Қайднома

Қидирув

«Кончилар жокери»

«Кончилар жокери»

  09.12.2019 05:33
  0
  247
 «Кончилар жокери»

ЕЧЛ гуруҳ босқичининг 5-туридан кейин «С» гуруҳида камдан-кам ҳолларда кузатиладиган манзара юзага келди: 11 очко тўплаган «Манчестер Сити» «плей-офф» босқичининг икки йўлланмасидан бирини расмийлаштириб бўлди, лекин 2-йўлланма охирги ўринда бораётган «Аталанта»га насиб этиши ҳам мумкин. Бунинг учун 11 декабрь оқшомида гуруҳ етакчиси Загребда «Динамо»дан енгилмаслиги, «Аталанта» эса Донецкда «Шахтёр»дан устун келиши шарт. Лекин «кончилар» сўнгги турни ўз майдонларида ўтказишади. Бундан ташқари, уларнинг сафида Манор Соломон исмли «жокер» тўп сурмоқда. Айнан шу 20 ёшли йигит 4 дақиқа ичида «Сити» дарвозасини ишғол этиб, Манчестердан қимматли очко билан қайтиш имкониятини яратди.

«Аталанта» эса Бергамода «Динамо» дарвозасига 2та жавобсиз гол уриб, ЕЧЛдаги дастлабки ғалабасига эришди ва курашни давом эттиришга замин яратди. Ҳал қилувчи тур олдидан «Сити» 11 очкога, «Шахтёр» 6, «Динамо» 5, «Аталанта» 4 очкога эга.

Эътиборли жиҳати шундаки, «Этиҳад»да амалга оширилган гол Соломоннинг ЕЧЛдаги дастлабки самарали ҳаракати эмас, айнан «Аталанта» билан кечган баҳснинг иккинчи ярмида ҳам у захирадан майдонга тушганди. Бироқ Италиядаги голини 95-дақиқада нишонлаганди. Ўша аниқ зарба туфайли ҳозирга қадар «Шахтёр» 2-поғонадан пастламай келмоқда. Яна бир қизиқ факт: 20 ёшли ҳужумчининг ҳар икки голига 21 ёшли ҳимоячи Додо ассистентлик қилди.

Ёш ҳужумчи шу пайтгача бир неча марта Исроил терма жамоаси таркибида майдонга тушишга улгурди, трансферларда иштирок этди. «Шахтёр» уни шу йилнинг январида «Маккаби Петах-Тиква» клубидан 6 млн. евро эвазига харид қилиб, 5 йиллик шартнома имзолади. «Маккаби»да 8 та гол урган футболчи Украинадаги қарийб 1 йил ичида атиги битта тўп киритди.

Манор ярим ҳимоя ва ҳужум чизиқларининг барча ҳудудларида тўп сура олади. «Кончилар» уни асосий таркибга босқичма-босқич жалб этишмоқда, ички чемпионатда Манор ўртача 54 дақиқадан ўйнаяпти. Украинага йўл олиши арафасида исроиллик футболчига «Ливерпуль» ва «Ювентус» скаутлари қизиқиш билдиришган, шунингдек, «Зенит» ҳам бефарқ эмасди.

Соломоннинг қарорига «Шахтёр»нинг бир қатор ўйинчиларини таниши сабаб бўлди. «Дуглас Коста, Бернард, Виллиан, Фернандиньолар шу жамоада тўп суришганини яхши биламан. Ҳозирда бу футболчилар Италия ва Англия клубларида ишонч­ли ўйин кўрсатишмоқда», - дейди Соломон. Унинг ўзи ҳам профессионал футболда муайян тажриба тўплашга муваффақ бўлди - 17 ёшида «Маккаби»нинг асосий таркибидан жой олганди.

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz