бермади, тўпни ўзида сақлади, «Интер»ни хавф­ли ҳудудларга яқинлаштирмади (тўп ўйиннинг катта қисмида асосан меҳмонлар майдончасида бўлди) ва кўпроқ зарбалар йўллади. Ға-лаба осонликча қўлга киритилмади: уни форвардлар жуфтлигининг индивидуал ҳаракатлари олиб келди. Лаутаро Мартинеснинг меҳнатини ҳам эътироф этиш жоиз (исталган позициядан дарвоза томон хавф туғдирди, яккама-якка вазиятга чиқди, пенальти ишлаши мумкин эди, аммо ҳакам Шимон Марчиняк яққол қоидабузарликни эътиборсиз қолдирди; «дубль» қайд этди). Лекин барибир, ушбу тандемдан Лукакуни алоҳида ажратиб кўрсатиш даркор.

«Славия» билан ўйин - Лукаку учун мавсумдаги энг яхшиси

Биринчидан, унинг сермаҳсуллиги сабабли. Одатда, бекор қилинган голлар ҳақида гапириш ёқимсиз туюлади, лекин Прагадаги баҳс - аҳамиятли воқеа: иккинчи бекор қилинган голда, у минимал офсайдга тушиб қолган, вазият биринчи ракурсдан сезилмаганди; дастлабки ҳолатда эса қоидабузарлик бошқа эпизодда, форварднинг иштирокисиз рўй берганди. Яъни икки ҳолатда ҳам Ромелу ўз ишини тоза бажарганди. Якунда учта гол ва иккита самарали узатма - фақат сермаҳсуллик нуқтаи назаридан олиб қараганда ҳам индивидуал жиҳатдан ажойиб ўйин бўлди унинг учун. Бироқ Лукаку самарадорлик билан чекланиб қолмаяпти, Антонио Конте нима сабабдан уни ўз жамоасида кўришни хоҳлаганини барчага кўрсатиб қўймоқда.

Ҳозирча «Интер» ғолиб, аммо бу эндигина биринчи раунд

Прагада бельгиялик турфа хил ишни бажарди, Конте уни айнан шунинг учун қадрлайди: керакли пайтда тўпни ўзида сақлаб турди, қанотларга ўтиб ҳаракатланиш орқали ҳимоячиларни ўзи билан олиб юрди, стандартлар вақти мудофаа чизиғидаги шерикларига кўмаклашди. Фойдали ҳаракатлар диапазонининг кенглиги - унинг камчиликларини яширадиган ҳал қилувчи сифатдир. Бу борада Лукаку спорт формаси яхши бўлмаган пайтларда ҳам фойда келтиради: барибир, жамоа­га ёрдам бераверади.

Бўйи 190 сантиметр бўлган йигитдан ҳар доим ҳам мураккаб вазиятларда эффект ва нафислик кутавермайсиз. У вазни 100 килограммдан кам бўлиши учун мунтазам равишда тренажёр залига қатнайди. Лукакунинг қанотдан туриб Мартинес томон берган чиройли ва қийин узатмаси бир соат ичида Интернет тармоқларида тарқалди. Айниқса, ўша видеоёзув Ромелунинг тўпни тўхтата туриб кўпинча йиқилишига гувоҳ бўлган англияликларда ўзгача таассурот қолдирди. Ҳа, Лаутарога узатилган ўша пас ёрқин бўлди, бироқ Лукакунинг яқинда Corriere dello Sport нашрига берган интервьюсида айтганларига эътибор берсангиз, бу ёрқинлик янада салмоқлироқ кўриниши аниқ.

«Оле-Гуннар Сульшер мендан қанотда фойдаланмоқчи бўлганини билганимда, «Манчестер Юнайтед»даги даврим якунланганини сездим». Албатта, қанотдан туриб Мартинесга тўп узатилиши - бу биргина эпизод. Аммо Конте қўл остида Ромелу чиндан ҳам мунтазам равишда қанотларга ўтмоқда. «Славия» билан ўйин­даги 36 марта тўпга тегиниш ҳолатининг 7таси ўнг қанотда кузатилган (солиштириш учун: ўша учрашувда Лаутаро бирор маротаба қанотда тўп билан ҳаракатланмаган). «Интер» ҳисобни сақлаб қолиш ва 5-4-1 гибридига мослашиш режимига ўтганида, айнан Лукаку қанот ярим ҳимоячиси позициясини ёпади.

Лукаку ўзгача сифат соҳиби

Эҳтимол, Ромелу барча марказий ҳужумчилар орасида жамоавий ўйин­ларга кўп қўшиладиганлардан эмасдир. Шерикларига бўш ҳудудлар яратиш бобида Суарес, Бензема ва Фирмино ундан устун бўлишлари мумкин. Юқоридан тўпни қабул қилишда эса Аллер ва Жеко каби ҳамкасбларидан ортдадир, балки. Ёки ҳужумларни якунлашда ҳам Лукаку энг яхшилардан бири эмасдир. Левандовски, Роналду, Икарди сингарилар жарима майдончасида ундан хавфлироқ кўринишади. Аммо...

Аммо шу жиҳатларнинг барчасини умумлаштирган ҳолда ҳисобласак, Лукаку тенгсиз бўлади. Уни айнан шу жиҳати ўзгача қилиб туради. Муайян бир хусусият бўйича устунликка эга бўлмагани ҳолда, ўйиннинг турли аспектлари бўйича беназир футболчи, бир вақтнинг ўзида турфа ролларни бажара олади. У ҳам «таргетмен», ҳам «якунловчи», ҳам ортга сурилган форвард, ҳам қанот футболчиси, ҳам алдаб ўтадиган ўйинчи. Буларнинг бари юқори даражада. Универсаллик бобида уни Гарри Кейнга қиёслаш мумкин. Айрим жиҳатлар бўйича эса чиндан ҳам Ромелуга етадигани йўқ: айниқса, «корпус»дан унумли фойдаланишда.

Бундай баҳайбат гавда билан у аксарият форвардларга хос камчиликдан холи: секинлик ва қовушмаганлик унга ёт. Албатта, Прагада Лаутарога пас берилиши билан боғлиқ ҳолатлар - Лукаку учун камёб ҳолат, лекин шундай вазиятлардан руҳланиб, амплуасини ўзгартириши ҳам мумкин. Ундаги тезкорлик қарши ҳужумларда асқотади: улардан аксариятини Ромелу ўзи бошлаб, ўзи якунлайди. Лаутародаги универсалликни ҳам инобатга олсак, «Интер»­да чиндан ҳам қудратли форвардлар жуфтлиги ўйнаётганига гувоҳ бўламиз.

Нуқсон битта. Аммо муҳим

«А» серияда эндигина 14та тур бўлиб ўтди. Шу вақт ичида Лукаку нафақат Контега керак хислатларни кўрсатди, балки айрим камчиликларини намойиш қилиш орқали манчестерликларни қувонтирди: «МЮ» мухлислари унинг кетганидан мамнун бўлдилар. Конте услубида марказий ҳужумчи кенг кўламли ишни бажаради. Лукакуда ягона, аммо жуда муҳим нуқсон бор. Унинг ўйини вазнига боғлиқ.

Оғирлиги 95 килограммдан ошиб кетса, юқорида эътироф этилган серқирра форвард йўқолиб қолади. Унинг ўрнини бошқаси эгаллайди: бесўнақай, секин қимирлайдиган, Англияда уни кўп мазах қилишган. Ушбу муаммо илк бор Россияда ўтган жаҳон чемпионатидан кейин намоён бўлганди. Лукаку термада кўпинча рақиб дарвозасига тескари турган ҳолда ўйнайди, шу услуб туфайли вазни ортган. Мундиалдан кейин миллий жамоада ўзини яхши ҳис қилгани, «МЮ»да эса муаммоларга йўлиққанини айтди: шу вазнда у тезланишларда қийнала бошлади. Айни ҳолат Жозе Моуриньони ташвишга солди, натижада вазндан қутулишга тўғри келди. Кичик нюанс бор: бельгиялик қанчалик тез вазн тўпласа, уни йўқотиши шунчалик қийин кечади. Бу ҳолат Италияда ҳам кўзга ташланди. Мавсум бошида унинг «Интер»даги вазни 100 килограммдан ортиқ эди, сентябрда Конте ҳатто асосий форвардини захирада қолдирди (кам учрайдиган ҳолат).

Айни пайт Лукакуда вазн муаммоси йўқ, мавсум давомида ушбу масалада ташвиш туғилмаслигига ҳам сабаблар етарли: жамоада Европанинг жисмоний тайёргарлик бўйича энг кучли мураббийларидан бири Антонио Пинтус ишлайди («Реал»да Зидан билан ҳам фаолият юритган). Қолаверса, «МЮ»даги муваффақиятсиз мавсумдан сўнг Ромелу ўзига хос мотивация­га эга.

Қаҳрамонимизга Англияда халал берган яна бир камчиликни тилга олиш даркор. Туманли ўлкада Лукакунинг муҳим баҳсларда гол урмаслиги кўп гапирилган. Бу деярли ҳақиқат. «Деярли» дейишимизга сабаб - у ҳар ҳолда гол уради, аммо жуда кам. Масалан, «Манчестер Сити»га қарши 11та ўйин ўтказиб, 5та тўп киритган, «Арсенал» билан 11та ўйинда эса дарвозани атиги 3 марта ишғол қилган (шунга қарамай, 5та самарали узатма муаллифига айланган). «Эвертон»даги статистикаси яхшироқ бўлганди, бироқ «МЮ»даги даврида ишлари қовушмади. Дарвоқе, Лукаку айнан «қизил иблислар»га қарши бошланғич таркибда тушган баҳсларда омадсизликка учраган: 9та ўйинда бирорта гол йўқ. Лекин «Вест Бромвич» сафида захирадан ўйинга қўшилиб, «хет-трик» расмийлаштирганди: бу сэр Алекс Фергюсоннинг сўнгги ўйини бўлиб, у 5:5 ҳисобида якунланганди. Лукаку ўшанда аутсайдерга катта ёрдам берганди. Умумий фаолиятига назар ташласак (Манчестерда ўтказган йилларини ҳисобга олмай), унинг «катта олтилик» вакилларига қарши баҳслардаги статис­тикаси оддий кўриниш касб этган: ўта юқори ҳам, муваффақиятсиз ҳам эмас.

Ҳар қандай ҳолатда бу жиҳатлар «Интер»даги келажагида муҳим аҳамият касб этмаса керак. Катта ўйинлар учун Конте ихтиёрида Лаутаро бор. Лукаку - жамоа учун ўйнаб, масофадан туриб натижа келтирадиган футболчи. «А» сериянинг дастлабки 14 турида у 10та гол урди. Ўз даврининг феномени, 90-йилларда «А» серияни «портлатган» Роналдо мавсумни бундан сустроқ бошлаганди: биринчи даврада 9та тўп киритган. «Интер»да Ромелудан яхшироқ старт олган футболчи сифатида 1948 йили тўп сурган Иштван Ньершни кўрсатиш мумкин. Лукаку каби тезкор мослашиш на Милито, на Златан, на Адриано ва на Это`Ога насиб қилган.

Шу боис, Ромелунинг ҳеч бўлмаганда кичик жамоалар билан ўйинларда самара келтираётганини унинг нуқсони сифатида қабул қилмаслик керак, зеро айнан шундай рақиблар кўпроқ. «Рома»га «А» серияда ғолиб чиқиш учун нима етишмаётганлиги ҳақида Франческо Тоттидан сўрашганида, у шундай жавоб берганди: «Скудетто кичик жамоалар билан ­ўйинлардаги ғалабалар ҳисобига қўлга киритилади». Лукакуда буни текшириб кўриш имконияти бор.

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz